ЭНГ АСОСИЙ МУАММО ВА УНИНГ ЕЧИМИ ҲАҚИДА

Шу йил 22-26 август кунлари “Марказий Осиёда сув-экология ҳамкорлиги: муаммолар ва истиқболлар” мавзуида Қирғизистоннинг Бўстери деган жойида ўтказилган бир илмий конференцияда “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамиятининг раҳбари сифатида иштирок этдим. Гарчи эколог ё гидрология мутахассиси бўлмасам-да, бир фуқаро сифатида, унда ўртага қўйилган масалалар мени ҳам қизиқтирар эди, шу боис, бирқанча халқаро ташкилотлар, шунингдек Қирғизистон, Россия, Германия ва ҳоказо юртлардан иштирок этаётган мутахассислар тўпига қўшилиб, улар билан ўз фикрларимни ўртоқлашишга, сўзимни маъқул топтиришга ҳаракат қилдим.

Дарҳақиқат, бутун Марказий Осиё давлатлари орасидаги энг катта муаммо – сув. Сув етишмаяпти ва бунинг оқибатида ўлкамизда экологик вазият издан чиқиш арафасига келиб қолди. Айниқса, коронавирус қутурган 2021 йилда сув захираларининг кескин камайиб кетганлиги жуда аянч вазиятни юзага келтирдики, мен буни Тошкент ва Фарғона водийси вилоятлари оралаб, Бўстерига Ўш шаҳри орқали учиб боришни мўлжаллаб машинада кетиб бораётган чоғимда – йўлнинг икки четидаги минглаб дарахтларнинг сувсизликдан қовжираб ётганлигига кўзим тушганида яққол англадим. Бу ҳам, аслида, ўт кетган ўрмонлардаги аҳволнинг деярли ўзи. Биргина фарқи, бу ерларда дарахтлар ёниб кулга айланмаяпти, тик турганича жон беряпти. Зиёни келаси йилларда билинади. Сув ресурсларига бўлган талаб ҳаддан зиёд ошиб кетганидан, Ўзбекистон бу йил сув захираларининг 169 %ини, Турманистон эса 144 % ини ишлатишга мажбур бўлган.

Биз сув масалаларини сув бошида туриб ўрганишга ҳаракат қилдик. Ҳаётимиз эса бутунлай сув манбаларига боғлиқ. Шунинг учун аксар жой жойларимиз ҳам дарёлар номида – Норин шаҳри, Норин вилояти, Норин тумани, Қорасув, Сирдарё вилояти, Қашқадарё, Сурхондарё…

Иссиқкўл бўйидаги Бўстери эса Норин дарёси ҳавзасига киради. Ана шу Норин билан Қорадарё қўшилиб, азим Сирдарё ҳосил бўлади. Неча-неча дарёю сойлар, жумладан, улкан Амударё ва унинг жамики ирмоғу тармоқлари… бари йиғилиб, Орол денгизи ҳавзасини ташкил қилади. Марказий Осиё заминидаги бугунги бешала давлат – Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг барчаси Орол деган улкан сув ҳавзасига даҳлдор. Демак, муаммоларимиз ҳам муштарак. Бугунги кунда бизларни сув, Орол деган бир умумий муаммо бирлаштиради.

Марказий Осиёдаги экотизим издан чиқиб бораётганлигига бир далил шуки, бундан ярим асрлар ва ундан олдин юртимизда қор қалин тушар, баҳор пайтларда эса уч кунлаб ёмғир ёғар эди. Аммо деярли барча сой ва дарёларнинг сувларини ўнлаб ГЭС ва бошқа иншоотларнинг омборларига қамаб, Оролга деярли сув ўтказмай қўйганимиз сари, унинг миллионлаб гектар сатҳи кичрая борди, бунинг оқибатида шу улкан ҳавзадан осмонга булут бўлиб кўтариладиган буғланиш ҳам камайиб кетди ва бизда ёғингарчилик йилдан-йилга, сезилиб-сезилмасдан озайиб боряпти. 1950 йилларда сатҳи 68 минг кв.км. бўлган Орол, орадан етмиш йил ўтиб, 7 минг кв.км.га яқин майдонда – аввалгисининг ўндан бир қисмида мавжуд, холос. Бунинг ҳисобига нафақат Орол денгизи ҳавзаси ўрнида, балки бутун Марказий Осиё ҳудудида чўллашиш кучайди. Аввалги кенг экин майдонларининг чўллашиши оқибатлари анча ёмон бўлиши мумкин.

Бугун сув камлиги Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон каби “сув олувчи” давлатлардагина  эмас, балки “сув берувчи” бўлган Қирғизистон ва Тожикистоннинг ўзида ҳам сезила бошлаганини мутахассислар эътироф этишди. Чора сифатида, баъзи қатнашчилар, яна Сибирь дарёлари сувини Марказий Осиёга буриш борасида қирқ йил аввалги лойиҳаларни янгилаш ташаббусини ўртага солишди. Аммо бу таклиф, назаримда, реалликдан анча йироқлиги, башарти амалга оширилган тақдирда ҳам, дарё бошидаги “эга”лари исталган онда (масалан, сиёсий тазйиқ ўтказиш учун) Марказий Осиёга  қараб оқизилаётган сувни яна шимол ёққа кетган эски ўзанга ташлашлари мумкинлиги сабаб, мен бу фикрларга қўшилмадим ва бу ўлкада сув масаласини ҳал қилишнинг энг оқилона йўли бешала давлатда ҳам анъанавий усулда – ҳар бир жўякка бир ариқ очиб, бир неча кунлаб, ёз бўйи саккиз-ўн марталаб мўл сув қўйиб, захлатиб суғоришдан воз кечиб, жуда тез фурсатда, Ўрта Шарқ мамлакатлари каби, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш каби илғор, тежамли усулларга ўтишдир, деган фикрни билдирдим.

Дарҳақиқат, ана шу усулларга эртами-кечми ўтамиз, ҳозирнинг ўзида ҳам бир қанча жойларда бу қўлланяпти, аммо шуни тезлаштирмасак, мавжуд сув захиралари тобора камайиб бораверади. Қанча тез, қанча тўлиқ ўтсак, Амударё, Сирдарё, Зарафшон ва бошқа ўнлаб, юзлаб дарё ва сойларнинг сувлари жуда катта миқдорда тежалиб, Орол денгизига етиб бориши шарофати билан яқин йиллар давомида Марказий Осиё экологияси ўзини бирмунча тиклаб олишига имконият яратилган бўлур эди. Бу гап анжуман иштирокчилари томонидан маъқул деб топилди. Зеро, Орол қуришидан Марказий Осиёга, ундан ташқари ҳудудларга ҳам катта зиён етаётгани аниқ.

Сувни тежашнинг яна бир йўли бор. Бизда юзлаб катта-кичик шаҳарларда баҳордан кузгача асфальт кўча, хиёбон ва майдонларга ҳар куни бир неча марта махсус автомашиналар сув сепади. Назаримизда, улар хизматини минимумга келтириш керак. Яна, кўп шаҳарларда сув улкан сувқувур трассаларига уланган гидрантлардан олинади – тозалаб-фильтрланган, аччиқтош ва хлор қўшиб ичимлик сувига айлантирилган обиҳаёт асфальт кўчалар чангини ётқизиш учун сепилади. Демак, олимлар олдида кўчалар чангимаслигининг янги технологиясини ишлаб чиқиш вазифаси турибди – топ-тоза сувни увол қилиб сепиш – XIX аср бошида 80 минг тонна бензинни жарга тўкиб “қутулган” Россия нефтчилари қилмиши билан моҳиятан бир, ҳатто ундан ҳам баттарроқ бир иш экани аниқ. Беш давлатдаги минглаб шаҳарларда сув сепиш, бунинг устига, сув энг танқис бир паллада пойтахтларда “бошқалар кўриб ҳавас қилсин” учуноқ, дунё миқёсида ҳам катта-катта фонтанлар қуриш оқилона ишмикин?

Улкан “водовоз”ларда кўчага сув сепишнинг экологик жиҳатдан бошқа ишкаллиги ҳам бор – хонадонларга берилаётган тоза ичимлик сувининг нархи йилдан-йилга ошиб бораётгани бежиз эмас – ахир биз кўчаларга водопровод сувини сепяпмиз, ана шу ишлов берилган, баҳоси анча қиммат ичимлик сувини кўчаларга сепиш учун пулни эса эл тўлаяпти…

Шу билан бирга, анжуманда яна бир таклиф ҳам билдириб ўтдим: Ўзбекистон ҳукумати қарори билан бир неча йил илгари Ўш шаҳрида ўрта мактаб қуриб берилди. Бу йилдан Бобур номидаги Ўш ўзбек академик драма театри тубдан реконструкция қилиб бериляпти. Ўзбекистон Боткен вилоятида текинга ҳар бири 330 ўринли икки мактаб қуришга киришган. Бу каби савобли ишлар кўп. Ўзаро ёрдам негизидаги ҳамкорлик ишлари бошланган. Дўстлик алоқалари йўсинида булар жуда яхши, маъқул иш.

Аммо бояги масалага яна қайтсак. Томчилатиб суғориш технологиясини тўлиқ жорий қилиш, асфальт кўчага сув сепмай ҳам чангдан қутулиш сингари лойиҳалар, аёнки, бир-икки йилда битиб қоладиган иш эмас. Унда, тез амалга ошириш мумкин ва зарур бўлган, Ўзбекистон ёрдамида бунёд этиш мумкин бўлган лойиҳалар борми?

Бор, албатта. Қирғизистондаги Норин вилоятининг маркази бўлган Норин шаҳри Норин дарёсидан сув олади, тозалаб-фильтрлаб, ўшани истеъмол қилади. Аммо ўн йиллардан ошдики, бу шаҳардаги канализация тармоғининг тозалаш иншоотлари ишдан чиққан, умуман ишламайди. Шаҳар оқовақувур давлат корхонасининг директори Гулайша Бақтибаева ижтимоий тармоқларда видеомурожаатида ҳар йили Норин шаҳри канализация қувурларидан 8 минг куб метр ахлат сув шаҳар этагида тўппа-тўғри яна Норин дарёсига ташланаётганини айтиб ўтган. Яъни, шу сабаб сўнгги беш йил ичида 40 минг куб метр (қирқ минг тонна!) қаттиқ ва суюқ ахлатдан иборат канализация суви тезоқар Норин дарёси сувига қўшилиб кетган. Норин шаҳридан пастда жойлашган барча аҳоли пунктлари ана ўша сувни яна олиб ишлатишади. Ва албатта, Норин шаҳри канализация тармоғи этагидан тўппа-тўғри тушиб келадиган, йилига 8 минг куб метр  нажасотнинг асосий қисми Ўзбекистон ҳудудига кириб келади, Нориннинг тезоқарлиги бу ахлатнинг чўкишига, сувнинг тиниб, тозаланишига йўл бермайди.

Тўғри, Тўқтағул сув омборига етиб келгач, сув тўхтаб, тинади, аммо аниқки, нажосатдан поклана олмайди. Қарийб йигирма йилдан бери аҳвол шу. Қирғизистоннинг Норин шаҳридан қуйидаги яна ўнлаб аҳоли пунктлари, улардаги тери ва жун тозалаш корхоналари ҳам сувнинг баттар ифлосланишига бири озроқ, бири кўпроқ даражада ҳисса қўшяпти.

Бизда, “Гилам сотсанг, қўшнингга сот – бир четида ўзинг ўтирасан”, деган мақол бор. Назаримизда, ҳадеб мактаб ва касалхона қуриб ҳадя эта бермай, Қирғизистонга ёрдам доирасини бошқа ўзанга буриш – канализация оқоваларидан ташланган сув Ўзбекистон ҳудудига оқиб келаётган аҳоли пунктларида (биринчи навбатда – Норин шаҳрида) сув фильтрлаш иншоотларини қуриб, ё капитал реконструкция қилиб  бериш орқали дўстлик алоқаларини кучайтириш, айни пайтда – ўз ҳудудига оқиб келадиган сувдай табаррук неъматнинг пок бўлишига эришиш мумкин. Зеро силаи раҳм деган нарсани ҳам киши аввало ўзига, кейин яқинларига, сўнг ўзгаларга қилиши жоиз эканлиги белгиланган.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг