ҚАДРИЯТ 

“МАНАС” ЭПОСИ ВА УНИНГ ТАРЖИМАСИ ҲАҚИДА

Ҳар бир кишининг паспорти бор. Унда бу одамнинг қайси давлат ватандори экани, отию зоти, туғилган санаси, яшаган жойлари, оилавий шароити ва ҳоказолар битилади, расми-қиёфаси акс этади.

Бутун бошли эл-элат ва миллатларнинг ҳам “паспорт”и бўлади. Бу – шу элнинг қадим ўтмиши ва руҳиятини бадиий акс эттирадиган қаҳрамонлик достонларидир. Ҳар бир халқ олам аҳлига ўзининг ана шу обидасини кўрсатиб ифтихор қилади. Инчунин, бошқа эл вакиллари ҳам буни эътироф этадилар, греклар деганда биз аввало “Илиада, “Одиссея” достонларини ёдга оламиз, “Рамяна” ё “Махабҳорат” деганда ҳиндлар ҳақида гап кетаётганини анғлаймиз. Шу каби, “Хамса”, “Шоҳнома”, “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон”, “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Минг бир кеча” деганда ҳам бир қанча халқлар ҳақида ассоциация ўйғонади. “Миллатнинг паспорти” даражасида эътироф этиладиган бу каби асарлар унча кўп эмас.

Қирғизларнинг донғил “Манас” эпоси ҳақида ҳам шу гапни айтиш керак. “Манас» – ҳажман дунёда энг йирик достон. Соғимбой Ўрозбеков айтган биргина варианти 180 минг мисра келади. Яна бир машҳур “Манас”чи Саёқбой Қоралаев эса бу эпосдан қарийб 1 миллион мисрани ёд билганини нақл этадилар. Аёнки, бунча кўламли нарсани юзлаб китоб қилиб нашр этиш осон эмас. Шунинг учун Қирғизистоннинг ўзида ҳам “Манас” ҳозирга қадар фақат қисқартирилган ҳолда нашрга тайёрлаб келинган.

Бошқа туркий элларнинг қаҳрамонлик достонларидан бир фарқи, унинг матнида наср – “қора сўз” йўқ, бошдан-охир шеърий йўсинда. Иккинчи бир айирмаси шуки, “Манас” мусиқа жўрлигисиз, мимика, жестикуляция ва речитатив ёрдамида ижро этилади. Бу эса, назаримизда, айни достоннинг эпик муҳит бағридан ҳали узоқлашмаганини кўрсатади, чунки куй-қўшиққа қанчалик омухта бўлса, қаҳрамонлик достони асл эпик хоссаларини бой бериб, муайян даражада “лириклашиб” боради. Бизнинг “Алпомиш”, “Гўрўғли” достонларда “қора сўз” шеърий матн билан қарийб бир хил кўламда, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Ёзи билан Зебо”, “Саётхон ва Ҳамро” каби достонларда эса қаҳрамонларнинг бир-бирига айтган сўзларигина шеърий бўлиб, асосий матни насрда экани асарнинг эпик хоссаларини қарийб йўққа чиқаришга хизмат қилади. “Манас” эпоси шу жиҳатдан ҳам ўта ноёб.

Ҳатто ҳозир, XXI аср бошида ҳам янги-янги оқинлар томонидан ижод этилаётгани унинг яна бир алоҳидалигидир.

Бу хосиятлари “Манас”ни ҳар бир халқ тилига таржима этишни тақозо этади. У – ўтмишнинг улуғ обидаси, қирғиз сўз санъатининг энг улкан асари.

*     *     *

Дунёда биз кўриб-билиб турган ҳамма нарса мозийда барпо бўлган. Ҳатто Сиз ўқиётган мана шу муқаддима ҳам ёзилиб бўлиши биланоқ ўтмиш мевасига, “осори қадима”га айланади. Албатта, яқингинада яратилган, одамлар яна талай замон фойдаланадиган нарсалар бор улар орасида, шунингдек, минг йиллар муқаддам дунёга келиб, энди олис ўтмишдан хотирот сифатида эъзозланадиган обидалар ҳам бисёр. Бунга қадимги иморат харобаси, тўкилиб-уваланиб тушай деб турган от эгари, қайсидир ҳукмдор эгнига илган либос ва ҳоказолар мисол. Эҳтимол, бу иморат бир замонлар ҳаммом бўлгандир, бироқ энди унинг вазифаси ўзгариб, томоша объектига айланган. Бояги эгарни ҳам биз санъат асари сифатида томоша қилиб завқланамиз, отга босиб, айил билан тортиб ишлатмаймиз.

Аммо бу обидаларнинг бари бизга инсониятнинг болалик чоғидан, элимизнинг қадимги ҳаётидан ҳикоялар сўзлайди. Шунинг учун ҳам уларни кўз қорачиғидай асраймиз, бошқаларга кўрсатиб, ифтихор этамиз.

Ўзбекнинг “Алпомиш”и, “Гўрўғли”си бор, юзлаб сеҳрли эртаклари, нақл ва ривоятлари, минглаб мақол-маталлари, қўшиқлари бор. Буларнинг биронтаси йўқолса, ўрнини тўлдириб бўлмайди. Аксинча, халқ оғзидаги бирон асар топилиб қолса, нақд хазинага дуч келган бўламиз.

Қирғизларнинг “Алпомиш”и ҳам “Манас”, “Гўрўғли”си ҳам. Бу достон типологик жиҳатдан “Алпомиш”у “Гўрўғли” билан бир хил – қаҳрамонлик достони. Ва уларнинг аксари деярли бир вақтда, ўтган асрнинг йигирманчи-эллигинчи йилларида ёзиб олинган. Бироқ бизнинг достонлар ёзиб олинган чоғда ўзбекларда эпик муҳит барҳам топиб, бу асарлар бадиий обидага айланган бўлса, худди ўша ХХ аср бошида қирғиз фольклорида эпик муҳит ҳали барқарор эди. Бу ҳолат то эллигинчи йилларга қадар давом этди. Унинг инерцияси ҳатто ҳозир ҳам сезилади, ҳар беш-ўн йилда янги-янги “Манас”чи оқинлар етишиб чиқяпти.

Аммо бугунги шиддатли давр эпик муҳитнинг яна давом этишига имкон қолдирмади. Шунинг учун, “Манас” эпоси ҳам, қачон ёзиб олинганидан қатъи назар, ўтмиш мероси. Бугунги қирғиз аудиторияси ҳам уни ўтмиш обидаси деб қабул қилади.

“Манас” – улкан ҳажмига яраша – кўп қатламли, кўламдор достон. Унда қадимги қирғиз ҳаётига хос деярли барча нарса тасвирлангани боис, тадқиқотчилар “Манас”ни қирғиз ўтмишининг энциклопедияси, деб аташади. Достонда Узоқ Шарқ ва Олтойдан бошлаб Хива ҳамда Қримга қадар бўлган географик кенгликлар ястаниб ётади.

Достонда исломий негиз барқарор. Аммо шу билан бирга, энг қадимги турклар инонч тизими бўлган шомонийлик, яна оташпарастлик, буддавийлик ҳам аҳён-аҳёнда бўй кўрсатиб қўяди. Улкан Осиё қитъасидаги ўнлаб халқлар ва элатларнинг вакиллари сюжет воқеаларини ҳаракатга келтиришади.

Гарчи 1995 йилда ЮНЕСКО шафелигида бу достоннинг минг йиллиги нишонланган бўлса ҳам, асарда тилга олинган воқеалар минг йил доирасига сиғавермайди. Унда ибтидоий давр одамининг бу дунёда яшаб туриб, ўз-ўзи ва теварак-атрофдаги нарсалар ҳақидаги илк анғламларидан тортиб, қирғиз тилига ХХ аср бошларида кириб четдан кириб келган сўз ва тушунчаларгача бор. Шу билан бирга, асарнинг асосий воқелиги, сюжетини юзага келтирган тарихий ҳодиса нимадан иборат, деган саволга жавоб топиш мушкул. Бу борада айрим олимлар тарихнинг неча минг йиллик қаърига ишора қилса, баъзилари XVII-XVIII асрлар билан чекланиб, “Манас” эпосини ҳаддан зиёд “ёшартириш” тарафдори бўладилар. Албатта, ҳар қайси қараш тарафдорлари эпос матнидан бу фикрларини даллилаш учун қай бир мисолларни топишади ҳам. Топганларига сабаб, юқорида айтганимиздай, унга турли даврларда ҳар хил эпик қатламлар руҳи, баъзи тарихий воқеаларнинг бадиий талқини ҳам қўшилаверган, айримлари эса, ёддан чиқиб ҳам кетган. Фольклор масалалари билан озми-кўпми шуғулланган ва манасшунос аталган бир одам сифатида айтар бўлсак, унинг туб негизидаги воқеалар қирғиз хоқонлиги юзага келган, барқ уриб ривожланган ва таназзулга учраган IX-X асрларда юз берган бўлиши мумкин.

Мозий қаърига ичкарилиб борганимиз сари, илк тарихий воқеаларнинг (у ҳақида ижод этилган достонларнинг ҳам) юзага келишига омил бўлган воқелик моҳиятини англай борамиз. Чунончи, бу тўғрисида профессор П.А. Фалёв 1922 йилда шундай деб ёзган эди: ”… ов овлаш ва бошқа кўнгилочар томошалардан ташқари, чўл-дашт бойлари асосий бойлиги манбаи бўлган чорва туёғини кўпайтиришга ҳам катта аҳамият беришади. Мол-ҳол табиий равишда кўпаяди. Аммо бу чорвадор учун анча секин ўсишдир. Секинлиги шундаки, янги туғилган чорва моллари ўсиб катта бўлгунича ундан фойдаланиб бўлмайди, эҳтиёжлар – бойнинг ўзи, оиласи, келди-кетди меҳмонлар учун сўйиш ҳисобига, касалликлар, об-ҳавонинг ёмон келгани, бўри-қашқирларнинг ҳужуми сингари қўққисдан, аммо ҳамиша бўлиб турадиган талофотлар туфайли чорва туёғининг ўсиши деярли йўққа чиқади. Шу боис, кўчманчи чорвадорлар орасида мол туёғини кўпайтиришнинг бошқа йўли – қўшниларнинг молини ҳайдаб олиб кетиш (баримта) иштиёқ билан қўлланади. Молини қўшнилари талаб олиб кетган одам қасос сифатида ўзиники билан бирга зўравоннинг молларини ҳам олиб қайтишга – қаримтага қўл уради. Мана шу тарзда, саҳро бағрида уруғлар ва қабилалар аро уруш юзага чиқади. Бундай урушлар оқибатида кўпинча бутун бир уруғ ва ҳатто қабила хонавайрон бўлган. Енгиб чиққан шахс ҳимоячиларни тор-мор қилиб, қабиладаги барча одамларни жами буюм, ҳайвонлари билан бирга қўшиб овулига олиб келган ва ўз мол-мулкига қўшиб юборган. Саҳройининг давлати шу тариқа ошиб борган. Шу тариқа, бир зумда бойиб кетиш, бунинг устига, ғолиб сифатида донғ чиқариб, шон-шарафга эга бўлиш иштиёқида кўплар ҳаракат қилган. Айрим омади юришган, демакки бойлиги хийла ортиқ бўлган босқинчиларга ўзгалар бош эгиб, уни йўлбошчи деб билганлар. Бора-бора, қай бир сардор қошида бутун бир дружина шаклланган. Сардор хон деб аталар, қолганлар унга мулозимлик қилишар эди, аммо бу мулозимлар мол боқадиганлар тоифасидан баланд мавқе тутиб, унинг турли ботирликларида иштирок этадиган жўра-ҳамкорлари эдилар. Саҳройи хон ўз атрофига жанговар дўстларни тўплашдан манфаатдор бўлган…”

Албатта, хоннинг қаҳрамонлигини кўтаринки тарзда тараннум этадиган сўзамол кишилар доимо рағбатлантириб турилган, чунки бу йўсинда мавқе орттириш жангга кириб, талофатлар бериш эвазига донғ қозонишдан анча қулай ва афзал бўлган; бунинг устига, қаҳрамон шавкатининг нафақат ўша донғил даврда, балки кейинги замонларда ҳам куйланиши сулола мавқеини ушлаб туриш ва янада орттиришга, унинг манфаатига хайрихоҳ кишиларни кўпайтиришга кўшиш қилган.

“Манас”, “Алпомиш” ва умуман, аксар қаҳрамонлик достонлари, моҳиятан, ана шу негизда дунёга келган ва асрлар ўтгани сари кўлами ортиб, сюжетига янги-янги воқеликлар, эпик қатламлар қўшилиб бораверган, ўзининг юзага келишига туртки бўлган илк жанговар ҳаракатлар тафсилотидаги локал тасвирлар тобора чиқарилиб, умумқабилавий қадриятлар, урф-одат ва менталитетни акс эттирувчи, “ҳаммага мақбул” тафсилотлар қўшила борган; пировардида бирон қабила ёки уруғнинг эмас, бутун бир миллатнинг бадиий обидасига айланган. Йиллар ва асрлар ўтиб, эпос бош қаҳрамонидан тортиб, энг кичик деталларга қадар – шу халқ қадриятларини улуғловчи ҳолатлар барқарорлашади; индивидуал ва локал тасвирлар ўз ўрнини уларга бўшата боради; бу ҳолда тасвирланаётган ҳар бир нарса ор-номус, олижаноблик, соф севги, ватанпарварлик каби умуммиллий ва умуминсоний ғояларни етказиш воситасига айланади.

*     *     *

“Манас” эпоси неча асрлардан бери не-не улкан оқинлар томонидан айтиб келинади. Албатта, уларнинг номлари бизга белгисиз. Фақат ХХ аср бошларига келибгина “Манас”ни айтиб ёздирган оқинлар ўзларидан аввалги айрим таниқли манасчилар ҳақида эслаб ўтишган.

Соғимбой Ўрозбеков, Саяқбой Қоралаев, Шопоқ Ирисмендеев каби йирик манасчиларгина бу улкан достоннинг бирон қисмини тўлиқ, ёки учала қисмидан парчалар ижро эта олишган. Булар орасида Соғимбой Ўрозбеков айган нусха бадиий етуклиги билан алоҳида ажралиб туради ва “Манас”нинг аксар нашрлари шу вариант асосида тайёрланади. Жумладан, қўлингиздаги таржима матнига ҳам асосан Соғимбой варианти негиз ҳисобланади.

Кези келганда Соғимбойга мактабда ҳарф танитган, диний илмлардан дарс бериб, уч йиллик сабоқ натижасида ёш шогирдининг зеҳнига минглаб арабий ва форсий сўзларни сингдирган одам ўзбек мулласи бўлганини айтиб ўтайлик. Соғимбой варианти баркамоллигининг туб сабабларидан бири айнан сўзга бойлигида эканини ҳам ҳақиқат. Бу эса ўзбек таржимони учун жуда қўл келади. Чунончи, бизнинг таржимага асос бўлган 2015 йилги нашр якунида бугунги қирғиз китобхонига мавҳум бўлган 550 та сўз 17 саҳифада изоҳлаб берилган экан. Мен шунинг дастлабки тўрт саҳифасида шарҳланган 175 та сўзни кўриб чиқиб, уларнинг 102 таси бугунги ўзбек китобхонига шундоқ ҳам тушунарли эканини кўриб, бу эпоснинг бизга ҳам нақадар яқин эканига амин бўлдим.

Достонда тилга олинган жой номлари ҳамда этнонимлар (эл-халқлар, уруғлар)га эса шартли деб қараш керак.

“Манас” эпоси “қисқартириб бириктирилган вариант” тарзида 1958 йилда илк бор уч жилд (тўрт китоб)да нашр этилган эди. Унинг I бўлим биринчи қисми янада катта қисқартиришлар билан 1964 йилда устод Миртемир томонидан ўзбек тилига таржима қилинди. Орадан ўттиз йил ўтиб, 1995 йилда – минг йиллиги нишонланаётган кунлари унинг иккинчи қисмини Султон Акбарий таржима қилди, болалар учун тайёрланган вариантини эса Турсунбой Адашбоев ўзбекчалаштирди. Яна қайд қилиб ўтишимиз лозимки, ўтган аср эллигинчи йиллари охирида Фрунзе шаҳрида чиққан “Қирғизистон ҳақиқати” газетаси ходимлари унинг баъзи қисмларини ўгириб, ушбу рўзнома саҳифаларида чоп эттиришган, XXI аср бошларида эса Ўшлик айрим қаламкашлар эпоснинг у ёки бу вариантини ўзбек тилига ағдаришган ҳам.

Миртемир домланинг таржимаси ўзбек адабиётида алоҳида ҳодиса бўлиб қолди, у ҳақда ҳатто илмий ишлар ёқланган ҳам. Миртемир таржимаси қирғиз адиблари, олимлари томонидан ҳам жуда илиқ кутиб олинган ва маъқулланган. Бу ўринда биргина Чингиз Айтматовнинг Миртемирга Чингиз Айтматов баҳосини эслаб ўтиш кифоя бўлса керак. “… улуғ қирғиз эпоси “Манас”ни Миртемир, ҳа, бошқа биров эмас, айнан Миртемир ўзбек тилига ағдарди, – деб ёзган эди Чингиз Айтматов. – Ўйлайманки, бу умуман манасшуносликда, хусусан Миртемир шеъриятида, унинг таржимонлик фаолиятида ҳам, амалга оширилган жуда йирик, жуда қутлуғ ишлардан биридир… Биз энди Миртемир таржимасида ўзбек “Манас”ини ўқиймиз. Мен уни ўқир эканман, ҳар сафар Миртемирнинг туркий тиллар бўйича нақадар бой билимга эга эканлигини кўриб, ҳайратга тушаман. Унга, чамаси, фақат ўзбек тилигина эмас, қирғиз, қозоқ, қорақалпоқ, туркман тиллари ҳам яхши таниш эди, таъбир жоиз бўлса, унинг шеърий таомилига ошно ва ўнгай эди. Шунинг учун ҳам унинг ўзбек тилига қилган таржимаси “Манас”нинг буюк, гениал асл нусхасига мос, жуда рангин чиққан…”

Биз халқ қаҳрамонлик достонларининг илмий-маърифий жиҳатларига бежиз тўхталмадик. Гап шундаки, бадиҳаан айтиш (бир оннинг ўзида ҳам тўқиб, ҳам ўша лаҳзада ифода этиш; ижод ва ижро жараёнининг омухталиги) бу обидалар матнида ўта юксак бадиий санъатлар, истиоралар қўллашга имкон бермайди. Уларга халқона соддалик, табиийлик хос, туркий тилларнинг асл хусусияти – жумланинг феъл-кесим билан тугалланиши, мисраларнинг уч бўғинли клаузула билан якунланиши кабилар хос. Миртемир таржима матнида ҳам ана шундай жиҳатларни имкон борича сақлаб қолишга интилди, мисралар ўрнини алмаштириш, мураккаб перифразалар қўллашдан воз кечиб, “Манас”чи оқиннинг ўзи тузиб, ўзи тизган жайдари сўз ва ифодаларни имкони борича ўзгартирмасликка интилди. Бу принцип туркий тиллардан шеърий таржиманинг қонунияти бўлиб, Миртемир уни савқи табиий равишда ҳис этди ва бадиий исбот қилди. Бу таржима шу жиҳати билан ҳам айрича аҳамиятга эга.

Асарнинг иккинчи қисмини ўгиришни Миртемир айнан Султон Акбарийга тайинлаган. Боиси, камтарин номи бугун унча ҳам эсланмайдиган Султон Акбарий сўз бойлиги, таржима таомили борасида Миртемирнинг издоши, таъбир жоиз бўлса, жўровози эди. Унинг таржимаси ҳам руҳан Миртемир таржимасининг узвий давоми бўлди.

Ўзбек ва қирғиз тилларидан баравар баҳраманд бўлган, қирғиз адабиётидан ўттиздан ортиқ китобни ўзбек ўқувчиларига тортиқ этган Турсунбой Адашбоев таржимаси ҳақида ҳам шу гапларни айтиш лозим. “Манас” эпосининг ЮНЕСКО шафелигида ўтказилган 1000 йиллик тантанасида (1995 йил) “Манас” катта олтин медалига дунёдаги беш адибдан бири сифатида айнан Турсунбой Адашбоев сазовор кўрилгани бежиз эмас.

Хўш, унда “Манас” эпосининг янги таржимасига қандай эҳтиёж бор? Бунга жавобан шуни айтиш керакки, ҳозиргача “Манас”нинг ёзиб олинган вариантлари сони олтмишдан ошади. Уларнинг ўзаро қиёсласангиз (нашр этилган нусхалар орасида ҳам), улкан эпик воқелик тасвири ва талқинида анча-мунча фарқлар борлигини кўрасиз, оқибатда, ҳатто энг билармон ўқувчи ҳам унинг асл “ўриш-арқоғи”ни иккинчи даражали, асарга кейин қўшилган эпизодлардан ажратолмай қолади. Шуни ҳисобга олиб, Қирғизистон халқ ёзувчиси, Қирғизистон қаҳрамони, профессор Бексултан Жакиев “Манас”нинг ихчамлаштирилган вариантини тайёрлади. Бу хрестоматик нусха илмий жамоатчилик томонидан эътироф этилиб, мактаблар ва олий ўқув юртлари учун ўқув қўлланмаси сифатида катта ададда чоп этилди. Бу дегани, асар сюжетининг барча муҳим хоссалари қисқартирилмаган, балки “суви сиқилган” ҳолда берилган. Ўзбекча “Манас” ана шу якуний нусхага асосланади.

Бу таржиманинг ўзига хос жиҳати нимада?

Биринчидан, аввалги таржималарда, ҳажмни тежаш учун аслият ҳаддан ташқари қисқартириб ўгирилган, қолаверса, ўқувчига янада яқинлаштириш мақсадида ўзбек достонлари руҳига мослаб, айрим парчалар насрда – “қора сўз” билан берилган эди; бу таржимада эса бирон сатр қисқартишга ҳам, бирон сатр қўшишга йўл қўйилмади, аслият руҳини тўлиқ беришни кўзлаб, “қора сўз”дан воз кечиб, бошдан-оёқ шеърий тарзда ўгирдик.

Иккинчидан, аввалги ўгирмалар бадиий таржима ҳисобланади ва мутаржимларнинг барча тадориги ҳам эпосни бадиийлаштириб ўгиришга қаратилади, биз эса уни бадиий-илмий таржима қилишни афзал билдик. Бунда қисқартириш, ўзидан қўшиш, бадиий “ишлов” бериш, тирадалар ўрнини алмаштиришга йўл қўйилмайди, ҳар бир мисра ўз ўрнида қайта тикланади. Дарвоқе, эпосларни шу принцип асосида таржима қилиш ҳозир етакчи ўринга чиққан.

Учинчидан, узоқ тиллардан эпос таржимасида қўлланадиган “эркинлик”дан фарқли равишда, аслиятдаги сўз ва ифода шаклларини ҳам имкон қадар манасчи оқиннинг ўзи тузган ва ўзи тизган ҳолида беришга интилдик. Албатта, бунинг алоҳида машаққатлари бор: ҳар бир шеърий тирадани ўгириш асносида анафорик аллитерацияга асос бўлган ва ўзбекчада ҳам мавжуд сўзларнинг баъзиси бошқа маънони ифодалайди; тўртта сўз қофияланган бўлса, унинг иккитаси тилимизда йўқ бўлиб чиқади ёки бошқа маънода келади ва ҳоказо. Ана шундай мушкулотлар енгиб ўтишга ҳаракат қилинди. Назаримизда, бу усулда амалга оширилган таржимани сатрма-сатр аниқлиги туфайли илмий, барча бадиий-услубий хоссаларини имкон қадар сақлашга интилиш борлиги сабабли бадиий деб, яъни илмий-адекват таржима деб баҳоласа бўлади. Бундай таржиманинг савияси яхши бўлса, унинг матнига таяниб, бошқа тилли тадқиқотчи асар хоссалари ҳақида бемалол фикр юритиши мумкин.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўзбек ўқувчиларининг эҳтиёжини ҳисобга олиб, яқинда ушбу таржимани яна бир бор нашр этишга қарор қилди.

Таржимада аслиятга хос қадим миллий руҳ уфуриб туришига ҳаракат қилдик. Бунинг учун сингармонизмни тиклашга ҳам журъат этдикки, туркий тиллараро таржимада бу йўл аслият тароватини акс эттиришда асқотади.

 

 

 

Зуҳриддин Исомиддинов,

“Манас” эпосининг ўзбек тилига таржимони,

«Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти раиси

боғлиқ хабарлар