“АНДИЖОНДА ЎТ ЁҚСАМ, ЎШДА ТУТУН…”
Ўзбек халқ қўшиқларидан бирида мана бундай байтлар бор:
Андижонда ўт ёқсам, Ўшда тутун,
Бу дунёда бормикин бағри бутун?
Бу дунёда бор бўлса бағри бутун,
Қоғоздан ўчоқ қилай, гулдан ўтин…
Бу… ашула эмас, нола. Мунгли оналаримизнинг, бувиларимизнинг куйга йўғириб айтган фарёди. Бу шўрликлар ҳасратларини қўшиқ қилиб айтганлар, аламларини дардли “Муножот” оҳангига солганлар, ғамларини оёқ остига олганлар, тепкилаб-тепкилаб, йиғисини кулгига ўхшатиб айтиб, ўйинга тушганлар. Ўз кичик давраларида дил қатидагиларни қўшиқ ила изҳор қилиб, бирқадар енгил тортгандик бўлганлар, кўнгилларини бўшатганлар, зеро эртасидан яна ўша туганмас ғамлар, етишмовчиликлар, хўрланишар ва эзилишлар ичида яшаб кун кўришга тўғри келган бу кун кўрмай ўтган оналаримизга.
Ўзбек халқ қўшиқларининг аксари – аёллар ижоди. Шоира момоларимиз, отин момоларимиз тўқиган уларни. Ҳар бир мисрасидан қайғу-ғам сирқиб оқиб, юракни сирқиратади. Ўта бадиий ифодалар, мураккаб сўз тузилишлари (инверсия), фавқулодда ташбеҳ ва ўхшатишлар йўқ уларда. Жудаям содда, жўнгина байтлар. Аммо шунчалар мукаммалки, бирон жойини “таҳрир” қилсангиз, тузатсангиз, заха ейди, алланимаси камайиб қолади, сунъийлашиб кетади.
Ҳаводаги булутлар,
Ёмғир ёғиб ўтганмас.
Икки яхши бир бўлиб,
Муродига етганмас.
Соддагина а? Аммо бу гапларни айтган учун ўша шоиранинг бошидан қанча ғам-аламлар кечган экан? Тақдири қандай бўлган экан унинг?
Ёрим, умрим менинг,
Минг яшасам, бир кунча йўқ.
Ишқ ўтининг олдида
Дўзох ўти учқунча йўқ.
Бу тўртликнинг шиддатини қаранг! Дўзахнинг ўти – ишқ алангаси олдида бир учқунча ҳам эмас, деяпти. Албатта, буни бугунги айрим чаламуллала одамларга қўйиб берсангиз, қачонлардир шу байтни битган ижодкорни кофирга чиқариши ҳам ҳеч гап эмас. Аммо биз унга машрабона назар ташласак, ёр – Парвардигор эканини эсга олсак, Оллоҳнинг васлидан умидворлик, унинг ишқи ўтида сўзона бўлиш ҳисларини ёдга олсак, тасанно айтишга тўғри келади. Шунчалар мукаммал.
Унинг қайғусини ҳис этмайдиган, халқ қўшиқларини шунчаки ўйин-кулги, лапар ва рақс учун сўзлар деб ўйлайдиган айрим яллачилар эса уларни истаганича бузиб, ўз юртига, ўз шаҳрига мослаб “ижро” этадилар. Жумладан, бояги қўшиқнинг биринчи мисрасини гоҳо
Мен бу ерда ўт ёқсам, Андижонда тутун-эй,
Ёки:
Андижонда ўт ёқсам, Фарғонада тутун-эй…
дея куйлаб, ҳар қаердан тутун қайтарадиган отарчи опалар кўпайиб кетди.
Ўзбек халқ қўшиқлари ўта локал (бирон манзилга боғлиқ) тарзда дунёга келади. Бирини Жийдалик кўчасидаги фалон келин, бошқа бирини Ўзганлик фалончи хола, мана бунисини эса Янгиариқлик манов опа айтган бўлади. Шунинг учун уларда жой номлари, киши исмлари кўп учрайди. Уни кимдир ўз маҳалласига, ўз шаҳрига мосласа, ўғирлиқ қилган бўлади. Чунки, ўзи тўқигандек қилиб айтади-да. Маҳаллийлаштириш, маҳаллийчилик касали эса ўғриликдан ҳам ёмонроқ.
Мен бу гапларни таниқли шоир ва публицист Шоир Эрпўлат Бахтнинг “Оила ва табиат” газетасида босилган “Оғиз – юздаги йиртиқ эмас” (ундан чиқаётган ҳар сўз ақл тегирмонида тортилиши керак) деган мақоласини ўқиб, ундан аввалроқ эса Интернетдаги “Ўш ва ўшликлар” сайтида бир халқ қўшиғининг биргина байти таҳлили юзасидан баҳсларни ўқигач, ёзаётибман. Эрпўлат шоир халқ қўшиқларини бузмай айтиш кераклилигига тўхталиб, жумладан шундай деб ёзади:
«Олма пишганда галинг» қўшиғидаги сатрлар кўпгина санъаткорлар талқинида «Сув келади мўридан, Мўридан ҳам наридан», тарзида эфирга узатилмоқда. Уни деярли ўттиз йилдан буён Равшан Намозов шундай ижро қилиб келади. 1993 йилда нуфузли нашриётлардан бирида чоп қилинган «Хоразм халқ ижодиёти дурдоналари» китобида ушбу қўшиқ сатрлари «Сув галади Маридан» деб берилган.
…Қўшиқнинг сатрларига синган маъно ва мантиққа эътибор берадиган бўлсак, айнан «Сув келади Маридан» деб айтилишининг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Маълумки, Мари – Амударёнинг юқори ҳудудида жойлашган қадимий Марв шаҳри… Қадимдан ҳам, бугунги кунда ҳам Амударё айнан Мари шаҳри ёнгинасидан оқиб ўтиб, сўнг Хоразм воҳасига оби ҳаёт таратади.
Сув келади Маридан,
Маридан ҳам наридан…
дейилишининг боиси ҳам шунда. Чунки дарёнинг Маридан ҳам наридаги минтақалардан оқиб келишини ота-боболаримиз яхши билишган. Хонандалар қачонгача мўридан сув келишига одамларни ишонтиришга уринишади?!
Халқ қўшиқларининг ҳар бир сатрида чуқур маъно жавоҳирлари яширинган. Рамзлар, тимсол ва нозик қочиримлар унинг безаги саналади. Уни куйлаётган санъаткор ана шуларни чуқур ҳис қилиб, теран англамоғи зарур. Зеро, маънавиятнинг олтин ёмбилари саналмиш қўшиқлар қиймати ана шунда янада ошиб, қадри юксалаверади”.
Афсус, бу гаплар Хоразмга ҳам, географияга ҳам тааллуқли эмас. Шоир Амударёни Мари шаҳри ёнидан оқадиган Мурғоб билан адаштиряпти. Амударё Маридан жуда олис, 250 чақирим нарида (энг яқин масофа!) оқиб ўтади. Мурғоб суви эса Мари шаҳрини ёқалаб ўтиб, ўнгга – Амударё томонга эмас, чапга бурилиб, чўл ичида тугайди. Мурғоб суви Амударёга қўшилмайди, демакки Хоразмнинг яқинига ҳам бормайди. У Хоразмдан 400 чақирим берида қумга сингиб тугайди. Илмий манбаларда ёзилишича, ўтмишда ҳам Мурғоб дарё Хоразмга етиб бормаган.
Муаллиф Эрпўлат Бахтнинг мақсади, муддаоси ўринли, маъқул. Қўшиқ сўзларини бузмаслик керак. Аммо бу гапга мисол қилиб келтирилган мисралар ва у ҳақдаги мулоҳазалар, менимча, асосли эмас.
“Сув галади Моридан” дейишда мантиқ, илмий асос йўқ. Чунки ҳеч қаерга сув бирон шаҳардан эмас, балки бирон дарёдан, сойдан боради. Хоразм эли ҳам “Сув галади Моридан” деб ашула айтмаган. Чунки Хоразм заминига Маридан (Мурғобдан) ҳеч қачон сув борган эмас. Қай бир хонанда ўтган асрнинг етмишинчи-саксонинчи йилларида “Олма пишганда галинг” мисраларига “Сув келади мўридан”ни улаб айтган бўлса, буни яхлит бир қўшиқ матни, деб ўйламаслик керак. У бир вазндаги турли қўшиқлардан терилган композиция, холос. Такрорлаймиз: бу бир қўшиқ эмас. Ўзбек қўшиқлари билимдони Музайяна Алавия нашрга тайёрлаган “Оқ олма, қизил олма” (1972) тўпламининг “Хоразм қўшиқлари” деган бўлимида бу қўшиқ йўқ. Опанинг “Ўзбек халқ қўшиқлари” (1959) китобида ҳам Хоразм эли қўшиғи сифатида берилмагани ҳам айни байтларга “Моридан” деган “тузатиш” сиғмаслигини кўрсатади. Бунинг устига, “Ёр-ёр, ёрон-ей” деган нақорат мисраси унинг Хоразм қўшиқчилигига ёт, Сурхондарё-Қашқадарё лапарларига мансуб эканини кўрсатади.
“Хўш, “Сув келади Моридан” дегани нотўғри бўлса, унда “Сув келади мўридан”, дейиш керакми? Ахир мўри – уй ичидаги тутун чиқиб кетиши учун қўйиладиган қувурсимон мослама-ку?
Худди шундай. Ишонсангиз, сув айнан мўридан келади. Аммо уй ичидаги тик мўридан эмас, қўшнининг ҳовлиси билан ўртадаги девор тагига, ариқча йўлига қўйилган мўридан. Шу жойга тожикча мўри (пишиқ ғиштдан ё куйдирилган сополдан ясалган қувур) ётқизилган, у деворни ҳам кўтарган, сувда намиқиб, эзилиб тушмаган. Ариқчага қўйилган мўри “об мўри” аталган, тутун чиқадигани эса “дуд мўри”. Асрлар ўтиб, об мўри ихчам “омбир” деган шакл олган, “дуд мўри” – “дудбурон” даб атала бошлаган.
Ўтмишда ариқчадан сув келиши қўшиқ қилишга арзийдиган ҳодиса бўлганми? Бўлган. Гап шундаки, ўтмишда бўй етган ўзбек қизлари ҳовлидан ташқарига чиқмаган, шу сабабли уларга мактуб ёзиш, учрашувга таклиф қилиш имконсиз эди. Суви омбирдан ўтиб ўша қиз яшайдиган ҳовлига оқиб кирадиган ариқчага қип-қизил бўлиб пишган олма оқизиш, гул ташлаш ўзи катта жасорат бўлган. Бу ҳам муҳаббат изҳори эди. Ўшанинг ўзидан қиз бир дунё маъноларни уққан. Бизнинг Осиё шароитидагина эмас, Европада ҳам шундай эди. Стендалнинг “Парма ибодатхонаси” асарини ўқисангиз, XIX аср бошида ҳам фаранг аслзодалари бошқалардан бекитиқча рамз тили билан гаплашганини кўрасиз. Қаранг Европа маркази Фарангистонда!
Демак, ошиқ кўнгиллар учун мўри орқали ариқчадан сув келиши катта воқеа. “Мўридан ҳам наридан” дегани эса, “дарёнинг Маридан ҳам наридаги минтақалардан оқиб келишини ота-боболаримиз яхши билишган”и учун эмас, балки “мўридан”га қофия холос, асосий гап биринчи мисрада айтилган.
Ёр дарди ёмон экан,
Мен овора бўлмайман.
Борай десам йўл узоқ,
Соғинсам кўролмайман.
Кўрамизки, бу тўртликнинг иккинчи мисраси мазмуний жиҳатдан салқи. Ритм ва қофия ҳосил қилиш учун қўлланган. “Ёр дарди ёмон экан” –асосий маъно юкини ташийдиган илк мисрага мисол.
Халқ қўшиқлари – халқ руҳини энг тиниқ акс эттирадиган кўзгу. Уни бузиб ижро қилиш, ҳар турли “композиция”ларга солиш, байт-мисраларини, сўзларини алмаштириш, “гўзал” қилишга уриниш ўша биллурдай ойна юзига лой чаплаш каби бўлади, демакки кераги йўқ, кони зиён.
Қарғалар учса қарайлик
Марғилоннинг йўлига
деб бошланадиган қўшиқни ҳамма билади. Бир замонлар ундаги “қарғалар” хунук деб топилиб, чиройли “турналар”га алмаштирилди, “Турналар учса қарайлик” деб куйлай бошлашди. Бундай олганда, чакки эмас, аммо “қарға” билан “қарайлик” сўзидаги энг туркона бадиий санъат “қар : қар” аллитерацияси йўққа чиқди. Хайрият, кимнингдир ундови билан бўлса керак, яна аслига қайтди, ўз маромига тушди ҳам.
Аммо энди “нега қарға?” деган савол пайдо бўлди. Қарға бекорга айтилмаяпти, бир балоси бўлса керак, деб чор Россияси босқини ва Марғилонда ўзбек йигитларининг дорга тортилиши, ўлигини қарға чўқиши, улар ҳидланиб кетиб, иси ҳандалак исига (?) ўхшатилгани каби талқинлар йигирма-ўттиз йилдан бери айланиб қолди. Оқибат, ёр ҳажрида айтилган чиройли санъат асари бир юмалаб, рамзий-сиёсий қўшиқ деб талқин қилина бошлади…
Тўғри, бўй деган сўз кишининг пакана-новчалигини ҳам, бирон нарсанинг ҳидини ҳам англанади. Ҳандалак бўйликина деганда эса ҳандалакнинг ҳиди эмас, думалоқ, калта бўйли экани ёдга келади ва қадди ўртадан сал пастроқ, дўмбоққина, қиёфаси ёқимли қиз ҳақида тасаввур ўйғонади. Бироқ ҳиди анқиб кетган мурдани “ҳандалак бўйликкина” деб ташбеҳ қилинишидай мураккаблик (адабиётшуносликда буни оксюморон дейдилар) халқ қўшиғи руҳига жилла пором келмайди…
Зуҳриддин Исомиддинов
