“МЕН СЕНГА ҚУРБОН ЎЛАМ”
Ўтмиш адабиётимизда “қурбонинг бўлай” деган гап кўп учрайди. Фузулийга нисбат бериладиган бир ғазалда (у ўзбеклар орасида машҳур ашула) сарлавҳадаги мисра кўп қайтариб айтилади. “Қурбон ўлам”нинг мазмуни, мен сенга ўзимни фидо этаман, бу йўлда ўлишга ҳам тайёрман, дегани. Аммо қурбон дегани нималигини тузукроқ тушунмай, айтиб кетаверадиганлар ҳам бор. Кўпчилик қурбон бўлиш – ўлиш деб тушунади. Қўшиқларда, нашидаларда эса қурбон бўлмоқ саодат экани гапирилади.
Аслида, қурб – арабча: яқинлик, яқин бўлиш, дегани. Математикада қарийб, тақрибан, тақрибий сон деган атамалар бор; муайян миқдорга яқин бўлса, қарийб шунча, тақрибан шунга тенг, деймиз (ўзбекда “қурдош”, қирғизча “қурбу” сўзлари қурб-дош, қурбу(м) ёши яқиним деган маънони англатади). Кўрамизки, қурбон деган сўзнинг асл маъноси – яқинлик экан.
Қизиқ: фидо бўлиш, қандай қилиб дунёни тарк этиш… яқинлашиш маъносида келади? Унинг қурбонликка, қурбон ҳайитига алоқаси қанақа?
Сизга бир бурда нон берсам, еб мендан рози бўласиз, дилингизда менга хайрихоҳлик юзага келади. Ўзим ейишдан воз кечиб, нонимни сизга фидо этганим учун ўртамизда яқинлик – қурбат ҳосил бўлди. Қурбонлик қадрдонлашиш, яқинлашишдир. Унга эришиш учун бир нарса ҳадя қилинади. Ҳадя эса қабул қилувчига манфаатли ва ёқимли бўлиши керак. Бировга кераксиз нарсани берсангиз, ўртада яқинлик юзага келмайди.
Ўтмишда ҳадя асосан егулик шаклида бўлган. Чунки томоққа ҳамиша, ҳар кун эҳтиёж бор. Қарида ҳам, ёшда ҳам. Бойда ҳам, камбағалда ҳам, гадода ҳам, султонда ҳам. Кучли одамда ҳам, ожизда ҳам. Чунки ҳар бир тирик жон – нафс эгаси. Жумладан, одам ҳам егуликсиз яшай олмайди.
Энг қадимги замонларда одамлар ора муносабат – еб турганини қаршисига келган одамга бериб, уни душманликдан қайтариш бўлган. Тайёр егуликка эга чиққан одам унга ҳужум қилмаган (айтиш мумкинки, ҳатто ҳозир ҳам муносабатларнинг деярли барчаси шу “дипломатия”га асосланади, мақташ, улуғлаш, амалдор қилиб кўтариш ва ҳ.нинг тагида ўз манфаатининг бир қисмидан воз кечиб, уни ўзгага бериш, ижтимоий бойликлардан унинг кўпроқ улуш олишига имкон ратиб, бунинг эвазига ўз жонини сақлаш ётади).
Ибтидоий динларнинг барчаси мана шу асосда келиб чиққан. Улар негизида анимизм – барча нарсани, кўз кўрар ва кўз кўрмас олам вакилларининг барини жонли деб тасаввур қилиш, “жонлантириш” ётади. Жонли бўлгач, албатта нафси бор, одамдан нимадир кутади. Барчасига ўз ҳаққини бериш керак, ана шунда улар одамга хайрихоҳ бўлиб қолади, зиён-заҳмат етказмайди, зимдан қўллаб ҳам туради, шундан кейин ов бароридан келади, экин яхши ўсиб, мўл ҳосил беради, қурилаётган иморат мустаҳкам бўлади, савдо авж олади, ишлари юришади, деб ўйлашган.
Бугунги кунда асосан кексалар тилидагина қолган меҳр сўзларини каттаю кичик баравар ишлатар, чоллар ёш йигитларни олқишлаб, “айланай, болаларим”, “садағанг кетай” каби тилаклар билан мурожаат қилишар эди. Ҳозир ҳам Хоразмликлар нутқида сақланиб қолган бир ҳол – кимдир бировни чақирса, у одамнинг “ҳа?” ёки “ҳов?” деб эмас, “жоним!” дея юз қаратиши аслида “жоним сенга садқа, не дейсан?”нинг қисқарган шаклидир.
Хўш, нега меҳр-муҳаббат ана шундай бутун бир гуруҳ сўзлар – айланай, ўргилай, садқа бўлай, қурбон бўлай, жоним қоқиндиқ каби калималар билан билдирилади? Нега айланилади, нега ўргилилади, айланмоқ дегани-ку, тушунарли, ўргилмоқ дегани нима ўзи? Нега жон… қоқилади?
Айланай, ўргилай кабилар ҳақида марҳум профессор Баҳодир Саримсоқов киши ўз жонини қурбон қилишга шай эканини билдириб, “Айланай!” дея хитоб қилиб, беморнинг атрофида айланганини, демак, айланмоқ – биров учун жонидан кечмоқ, унга келган дарду балоларни ўзига олмоқ эканини суҳбатда айтганди. Домладан, ўргилмоқ-чи, у нимани англатади, деб сўраганимизда, бемор атрофида жон фидо этувчи одам юзини унга ўгирган ҳолда айланган, демак, ўргилмоқ – аслида ўгирилмоқдир, айланай-ўгирилай шундан келиб чиққан, деган эди.
Олимнинг фольклор ва этнография соҳасидаги билими, қолаверса, ўгирилайин деган сўзнинг ихчамлашиш жараёнида диссимиляцияга учраб, ўргилайин деган шаклни олиши мутлақо табиий эканидан келиб чиқиб, бу талқинга қўшишиш ҳам мумкин.
Аммо илм – иккиланишлар, бошқа мулоҳазаларни ҳам олға суриш майдони. Бирдан-бир ҳақиқатлар жуда кам, улар аксиома деб аталади. “Айланмоқ” маъносини эътироф этган ҳолда, “ўргилмоқ” сўзининг бошқа бир талқинини ҳам тақдим этиб кўрмоқчи эдик.
Одам ҳам, қурту қуш, бошқа махлуқлар ҳам тирик жон. Қадимда одам ўлса, унинг жони жон эгасига керак экан, шунинг учун олди, деб билишган. Оғир аҳволда, ўлар ҳолатда ётган беморларни ҳозир ҳам жон талашяпти, деймиз. Бошқа бирон жониворни қурбон қилиш – ҳайвон бериш эвазига одамнинг жонини “олиб қолиш” мумкин, деб ўйлашган.
Шу боис, қадимда одамлар ҳам қурбон қилинган. Чунончи, сув тошқинларининг дамини қайтариш учун дарё ичига сепоялар ўрнатилиб, бу сепояларнинг олд томонига дарахт шохлари, маккажўхори боғи сингари нарсалар қўйилиб, устига тош бостирилган. Албатта, бу тўсиққа учраган сувнинг шиддати бироз қайтиб, офатнинг кучи камаяди. Сепоя олдига қўйиладиган ана шу шох-шабба, экин поялари халқ тилида “ўлик” деб аталган. Сабаби шундаки, одамзот табиатнинг асов кучлари қаршисида ожиз бўлган пайтда хурофотга берилади. Қурбонликлар қилади. Бу қурбонликларнинг энг асосийси ҳозиргидай мол-қўй эмас, қадимги замонларда одам бўлган. Ҳамма ёқни ямлаб, ўз йўлида тўхтамай пишқириб оқаётган сувга Тўхтасин, Тўхтавой, Қурбонали ва ҳоказо исмли одамлар тутиб босилган ҳам (гўё бундай исмлар маъносини англаган офат шундан сўнг шаштидан тушадигандай), кейинчалик эса, гўё табиат стихиясини алдаш учун, сувга босилган шох-шаббалар ҳам “ўлик” деб атала бошлаган…
Кўрамизки, жон қурбон қилиш “буни олсин-да, эвазига уни омон қўйсин”, деган маънода бўлиб, жон савдоси каби тушунилган. Офат-талофатларда эса қурбонликнинг зўри – одам бўлган.
“Бир неча кунда… (Муҳаммад Ҳумоюнни) келтурдилар ва табиблар ҳар неча дору-дармон бердилар, яхши бўлмади. Мир Абулқосимким, улуғ киши эрди, арзға етурдиким, ушмундоқ дардларға дармон будурким, яхши нимарсалардин тасаддуқ қилмоқ керак. Тоинки, тенгри таоло сиҳҳат бергай. Менинг кўнглумга келдиким, Муҳаммад Ҳумоюннинг мендин ўзга яхшироқ нимарсаси йўқ. Мен ўзум тасаддуқ бўлайин, худой қабул қилсин.
Хожа Халифа, ўзга муқарраблардин арзға тегурдиларким, Муҳаммад Ҳумоюн сиҳҳат топар, сиз бу сўзи нечук тилингизга келтурасиз? Ғараз будурким, дунё молидин яхшисини тасаддуқ қилмоқ керак. Бас ўшал олмоским, Иброҳимни урушида тушуб эрди, Муҳаммад Ҳумоюнға иноят қилиб эрдингиз, тасаддуқ қилмоқ керак.
Тилга келдиким, дунё моли анинг эвазига нечук бўлғай? Мен анинг фидоси қилурманким, ҳол анга мушкул бўлибтур. Ва андин (ҳам) ўтибтурким, мен анинг бетоқатлиғини тоқат келтургайман.
Ўшал ҳолатта кириб, уч қатла бошидин ўргулиб, дедимким, “Мен кўтардим ҳар не дардинг бор!” ўшал замон мен оғир бўлдум, ул енгил бўлди. Ул сиҳҳат бўлиб қўпти. Мен нохуш бўлиб йиқилдим…”
Бобурнинг ўғлига жонини бахшида этиши ҳам шу удумга тааллуқли. Яъни, жони омон қолиши сўралаётган одамнинг қадри қанчалик баланд бўлса, қурбонлик ҳам шунга яраша. Бу ўринда ота валиаҳд ўғли учун ўзини қурбонликка беради. Бобурнинг эътиқодича, жон эвазига мол-дунё эмас, жон берилиши лозим бўлган.
Қадимда бир салтанат ўрнига бошқа бир авлодга тегишли салтанат тиклнаётган чоғда ҳам қон – ёруғлик, деган инончга кўра, бир ёки бир неча одам сўйиб қурбонлик қилинган. Қурбонликка чалинган жониворнинг гўшти исломга қадар ейилмаган. Ҳатто яқин-яқинларгача товуқ сўйиб қурбонлиқ қилинса, унинг қонини беморнинг баданига суртиш, бошидан айлантирилгач (айланайин деган сўзни эсланг) товуқнинг танаси касалликни, дарду офатни ўзига олган ҳисобланиб, бахши-қушночга бериб юборилган. Каттароқ бир жонлиқ сўйиладиган бўлса, у ёки бу аъзоси ейилмай ташлаб юборилган. Каттароқ жонивор сўйилса, унинг камроқ ейиладиган, аммо ҳалол бир аъзоси беморнинг бошидан айлантирилган. Бунда асосан, жониворнинг жигари ё ўпкаси “тўлиқ қурбон” қилинган. Айниқса, мол ё қўйнинг ўпкасидан фойдаланилган – унинг кемирчагидан ушлаб кўтариб, беморнинг атрофида айлантириш қулай бўлган, айлантириш асносида бояги аъзо дарду балони ўзига тезроқ ва тўлароқ олсин учун хастанинг боши ва елкаларига енгил-енгил уриб – ургилаб олинган.
Табиий, ўпка бир неча соат ичида қорайиб, унниқиб кетади. Умидвор ота-боболаримиз эса буни ўпка жами офатни ўзига олгани туфайли қорайиб қолди, деб ирим қилишган. Йиллар, асрлар оша бу удумга тааллуқли атамалар ҳам ортди. Кимдир одамлар ана шу тарзда дард-ғамдан халос этишини истаса, “ўпка”лайдиган бўлади, яъни ўпка билан ургилаб, менинг ҳам дардларимни арита қолишмади, деб гиналайди.
Ўзини қурбон қилиб бемор атрофида айланаётган одамнинг юзини унга ўгирган ҳолда айланиши ҳақида маълумотлар йўқлиги, аммо қурбон этилаётган нарса бемор танасига ургилаб қўйилишини ҳисобга олсак, ўргилай деган сўз аслида – ургилай, ургилайин деган тилакдан келиб чиққан бўлиши ҳам ҳақиқатга яқин.
“Ургилайин” деган сўз қандай қилиб “ўргилайин” бўлиб қолади, яъни “у” қай сабаб билан “ў”га айланади, деган савол туғилиши табиий.
Тил тараққиётида бир товуш гоҳо ёндош товуш билан алмашиниб қолади. Чунончи, шунга яқин бир ҳолат – “ўрганди” ёки “ўргатди” деган сўзлар бошқа тиллардагина эмас, ҳатто ўзбеклар яшайдиган айрим ареалларда ҳам “урганди”, “ургатди” тарзида талаффуз этилиши маълум. Ана шу калима бошқа бир туркий тил бўлган қирғизчада “уйрон” шаклини олади, яъни “ў” à “у”га айланган. Эҳтимолки, бунинг акси бўлиб, қадимги “уйран” à “ўрган”га ўтиб қолгандир. Чунки Э.В.Севортяннинг “Туркий тилларнинг этимологик луғати”да ана шу лафз учун бош сўз сифатида “эврен”(моқ) берилган (I, 722 бет). Бу эса “ўрганмоқ” сўзи аслида “ўгранмоқ” бўлганининг далолатидир. Ва шунинг акси ҳам юз берган: “ургилмоқ” à “ўргилмоқ”қа (“ургилайин” – “ўргилайин”га) айланган.
Қоқмоқ ҳам, луғавий маънода, урмоқдир. Жониворнинг ўпка ё жигари беморнинг танаси узра айлантириларкан, бош-бетига қоқиб-қоқиб (ургилаб) олинган. Ургилаб-қоқилган ўпка қоқиндиқ ўпка бўлади, албатта. Жоним қоқиндиқ – жоним сен учун қоқиндиқ ўпкадай бўлишига розиман, дегани бу.
Назаримизда, ургилай деган сўз бора-бора “ўргилай” деб талаффуз этила бошлаган, бунинг тадрижи – “механизм”и эса ҳали топилган эмас.
Бироқ бу – каминанинг талқини. Унга қарши тарзда яна шуни ҳам айтиш керакки, бу удум тарихнинг жуда ичкарисидан чиқиб келади. Эҳтимолки, у нафақат исломдан аввалги, балки жуда олисдан – ҳали туркий халқлар тили тунгус-мўғул тиллари гуруҳидан ажралмаган даврларга оид бўлса. Нимагаки, мўғул тилида “айланмоқ” деган тушунча “эргэлдэх” бўлади. “Эргэлдэх”нинг якунидаги “дэх” – феълдан ҳаракат номи шаклини ясовчи (биздаги “моқ” каби) қўшимча эканини ҳисобга олсак, “эргэл” сўзи “ўргил”нинг қадимги сингармоник шакли экани аён бўлади. Бу талқин ўзини оқласа, “айланай-ўргилай” деган калима “аста-секин”, “шовқин-сурон”, “бозор-ўчар” каби жуфт ибора деб қаралмоғи лозим.
Қирғиз тилидаги уйрулмоқ ҳам айланмоқ сўзининг синонимидир.
“Гиргиттон бўлай” деган тилак эса шу маънонинг форсий (тожикча) шакли, у гирд (айлана) сўзидан олинган, “гирдогирди” шаклида бўлган ва талаффузда жўнлашиб, гиргиттон шаклини олган. Ҳозирги тожиклар тилида бу маъно кўпроқ “қурбонат шавам” (қурбонинг бўлай) тарзида ифодаланади.
Демак, аввалбошида чин маъноси тўлиқ англаниб, астойдил айтилган тилак – сен учун қурбон бўлишга розиман, дардингни ўзимга тортиб олишга ҳозирман, деган маънодаги “айланайин”, “ургилайин” каби сўзлар қатори кўпая борган, аслида ҳар бир она фарзанди учун жонини беришга ҳам ҳозирлигини билдиради бу. Аммо ўзгалар айтганида эса унинг импрессияси – таъсир кучи камайиб, шунчаки меҳр изҳори – сени яхши кўраман, деган маънони билдириш воситасига айланиб қолган.
Зуҳриддин Исомиддинов
