“ФАРОВОНЛИК” ЗАМИРИ

24kg ахборот агентлигининг ”Қумтўр” компанияси билан мамлакат собиқ раҳбарияти ўртасидаги жиноий келишув ҳақидаги хабарини  ўқирканман, кўз олдимдан кейинги ўттиз йилда “Х” кишилар номидан қурилаётган турли ресторанлар, кафелар, бозорлар, ижтимоий соҳага оид мажмуалар, даволаш комплекслари бир-бир ўтади. Интернет тармоқларида кўрсатилаётган “фалончилар”нинг дала ҳовлилари, ҳашаматли қасрлар, энг янги русумдаги автомобиллар кўзни қамаштиради. “Ҳа, бу мажмуани фалончи қуряпти, мана бу эса унинг укасиники”, деган гапларни эшитасиз. Албатта, буларнинг барчаси – мамлакат фаровонлиги. Аммо ҳар қандай фаровонликнинг қаердан пайдо бўлгани-чи? Ўша “фаровонлик”нинг ёнида бир бечора тадбиркор хусусий ишини юргизиш учун озгина бўлса-да, маблағ тополмай халак…

Куюнчак бир дўстим эса буларга қараб: Кечагина қашшоқ совет номенклатурасидан чиққан бу амалдорлар ва уларнинг ҳомийлари  бунча катта мажмуаларни қуриш учун маблағни қаердан олишган? Демак, совет  номенклатураси чакана бўлмаган экан-да? – дейди. Мен эса ўша дўстимга қараб: нималар деяпсиз, номенклатуранинг тугаганига нақд ўттиз йил бўлди. Бу вақт орасида топган-тутганларининг чанги чиқиб кетган бўлса керак, дейман. Ҳа, – дейди дўстим: тўғри, пул қўлнинг кири, ювса кетади. Аммо шундай қўллар борки, ювган сарининг кири чиқаверади…

Ана шулар ҳақида ўйларканман, хаёлимдан  қирғизларнинг Хўжаёш исмли овчи ҳақидаги афсонаси ўтади. Хўжаёш шундай мерган эдики, кийикни кўзидан бехато ураркан. Унинг ўлжаси ўзи ва қариндош-уруғларидан ҳам ошиб, бутун овулни таъминларкан. Хўжаёш дуч келган ҳайвонни  тирик қўймаскан. Ўзига биноси ҳам ийла экан. Кунларнинг бирида у гўзал бир қизга уйланишга қарор қилади. Шу мақсадда бисотидаги энг қимматбаҳо мўйналар ва ошланган териларни саралаб, қалин учун совчиларга тутқазади. Тўй куни яқинлашган сари у овга чиқишни кўпайтириб, ҳар турли ҳайвонларни овлаб келаркан. Ана шундай овлардан бирида у ой нурида тўдалашиб юрган қундузларини учратиб қолибди. Хўжаёш бундоқ қараса, қундузлар у ёқдан бу ёққа сузиб, бир индан бошқа инга кириб, ҳурсандчилик қилишаётган экан. Уларнинг бир тўпи ёш эркак каламушни ўртага олиб, бир ин томон сузиб боришибди. Маълум бўлишича, бу ерда келин тушди бўлаётган экан. Буларни томоша қилиб турган Хўжаёшнинг хаёлидан ўзининг бўлғуси қаллиғи ўтибди ва мана шу каламушларнинг қимматбаҳо мўйналарини ҳам унга совға қилмоқ учун уларнинг устига пўстинини ташлаб, барчасини бўғизлабди… Кейин бир така билан бир совлиқ – тоғ эчкилари овчидан уларни ўлдирмасликни сўрайди. Аммо овчи тап тортмасдан такани камон билан отади. Шунда совлиқ: сенга лаънат бўлсин! Уруғимизни қуритдинг, дея нола чекади. Овчи шунда унга қараб, сени ҳам ўлдираман, дейди. Совлиқ эса унга ўзини ўлдиролмаслигини айтади ва тошдан-тошга сакраб чўққи томон йўл солади. Овчи ҳам “ўлдираман” деганча унинг ортидан чўққига чиқиб боради. Бир пайт овчи қараса совлиқ йўқ, бутун теварак-атроф тубсиз жарликлардан иборат экан…

Дунёдан умидлари узилган, муқаррар ҳалокатга маҳкум овчи Хўжаёшнинг ўкраб-ўкраб, саннаб-саннаб йиғлаётгани товуши тоғ-тошлар узра узоқ вақт таралиб туради…

Сўзимизга келайлик. Хуллас, маълумотларга кўра, “Камеко” корпорацияси ва у томонидан барпо этилган “Центерра Голд” компанияси “Қумтўр” устидан бошқарувни тўла қўлга олиш учун Қирғизистон раҳбарияти билан жиноий келишув тузган. Корхона сармоясидаги Қирғизистон ҳиссасини камайтириб кўрсатган. Текширувга кўра, “Центерра Голд” компанияси “Қумтўр” лойиҳаси учун Қирғизистонга бутун давр мобайнида ҳаммаси бўлиб 1,5 млрд доллар дивиденд ўтказган. Аммо амалдорларнинг жинояти натижасида лойиҳа ишга  тушган 18 йил мобайнида Қирғизистон Республикаси 900 млн АҚШ доллари миқдорида зарар кўрган”, деб ёзади компания матбуот хизмати.

 

ХОЛИС НАЗАР

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг