ҚАДРИЯТ 

ЭРКАКЛАРНИ АСРАЙЛИК

Хонадон файзи, рўзғорнинг баракаси, жамият таянчи, Ватан посбони, қўйингки, ҳаётимиз кўрки бўлган эркакларнинг ўтмишда ва бугунги ҳаётимизда тутган ўрни, мавқеи хусусида мулоҳазаларимни баён этмоқчиман.

  1. Бозордаги суҳбат

Бозорқўрғонда ҳар куни бозор. Айниқса, ёнғоқ ва мағиз бозори тонг саҳардан гавжум. Пештахталарда ғарам-ғарам мағиз. Кимдир олаяпти, кимдир сотаяпти. Ғалағовурдан, ёнингда турган одамнинг сўзини англаш қийин. Бу ердаги ҳолатни худди тўзиб кетган қовоқари уясига қиёсладим.

– Ҳой, менга қаранг деяпман, – дея ёшгина жувоннинг қичқирган овози келди. У пештахта устига чиқиб ҳаммага кўринган ҳолатда кимгадир бақирар эди, – Кар бўлиб қолганмисиз, анави кишини қаранглар, оғзи ланг очилиб қопти-я. Нима, бозор кўрмаганмисиз?

Ёнгинамда турган ўттиз ёшлардаги йигит хотинининг овозини эшитди чоғи, икки каттакон халтани кўтариб у томон шошди. Хотинига индамади. Мағизни тортиб ўтказди. Хотини нима деса барини бажариб турди. Мағиз сотган аёл пулни санади-да, халталарни тахлаётган эрига ўшқирди.

– Бўлинг тезроқ, мунча ҳам иммилларкин-а, оғзидаги нонни ҳам олдириб қўяди мен бўлмасам. Пешонам шўр бўлмай ўлсин. Босинг, арзонроқ ёнғоқ олишга улгурайлик.

Эр яна индамай эргашди. Хотини билан кўпчилик олдида ади-бади айтишишни ўзига эп кўрмадими ёки ўзининг феъл-атвори шундайми – билолмадим. Ўзини танигандай бўлдим. Аммо гаплашиш имкони бўлмади.

Ёнғоқ бозорини кузатиб ўйга толдим. Бугунги ишсизлик авж олган пайтда яхшиямки ўрмонзорларимизда ёнғоқ бор, яхшиямки чет эл фирмалари ёнғоқ мағизларини сотиб олишяпти. Шу ёнғоқ бор экан, кўпчилик оилалар арзон ўтинга (пўчоғини ёқади) ёлчибгина қолмиай, оз бўлса-да рўзғорга барака киритишяпти. Ёнғоқ чақиш туфайли не-не оилавий жанжалларга чек қўйилмоқда. Ахир йўқчилик нималар қилмайди. Ёнғоқ олиб, уни туни билан чақиб, мағзини бозорга олиб келаётганларнинг 80-90 фоизи хотин-қизлар. Шунча аёлнинг эри йўқмикин?

Бозор айланишда давом этамиз. Назар ташланг: ун, дон, сабзавот, озиқ-овқат, кийим-кечак, хўжалик моллари, нон бозорини асосан аёллар ишғол қилишган. Улар бора-бора қовун-тарвуз, эски-туски бозоридан ҳам эркакларни сургун қилишаётир. Эркакларнинг чекиниши давом этаверса яқин йиллар ичида бозорлардаги ҳукмронлик тўла аёллар қўлига ўтиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

2.Ўтмишга бир назар

Эркакларга тавсиф беришганда оламга беназир нур сочувчи қуёшга, юксак тоғларга, зулматни нурафшон этган ёруғликка қиёслашган. Ёруғ дунёнинг яхшилиги, гўзаллиги ва лаззати эркак туфайли деб билишган. Оллоҳ таоло эр кишига бебаҳо фазилатларни насиб этган. Эр кишида куч-қувват, ақлу завоват, мардлик, жасурлик каби фазилатлар мужассам. Одам отадан тортиб тирикчилик вазифаси эркак зотига юкланган, оилани асосан эркаклар бошқарган. Эркак оилани таъминлаш, фарзандларни боқиш учун деҳқончилик қилган, чорвачилик билан шуғулланган, зарур буюмларни ясайдиган ҳунарманд бўлган. Ишлаб топган пулини, молини оиласига олиб келган. Жамиятда вужудга келган энг оғир масалаларни эркаклар ҳал қилган. Юртини озод ва обод сақлаган, она Ватанни ҳимоя қилиб душманлар билан курашиб қон кечган, тирикчилик ўтказиш йўлидаги машаққатларни енгган ҳам эркаклардир. Ота юртига муҳаббати ва садоқатини кўрсатиб, жангларда ўзини намоён этган Гўрўғли, Алпомиш, Манас, Рустамхон каби қаҳрамонлар номлари афсонага айланиб қолган. Номлари тарихда қолган Чингизхон, Амир Темур, Бобур, Наполеон, Суворов каби саркардалар ҳам минглаб жангчилар билан юртини ҳимоя қилган ёки янги давлатларни босиб олган.

Оила юкини филдай тортгани, ҳар балога қалқон бўлгани учун ҳам шарқда эркакларни юқори баҳолаб келишган. Таъкидлаганимиздай, фарзандларни боқиб тарбиялаш, кексайган ота-оналарни ҳурматлаш, киндик қон тўкилган юртни ардоқлаш, яқинларга силаи раҳмда бўлиш, оқибат, саховат ва шафқат қон-қонимизга сингган. Оиланинг мустаҳкам қўрғони  – эри бор аёл ҳеч нарсанинг ташвишини қилмаган. Аёллар ўз назокати, гўзаллиги, ибою ҳаёси, нозиклиги, мафтункорлиги билан эркакларни ром этган, меҳр-муҳаббатини қозонган. Аёлнинг ҳам оилада ўз вазифаси ва ўрни бўлган. Фарзандларни боқиш ва тарбиялаш, хонадонини покиза тутиш, кир ювиш, нон ёпиш, овқат қилиш каби юмушлар унинг зиммасида бўлган.

  1. Эркаклар қадри тушмоқдами?

Тарих ғилдираги айланиб, мана, ХХI асрда яшамоқдамиз. У муҳим ўзгаришлар, аниқроқ айтсак, цивилизация асри сифатида ёзилиб қолади. ХХ аср бошларида Совет давлатида ижтимоий ўзгаришлар, янги ҳуқуқ номаларининг пайдо бўлиши, билим ва илм олишга интилиш хотин-қизлар ҳаётида ҳам кескин ўзгаришларни пайдо қилди. Хотин-қизларга берилаётган ҳуқуқларнинг кенгайиши уларнинг фаоллигини, обрўсини оширди. Инсон сифатида яшаб, жамиятдан муносиб ўрин топишга, қобилият ва истеъдодини намоён этишга, роҳат-фароғатда яшашага шароит яратди. Хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлишлари улар олдида кенг имкониятлар йўлини очди. Аммо тенг ҳуқуқликни ўзларича тушунган айрим аёллар эркакларга менсимаслик назари билан қарай бошладилар. Уятчанлик, шарму ҳаё, мулойимлик каби фазилатлар ноёб матодек йўқола борди. Пардоз-андоз қилиб, янги модадаги ёқаси очиқ кўйлакларни кийиб, ясан-тусанни маромига етказиб, очилиб-сочилиб ўзларини хаддан зиёд кўз-кўз қилиб гўзал кўрсатишга уринган хотин-қизлар бир неча юз йиллар аввалги аёллар каби эркакларни мафтун қилмай қўйди. Ўттиз йиллар муқаддам яқин танишим Аван ака Қулумбетов шундай деган эди:

– Бугунги хотин-қизлар эркакларни унчалик қизиқтирмаяпти. Сабаби, улар ҳаё-ибо пардасига ўралиши керак бўлган жойларини кўз-кўзлаб юришади.

Иккинчидан, ўзга давлатлар маданиятининг ҳаётимизга кириб келиши ҳам хотин-қиларимизда янги ўзгаришларни пайдо қилди. Асрлар давомида хотин-қизлар устидан ҳукмрон бўлган эркакларнинг таъсири сусая бошлади. Оилавий ҳаётда ҳам эркаклар ўринларини аёлларга бўшатиб бера бошлади. Хотин-қизлар эркакча кийиниб, уларда эркакларга хос сифатлар пайдо бўлиб, жамиятда етакчи куч ҳисобланган эркаклар бачканалашиб кетгандай. Бу кўриниш авлодлар алмашган сайин кучайиб боряпти.

Ўйлаб кўрайли-чи – эркак мавқеи пастлаб кетишига ва аёлларнинг эркакшода бўлиб кетишига ким ва нима сабабчи? Менимча, эркакларнинг ўзлари. Ҳунари йўқлиги, оила боқишга қудрати етмаслиги, ориятининг сустлиги сабабчи эмасми? Оила – кичик жамият, эркак эса унинг қўрғони, ишонган устуни, моддий ва маънавий таянчи, ҳимоячиси, тўла-тўкис таъминловчиси эмасми?

Шоира Турсуной Содиқова шундай ёзган эди: “Бугунги эркак ўз бурчини уддалаяптими? Нега аёллар бозорда? Нега аёллар қурилиш ашёлари ташийди? Идораларда юмуш билан югуриб иш битираётганлар – аёл. Сиз қанисиз, эркаклар? Аёлингиз пул топиб қозон қайнатса, соғ бўла туриб ориятингиз оғримай, уни қандай ҳазм қиляпсиз? Қўлингизга пул тушса, улфатчилик қиласиз, чойхоналарда маишатда бўласиз, машина олиб минасиз, сизнинг рўзғорингиз заҳматидан озиб-тўзиб кетган аёлингизнинг кўнгил совишларини айтмайсизми? Иккинчи ва учинчисига қараб оғиб ҳам кетасиз! Уятни ҳам унутасиз-да, мусулмончиликни пеш қиласиз. Аммо аёлнинг яхшиси ҳам, сизу биз ёмон кўрган ёмони ҳам топганини чумолидай уйига ташийди, рўзғорга чаплайди. Қани айтинг-чи, ким номардроқ?”

Биз юқорида бозордаги суҳбатни бежиз келтирмадик. Ўша йигитни биламан. Бир пайт қурилишда ишлар эди. Ҳозир ишсиз. Уч фарзанди бор. Эр киши пул топиб келолмаган ёки топганини ичкиликка сарфлагач, оилада обрўси қоладими? Аёлига қўполроқ гапиришга ҳақи қолмайди. Аёл киши пул топиб рўзғорни тўлдирар экан, ўзини оилада устун ҳисоблайди. Илгари ўқиб диплом олган, дурустгина хизматда бўлган эркаклар бугун беиш. Бозорга чиқишни эса ор билишади. Шу боис, бозорда савдо-сотиқ қилаётганларнинг кўпчилиги хотин-қизлардан иборат экани тушунарли бўлса керак.

Эркаклар тийнатидаги бугунги ўзгаришлар уларнинг муомала, юриш-туриш, ўзаро муносабатдаги инқирозини пайдо қилмай, бутун жамиятда эркаклар муаммосини пайдо қилмоқда. Республикамиз бўйича олинган сўнгги маълумотга таянсак, эркакларда биз орзу қилган сифатларгина эмас, эркак зотининг ўзи ҳам тобора камайиб бораётгани аянчли кўринишдир.

  1. Эркаклар нега камаймоқда?

2025 йили республика миллий статистика комитети чоп этган маълумотга кўра, ўғил болалар қиз болаларга нисбатан анча кўп туғилади. Масалан, 2025 йили 75 минг ўғил бола ва 67 минг қиз бола туғилган. Ҳар юз қиз болага 105-106 ўғил бола тўғри келади. 2000 йилдан буён республикада туғилиш ўсмоқда. Масалан, 2026 йил беш ойда ўтган йилга қараганда 606 ўғил бола кўп туғилди. 2018 йили бу кўрсаткич 69 минг 412 нафар бўлса, бу йил беш ойда 70 минг 18 та чақалоқ туғилган. 2026 йил август ойигача республикада бир ёшгача бўлган 1087 чақалоқ нобуд бўлган. Бир ёшдан беш ёшгача бўлган ўғил болаларнинг ўлими қизларга қараганда юқори. Эркаклар орасида ўлимнинг кўплиги фақат ёш гўдакларга хос кўриниш бўлмай, барча ёшдаги эркакларга тааллуқли. Эркаклар ўлими аёлларга нисбатан 1,7 фоизга кўп. Мамлакатимизда аёллар ўртача 76,9 йил яшаса, эркаклар 68,7 йил яшаркан. Шу билан бирга, турли касалликлар, фалокатлар туфайли ўлаётганларнинг кўпчилигини эркаклар ташкил этади. Шарт-шароити ёмон, хавфсизлик ва санитария қоидаларига риоя қилинмаган, чанг, гази кўп, тутунли оғир ишларда эркаклар ишлайди.

Эркаклар орасида ўз жонига қасд қилаётганлар уч ҳисса кўп, Йўл-транспорт ҳаракатида ҳам асосан эркаклар нобуд бўлмоқда. Сигарет, нос чекадиган, гиёҳвандликка берилган, ичувчиликка ва бошқа зарарли иллатлар гадоси бўлиб қолганлар ҳам эркаклар. Ошқозон, жигар, ўпка, буйрак, юрак-қон томир каби ҳаётий аъзоларини асрай олмай, касалликка дучор этаётганлар ҳам эркаклар. Маълумотларга кўра, 2025 йилда қон тизими касаллигидан 33,4 минг киши вафот этган. 52 фоиз эркаклар юрак-қон томир касалликлари туфайли дунёдан ўтган. Эркакларнинг 40 фоизи ошиқча вазн билан юради. Бу қанд ва юрак касаллигига йўл очади. Эркакларнинг салбий ҳолатлари ҳақида кўп гапириш мумкин. Муҳими, узоқ умр кўрайин, оилам, фарзандларим билан бахтли ҳаёт кечирайин, эл-юрт учун фойдали ишларни қилиб қолайин деган ҳар бир эркак ўзини- ўзи сақлаши ва эҳтиётлаши керак.

  1. Бонг урмоқ керак

Ҳаётда жамиятнинг, оиланинг тоғдай таянчи ва суянчи бўлган эркак зотининг тобора камайиб, қадри тушиб бораётгани, шубҳасиз, уларни асраш, қўллаб-қувватлаш зарур, деган масалани пайдо қиляпти. Пичоққа соп бўладиган эркакларнинг камайиб, кўчада довдираб юрганлар, жиноий иш сабаб қамоқда ётганлар ортиб бораётгани ҳаётимизда аянчли ҳолат пайдо бўлаётганидан хабар бермаяптими!

“Отасизлик” одатий ҳолга айланиб бораётир. Отасизлик тақдир тақозоси туфайли содир бўлмай, аксинча, қонун тартибида рўй бериши отанинг оиладаги ўрни, мажбурияти ҳақидаги масалани ҳал қилиш зарурлигини кун тартибига қўяётир. Кўп отлар жиноят оламига тушиб қамоқда ётгандир, аёлини бозорга жўнатиб болаларининг иштонларини юваётгандир, айримлари ота-онани, фарзандларини унутиб пулдор аёллар орқасидан ўзоқ шаҳарларда саргардон бўлиб юришгандир.

Шуни тан олиш жоизки, миллий урф-одатларга риоя қилмаслик оилавий аҳилликнинг дарз кетиши, ҳаётнинг қашшоқлашуви, ишсизлик неча-неча азамат йигитлар бошини хам қилиб, уларни жиноий ишларга, ёмон одатларга дучор қилиб қўйди. Ҳар бир мамлакат ўзига мувофиқ ҳолатда эркаклар нуфузига боғлиқ чораларни кўришлари зарур. Йўқса, юқорида таъкидлаб кетганимиздай эркаклар оз умр кўриб, касалликка, турли нохушликларга дучор бўлишлари эҳтимолдан ҳоли эмас.

Фақат аёллар ҳақида гап юритиб, улар ҳақида қайғуриб, масалага бир томонлама ёндошиб, эркакларни унутиб қўйишимизнинг оқибати яхши бўлмаслигини тушуниб етиш вақти келди.

Албатта, барча эркаклар ялқов, дангаса, ичкиликбоз, турли жиноятлар сабабчиси дея бутунлай ёмонламоқчи эмасмиз. Жамиятимизда юксак билимли, ориятли, оилавий маданиятга эга бўлган, фарзандлар тарбиясида намуна бўлаётган номуси қаттиқ йигитлар жуда кўп. Уларни эл-юрт фахри, таянчи деб дангал айта оламиз. Аммо ижтимоий ҳаётимизда рўй бераётган, гоҳ сезиб, гоҳ сезмай қолаётган юқоридагидек ҳолатларга вақтида чек қўйиб, олдини олмасак, оқибати ёмон бўлиши турган гап. Чунки зурриёдимизнинг тозалиги энг аввало эркакка боғлиқ. Шуни унутмаслигимиз керак.

 

 

Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ,

Бозорқўрғон шаҳри.

боғлиқ хабарлар