Қирғизистонни энди икки Жапаров бошқаради. Аммо қачонгача?

Кеча тайинланган бош вазир мустақил Қирғизистоннинг ўттиз йиллик тарихидаги ўттиз учинчи ҳукумат раҳбари бўлди.

Бунинг сабаби давлат тизимидаги камчиликларда, деб изоҳлаш керакми ёки бошқами, билмайсан, киши. Бироқ бир нарса аниқ: Қирғизистон мустақилликка эришгандан буён бу аҳвол сурункали касаллик каби давом этиб келмоқда. Шундай ҳолатлар бўлганки, янги сайланган бош вазир бир ҳафтача ортиқ, ҳатто бир кун шу лавозимда ўтирган, холос. Ўрта ҳисобда ҳар бир бош вазир бир йилу бир ой атрофида ишлабди. Энг кўп ишлаган бош вазир Апас Жумағулов эди, у ҳукуматни 1993 йилдан 1998 йилгача бошқарган.

Жорий йилнинг ўзида бош вазир иккинчи бор алмашяпти. Эндигина ўз ўрнини топа бошлаган Улуқбек Марипов бошлиқ ҳукумат истеъфога жўнатилиб, ўрнига кеча Ақилбек Жапаров тайинланди. Бунгача у иқтисодиёт ва молия вазири бўлиб ишлаб келаётганди. Аксар ҳолларда ҳукумат таркиби алмашинуви билан бирга ҳукумат тизими ҳам ўзгаради. Бир пайтлар вазирликлар сони олтмишдан ортиқ эди, лекин уларнинг сони охирги пайтда 12 тага туширилган.

Қизиғи, ҳукумат раҳбари алмашадими, вазирлар сони қисқариб ё кўпаядими, бундан мамлакат иқтисодиёти ёки ишбилармонларнинг аҳволи ўзгармайди. Аҳоли ҳақида-ку, айтмаса ҳам бўлади. Тўғрироғи, фақат салбий томонга ўзгаради. Пухта ишлаб чиқилган, узоққа мўлжалланган дастур ва тизимларнинг, ҳатто бу ҳақда аниқ тасаввурнинг йўқлиги сабаб, ҳар бир янги раҳбар ўзи билганича иш бошлайди. Бошлаган ишини тартибга солиб улгурмай, янги бош вазир келади.

Жапаров ва “эски-янги” вазирлар

Хўш, Ақилбек Жапаров ўзи ким?

Депутатлардан бири “олигарх” деб атаган Ақилбек Жапаров, юмшоқ қилиб айтганда, камбағал эмас. Пойтахтда миллионлаб доллар турадиган кўчмас мулклари бор. Албатта, улар ҳамма амалдорларники каби, бошқа одамлар номига расмийлаштирилган. Ақилбек Жапаров кўп йиллар аввал, уй ҳайвонларига паспорт қилишимиз керак, деган гапи билан эл оғзига тушган. Ўшанда уни калака қилиб, устидан кулмаган одам қолмаган ҳисоб. Вақт ўтиб маълум бўлдики, ўшанда Жапаров ҳақ гапни айтган экан. Ҳозир мол-ҳолнинг аниқ ҳужжати бўлмаса, уни тирик ёки гўшт маҳсулоти сифатида четга сотиш мумкин эмас.

Яқинда Қирғизистонга келиб кетган собиқ президент Асқар Ақаев Жапаровни “Қумтўр” олтин конидаги қонунбузарликларнинг асосий айбдорларидан бири сифатида кўрсатма берган. Лекин Жапаровнинг ўзи аксинча, ҳамма балоларда Ақаевни айблаб келади.

Вазирлар маҳкамасининг янги раиси Ақилбек Жапаровнинг иши жуда кўп…

У кўп марта парламент депутати бўлган, турли йилларда вазирлик лавозимларида ишлаган. Қирғизистондаги кучли иқтисодиётчилардан бири сифатида танилган.

Шуни айтиш керакки, бу сафар ҳукумат таркиби деярли ўзгаргани йўқ. Янги одамлардан Қирғизистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Эдил Байсалов бош вазир ўринбосарлигига келган бўлса, яна икки вазир аввалги эгаллаган лавозимларига қайтишди. Улардан бири, Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги раҳбари Қудайберген Базарбаев энг яхши ишлаган вазирлардан бири сифатида танилган эди.

Яна муҳим ўзгаришлардан бири – Миллий Хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг бош вазир ўринбосари бўлиб қолиши. Ҳозирги қўмита раиси Қамчибек Ташиев, чамаси бутун куч тизимини ўз қўлига олади ва ҳукумат ишини бевосита назорат қиладиган бўлади. Сабаби, дўсти, президент Садир Жапаров билан ҳокимиятга келгач, улар жуда кўп ваъдалар бериб юборишди. Уларни бажариш ва қўлга киритилган ҳокимиятни маҳкам тутиб қолиш учун улар барча чораларни кўришга мажбур. Ахир уларнинг рақиблари ҳам ўч олиш ёки йўқотган мавқеларини қайта тиклаш учун ҳаракат қилишяпти-да.

Тинимсиз кадр алмашувларидан энсаси қотган Россия сиёсатчиларидан бири бир вақтлар, сизларнинг кимингиз билан гаплашишниям билмай қолдик, бир куни бир одам келса, бошқа куни бошқа одам келади, дегани бор. Лекин Ақилбек Жапаровни янги лавозими билан биринчи бўлиб Россия ҳукуматининг бошлиғи Михаил Мишустин қутлаганини ҳисобга олсак, бу сафар россияликлар Қирғизистондаги ҳукумат алмашинувини хотиржам қабул қилишган.

Бироқ, бу Қирғизистон. Яна битта янги бош вазирнинг бу лавозимда қанча муддат ишлаб қолишини олдиндан айтиш мушкул.

Криловнинг “Квартет”ига ҳамоҳанг

Юқорида айтганимиздек, ҳукумат бошлиғигина эмас, бутун ҳукумат таркиби ва кўп ҳолларда унинг тизими ҳам ўзгаради. Марипов бош вазирликка келганда, президент Жапаров ташаббуси билан бир неча вазирликлар бириктирилиб, вазирлик ва бошқа маҳкамалар сони 48дан 12тага туширилган эди. Лекин уларда ишлаётган ходимлар сони ўзгармади.

Масалан, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги бириктирилиб, Давлат солиқ хизмати ҳам янги вазирликка бўйсундирилган эди. Меҳнат ва ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги бириктирилган ва ҳоказо. Вақт шуни кўрсатдики, бу бирлаштиришлар ўзини оқламади. Янги бош вазир даврида энди уларнинг айримлари қайта асл ҳолига келтириладиган бўлди.

Ҳукумат тизимидаги бу ўзгаришлардан бирор наф чиққанини тарих билмайди. Албатта, 6 миллионлик аҳолиси бор Қирғизистонга 60 вазирлик жуда кўп, уларнинг қисқаргани яхши. Лекин замон талабларига мос ҳукумат тизими ҳали шаклланганича йўқ. Бу ўзгаришлар берган натижани изласак, масалчи Криловнинг “Квартет” асари эсга тушади. Яъни, машшоқлар нўноқ бўлса, уларнинг ўрнини қайта-қайта алмаштиришдан фойда йўқ.

Аҳмоқ бўлса ҳам, ўзимизники-да!

Бу ерда асосий муаммо кадр масаласидир. Кўп йиллар давомида ҳукумат парламент томонидан шакллантирилар ва депутатлар аксар ҳолларда депутатликка ўтмай қолган сафдошларини вазирликка ёки бошқа масъул лавозимларга тайинланишига эришишарди. Чунки лавозимлар парламент фракциялари ўртасида расман тақсимланган бўларди. У одам ўша лавозимни эплай оладими, у соҳа бўйича тасаввури борми, бу иккинчи масала эди. Муҳим – сайловда қатнашиб, депутатлик мандатига етмай қолган одамни юпатиш, уни “кўчада қолдирмаслик”. Шу сабаб вазирлар алмашинуви ҳам, бир одамнинг ҳали у, ҳали бу вазирликка ёки масъул лавозимга бориб-кетиб туриши ҳам оддий ҳол бўлиб қолган.

Янги Конституцияга биноан ҳукуматни шакллантириш, унинг фаолиятини бевосита назорат қилиш президент ваколатига киритилган. Президент ваколатларининг ўта кўпайиб кетгани, бу мамлакатда бир кишининг яккаҳокимлигига олиб келиши ҳақида айтишяпти. Лекин ўтган ўттиз йил кўрсатдики, ортиқча эркинлик ва “демократия” ҳам аҳоли турмушини жуда яхшилаб юборгани йўқ. Аксинча, демократия сўзи ўзбилармонлик, ўзбошимчалик сифатида қабул қилиниб, сиёсий бошбошдоқликка олиб келди. Натижада, 30 йилда ҳукумат бошлиғигина эмас, давлат бошлиғи ҳам уч марта алмаштирилди. Куч билан. Расман “Инқилоб” деб аталган бу давлат тўнтаришлари оқибатида нафақат иқтисодиёт, балки оддий одамлар ҳам катта талофат кўришди, юзлаб одам нобуд бўлди, қанча-қанча давлат мулки талон-тарож қилинди, ёқиб юборилди.

Умид чироғи сўнмайди…

Ўтган йилнинг октябрида ҳокимиятга келган сиёсий кучлар, уларнинг бошида турган ҳозирги президент Садир Жапаров ва унинг дўсти Қамчибек Ташиев энди давлатда катта ўзгаришлар бўлишини айтиб, жуда катта ваъдалар беришяпти. Лекин бу гапларни халқ аввал ҳам эшитган. Кўп марта.

Адолат учун айтиш керакки, кадрлар масаласида тез-тез “қовун тушириб” турилишига қарамай, бугунги ҳокимият аниқ ишларни амалга оширяпти. Давлат мулки тасарруфини қонун асосида, халқ манфаати йўлида ишлатиш, коррупция орқали бойиган депутат, амалдор ва собиқ амалдорлардан давлат фойдасига мўмай пулларнинг ундирилиши кабилар бугун оддий ҳол.

Яқинда Қамчибек Ташиев коррупция орқали орттирилган бойликлар ҳисобига давлат бюджети 7,5 миллиард сўм ($88 млн. атрофида) билан бойиганини маълум қилди. Бу 8 млрд. долларга етмаган бюджети ва 4  млрд. доллардан ортиқ ташқи қарзи бор Қирғизистон учун оз эмас.

Ташиев “Қумтўр” олтин конидан июнь ва июль ойларида 90 миллион доллар даромад олинганини ҳам маълум қилди. Солиштириш учун айтиш керакки, кон очилгандан буён ўтган 21 йил давомида корхона Қирғизистонга атиги 84 миллион доллар фойда келтирган, холос!

Албатта, четга олтин экспорт қилиш ва умуман бу корхонани давлат тасарруфига ўтказиш билан боғлиқ халқаро суд ишлари катта муаммо бўлиб турибди. Хайриятки, ниҳоят Қирғизистон ўз еридаги олтинга ўзи хўжайин бўлишга қарор қилиб, шунга ҳаракат қила бошлади. Бунгача эса мамлакат олтинидан тушаётган фойда давлат бюджетини четлаб ўтиб, чет эл сармоядорлари ва айрим амалдорларнинг чўнтакларига кетаётган эди. Олтиндан бойиган бир қатор амалдорлар, жумладан собиқ давлат бошлиғи Алмазбек Атамбаев, уч нафар собиқ бош вазир, бир талай амалдору депутатлар бугун қамоқда – жазосини кутиб ётишибди.

Олдинда қиладиган иш жуда кўп. Мамлакат иқтисодиёти оғир аҳволда, ишсизлик туфайли миллионга яқин фуқаро бошқа давлатларда тирикчилик қилиб юрибди. Бир пайтлар собиқ бош вазир Турсунбек Чингишев: “Қирғизистонда бугун фақат аҳмоқлар ва ялқовларгина ўғрилик қилмаяпти”, деганди. Ана шу ўғрилик, совет давридан қолган мулк, корхоналарни талон-торож қилиш яқин кунларгача ҳам давом этиб келди.

Хуллас, янги раҳбарият, аввал айтганимиздай, қоқилиб-суқилиб бўлса ҳам, давлатни бугунги инқироздан олиб чиқишга, халқ турмушини ўнглашга қаттиқ ҳаракат қиляпти. Тўрт тарафдан келаётган танқидга қарамай, Қирғизистон олға қараб, ишончли қадамлар ташлаяпти. Ахир бир йил аввал, навбатдаги ҳокимият алмашуви (ва карантин ҳам сабаб) бўлиб, мамлакат иқтисодиёти бир жойда депсиниб қолган, одамлар эртага нима бўлишини билмай, ташвишга тушиб қолган эдилар-ку?

Айрим мутахассислар давлат ташқи қарзини тўлай олмаслиги оқибатида мустақиллигини йўқотади, деб башорат ҳам қилгандилар. Бугун халқаро молиявий институтлар ҳам Қирғизистонда иқтисодиётнинг ўсиши ҳақида башорат қила бошлашди.

Бугун одамларда яна умид пайдо бўлди. Умид қурғур ўлмас экан-да!

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек

Расмлар president.kg ва «Спутник» сайтларидан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг