Собиқ президент Асқар Акаев Киркоровга миллиард рубллик пентхаусини сотган

Пентхаус Москванинг қоқ марказида, машхур Арбат кўчасига яқин Гоголевский ҳиёбонида  жойлашган.

Россия матбуоти берган хабарга кўра, миллиард рубл ($13,5 млн. атрофида) пентхауснинг бозор нархи. Ақаев бу уйини машхур эстрада юлдузи Филипп Киркоровга неча пулга сотгани ноъмалум. Энг қизиғи, Қирғизистоннинг собиқ президенти, ҳозирда Москва давлат университети профессори лавозимида ишлаётган Асқар Акаев бу мулкни қачон ва қайси пулига олган?

Бу савол ҳам ҳозирча жавобсиз. Унинг катта ўғли Айдарнинг бизнес билан шуғуллангани маълум. Айдар 2020 йилнинг февралида Москвада, 44 ёшида вафот этган.

Пентхаус – кўп қаватли уйнинг устида жойлашган турар-жой. Одатда ўзининг алоҳида террасасига (айвон) эга бўлади.

Россиянинг “Новий век” нашри тарқатган маълумотга кўра, олди-сотди иши 2020 йилнинг декабрида амалга оширилган. Нашр бу маълумотни расмий давлат реестридан олган.

Сотилган пентхаус мана шу мажмуа «томида» жойлашган

Етти қаватли турар-жой мажмуасида жойлашган пентхауснинг умумий майдони 537 метр квадратни ташкил қилади. Икки қаватли турар-жойнинг ички қисмига саройларга хос равишда мармар ва мозаикадан ишлов берилган.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Акаев 1991 йилдан тортиб, 15 йил давомида давлатни бошқарган. 2005 йилнинг мартида ҳукумат уйини талаб, хонавайрон қилиш билан тугаган халқ ғалаёнлари натижасида Москвага қочишга ва лавозимидан воз кечишга мажбур бўлган.

Яқинда, 16 йиллик танаффусдан сўнг Ақаев Бишкекка келиб, “Қумтўр” олтин кони бўйича олиб борилаётган жиноий иш юзасидан терговга кўрсатмалар берган. Жиноий ишда собиқ президентга нисбатан ҳам айбловлар бор. Бу иш юзасидан тўрт собиқ бош вазир, бир неча парламент депутатлари ва олий лавозимда ишлаган сиёсатчилар қамоққа олинган.

Тергов билан ҳамкорлик қилиш шарти билан Асқар Ақаевга юртига келиб кетиш имкони берилди. Қирғизистонга келгач, собиқ давлат раҳбари туғилиб ўсган юртига бориб, қувғинда юрган пайтида оламдан ўтган икки акаси қабрларини зиёрат қилди.

Москвага қайтиб боргандан сўнг журналист билан бўлган суҳбатда у Қирғизистонга бемалол бориб келиш кафолатини унга Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Россия раҳбарияти берганини айтган.

Оқбура, Бишкек.

Суратлар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг