Абдумажид Мамараимов: Келажаги зўр бўлган истеъдодларни асраб қололмаяпмиз

Шарқ яккакураши бўйича халқаро тоифадаги ҳакам ва мураббий билан спортнинг бугунги ҳолати ҳақида суҳбат.

Жалолобод вилояти, Новкент тумани, Моси қишлоғидаги «Олимп» спорт клубининг ёш спортчилари яқинда Жалолобод шаҳрида ўтган жанговар яккакураш турлари бўйича “Осиё болалари” анъанавий турнирида, аввалроқ эса Бишкекда спортнинг кунгфу йўналиши бўйича ўтган республика очиқ чемпионатида муваффақиятли иштирок этишди.

Марказий Осиё миқёсида ўтган бу икки нуфузли мусобақада клуб раҳбари Абдумажид Мамараимовнинг шогирдларидан етти нафари шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Бештаси Қирғизистон чемпиони бўлса, икки нафари Осиё минтақасидаги энг кучли спортчилар қаторидан ўрин олишди. Мураббий Абдумажид аканинг истеъдоди ва салоҳияти пойтахтлик мутахассислар томонидан юқори баҳоланиб, унга махсус диплом топширилди.

Лекин спорт клуби ва ёш спортчиларимиз бу эътирофга осонликча эришганлари йўқ. Улар бир неча йил давомида машғулотларда тер тўкишди, мағлубиятлар аламини тотиш эвазига иродаларини мустаҳкамлаб, ғалаба қозониш сирларини ўрганишди.

Биз Халқаро тоифадаги ҳакам, каратэ бўйича қора белбоғ соҳиби, кунгфу яккакураши бўйича иккинчи дан қора белбоғ соҳиби Абдумажид Мамараимовни спорт мухлисларига яқиндан таништириш мақсадида суҳбатга тортдик.

Ассалому алайкум, Абдумажид ака. Суҳбатни анъанавий саволдан бошласак. Албатта, инсон бирор соҳага шундай, ўзи кириб келмайди. Унга кимдир сабабчи бўлади, туртки беради. Сизнинг спортга кириб келишингиз қандай кечган? Устозингиз ким?

– Ва алайкум ассалом. Менинг спортга кириб келишим болалик пайтимга бориб тақалади. Биз оилада етти ўғил, бир қизмиз. Мен энг кичкинаси бўлганим учун ўша пайтлар акамлар мени телевизорни олдига ўтқазиб қўйишиб, ўзлари ҳовлида экин-тикин ишларини қилишарди. Ўша йиллари, 1980-йиллар бўлса керак, “Что такое каратэ?” деган кўрсатув бўлган. Ўшанда СССРга каратэ энди кириб келаётган эди. Мен акамларни ўша кўрсатув бошланганда чақиришим керак эди.

Телевизорда “Что такое каратэ?” деган ёзув чиқиши билан акамларни югуриб чиқиб чақириб келдим. Ҳаммаси дув чопиб келишди. Ўшанда мен саккиз ёки тўққиз ёшда бўлсам керак эди. Кўрсатувни акамлар билан бирга зўр қизиқиш билан томоша қилдик. Менга жуда бошқача таъсир қилди. Аввал унақа нарса кўрмаганмизда. (Бунгача СССРда каратэ билан шуғулланиш эмас, у ҳақда кино кўриш, китоб ўқиш ҳам қаттиқ тақиқланган эди. – таҳр.)

Спортчилар оппоқ кийимда, чаққон машғулот қилишяпти. Чамаси, ўшанда мен, “Каратэ менинг ҳаётим бўлса керак”, деб ўйладим ва ўшандан буён бу спорт турига қизиқиб, шу соҳада юрибман. У пайтда бизда каратэ бўйича мураббийлар йўқ эди. Ўзимиз машқ қилиб юраверганмиз. Қишлоғимиздан Мухторжон Мўйдинов деган одам Тошкентда ўқиб юрганда, машҳур актёримиз Талғат Нигматулин билан бирга, бир залда машқ қилишган эди. Шу инсонга шогирд тушдим ва унинг қўли остида каратэни ўзлаштиришни бошладим. Лекин бахтга қарши Мухторжон ака машғулотларни кўп давом эткизмади. Маълум вақт унинг укаси Аъзамжон акадан ушбу спорт сирларини ўргандим.

– Спорт ҳаётингизда қандай аҳамиятга эга?

– Умуман спортнинг ҳаётдаги аҳамияти ўта муҳим, сабаби бу – фарзандларимиз келажаги. Ўзимиз машқ қилсак, бизни кўришса, кейин улар ҳам эргашади. Фарзандларимга, шогирдларимга, уларнинг ота-оналарига ҳам айтаман, ёшлар кўзи билан олади, деб. Қулоғига айтсангиз, 100 тадан биттасини олади. Кўзи билан кўриб ўргангани болага кучли таъсир қилади, спортга шунчалик кўпроқ мойил бўлади. Спорт эса, одамни тоблайди, курашишга, ғалаба қозонишга ўргатади. Шунинг учун ҳаётимизда спортнинг ўрни беқиёс. Мақсадим – ёш авлодни соғлом ҳаёт тарзига олиб кириш ҳамда соғлом ҳаёт кечиришга ўргатиш.

– Ёшлар орасида маълум бир вақт спортга бўлган меҳр тушиб кетди. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?

Хўш, айнан ўзимнинг қишлоғимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, каратэ бўйича жиддий мураббийлик қилишни бошлаганим 1999-йилга бориб тақалади. Ўшанда каратэнинг “Шотокан” усулида ишлашни бошлагандик. Зўр кетди. Вилоят, республика миқёсигача чиқдик, натижалар яхши кета бошлади. Шогирдлар билан Тошкентгача бордик мусобақаларга. Совринлар олиб келдик. Қора белбоғ соҳибларини чиқаришни бошладик. Кейин 2002 йилга бориб, спортнинг тўла контакт билан мусобақалашадиган турлари ривожланиб кетди. Биз ҳам шу соҳада ишлай бошладик. Бунга болалар ҳам қизиқишни бошлашди.

Болалар ва қизлар орасида спортга бўлган қизиқиш сусайиб кетганининг сабабини айтадиган бўлсак, бизда бу қишлоқ шароитига, биринчи галда моддий эҳтиёжга бориб тақалади. 1990-2000 йиллар орасида, 2005-йилгача шунақа бўлган. Оиладаги моддий қийинчиликлар сабаб болаларнинг спортга бўлган қизиқиши тушиб кетди. Ундан кейинги, бугунги ҳолатни айтадиган бўлсак, ҳамма ёмон ишлар каби спортга қизиқишнинг пасайиши ҳам телефонга бориб тақалаверади.

Қирғизистонда жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг бугунги даврини қандай баҳолайсиз? У жарлик ёқасига келиб қолмадими?

Жарликка келиб қолди десак, тўғри бўлмаса керак. Умумий ҳолатни олганда, спорт соҳасига ҳукумат унча ёрдам бермайди. Масалан, бизнинг соҳани айтадиган бўлсак, кунгфу, кикбоксинг каби спорт турларига шаҳарларда ёрдам бериб туришади, лекин қишлоқ шароитида жуда қийин. Мураббийнинг ҳаққи, шогирдларни мусобақаларга, семинарларга олиб бориш ва бошқа ҳаражатлар масъулияти ота-оналаримиз зиммасида бўлиб қоляпти. Худога шукур қилишимиз керак, ота-оналаримизга раҳмат. Лекин шуни айтиб ўтиш керакки, Моси қишлоқ ҳукуматимиз бизга баъзида сафар ҳаражатларини қилиб беряпти. Нуфузли мусобақаларнинг ҳаммасига қатнашяпмиз.

Охирги чемпионатларга, нуфузли мусобақаларга тўхталадиган бўлсак, март ойининг бошида Бишкекда кунгфу бўйича республика очиқ чемпионати бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон ва Ўзбекистондан келган маҳоратли спортчилар ҳам қатнашишди. Менинг 13 нафар шогирдимдан, тақдир насиб экан, бештаси чемпион бўлди. Бу жуда катта кўрсаткич. Мусобақада совринли ўринга етмаган командалар ҳам бўлдида. Биздан эса бештаси чемпион бўлиб қайтди. Ундан кейин Жалолобод шаҳрида 17-21 апрел кунлари кикбоксинг бўйича “Осиё болалари” номли анъанавий мусобақаларда қатнашдик. Икки шогирдим чемпионликни олди. Унда Осиёнинг ўнга яқин давлатларидан спортчилар қатнашди.

– Бугун одамларда Ватанга муҳаббат ҳисси сусайиб кетмадими?

Бу саволга мен шундай жавоб бераман. Тўғри идеология иши болаларга жуда катта таъсир кўрсатади. Ўсаётган болалар ва қизларга яхши идеология, кучли тарбия бериш керак. Шунда уларда болалик руҳи шижоат билан ўсади. Мана қаранг, сал узоқроққа кетиб қолсак ҳам айтиб қўйиш керак, СССР даврида Афғонистон уруши бўлган. Ўшанда қанча йигитларимиз кўнгиллилар сафида, ватан олдидаги бурчим деб, ўз хоҳишлари билан ўша урушда қатнашган эди. Бу ўшандаги идеологиянингтаъсири бўлганда!

Энди, мисол учун, Россия билан Украина урушини оладиган бўлсак, кучли идеологиянинг йўқлиги учун икки давлат ёшларидаям ана шундай ватанпарварлик йўқ. Кўпчилик урушдан, ўз ватанини ҳимоя қилишдан қочяпти. Лекин бизнинг ёшларимизда ватанпарварлик руҳи кучли. Ёш спортчиларимиз катта мусобақаларда давлатимиз байроғини кўтарганда кўзларига ёш олишади. Бизнинг ҳам қалбимиз ғурур, қувончга тўлади.

– Ёш истеъдодларни асрай оляпмизми?

Шу саволни сиздан жуда кутгандим. Спорт соҳасига қарайдиган бўлсак, болалар ва қизларимиз ишга яраб қолгандан кейин ота онасига ёрдамчи бўлиб қолади. Ота-она фарзандидан энди нимани кутади, моддий томондан ёрдам кутадида. Мураббий эса ундан спортдаги натижани кутади. Шунда муаммо бошланади. Сабаби, болани мусобақаларга олиб боришни таъминлаш мураббийнинг қўлидан келмайди. Бунга пул керак. Кўпинча ота-оналар ҳам таъминлай олишмайди. Улар, яхшиси болам уй ишларини қилсин, бозорга чиқсин, дейишади. Шу каби сабаблар билан биз келажаги зўр бўлган истеъдодларни асраб қололмаяпмиз деб сизга бемалол, баралла айтишим мумкин. Чинданам, шу пайтда бола ота-онага ёрдамчи бўлиб, оила бюжетига ўз хиссасини қўшишни бошлайдида. Буям керак…

Қолаверса, болаларнинг ўзлари ҳам пулга қизиқиб, кунига 1500 сўм ишлаб олиш учун усталар билан турли ишларга чиқиб кетишяпти. Шу билан кўплаган истеъдодли болаларни катта спортга олиб чиқиб кетолмаяпмиз. Муаммо шунда.

Мен ўша болалар билан келажакда бўлиши мумкин бўлган нарсаларга тўхталмоқчиман. Мисол учун, мен ўзим ўқишга борган пайтимда орамизда мендан яхши ўқиган болалар бор эди. Лекин улар ўзга ерда, ўқишда бўлган қийинчиликларга чидолмасдан ўқишни ташлаб юборишган. Мен ёшлар ўртасида анча-мунча бўлиб турадиган муштлашувларни назарда тутяпман. Яъни, улар ўзларини ҳимоя қилишни билишмайди. Ваҳоланки, улар ўқишни битиришса, яхши кадр бўлиб етишишлари мумкин эди. Демак, фарзандларимизнинг руҳи тетик, юраги бақувват бўлиши учун спорт керак эканда? Биз шу томондан фарзандларимиз келажагини йўқотиб олишимиз мумкин. Болага жисмоний тарбия бериб, қийинчиликларга чидашни ўргатишимиз керак. Дунё таниган спортчиларни чиқаришимиз керак.

– Умуман Қирғизистонда спорт соҳасида фаолият юритиш учун шароитлар етарлими?

Ҳозирда шароитлар етарли, албатта. Биз ёшлигимизда машғулотлар қилган пайтларимиз ўйласак, ҳозирги шароит билан солиштирсак, ҳозирги шароит жуда зўр! Лекин болаларнинг дангасалиги уларни керакли даражага чиқармаяпти. Клубимизда катта ёшдаги кучли болаларимиз бор. Мусобақага келганда, пул йўқ дейди. Мен уларга, “Ғишт қуйиш ёки пойдевор қуйгани икки кун ишга чиқсанг, мусобақага ҳам пул бўлади, ўзингга ҳам кийим қилиб оласан”, деб айтаман. Лекин шунақа нарсаларда ҳозирги болалар масъулиятли эмасда. Бир ишни битириш учун иккинчи нарсани битириш керакда. Ёшларда шунақа шижоат йўқ.

Бизнинг ёшлигимизда каратэ билан шуғулланиш тақиқланган, мумкин эмас эди. Шунинг учун биз бир кун очиқ далада шуғуллансак, бир кун адирга чиқардик, яна бир кун янги қурилаётган уйларга бориб шуғулланардик. Ҳозир шароитлар зўр, лекин болаларда иштиёқ, рағбат етишмайди. Лекин қувонтирадиган, умидбахш гаплар ҳам йўқ эмас. Масалан, бизнинг клубимиз залида эркин кураш бўйича ҳам секция ишлайди. Унинг раҳбари Айдаров Ифтихор – жуда ҳаракатчан, ишини пухта билган йигит. Кўп вақт ўтгани йўқ, лекин унинг шогирдлари ҳам туман ва вилоят миқёсида яхши натижаларни кўрсата бошлашди. Фақат футбол масаласида иш сал юришмаяпти. Қизиққан ёшлар кўп, лекин яхши мураббий топилмаяпти. Насиб қилса, буям бўлиб қолар.

– Соҳангизда моддий томондан қийинчиликлар борлиги менга маълум, шахсий тирикчилик нима бўляпти ёки қўшимча даромадингиз борми?

– Саволларни яхши тайёрлаган экансиз. (Кулади.) Мазза қилиб жавоб беряпман. Катта мураббийларимиздан мисол қилиб айтадиган бўлсам, ўзганлик Обид ака Олимов бор. Улар бу йўналишни анча тартибга солиб олишган. Лекин у одамни мингдан бир деб айтса бўлади. Асосан бизнинг соҳадаги мураббийлар, ҳамкасбларимиз учун бу нарса катта муаммо. Бу соҳа билан тирикчилик қилиб бўлмайди. Шунинг учун, сиз айтмоқчи, қишлоқда улуш ерим бор. Уйда озгина иссиқхона-теплица бор. Ўшалар билан эплаб тирикчилик қилиб келаяпмиз. Сизга бир қизиқ воқеани айтиб берай. 2004 йили каратэ бўйича Осиё чемпионатига тайёргарлик бошланди. Шогирдларим роса пишган, сафар учун уларга маблағ топилди, менга йўқ. Ахир мураббийнинг ҳам катта мусобақаларга қатнашгиси келадида. Қишга кўмирга пул тўплаб қўйган эдик, ўшани олдимда, мусобақага кетвордим. Осиё чемпионати Тошкентда бўлса, уйда жаҳон чемпионати бошланди (ҳазил). Лекин кейин, албатта, тўғрилаб қўйдим. Лекин шундай муаммоларга қарамаслик керак. Биз мураббийларга эркинлик бўлса, таъминот бўлса, зўр натижаларни берамиз. Шунақа ёш мураббийларни биламан. Жуда меҳнаткаш, ўзининг ишини яхши кўрган укаларим кўп.

Бундай вазиятлар руҳиятингизга қандай таъсир қилмоқда?

Биз, қийинчиликларни енгишимиз керак, деб болаларга ўргатамиз. Шунга ўзимиз ҳам амал қилиб, шундай вазиятларда спортимиз орқали курашиб, енгамиз.

– Шунча муаммо борлигига қарамасдан, айнан Қирғизистонда яшаётганингиздан бахтлимисиз?

 – Бу ҳам ўринли, ажойиб бир савол бўлди. Бир тарихий воқеани айтиб, кейин реал ҳаётга қайтамиз. Ҳозир одамнинг бахтли бўлиши 100 фоиз ўзидан эканлигини исбот қилишга ҳаракат қиламан. АҚШнинг иккинчи жаҳон уруш йилларидаги президенти Франклин Делано Рузвельт ёшлигида автоҳалокатга учрайди, камига полиомиелит касаллиги билан шифохонага ётқизилади. Икки оёғи умуман ишламайди. Худди ўша шифохонада худди ўзига ўхшаган бола ҳам ётган бўлади. Икки палатада икки ёш йигит даволаняпти. Яхши бўлиб кетса, Худо хоҳласа, кейинги ҳаёти қандай давом этади? Олдида шу савол турибдида. Сабаби, баъзида одам тўрт мучаси соғ бўлиб ҳам юролмаяпти, улар эса ногирон. Вақтлар ўтиб, улардан биттаси мамлакат президенти бўлди, чунки шижоат уни тарк этмаган эдида. Иккинчи йигит нима бўлди? У кўчада тиланчилик қилиб, чангда қолиб кетди. Бу билан нима демоқчиман, одам ўзини тушкунликка тушираман деса, бемалол туширади. Ўзини тубанликка тушириб юбориш ҳам осон. Балки, ногирон одамга тиланчилик қилиш ҳалол деса ҳам бўлар, лекин худди ўша ҳолатдаги бошқа бола президент бўлиб кетдику? Шунинг учун, қаерда яшашимиздан қатъий назар, аниқ мақсадлар қўйиб, ўзимизнинг шижоатимиздан фойдалансак, кўп нарсага эришамиз.

Энди реал ҳаётга қайтадиган бўлсак, ҳозирги кунда болаларни спортга, чемпионликка тайёрлашдан ташқари рефери, яъни, ҳакамларни тайёрлаш бўйича гуруҳим ҳам бор. Катта мусобақаларга шогирдларимдан 5-6 нафар ёрдамчи ҳакамларларни тайёрлаб боряпман. Семинарлар ўтказамиз. Семинарларда кунгфу бўйича республика федерацияси ҳакамларини онлайн қўшиб қўяман, болалар эшитишади. Катта мураббийлар семинарларимизда иштирок этишади, уларниям эшитишади. Болалар шу билан ўсади. Мисол учун, футбол бўйича халқаро тоифадаги ҳакам, ўшлик Баҳодир Қўчқоровни олайлик ёки тошкентлик жаҳонга машҳур ҳакам Равшан Эрматовни. Мана шу миллатдошларимиз балки яхши футболчи бўлмагандир, лекин улардан зўр ҳакамлар чиқдида. Уларни дунё тан олиб, икки марта Жаҳон чемпионатига ҳакамликка чақирди. Ҳатто жаҳон чемпионатининг энг яхши ҳакамлари деб тан олинишди. Шунинг орқасидан катта гонорар олишди. Яъни, яхшигина моддий рағбат ҳам бўлди. Олдига қўйган мақсадлари уларни фақат орзусигина эмас, балки шу йўл билан катта маблағга ҳам олиб борди. Мен фақат спорт соҳасидан бир мисол айтдим. Бунақа мисоллар эса жуда кўп.

Шуни айтардимки, Қирғизистонда ҳаётимиз жуда гўзал, сабаби халқимиз яхши, табиати мусаффо. Эркин, қадрланадиган меҳнатга шароитимиз зўр бўлса, қаерда яшашдан қатъий назар, бахтиёр бўламиз.

Абдумажид ака, мазмунли суҳбат учун раҳмат!

– Сизга ҳам ташаккур!

 

Одилжон Дадажонов, Оқбура, Ўш.

Расмлар муаллифники

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг