Чет эллик ишбилармонларнинг Қирғизистонга қизиқиши ортмоқда
Ўзбекистон ва Татарстондан келган меҳмонлар бир неча кун давомида Қирғизистонда бизнес юритиш имкониятлари билан танишадилар.
Бугун, 25 август куни Бишкекка учиб келган россиялик ишбилармонлар орасида йигирмага яқин турли йўналишдаги компаниялар вакиллари бор. Улар қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва қурилиш анжомлари, маҳсулотни сертификациялаш, ўрмон хўжалиги, сув ва газ билан таъминлаш, ҳамда савдонинг бир қатор секторлари бўйича қирғизистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорлик қилиш ниятидалар.
Савдо-саноат палатасида ўтган учрашувда Бишкек ва Қорақўл шаҳарларида ишлаётган йирик ва ўрта бизнес вакиллари иштирок этдилар. Ташриф давомида 27 август куни Бишкекда махсус бизнес анжуман бўлиб ўтади. Умуман эса татарстонлик ишбилармонлар Қирғизистонда 30 августгача бўлишмоқчи.
Кеча Қирғизистоннинг жанубий пойтахти бўлган Ўш шаҳрига қўшни Ўзбекистондан бир гуруҳ ишбилармонлар келишди. Маҳаллий ҳокимият ва бизнес соҳаси вакиллари, депутатлар улар билан учрашиб, икки томонлама ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистонлик меҳмонлар Ўшда 25 августгача бўлишмоқчи. Ташриф давомида икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг яхшиланиши натижасида очилган имкониятлардан унумли фойдаланиш, демак, бизнес соҳасида фаол ҳамкорлик қилиш масалалари асосий мавзу бўлиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистон-Қирғизистон ривожланиш фондини тузиш бўйича мамлакатлараро битимни ратификациялаш ҳақидаги фармонга қўл қўйган эди.
Оқбура, Бишкек