УЧУРУМЛАРДАН УЧИРИБ… 

Байрам нашидасининг саслари кела бошлади. Бугун ёлғон арафа бўлса, эрта-бириси кун чин арафа ҳам кириб келади, демак, истиқлол байрами эшик қоқиб турибди.

Бундай паллаларда бир-биримизни қутлаймиз, эзгу удумимизга биноан, кексаларни зиёрат қилиб, дуосини оламиз. Ва албатта, шу кунларга етиб кела олмаган марҳумлар руҳини шод этишни ҳам унутмаймиз, уларнинг хотираси олдида қарздор сезамиз ўзимизни.

Уларни ҳар хил ном билан атаб йўқлаймиз. Миллий-озодлик ҳаракати фидойилари деб атаймиз, қатағон қурбонлари деймиз ва ҳоказо. Менга қолса, XIX асрнинг иккинчи ярмидан – уч ўзбек давлати бирин-кетин истило этилгач, қул бўлиб кун кўришдан кўра ҳур ҳолда ўлишни афзал деб билган Отабеклар тиғипарронга учратилган замондан бери халқимиз бошига ҳар ўн, ҳар йигирма йилда мудом тушиб турган шўришларга кўкси қалқон бўлган раҳматлиларнинг барчасини ягона ном билан “истиқлол қурбонлари” деб атаган бўлар эдим.

Бу шаҳидларнинг қайси бири мустақилликка эришишни орзу қилмаган дейсиз? Элини илму урфонга ошно ҳолда кўришни умрининг мазмуни деб билган муфти Маҳмудхўжа Беҳбудийдай аллома золим ҳукумат дағдағаси остида қўлига белкурак олиб, ўзи учун қабр ковлар экан, истиқлол армони билан тупроққа қўшилмаганми? Мактаб, маориф учун жон чеккан юзлаб маърифатпарварларимиз кофир деб эълон қилингани, қувғин этилгани, тошбўрон қилингани, покиза номлари эса жадид дея, баайни гуноҳкор сўзининг синоними бўлиб қора рўйхатларда тургани ёдимиздан чиқармиди? Асло!

Бобом айтган эди, шолипоясида ўтоқ қилиб юрган икки ака-укани қизил командир босмачи дея гумон қилиб, сой қирғоғига турғизиб, отиб ташлаган, улар эса ҳатто нима гаплигини ҳам англамаган ҳолда қатл қилинган, икковининг ўлиги олдинма-кетин сувда оқиб кетган экан.

Бир ўшаларми сўроқ-саволсиз отилганлар? “Босмачи” деб қириб ташланган ўн минглаб ўзбек йигитларининг тақдирини ўйланг. Совет ҳокимияти ва унинг қонли қилмишлари бўлмаганда, бу ҳаракат қаёқдан юзага чиқар эди? Устамонликни қарангки, босмачи дегани ҳам ўзбек, қизил аскар ҳам. Ўйлаб қарасангиз, бу қирғинларнинг бари миллатнинг энг жўмард йигитларини бир-бирига қарши қўйиб, ўз қўли билан ўзини чопиш, геноцид қилиш учун уюштирилган бўлиб чиқади…

Орадан эллик йилча вақт ўтиб, Шўролар Афғонистонда уруш очди. Дастлабки бир неча йил давомида қиёфаси ўхшаш бўлгани учун асосан Марказий Осиёлик аскар болалар “душман”лар билан жанг қилишга жўнатилди, бошқа юртларнинг вакиллари дастлаб фақат номига жалб этилган эди. Оқибатда, мўъминнинг қўли билан мусулмон қирилди. Юзлаб, минглаб қора қош, қора кўз йигитларнинг лоши тунука тобутларда пайдар-пай келар эди. Зор қақшаган ота-оналарни айтинг.

Шахсга сиғиниш қоралангач, машъум 1937-38 ва 1951-52 йиллардаги ноҳақлик ва хунрезликлар “қатағон йиллари” деб эътироф этилди. Гўё, ундан бошқа вақтларда ҳаёт доим фаровону турмуш қийқириқ бўлгандай. Ҳолбуки, репрессия совет тузуми ҳукм сурган ҳамма даврда у ёки бу шаклда амалга ошириб келинди. Эшитган-уққанларимиздан айтадиган бўлсам, 1930 йилданоқ қонли қатағонлар бошланиб, дастлабки ўзбек журналистларидан бири Муҳаммад Саид Аҳрорий турмага ташланди ва 1931 йилда отилди. Демак, репрессия 1937 йилдан эмас, аввалроқдан келади.

Ўша 1930-31 йиллардан коллективлаштириш ғавғоси авжига чиқиб, фақат Қорун бойларгина эмас, минг-минглаб асл деҳқон ва ҳунармандлар – ишнинг кўзини билган, тиришиб-тирмашиб, меҳнати билан ёруққа чиққан, бир-икки от ва бир-икки ҳўкизга, тўрт-беш қорамолу тўрт-беш таноб ерга эга бўлган ишбилармонларнинг ҳам мол-мулки ўзлаштирилиб, ўзлари туғилиб-ўсган ватандан бадарға этилиб, неча минг чақирим олисдаги овлоқларга бола-бақараси билан сургун қилинди. Буям етмагандай, ўша жойларда ҳам бу шўрликлар гарданига энг оғир, энг қора меҳнат – пахта экиш юкланди! Сургуннинг омонсиз йўлларида ва у бадбахт ерларнинг изғиринларида очликдан ё касалликдан ўлган ёш-ёш гўдаклар ва қари-қартанглар – минг-минг қатағон этилганларнинг оҳи осмонларни тутмаган дейсизми? Репрессия бўлмай нима бу? Колхозга тортилгач, ёппасига пахта экиб, қорларда кўсак териб, совуқда қақшаган қўлларини ўз боғидан қўпорилиб, сушилкага қаланган қандак ўрик оловига тутиб қалтираб турган оч-наҳор, юпун халқим… Унинг нима айби бор эди, мустабидлар олдида?

Ўша ўттизинчи йилларда ҳамма ёқда тинтув ўтказилиб, уйдаги дон-дунларгача қўймай тортиб олинди. Донимизга қаноат қилмай, динимизга ҳам қўл чўздилар: не-не ноёб, муқаддас китоблар ГПУ идораларига олиб кетилди, уламо боболаримиз эса бу пайтда ана шу маҳкаманинг мудҳиш ва зах карцерларида “сўроқ” бериб ётар эдилар. Кафанга ўралиб, жаноза ўқилиб, тунда қабристонларга олиб бориб кўмиб келинган қуръону ҳадислар-чи!

Ўша ўттизинчи йилларда миллатнинг гуллари ва чинорлари қирқилди, булбуллари ва бургутлари қафасга солинди, қоплонлари ва арслонлари отилди. Усмон Носирнинг – эндигина икки мучал ёшига тўлган бу маъсум шоирнинг – қатағон қилиниб, Магадан ва Кемерово ўрмонларида совуққа тўнғиб, ўттиз ёшида қирчинидан қийилганининг уволиёқ совет тузумининг жаҳаннамга дохил бўлиши учун кифоя қилар? Ёки Чўлпонни, Абдулла Қодирийни, Фитратни айтайликми… Уларнинг юзлаб тақдирдошлари-чи? Бу одамлар ўзбекнинг пешонасига сиғмади. Сиғдирмадилар. Бир амаллаб сиққанлари, яъни жон сақлаб қолганларидан баъзиси майхўрликка ружу қўйиб, бу беш кунлик дунёни унутгандай бўлиб ўтди. Бошқаси умр бўйи бўйнини қисиб, кўча ва коридорларнинг четида, елкасини деворларга суртиб ўтадиган бўлиб қолди, яна бирининг тили тутилди, ўзгаси махфий равишда замона корфармонлари хизматига бел боғлади. Аммо барининг ичи тўла дард эди. Шулардан бири, бир умр Масковни, Ленинни “куйлаб” ўтган ардоқли шоиримиз, умри поёнида, не журъат ила “Мажнунтол тагига ўтқазинг мени, Мен учун йиғласин, мен йиғлаб бўлдим”, деб фарёд солди.

Эътибор қилсангиз, ҳамма билган кишиларни эслаяпман. Ҳолбуки, Миллий китоб палатасида ишлаб юрганимда кўрганман: репрессия қилинган ва исми шарифлари бугун тамомила унутилиб кетган кишиларнинг номи, ҳатто, бирон “йиғилиш иштирокчилари” рўйхатида тилга олинган бўлса ҳам, бундай китоб, журнал ё газеталарнинг бари “махфий сақлаш” шарти билан темир шкафларга тиқиб ташланган экан. Кимлар экан, дейсизми? Темирйўлчилар, олимлар, инженерлар, тиббиёт ходимлари, турли соҳаларда ишлаган юзлаб ва минглаб бегуноҳ одамлар… Бошқа кутубхоналарда эса бундай “антисовет пропаганда маҳсулотлари” умуман қолдирилмаган – қатағон тегирмонига тушган кишилардан биронтасининг номи бир четда битилган бўлса ҳам, бутун бошли китоб ёқиб ташланган, ҳатто макулатурага топширишга ҳам йўл берилмаган. Китоб ҳам қатағон этиладиган даврлар ўтди эл бошидан.

Мен у замонларни билмайман. Шукурки, кейинроқ, “халқлар доҳийси” асфаласофилинга кузатилган йили туғилганман. Шунинг учун, ўша йилларнинг даҳшатларини ўз кўзи билан кўрганлардан бахтлироқ санайман ўзимни. Аммо шу орада бир мулоҳаза: у кунларнинг ваҳшатлари ҳақида гап кетганда, айримлар, “Бунга Сталин айбдорми, у Фитратни шахсан қамаган эмас-ку?”, дея оқловчиликка ўтиб олишади. Тўғри, аммо ана шу тузумни, ана шу қатағон машинасини ким барпо этган эди, “доҳийлар” эмасми? Ёки, эллигинчи йиллар бошидаги репрессиялар ҳам “тасодифан” амалга оширилиб, Мақсуд Шайхзода, Тўхтасин Жалолов, Мирзакалон Исмоилий, Шукрулло каби ўнлаб адиблар ўйнаб-кулиб қайтиб келишганмиди, “у ёқлар”дан?

Шундай, бошимиздан бир-икки репрессия ўтмади, биз бор-йўғи битта репрессияни биламиз, аммо у бир ярим асрга яқин давом этди: бундан роса юз эллик йил аввал Марказий Осиёнинг юраги бўлмиш Тошкент истилочилар томонидан эгалланган эди, ана ўшандан бери…

Энди ўзим кўрган бир-икки воқеа. 1970 йил Ўшда, “Кирснаб” деган номи ҳаммага маълум, темирйўл ёқасидаги товар базасида электр погрузчик ҳайдар эдим. Бир куни вагондан юк тушираётсак (директор ёнимизда ишни кузатиб турганди), эллик яшар чамали бир киши келиб, бизда тракторчи бўлиб ишламоқчи эканини айтди.

  • Қаерда турасиз? – деб сўради раҳбаримиз.
  • Ҳа, шу… Калинин колхозида, уйим яқин.
  • Паспортингиз борми?
  • Паспортим… йўқ, беришмаган.
  • Унда, ишга қабул қила олмаймиз, хафа бўлманг.

Бояги одам бирпас термулиб тургач, ноумид ҳолда нари кетди. Ҳайрон бўлдим. Нега, масалан, менда – энди ўн етти ёшга кирган йигитда паспорт бору, бу кишида йўқ?

Суриштирсам, колхозчиларга паспорт берилмас экан. Паспорти бўлса, бошқа ишга ўтиб кетиши, бундайлар кўпайса, колхоз тарқаб, садағанг кетай пахта жонивор етиштирилмай қолиши мумкин экан-да. Шу сабабли, колхозчилар бир умр ўз қишлоғидан чиқмай, “пешонасига битган” қора ерда ишлаб ўтиб кетишга маҳкум бўлган экан. Колхозлар тузилган ўша ўттизинчи йиллардан то мен гувоҳи бўлган етмишинчи йилларгача, қишлоқда турувчиларда (Қирғизистоннинг ўзида миллионга яқин одамда!) паспорт йўқ эди, десангиз, бугунги ёшлар ишонишармикин? Паспорт нима бўпти, уларга иш ҳаққи ҳам берилмас эди-ку?!

Йил бўйи меҳнат қилиб ҳолдан тойган камбағал “меҳнат куни” ҳисобига ҳар йили кеч кузда бир марта бериладиган даромад пулини кутиб яшар, унга қадар эса, сельпо магазинидаги “темир дафтар”га қўл қўйиб, насияга ун ва гурч, макарон ва пахта ёғи, чит ва кирза этик олиб турар, “даромад” бериладиган куни эса кассир ёнига сельпо мудири ўтириб олиб, барча қарзларни ундирар, оқибатда, деҳқоннинг қўлида тўрт танга ҳам ақча қолмас эди. Сўнг яна ўша тинкани қуритадиган иш, ўшандай кунлар. Йиллар шу зайлда айланар, умрлар ҳам поёнига етиб бораверар эди…

Паспорти йўқ, пули йўқ, бирон ёққа кетай деса имкони йўқ, буюрилган ишни қиладиган одамни ким деб атаймиз? Қул-да, албатта.

Ёки тамаки экиш авжига чиққан йилларни эсламай бўладими? Берадиган чойчақаси пахтаникидан сал кўпроқ экан, бутун-бутун қишлоқлар ёппасига тамакикорликка ўтди. Аммо неча юзлаб одамларнинг ўпкаси қуриганини ёдга олсак, бизнинг қора қуллардан фарқимиз йўқ бўлганини тан олишимиз керак бўлади. Биз қуллар эдик. Яна шунақа қулки, эртаю кеч қулоқларимиз бахту иқбол ҳақидаги яллалардан батанг: “Яна ўйнайлик, яна куйлайлик. Иқболимиз порлоқ экан, даврон сурайлик!”…

Яна бир аччиқ хотира. 1980 йилнинг ёзида мен хизмат қиладиган илмий-тадқиқот институтининг ёшроқ ходимларини “шарафли” бир ишга – Жиззахнинг Пахтакор туманига ғўзачопиққа жўнатишди. Бундан ажабланганимиз ҳам йўқ, чунки у замонда “Бугун ҳамма – пахтакор!” деган шиор қонун тусини олган эди. Бормай кўринг! Институтимизда ҳам у кезлар олимларга илмий иши натижасига қараб эмас, асосан қанча пахта терганига қараб мукофот бериларди. Шундай қилиб, июннинг жазирама офтобида қоп-қорайиб, ғўза чопиб юрибмиз, десангиз. Аммо бир куни бошқа далага борадиган бўлиб қолдик. Канал ёқалаб, кетар эканмиз, бир пайт саккиз-ўн гектарча ердаги боғнинг қўпорилганига кўзимиз тушди. Ҳаммаси олма дарахти, танасининг йўғонлиги нимкосанинг оғзидай бўлиб қолган.

Энди мевага кирган бу боғни бузиб, ўрнига пахта экишга кўрсатма берилган экан, аммо чигит қадашга кеч бўлибди. Трактор трос билан тортиб чиқариб ташлаган олма ниҳоллари айқаш-уйқаш бўлиб ётар эди. Саратон офтоби нақ ёндираман дейди. Аммо… ишонасизми, бу олмалар суғуриб чиқарилганидан кейин ҳам, танасидаги намнинг шираси биланми, ё ҳаётга интилиш туфайлими, билмадим, гуллаган, аммо гуллари қуриб-қовжираб ётар эди! Ўшандан бери орадан ўттиз беш йил ўтди. Бироқ бояги тил-забонсиз, қотиб қолган гулларини пеш тутганича, худога нола қилиб ётган олма дарахтлари кўз ўнгимдан кетмайди. Ажаб, улардан баъзиларининг илдизлари батамом тупроқдан узилмаган шекилли, унда-мунда сўлғин мева куртаклари ҳам кўринарди.

Туриб-туриб, она халқимни ана шу олмаларга менгзайман. Неча-неча бор уни ўзлигидан жудо қилишга бел боғлашди, сархил самара бўлиш умидида лаб очган гуллари эса шу ҳолича қовжиратилди. Аммо дарахтни қуритишга улгуришмади, темир занжирлар билан боғлаб тортсалар-да, суғуриб ташлай олишмади, чунки томири теран кетган бир эл эканмиз, дарров ўзлигини унутадиганлардан эмас эканмиз.

Мана, истиқлолнинг ўттиз йиллик байрами ҳам келиб қолди. 30 деган сана менга шу ёшдаги бўз болани эслатади. Бу чоғ одам айни кучга тўлган, гуркираган бўлади, унча-мунчани писанд қилмайди, ёшлик – бебошлик, дейишади-ку! Аммо бизнинг истиқлол шу йигит ёшида нуроний оталар каби донишманд. Ҳар бир қадамини узоқни кўзлаб босади. Ва, ўзбек элининг бир тийнати – сабрлилик. Она халқим, бошига не балолар ёғилмасин, оғиркарвонлик билан, сабот билан, улуғ карвондай, тарих йўлларидан ўтиб бораётир.

Домламиз Ғайбулла Саломов мустақилликни “Истиқлол ҳазрати олийлари” деб улуғларди. Дарҳақиқат, берилган қурбонлар, топталган қадриятлар, миллионларнинг оч-наҳор кунлари, қул қатори умр ўтказган деҳқонларимиз, эгилиб қолган бошларимиз ҳисобига келган ҳуррият қуёши-да, бу! Элимизнинг бутун тарихда эришган энг олий саодати ҳам шу! Уни шарафламай, алқамай, мадҳ этмай бўладими?

Истиқлол биз тортаётган уқубатларни мозий ўпқонларига улоқтирди. Шундай экан, сўзимизни ҳуррият ғалабасини интизор бўлиб кутган, аммо унга етиша олмаган, халқимиз тақдиридан ўртана-ўртана яшаб ўтган армонли шоиримиз Миртемирнинг дил тубидан пўртана янғлиғ тошиб чиққан сўзлар билан якунласак бўлар:

Эй, менинг йиғлай бериб кўз ёшлари қуриган, лекин ноумид бўлмаган онам!

Кул, қувон!

Эй, менинг жаҳон-жаҳон мусибатларни кўтариб, учурумлардан учириб ўтолган халқим!

Кул, қувон!

Эй, нуроний ва донишманд оталарим, эй, пок зурриётининг истиқболини невараларининг ёрқин пешаналарида ўқиган мўйсафидлар!

Кулинг, қувонинг!

…Бахтимизни босиб олмоқчи бўлган қора кунлар ҳеч қайтиб келмасдай кетди.

…Кул! Кул, эй менинг муҳтарама ва аламдийда онам!

Ҳаққинг бор!

Кулинг! Эй кекса, азиз оталар!

Кулишга, яйрашга ғурурланишга ҳаққингиз бор!

Сулувлар, укалар, сингиллар, кулингиз! Кулайлик, қаҳқаҳалар фалак жомини янгратсин, ҳаққимиз бор.

Тўй қутлуғ бўлсин, тўйлар қутлуғ бўлсин!

Зуҳриддин Исомиддинов, адабиётшунос, ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг