Туркиялик киночилар имом Ас-Сарахсий ҳақида фильмни суратга олишмоқчи

Ханафий мазҳабининг ривожига улкан хиссасини қўшган буюк олимнинг исми яқин йилларгача кўпчиликка маълум эмасди.

Қирғизистонлик таниқли адиб Султан Раевнинг ижтимоий тармоқларда ёзишича, фильм қадимий Ўзган шаҳрида бўлиб ўтган тарихий воқеаларга асосланган. Шу сабабли фильм ўша ерда суратга олинади.

“Бу Ўзганда ўтадиган “Ўзган-Минора” этнофестивали арафасида маълум бўлган зўр янгилик, – деб ёзади Раев. – Фильмнинг ўзагини Қорахонийлар даври, Қорахонийлар давлатининг маркази Ўзган тузади. Буюрса, [бу фильм] қадимий Ўзган турк дунёсига, оламга акс-садо берса керак!..”

Айтиб ўтиш керакки, Қирғизистонда яқин йилларгача ҳам Сараҳсий шахси ва унинг бой илмий меросига эътибор яхши бўлмаган. Совет даврида эса бу исм тамоман унутилган эди, деса бўлади. Бу соҳада биринчилардан бўлиб ўзганлик фаол Авазбек ака Турсунбоевнинг шахсий ташаббуси билан жиддий иш бошланган. Унинг изланишлари натижасида буюк олимнинг қабри қаердалиги аниқланиб, илмий тарзда тасдиқланган. Сўнгра Туркиянинг «Диёнат» фонди хомийлигида мажмуа қурилиб, 2012 йилда расмий очилган.

Қурилиш ишларига, kloop.kg сайти берган маълумотга кўра, 120 минг АҚШ доллари сарфланиб, меъморчилик ишларини Қўқонлик усталар бажаришган. Сабаби Қирғизистонда ўрта асрлар услубида ишлай оладиган меъморлар бўлмаган.

Қирғизистонлик уламолар Эратов Равшан ҳожи ва Маматов Қуштарбекларнинг 2013 йили Бишкекда чоп этилган “Имом Сараҳсий” китобида келтирилган маълумотларга  таянсак, Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Аби Саҳл Ас-Сараҳсий 1009 йилда, Туркманистон ва Эрон чегарасига яқин жойлашган Сараҳсий қишлоғида таваллуд топган. Бўлажак олим Бухорода, ислом дунёсида донғи кетган устозлардан таълим олган. Кейинроқ Ханафий мазҳабидаги энг буюк олим даражасида кўтарилган олимга “Имомлар қуёши” номи берилган.

Унинг 30 жилддан иборат “Аль-Мабсуд” китоби Ханафий мазҳабидаги асосий китоб ҳисобланади. Китоб Туркияда тўлалигича нашр этилган. Энг қизиғи, бу китобини олим 15 йил давомида зиндонда, на қоғоз ва на қалами бўлган ҳолда яратган. У битилажак асардаги фикрларини зиндон оғзида турган шогирдларига айтиб турган, улар эса айтилганларни қоғозга туширишган.

Қорахонийлар даврида яшаган Сарахсий ўша пайтдаги ислом дунёсидаги ўзаро урушлар, салбчиларнинг хунрезларча юришлари билан боғлиқ мусулмонлар бошига тушган оғир кунларга гувоҳ бўлган. Ўша пайтда Қорахонийлар ҳокимлари олимларга тазйиқ ўтказиб, айримларини зиндонга ташлашарди.

Имом Сарахсий мазлум халқни ҳимоя қилиб, давлат сиёсатини танқид остига олган, ҳатто авом халқни хонавайрон қилаётган солиқларни тўламаслик ҳақида фатволар чиқарган. Охир оқибатда уни 64 ёшида 15 йилга Ўзган шаҳридаги зиндонга ташлашади. Ўз ишига содиқ қолган олим ана шу йиллар давомида ўзининг асосий илмий китобларини яратган.

Сарахсийнинг ўнлаган шогирдлари ўз даврининг кучли олимлари бўлиб етишишган.

Ас-Сарахсийнинг Ўзган шаҳридаги мақбара-мажмуаси. 2009 йил

Кундузлари рўза тутиб, тунлари намозда турган Сарахсий 1087 йилдан озод қилинган. Озодликда ўтган уч йиллик умрини ҳам ислом йўлидаги хизматга бахшида қилган ва аввал ёзилган китобларини тузатиш ишлари билан машғул бўлган.

Имом Сараҳсий 80 ёшдан ўтиб, Ўзган шаҳрида вафот этган. Насиб қилса кейинги материалларимизда буюк имом ҳақида кенгроқ маълумот берамиз.

Бугунги кунда Бишкекдаги марказий жоме масжиди (юқоридаги расм) ва Қорасувдаги йирик масжидлардан бири Ас-Сарахсий номи билан аталган. Бишкекдаги улкан масжид Қирғизистон мусулмонларига туҳфа сифатида Туркиянинг “Диёнат” фонди томонидан қурилиб, 2019 йилда фойдаланишга топширилган.

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек

Сурат: kloop.kg

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг