Ана холос! Қирғизистон парламентига ўтадиган сайловда 75 партия қатнашмоқчи

Кўпдан шаклланиб қолган анъанага мувофиқ, мамлакатдаги мавжуд партиялар бу сиёсий пойгадан четдан қолишни истамаяптилар.

Етмишдан ортиқ партия шу йилнинг 28 ноябрига белгиланган Қирғизистон Жўғўрқу Кенешига (парламент) сайловда иштирок этиш истагини маълум қилиб, республика Марказий сайлов комиссиясига (МСК) мурожаат қилган. Марказий сайлов комиссияси уларнинг ҳужжатларини текшириб кўргач, сайловга қатнашиш масаласини ҳал қилади. Сайлов кунига бир ой қолганда Марказий сайлов комиссияси ҳужжатларни тўлиқ топшириб, гаров пулини тўлаш орқали сайловга қатнашиш ҳуқуқини олган партиялар номини расмий эълон қилади.

Сайловда қатнашиш истагини билдириб, МСКга мурожаат қилиш ҳеч қандай ҳаражат талаб қилмайди, шу сабабли партия номи бўлганки уюшмаларнинг кўпчилиги МСКга мурожаат қилган. Уларнинг асосий кўпчилиги сайловда иштирок этиш ниятидан олис, шунчаки ўзи ҳақида билдириб қўйиш истагида, омади чопиб қолса, бирор кучлироқ партиядан сайловга бирга қатнашиш таклифини олиб қолиш илинжида.

Шундай бўлсада, 2010 йилги сайловда 50дан ортиқ партия ҳужжат топшириб, улардан 29таси сайловда иштирок этган эди. Беш партия етарли овоз олиб парламентга сайланган. 2020 йилда эса 44 партия сиёсий пойгада иштирок этиш истагини билдириб, улардан 16 нафари сайловда иштирок этган. Ўша пайтдаги ҳокимиятни қўллаган 4 партия ғолиб чиққач, мухолафатдаги кучлар норозилик намойишларига чиқишиб, воқеа навбатдаги ҳокимият алмашуви билан тугаган.

Мамлакатда турли маълумотларга кўра 120дан ортиқ сиёсий партия мавжуд. Етмиш икки партия орасида кўп йиллик тарихи бор сиёсий бирлашмалар билан бир қаторда эндигина рўйхатдан ўтганлари ҳам бор. Йигирмадан ортиқ партия 2020 йилда рўйхатдан ўтган. Яна шунчаси ўтган йили номини ёки уставини, таъсисчиларини ўзгартириб, қайта рўйхатдан ўтказилган. Уларнинг кўпчилиги ҳали сайловчиларга яхши таниш эмас. Янги партиялар ҳам, эскилари каби аҳолига ўзининг раҳбарлари орқали маълум.

Масалан, “Ата-Мекен”, Яшиллар партияси, “Ар-Намис” каби партиялар мамлакат мустақилликка эришгандан тортиб, сайловларда иштирок этади. Яшиллар партияси ҳеч қачон бир фоиз ҳам овоз ололмаганига қарамай, пойгадан четда туришни ўзига эп кўрмайди. Яна бир эски партия, ҳозир қамоқда ўтирган собиқ президент Алмазбек Атамбаев асос солган Қирғизистон социал-демократлар партияси ўтган йили иккига бўлиниб, Атамбаевнинг ўғли раҳбарлигидаги Социал-демократлар партияси сайловга отланган. Эски партия раҳбарияти жим.

Яқингинада тузилиб, фуқаролик жамияти фаолларида катта умид уйғотган, лекин икки бора сайловларда муваффақиятсиз қатнашган “Реформа” партияси бу сафар сайловга ҳамиша ҳокимиятга мухолафатда бўлиб келган “Ата-Мекен” партияси билан бирга боришга қарор қилди. Лекин охирги йилларда “Ата-Мекен”нинг обрўси ҳам кескин тушиб кетганини ҳисобга олсак, бу қадамнинг охири улар учун бахайир бўлиши гумон. Бошқа партияларнинг ҳам бирикиб кетиши ҳақида маълумотлар бор, фақат бу ҳақда расмий айтилгани йўқ.

Яқинда қабул қилинган қонунга мувофиқ, республика парламенти бу сафар 90 депутатдан иборат бўлиб, уларнинг 54 нафари партия рўйхатлари асосида, 36 депутат эса бир мандатли сайлов округларидан сайланиб келишади. Бунгача 120 депутатнинг ҳаммаси партия рўйхати асосида сайланишар эди.

Қирғизистонда сайловлар қайси даражада бўлмасин, у хоҳ парламентга, хоҳ маҳаллий кенгашларга бўлсин, жуда фаол ва қизғин ўтади. Бу фаоллик кўпинча сиёсий можароларни келтириб чиқариб, оммавий тартибсизликларга уланиб кетиши одатий ҳол. Мамлакатда 2005, 2010 ва 2020 йилларда юз берган ҳокимият алмашувларининг асосий сабаби ҳам парламент сайловида йўл қўйилган қонунбузарликлар, маъмурий ресурслардан фойдаланиш бўлган. Натижада мамлакатнинг собиқ президентлари Асқар Ақаев (2005 йили) ва Қурманбек Бакиевлар (2010 йилда) мамлакатдан қочишга мажбур бўлишган.

Собиқ давлат раҳбари Сооронбай Жээнбеков ҳам 2021 йилнинг октябрида уч йиллик бошқарувдан кейин ўз лавозимидан воз кечишга мажбур бўлган. Лекин у собиқ президент мақомини олиб, давлат резиденциясида яшаяпти.

Шу йилнинг 9 сентябрига қадар Марказий сайлов комиссияси сайловчилар рўйхатини махсус сайтга жойлаштириши керак. Шу кундан эътиборан 12 ноябрга қадар сайловчилар ўзларини рўйхатга кирган ёки йўқлигини текшириб, комиссиялар орқали рўйхатга тузатиш киритишлари мумкин.

Хуллас, бу сафарги сайлов ҳам доимгидай қизиқарли ўтиши кафолатланган десак, хато бўлмайди.

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек.

Сурат «Элгезит»ники.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг