ҚАДРИЯТ 

ИЛҲОМИ  ЖЎШГАН  ШОИР ЭДИ…

Яхшилар  ёди

“Жалолобод тонги” газетаси мунтазам чиқиб турган йиллар ўнлаб шоир ва ёзувчилар унинг атрофига жипслашди, асарлари билан ўқувчилар назарида бўлишди. Раҳмонжон Машрапов ана шу ижодкорлардан бири эди. Аммо шум ажал тўрт йил муқаддам, 80 ёшга тўлишига 10 кун қолганда дўстимизни орамиздан олиб кетди.

Унинг “Тўйларга буюрсин” шеърлар тўплами китобини бир забт билан ўқиб, катта таассурот олганим ҳамон ёдимда. Китоб ўқувчилар қўлига етиб боргач, “Жалолобод тонги” газетаси муҳаррири, раҳматли Ботиржон Ғозибоев шундай деганди: “Газетанинг бозорқўрғонлик доимий мухлисларидан бири менга шундай савол билан мурожаат қилди: “Раҳмонжон деган шоир ким? Унинг шеърларини ўқисам, Махтумқули сўзи билан айтиладиган қўшиқларни тинглагандай бўламан”.

Дарҳақиқат, Раҳмонжон Машрапов ким эди? Бадиий ижодга  қизиқиш унда ўқувчилик йилларидаёқ куртак отган. Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари “Қирғизистон ҳақиқати”, кейинроқ “Ленин йўли” газеталарида катта-кичик мақолалар остида “Р. Машрапов” деган номни тез-тез учратар эдим. Чунки мен ҳам ўқувчилик йилларимдаёқ журналистликка қизиқиб, газеталарга мақолалар юбориб турардим. Раҳмонжон билан 60-йилларда Жалолобод савдо билим юртида бирга ўқиганмиз.

1990 йилда Жалолобод алоҳида вилоят бўлиб ажралиб чиқди ва бу ерда ҳам ўзбек тилида газета чоп этила бошланди. Бу нашр пайдо бўлгач, вилоятда кўп ижодкорлар булоқ каби кўз очди. Шуларнинг бири Раҳмонжон ҳожи Машрапов эди. У таҳририятга тез-тез ташриф буюриб, юрак қўридан пайдо бўлган шеърларини ўқир, фикрларимизни эшитарди. Унинг барча шеърлари ҳаётий кузатишлар асосида юзага келган десак, янглишмаймиз.  Вилоятимизда баракали ижод қилаётган қаламкашлар ҳақида гапирганда шоир Р.Машрабни доим биринчилар қаторида тилга олиб юрганмиз. У ўзбек матбуоти жонкуярларидан бири сифатида танилган бўлиб, Қирғизистон Журналистлар уюшмасининг фаол аъзосига айланган эди. Бир йили у шахсий жамғармасидан журналистлар ижодий танловини ташкил қилгани ёдимиздан кўтарилгани йўқ. Унинг насиҳат ва ҳажв руҳи билан суғорилган шеърлари бўлакча жозиба бўлар, ўқувчини ўзига тортиб турарди. “Тўйларга буюрсин” тўпламидан кейин ёруғ кўрган “Дўст изла”, “Дийдор – мадор”, “Рамазон умраси”, “Ёруғ кун” китобларидаги шеърлар, публицистик ўйлар мухлисларга маъқул тушди. Зеро кўплаб шеърларида кундалик ҳаётимиздаги қувонч ва ташвишлар, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатлар, ҳар биримизнинг инсон сифатидаги бурчимиз бадиий ифода топган эди.

Инсоннинг ҳаёт йўли ҳеч қачон текис ва равон бўлмаган. Шоир уларнинг ижобий ва салбий жиҳатларини илғаб олади. “Дўст изла” китобига киритилган шеърлари заминида  бугунги замондошлар ҳаёти, она Ватан, давр ҳақида янги фикр айтиш истаги ётади. Чунончи, “Эл билса бўлди” шеъри:

Кеккайиб кетмадим ишим битса-да,

Ожизни йиқмадим кучим етса-да,

Номардга чопмадим омад кетса-да,

Атрофим лафзли дўстларга тўлди,

Жўровоз торларим эл билса бўлди.

 

Бу дунё ҳайқирар кўпикдай тошиб,

Қулашим биларман югурсам шошиб,

Оллоҳим кечирсин, гар кетсам ошиб,

Ижодда “Тонг” отди, қалб ишққа тўлди,

Булбули борлигин эл билса бўлди.

У туғилиб ўсган Сузоқ туманининг 90 йиллигини “Минг йиллар яша” шеърида таърифлаб, фикрини шундай сатрлар билан якунлайди.

Ёшинг асрлар ошган, майли, тўқсон ёшли бўл,

Ҳур, озод улуғ юртда униб-ўсиб, кучга тўл.

Шоир юрт осмони ҳамиша мусаффо бўлиши учун ўзаро аҳиллик, биродарлик, миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш зарурлигини ҳис этади. “Тинчлик қадри” шеърида 2010 йилдаги каби икки миллат ўртасидаги аразлашувларнинг ҳеч бир кераги йўқлигини, икки халқ асрлар оша дўстона ва аҳил яшаб келаётганини қаламга олади:

Урфи бир, узилмас борди-келдиси,

Бирисиз ҳеч қачон ўтмас тўйлари.

Ўзбек дастурхонин безаган доим,

Қирғизнинг қимизи, семиз қўйлари.

“Нени талашдик”, “Апрель ўйлари”, “Ҳаққа етдимикин” каби шеърларида юртимиздаги нотинчликлардан изтиробда эканини айтади.

Раҳмонжон Машраб устоз шоир Жўрабой Курашев билан савол-жавоблар тариқасида “Шоир билан суҳбат” китобини яратди. Адабиётда савол бериш жавоб топишдан кўра қийинроқ кечади. Р.Машраб мазкур китобда бунинг уддасидан чиқиб, бугунги адабий муҳитдаги етишмовчиликларни кўрсатиб беришга муваффақ бўлди.

Шоирнинг кўп шеърлари панд-насиҳат жанрида ёзилган. У турмушга чиқаётган қизига, “Ўғлимга”, “Отажонинг бор учун” шеърида ўғлига, “Ардоғимдасан” шеърида умр йўлдоши Матлубахонга қалб тубидаги тилак ва истакларини баён этади. “Тонг” жўралар” шеърида дўстлик, баҳрикенглик, инсоний меҳр-оқибат тараннум этилади.

Раҳмонжон Машраб достон жанрига ҳам қўл уриб, нафақат Сузоқнинг, балки бутун диёримиз фахри, ғурури бўлган диний уламо  Зуҳриддин махдум ҳақида  “Эътиқод эрки” достонини ёзди. Унда алломанинг ҳаёт йўли, ислом оламида тутган ўрни, мусулмонлар эътиқодини мустаҳкамлаш йўлидаги хизматлари куйланади. Достон халқона тилда, тушунарли ёзилган.

Юзга яқин туртликларни эса кўп йиллик ҳаётий тажрибалар самараси десак адашмаймиз. Ҳар бир тўртликда бир олам маъно ва мазмун мужассам. У қалб тубида сўз гавҳари борлигини, у асло адо бўлмаслигини изҳор этади:

Шоирнинг қалбида қанча армон, дард,

Минг ёзса ҳам, сира адо бўлмайди.

Юракдан булоқдай оққани учун,

Шоирлар ўлса ҳам, шеъри ўлмайди.

Жалолободлик ўзбек тилида ижод қилувчи ёзувчи ва шоирларнинг бошини кўп йиллар Раҳмонжон Машрабнинг боғи бириктириб турди. Бу боғни улар “бизнинг Дўрмон” деб аташарди. Боғда ой сайин ўтиб турадиган учрашув ва йиғилишларда янги китоблар, уларнинг қораламалари ҳақида сўз кетиб, дилбар шеър ва қўшиқлар янграрди. Ижодкорлар ўзлари учун янги ғоя ва мавзуларни шу ерда кашф этардилар. Елкасига оқ сочиқ ташлаб хизмат қилаётган Раҳмонжон ҳожини эл суйган шоир, ичи тўла шеър эканлигини биринчи марта келганлар билмасдилар. Тошкентлик, андижонлик, қўқонлик, ўшлик, ўзганлик ижодкорлар унинг шеърларини ўқиб тинглашганда, ғазалларига басталанган қўшиқларнинг оҳангида тебранишганида Оллоҳ маърифат масканларидан бири саналмиш Сузоққа зўр истеъдод эгасини бериб қўйганлигига амин бўлардилар.

Шоир дўстимиз шеърлар, ҳаж ва умра хотиралари, ҳикоялари, достонлари ўрин олган олти китоб чоп эттирди, улар ўз ўқувчиларини топган. Унинг ўзи таъкидлагандек, шоир ўлса ҳам унинг шеъри ўлмайди ва улар юзлаб ўқувчилар қалбидан жой олиб яшамоқда.

Юқорида тилга олганимдек, шоирнинг 80 йиллигига вилоятдаги ижодкорлар қизғин тайёргарлик кўрган эди. Мен дўстим юбилейига тилак изҳор этиб шеър ёзгандим. Юбилей… бўлмади, шеър ҳам ўқилмади. Уни муштарийлар ҳукмига ҳавола этмоқдаман. Раҳмонжон Машраб орамизда йўқ бўлса ҳам, қалбимиз тўрида унинг порлоқ хотирасига ҳамиша жой бор.

ТИЛАК

Рухсат этинг, азиз дўст, айтай бугун тилак-сўз,

Меҳмонга келган бу кун қанча яқин қора кўз.

 

Аҳду ният бир бўлиб, қадрин билиб фурсатнинг,

Азобу ҳам роҳатин кўрдингиз бу ҳаётнинг.

 

Ҳаёт йўли ҳеч қачон  бўлмаган текис, равон,

Машаққатлар чекдингиз қолмасин деб ҳеч армон.

 

Манзур инсон бўлдингиз рафиқаю ёр дўстга,

Ҳожи мабрурсиз бугун номи кетган улусга.

 

Ошиқ бўлиб ҳаётга танҳо хаёл сурасиз,

Тунлар мижжа қоқмасдан сўз гавҳарин терасиз.

 

Номингиз бугун элда шоиру ғазалхондир,

Мазмуни теран шеърлар истеъдоддан нишондир.

 

Жони фидо ёстиқдош не синовга берди дош,

Одоб-ахлоқда тенгсиз ўғил-қиз сизга йўлдош.

 

Омилкор тадбиркорлик сизга хос фазилатдир,

Дидга қойил: сой бўйи боғи эрам жаннатдир.

 

Гулдаста шеърим – совға, омад сизга ёр бўлсин,

Ўзингизу шеърингиз, ҳам боғингиз бор бўлсин.

 

Айтар дўстлар чин дилдан, айёмингиз муборак,

Саксон йиллик қутлуғ тўй – байрамингиз муборак…

 

Мўйдинжон  АБДУМАЖИДОВ

Бозорқўрғон шаҳри.

 

боғлиқ хабарлар