Минтақа даражасидаги “свет ўчди» ўйини. Бу нимадан огоҳлик беради?

Минтақадаги энергетика халқасида юз берган авария бу давлатлар раҳбарлари учун сабоқ бўлса ажабмас.

Бугун, 25 январда кун ярмидан ўтганда Қирғизистонда кутилмаганда чироқ ўчиб қолди. Бирмунча вақт давомида интернет, ҳатто уяли алоқа тизимлари ҳам ишламай қолди. Тез орада бу ҳолат нафақат Қирғизистон, балки қўшни Ўзбекистон ва Қозоғистонда ҳам юз бергани маълум бўлди. Умуман олганда, Қозоғистоннинг бутун жанубий қисми, Нур-Султан ва Алмати шаҳарлари, Ўзбекистоннинг пойтахти Тошкент ва бир қанча шаҳар ва вилоятларида электр қуввати узилишга учрагани маълум бўлди.

Кўп ўтмай, Қозоғистон юзага келган вазият учун айбни қўшниларга юклади, яъни Қирғизистон ва Ўзбекистондаги электр линияларидаги кучланиш меъёридан ошиб кетиши оқибатида Қозоғистонда ҳам электр қуввати автоматик тарзда ўчиб қолган, деб билдирди. Ўзбекистон аксинча, айнан Қозоғистон ҳудудида юз берган техник авария туфайли қўшнилар ҳам электр қувватидан маҳрум бўлганини баён қилди.

Интернетда Қозоғистоннинг электр ҳалқасининг қайси бир участкасида портлаш юз бериб, икки кишининг ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумот ҳам тарқади. Буни расмий Қозоғистон тасдиқламади, лекин инкор ҳам қилмади. Кеча содир бўлган авариянинг сабабларини халқаро комиссия ўрганиб, ҳақиқатда нима бўлганини аниқлаши ҳақида хабар тарқади. Ким билади, бу атайлабдан қилинган қўпорувчилик ҳаракатидир? Масалан, бу кутилмаган ҳодисанинг Россия томонидан Ўзбекистон ва Қирғизистонда атом электр станцияси қуриш ниятида экани ҳақидаги маълумот тарқаб, унга қарши фикрлар айтила бошлаган пайтда содир бўлиши тасодифиймикин?

Бир неча йил аввал Қирғизистонда ҳам, қўшни давлатларда ҳам тез-тез чироқ ўчиб туриши одатдагидай ҳол бўлиб, одамлар ҳам шунга гоҳо кўниб, гоҳида чидаб келаётган эдилар. Одамлар буни “ўчди чироқ, ёнди чироқ” ўйини деб кулган пайтлар ҳам бўлган. Лекин бу ўйиннинг эндиликда анча қимматга тушиши ойдай равшан бўлиб қолди.

Авария оқибатида етказилган зарар ҳали ҳисоблаб кўрилгани йўқ. Лекин шу вақт орасида Қирғизистон пойтахтидаги шаҳар лифтлари корхонаси 45 кишининг лифтда қолиб кетгани ҳақида хабар берди. Улар тезда қутқариб олинди ва яхшиямки, ҳеч ким зарар кўрмаган. Кўчаларда светофорлар ўчиб қолиши оқибатида чорраҳаларда тирбандлик юзага келган. Шаҳар ички ишлар бошқармаси йўл хавфсизлигини таъминлаш хизмати ходимлари тўлалигича кўчаларга чиқарилиб, чорраҳаларда йўл ҳаракатини қўл билан бошқаришга ўтишди.

Пойтахтдаги барча коммунал ишхоналар ҳам электр қуввати қайта тиклангунга қадар кучайтирилган режимда ишлашга ўтказилди. Кечга яқин пойтахт ва республиканинг кўпчилик ҳудудида аҳвол тикланди, лекин кечки соат 18.00гача ҳам Бишкек иссиқлик марказининг иши тиклангани йўқ. Яъни шаҳарликларнинг бир қисми ҳамон иссиқлик ва иссиқ сувдан маҳрум бўлиб турибдилар.

Мамлакатдаги тоғ-чанғи базаларидаги арқонли осма йўллар тўхтаб қолгани боис унда тоғликка кўтарилган ўнлаб чанғи ишқибозлари бир неча соат давомида совуқ ҳавода муаллақ қолиб, совуққа қотганларини айтишган. Чироқнинг ўчиб ёниши оқибатида ишдан чиққан аҳоли ва компанияларга қарашли компьютер техникалари, маиший техника ва бошқаларнинг сони ҳақида ҳали маълумот йўқ.

Бир-икки соат давомида Қирғизистон ва Ўзбекистон Марказий Осиё энергетика халқасидан вақтинча чиқиб, мустақил равишда мамлакат ҳудудларида секин-аста электр энергияси таъминотини тиклай бошладилар. Расмийларнинг маълум қилишича, бир неча соат давомида ҳар икки давлатда ҳам электр қуввати тўла берила бошлайди.

Қозоғистондаги «KEGOC» электр тармоқларини бошқариш компаниясининг хабар беришича, 25 январь куни Нур-Султан вақти билан соат 11:59 да «Марказий Осиё энергетика тизимида юзага келган жиддий фавқулодда номутаносиблик туфайли» 500 га яқин электр энергияси транзити линияларида қувват узилиб қолган. Натижада йирик шаҳарларда светофорлар ишламай қолди. Алмати шаҳрининг айрим жойларида 10-15 дақиқадан сўнг электр таъминоти қайта тикланган.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги тарқатган хабарга кўра, мамлакат энерготизимидаги йирик узилишларга Қозоғистон электр тармоғидаги катта авария сабаб бўлган. Авария натижасида Алмати, Шимкент, Тараз шаҳарлари ва Жанубий Қозоғистон ҳамда Туркистон вилоятларида, улар атрофидаги ҳудудларда электр энергияси таъминотида узилишлар юзага келгани айтилади.

«Ягона электр тармоғига уланган Ўзбекистон электр тармоғи бу авариянинг салбий таъсири натижасида Қозоғистондан келувчи 530 линиядаги кучланиш ва частотани кескин ўзгариши оқибатида Тошкент ИЭСи, Сирдарё ИЭСида авария ҳимоя воситалари ишлаб кетиб, бу иккала иссиқлик станциянинг автоматик равишда ўчишига олиб келган.
Натижада Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона водийси ҳудуди, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Қашқадарё вилоятлари тармоқларида электр энергияси ўчган.
Ўзбекистонда ҳам Қозоғистон электр тармоқларидан узилган ҳолда ҳар бир ИЭС алоҳида ишга туширилиб, босқичма-босқич тармоқларни улаб, ишга тушириш чоралари кўрилган ва вазият қайта тикланмоқда.

Ўзбекистон Уй-жой коммунал хизмат вазирлиги мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида электр энергияси тизимида кузатилган узилишлар боис, иситиш, оқова ҳамда ичимлик сув тармоқларида ҳам узилишлар кузатилиши ҳақида аҳолини огоҳлантирган. Тошкент аэропорти электрдаги узилишлар сабаб самолётларни қабул қилишни тўхтатгани хабар қилинди.

Мутахассислар Марказий Осиёдаги энергетика инфратузилмаси эскирганини қайд этишмоқда. Яъни, деярли барча электр станциялари Совет Иттифоқи даврида, айримлари Совет Иттифоқи парчаланишидан анча олдин қурилган бўлиб, ўз даврини ўтаб бўлган.

Рўй берган воқеалардан икки нарсани алоҳида қайд этиш мумкин. Биринчиси, ҳар уччала республика раҳбарлари аҳолининг талабларига бефарқ бўлмагани ҳолда вазиятни тезда барқарорлаштириш чораларини кўришмоқда, одамларнинг ҳолидан тинимсиз хабар олиб, тиклаш ишларининг бориши ҳақида узлуксиз хабар бериб туришибди. Бу жуда ёқимли ҳолат.

Иккинчи масала шундаки, минтақа давлатлари ягона энергетика халқасининг ишига сал эътиборсиз бўлиб келгани кўриниб қолди. Яъни, тарихда биринчи бор юз берган бундай ҳолатга йўл қўймаслик ва рўй берган тақдирда биргалашиб ҳаракат қилиш механизми йўқ экани кўриниб қолди. Шу сабаб уччала давлат ҳам вақтинча ягона халқадан чиқиб, муаммони ўз ҳолича ҳал қилишга уринмоқда. Лекин бу вақтинчалик чоралар бўлиб, муаммони ҳар ким ўзича биратўла ҳал қилиши мумкин эмас.

Иккинчи масаладан келиб чиқадиган хулоса шуки, минтақа давлатлари мавжуд энергетика халқасининг техник хавфсизлигини таъминлаш ва келажакда бундай ҳолатлар такрорланмаслигини кафолатлаш устида биргаликда бош қотиришлари керак экани кўриниб қолди. Шу билан бирга мана шундай ҳолат юз берган тақдирда биргалашиб ҳаракат қилишнинг самарали тизими ҳам ишлаб чиқилиши керак. Чунки бугунги рақамлаштириш ва янги технологиялар кенг қўлланаётган даврда ана шу энергетика халқаси тизимига ҳам кибер ҳужумлар уюштирилиши эҳтимоли борлигини унутмаслик керак.

Қолаверса, ягона халқадан Туркманистон (2003 йилда) ва Тожикистоннинг (2009) чиқиб кетиши умумий манфаатларга путур етказгани кўриниб қолди. Чунки, ягона халқа доирасида ҳамкорлик қилиб келинган даврда минтақадаги “сувбоши” давлатлар – Қирғизистон ва Тожикистон қиш ойларида қўшни давлатлар томонидан электр қуввати олиш ҳисобига ўзларининг сув омборларидаги сувнинг йиғилишига имкон олишарди. Ёз ойларида эса, Қозоғистон ва Ўзбекистон икки давлат дарёларидан сув ичиш баробарида улардан электр қуввати ҳам сотиб олардилар.

Тожикистон бу халқага қайтиш ниятини билдирган бўлса, бу йил Қирғизистонга электр қуввати бераётган Туркманистон ҳамон жим.

Бу йилги қиш мавсумида ёғиннинг камлиги боис Тўқтағул сув омборида сувнинг кескин камайиб кетиши оқибатида Қирғизистонда мисли кўрилмаган электр энергияси тақчиллиги юзага келди. Сув омборидаги сувнинг камайиши эса ўз навбатида қўшни давлатларда суғориш даврида сув тақчиллигига олиб келиши тайин.

Хуллас, минтақа давлатлари турли тушунмовчиликлардан воз кечиб, ягона энергетика халқасини қайта тиклаб, уни янада такомиллаштириш ва ундан биргаликда самарали фойдаланиш борасида ўзаро кенгашган ҳолда иш кўрадиган давр келди.

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг