МЕҲР ҚОЛУР, МУҲАББАТ ҚОЛУР
(журналист ён дафтаридан)
Қурбон ҳайити кунлари маҳалламиздаги Рустамжон деган йигит отаси Ураимжон Эгамбердиевга эҳсон қилди. Издиҳомдагилар Ураимжоннинг камтарлигини, одамийлиги, оқкўнгилилиги, ширинсўзлиги, меҳр-оқибатлилигини хотирлаб, охирати обод бўлишини сўраб дуо қилдилар. Ҳа, у юраги меҳрга тўла, ҳар қандай мақтовга лойиқ инсон эди.
Меҳр-мурувватли бўлиш мўмин-мусулмонларга хос фазилатдир. Зотан, пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “То мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмайсизлар, то бир-бирингизга меҳр-мурувватли бўлмагунингизча мўмин бўлмайсизлар”, деб таълим берган. Меҳр-мурувват – кишининг фақат ўз фарзандлари учун эмас, барча муҳтожларга, айниқса меҳрга зор болаларга берилиши керак бўлган туйғудир. Зеро, ҳар бир бола севилиб, эркаланишга лойиқ. Бозорқўрғонлик Ураимжон эса оиласи, фарзандлари, барча яқинларигагина эмас, етти ёт бегоналарга ҳам жуда катта меҳр-мурувват кўрсатиб келган сахий инсон эди.
Бундан беш йил муқаддам ноябрь ойининг сўнгги кунлари қарийб эллик йилдан буён Ураимжондан меҳр кўраётган қўшни Андижон вилоятининг Пахтаобод шаҳридаги бир оила ҳузурига йўл олдик.
“Маданият” чегара постида Ураимжоннинг тутинган опасининг тўнғич қизи Одинахон Раҳмонова бизни жуда самимий кутиб олди.
– Ассалому алайкум, Ураимжон ака, яхши келдингларми, соғу омонмисизлар? – дея олтмиш ёшлардаги Одинахон тортинмасдан Ураимжонни қучоқлаб, меҳр билан елкаларини силади ва менга қараб: – Йўлда қийналмадингларми? – деди.
– Қани, ука, тўғри Пахтаободга ҳайданг, – деди Одинахон “Дамас” ҳайдовчисига.
Пахтаободнинг марказий бозорига ёндош кўчадаги чиройли хонадонга ҳам етиб келдик. Бир пиёла чой ичилгач, Ураимжондан ўзига бутунлай бегона, ёт оила билан қандай танишгани, қарийб ярим асрдан буён борди-келди, меҳр-оқибат давом этаётгани ҳақида сўрадим.
– Ўтган асрнинг 70-йиллари бошида 20 ёшдан энди ўтган йигит эдим, – дея гап бошлади Ураимжон, – тирикчилик важидан узоқ-яқин шаҳарларга бориб чайқовчилик билан шуғулланиб юрган пайтим. Пахтаободга келиб, ундан таксига чиқдим, ўттиз ёшлардан ўтган бир аёл ҳам таксига ўтириб: “Яхшимисизлар?“ – деди. Опа билан гаплашиб кетдик. Исми Юлдузхон экан. Фаррош бўлиб ишларкан. Шанба, якшанба кунлари Андижон ва бошқа яқин шаҳарларга бориб, у-бу нарса опкелиб, олди-сотти ҳам қилиб тураркан. “Мен ҳам сиз каби чайқовчилик қилиб тураман, яқинда Озарбойжонга бориб, у-бу нарса олиб келаман, сизни қаердан топаман?”, – десам, Пахтаобод бозорида бўламан, деди. Озарбойжондан келиб, Пахтаободнинг чайқов бозорига кирсам, опа ўша ерда экан. Олиб келган қора шерсть япон рўмоллардан, диван ортига иладиган суратли чойшабдан 5-6 та бериб, шуларни сотиб чойчақа чиқариб олинг, дедим. Қолган товаримни Учқўрғондаги танишларга олиб кетдим. Яна бир гал яхши товарларни келтириб бердим. Опа: “Юринг, уйимни ҳам кўриб қўйинг, гоҳо кеч қолсангиз, уйимнинг тўри сизники, – деди. Мана шу ўтирган уйимизга салкам эллик йилдан буён келиб кетаман. Ўша, биринчи бор келганимда опанинг турмуш ўртоғи оламдан ўтиб, беш нафар қизлари билан қолган экан. Кўнглимда ҳеч қачон ёмон ният бўлмаган. Бизни кутиб олган Одинахон синглим 70-йилларда 13 ёшларда, қолган қизларининг энг кичиги Дурдона 3-4 ёшларда эди. Оилада эркак йўқ, опа ва беш нафар қиз, улар ҳали ёш. Бу оилани оталиққа олишни кўнгилга тугиб, опага: “Менинг туғишган опам оламдан ўтган, сиз унинг ўрнига опам бўласиз, манави қизларингиз менга сингил, мен уларга акаман”, – дедим.
Қачон қаёққа борсам олиб келган буюмлардан опага бериб, чойчақа чиқариб олинг, дердим. Бир куни ҳам ишлаб, ҳам бозорга чопиб қийналиб қолганини сездим. “Мен каби шофёрликка ўқинг, опа, ҳаётингиз яхши бўлиб кетади, мен ҳам тез-тез хабар олиб, қўлдан келган ёрдамни бераман”, – дедим. “Ўқишга пул тўлаш керак экан, 200 рублга яқин, пулни қаердан оламан, беш нафар етим ейман-ичаман, деб турса”, – деди опам. – Манави рўмолларни сотиб пулини шофёрлик курсига тўланг, опам қийналиб турса, мен чидай олмайман”, – дедим.
Опа шофёрликка ўқиб, тумандаги автобазага ишга кирди. База раҳбари: “Опа, сизга такси бераман, одам ташиб ишлайсиз”, – дебди. Аммо опа кўнмай, “Менга юк машинасини беринг, қандай иш бўлса бажараман”, – деб туриб олибди. Ишчиларни ишга обориб-опкеладиган вахта машинасини ҳайдаб, 20 йилдан зиёд ишлади. Бу ораликда мен чўлқувар бўлиб, Қашқадарёда машина ҳайдадим, кейин у ердан Россиянинг Тюмень вилоятига кетдим. 1976 йили яна она қишлоққа қайтиб, Моси қишлоғидаги автобазада заправшик бўлиб ишга кирдим. Ўша йиллари Пахтаобод нефтбазасидан бензин ташиб, опадан тез-тез хабар олиб турдим. Шунда Юлдузхон опам:
– Ураимжон, сен шу уйнинг эркаги, қизларимнинг отасидай бўлиб қолдинг, катта қизим Одинахон 10 синфни битирди, сен ҳали уйланганинг йўқ, шуни сенга берай, уйлан, – дея туриб олди.
– Опа, сиз менинг опамнинг ўрнига опа бўлгансиз, қизларингиз менинг сингилларим. Ахир мен уларнинг акасиман, ака синглига уйланиши мумкин эмас-ку, бу гапни қайта тилга олманг, – дедим.
Шундан кейин бу гап такрорланмади, 1986 йили носоз электр симидан ёнғин чиқиб, уйи ёниб кетди. Шунда ғам еманг, опа, тезда ўнглаймиз, деб қурилиш материаллари келтирдим, уйни тикладик. Бу каби ёрдамларни айтсам, мақтаняпти деманг. Мен қишлоғимда бошқа қизга уйландим. Фарзандлар дунёга келди. Пахтаободдаги тутинган сингилларим ҳам бўй етиб, бирин-кетин турмушга чиқди. Уларнинг тўйига ўзим бош бўлдим, қўллаб турдим. Мен тўйлар қилдим, улар мусиқачилар билан келиб тўйимни чиройли ўтказиб беришди. Чегара ёпиқ йиллари қийналиб бўлса-да, опадан, сингилларимдан хабар олишга интилдим. Тутинган опам 2017 йили оламдан ўтди. Мен ҳақимда, яхшиси, шу сингилларимнинг ўзидан сўранг.
Юлдузхон опанинг тўнғич қизи Одинахон Раҳмонова:
– Акам таъкидлагандай, онам билан акамнинг опа-ука тутинганига эллик йил бўлиб қолди. Туғишганлар ҳам Ураим акамдай бизни истамайди. Онамнинг бошига қанча оғир кунлар тушганда туғишганлардан ҳам аввал Ураим акам қаерда бўлса ҳам етиб келган, мушкулларимизни осон қилган. Чегара ёпилган йиллари онамиз тинмай Ураимжонни сўроқлади. Ураим акам қийналиб бўлса ҳам Ўш орқали келиб турди. Онамиз бетобланиб, сўнгги нафасида ҳам Ураим акамни тинмай сўраб: “Қизларим, мабодо менинг кўзим ўтиб кетса, Ураим аканглар билан борди-келдини йўқотманглар, яхши-ёмон кунларимда ёнимда бўлди, рўзғорда қийналганимда шу ёрдам қилди”, – деди. Ўтган асрнинг 80-90 йиллари мен ҳам, сингилларим ҳам бўй етган қизлар эдик. Уйимизга тез-тез келган Ураим акамиз уйланмаган бўлишига қарамай биронтамизга ёмон ният билан суқланиб қарамаган, сингилларим, деб ширин гаплар айтарди. Онамиз Ураим акамизни тутинган эмас, туғишган укасидай кўрарди. Дунёда ўнта пок одам бўлса, биттаси Ураим укам, дерди онамиз.
Иккинчи қиз Адолатхон Раҳмонова, Пахтаобод туман маданият ва спорт ишлари бўлими мудираси, Андижон вилояти уйғур маданият марказининг раисаси, Дўстлик ордени соҳибаси;
– Ураим акам Россиянинг Тюмень вилоятида ишлаганида мен ўқувчи эдим ва акам деб хат ёзиб, Ураим акамни соғлиги ҳақида онамизга хабар айтиб турардим, унинг суратини жуда авайлардим, жоним акажоним деб. У нефтбазага келиб, бизникида бироз дам олса, мен овқат пишириб берардим. Энг пазанда, қўли ширин синглиси мен эдим. Ураим акам уйланиш учун келин излаганда анча-мунча қизни ёқтирмасдик, унга раво кўрмасдик. Назаримда Ураим акам энг чиройли, бекам-кўст одам эди. Шўхликларимизни кўтарарди, асло дўқ-пўписа қилмай, кулиб гапирарди. Уйимизга келса, ака деб чиқсак, ҳар биримизнинг қўлимизга пул берарди музқаймоқ учун. Уни ўз туғишган акамиз, деб ҳисоблаймиз ва албатта қучоқлашиб, ўпиб кўришамиз. Ҳаётнинг иссиқ-совуғини кўрдик, йиғласак йиғлади, кулсак кулди акамиз, ғамли пайтимиз кўз ёшимизни артди, ютуқларимизни кўриб қувонди. Ураим акамиз билан бир қориндан тушгандай яшадик. Онамиз ўтганда у бу уйда опам йўқ, энди қандай ўтираман, деб роса йиғлади ҳар биримизни қучоқлаб. Келса уйимизнинг тўридасиз, деб ҳаммамиз кутиб олишга шошамиз ва кетаётганда йиғлаб кузатамиз.
Яқин қариндошимиз бор, машҳур, катта обрўга эга. Тошкентда яшайди. На ўзи, на фарзандлари онамиз бошига оғир кун тушганда асқотмади. Яхшию ёмон кунда онамиз ёнида бўлган ягона инсон Ураим акам бўлди. Онамиз муҳтож бўлиб турса Ураим акам, “Опа, менда бор”, – деб дарров берарди.
Юлдузхон опанинг учинчи қизи Гулсара Раҳмонова – туман ҳарбий комиссариати ходими.
– Ураим акам ўтган асрнинг 70-80 йиллари бензин ташийдиган машина ҳайдаган, туманимиздаги автобазага эртароқ келиб бизникида дам оларди. Ўқувчилик йилларим Бозорқўрғонга олиб борасан, деб эркалик қилиб сенсираб айтардим ва машина кабинасида қаёққа борса, бирга бориб, бирга келардим. Машина кабинасида ухлашни ёқтирардим. Йўлда қиз-жувонлар кўринса уларга қарама, менга қара, деб дўқ қилсам, синглим, сенга қарасам, рулни ким бурайди, деб мулойим гапирарди. Жеркиш, дўқ қилиб қаттиқ гапириш унга ёт эди. Эркалигимиз, инжиқликларимизни худди ўз акамиздек кўтарган. Ураим акам 4 тонна бензин юклаган машинасини уйимиз ёнига қўйиб бироз дам олмоқчи бўлса, 4 ёшларда бўлган энг кичик синглимиз Дурдона цистерна устига чиқиб, гугурт қутидан чўпини олиб машинангни ёқиб юбораман, пул бермасанг, деб эркалик қилади. Ураим акам қўрқиб, туш, пул бераман деса, аввал пул бер, дерди бир сўм берса кўнмасдан уч сўм берасан, деб. Пулни олгачгина машинадан тушарди. Агар гугурт чақилса синглимизгина эмас, бутун маҳалладаги кўп уйлар вайронага айланарди. Эсинг ҳам кириб қолар, ёшсан-да, деб Дурдонани эркалатганди ўшанда. Ўша машинани ёндираман, деган Дурдона синглимнинг ҳозир бир ўғли бор, икки қизини турмушга узатди. Йиллар ўтиб Ураим акамиз икки ўғлини уйлади, қизини узатди. Опаю сингилларимиз билан тўйларига бориб хизмат қилдик ўз синглиси бўлиб. Онамизни кўрган шу Ураим акам, бу инсонни қариндошларимиздан ҳам зиёда кўрамиз.
Юлдузхон опанинг тўртинчи қизи Ойдиной Раҳмонова;
– Ўн уч яшар пайтим мактабдан келаётсам, кўча бошида мотоцикл минган ёш йигит менга гап отди. Ураим акамнинг машинаси уйимиз ёнида экан. Чопиб келиб, “Юринг ака, хув ерда бир бола менга гап отди, урди”, дейишим билан қани юр, деб катта машинасида Пахтаободнинг барча кўчасини айланиб мотоцикл минган йигитни изладик. Аммо у йигит йўқ. Мен “топасиз, уни урасиз”, деб эркалигимни қўймасдим. Ураим акамни ўз акамиз деб биламиз, гуёки онамизнинг онаси уни туғиб қўйгандек. Онамиз Ураим акамизни кўрса яйраб кетарди. “Бормисан, бўйларингдан ўргилай, нега кеча келмадинг?” – деб кўришарди. Дунёда бизнинг битта акамиз бор, у ҳам бўлса Ураим акам. Бу одамни йўқотишни истамаймиз. Ёшлигимизда уйимиз хароба эди, қўшни томон девори бузилиб кетганди. Девор уриш учун гувала қуярдик. Қайси биринг фалонта гувала қуйсанг, кинога олиб бораман, дея бизни қизиқтирарди ва албатта барчамизни кинога олиб борарди. Онамиз вафот этди, бундан буён суянганимиз Ураим акам омон бўлсин…
Ураимжон Эгамбердиевнинг бегона бир оилага меҳр кўрсатиб, меҳр кўргани хусусида кўп ёзиш мумкин. Бу инсоннинг бағрикенглигини, ҳалол-поклигини, ҳамиша яхшилик қилишга интилишини ўзим яхши билардим. Қанийди, жамиятимизда Ураимжон каби меҳр-мурувватли инсонлар кўпайса.
Ҳадиси қудсийда “Қайси бир инсон бировнинг оғирини енгил қилса, ҳожатини раво қилса, Мен ўша инсоннинг оғирини Охиратда енгил қиламан, ҳожатини раво қиламан», деб Парвардигори олам ваъда қилгани баён этилган. Динимизда меҳрибонлик, сахийлик ва ҳожатбарорлик каби ҳислатлар кенг тарғиб қилинган. Аждодларимиз доимо етимларнинг бошини силаган, ота-онанинг ҳаққини адо этган, уларнинг ҳурматини жойига қўйган. Ураимжон биродаримиз ана шундай яхшиларнинг бири эди…
Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ,
Бозорқўрғон шаҳри
