Китоб ўқиган одамдан ёмонлик чиқмайди
Муҳаммадюнус ТЕШАБОЕВ
Алломалар айтганидек, одамлар яратган мўъжизаларнинг мўъжизаси бўлмиш китоб коинот ҳаётига оид жами билимларни, жаҳон ақлий камолотининг бутун тарихини ўзида жам этади. Инсоният тараққиётида катта аҳамият касб этган китобнинг бугунги ҳаётимизда тутган ўрни, замондошларнинг унга муносабати хусусида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришини сўраб Бозорқўрғон шаҳар фахрий фуқароси, Жалолобод вилоят миллий маданий маркази раёсати аъзоси, Қирғиз Республикаси муниципал хизмати аълочиси, Қирғизистон оқин-ёзувчилар жамоат фондининг Бозорқўрғон тумани координатори, зиёли замондошимиз Муҳаммадюнус Тешабоевга мурожаат қилдик:

– Китоб ўқиш хусусидаги мавзуни яхши кўтарибсиз. Китоб ҳақида сўз юритар эканмиз, беихтиёр болаликдаги муаллимларимиз айтган мақоллар ёдимга тушади. “Китоб – билим манбаи”, “Китобсиз ақл – қанотсиз қуш”, “Китоб ақл қайроғи», “Китоб кўрмаган калла – гиёҳ унмаган дала”. Ёдимда, биз ўқиган ўтган асрнинг 60-йиллари туман марказида болалар ва катталар учун алоҳида кутубхоналар бўлган. Уларга то мактабни битиргунча аъзо бўлганмиз. Бошланғич синфда ўқиганимизда пионер ташкилотининг 50 йиллиги муносабати билан Қўчқорота шаҳарчасида катта йиғин бўлиб, аълочи ўқувчи сифатида мен ҳам қатнашганман. У ерда менга “Чин инсон ҳақида қисса” деган рус тилидаги китобни мукофот сифатида беришди. Уни икки бор ўқиб чиқдим. Бу менинг китобга бўлган қизиқишимни яна оширди. Синфимизда китоб ўқиган болалар фикр доираси кенглиги билан ажралиб турарди. Ким қандай китобларни ўқиётгани хусусида баҳслашардик, бир-биримизга қайси асарлар яхшилигини айтардик, китоб қаҳрамонларига ўхшагимиз келарди. Кейинчалик билдикки, китоб қалбни ёритаркан, инсонни юксакликка кўтарар экан, кучига куч қўшаркан, ўзига ишончни орттирар экан.
Китобга ҳавас ва иштиёқнинг пайдо бўлиши кўп жиҳатдан инсон қандай оилада ва шароитда тарбия топганига боғлиқ. Падари бузрукворимиз Муҳаммадкарим туфайли китобга меҳримиз тушган. Уйимиздаги оилавий кутубхонамизда русча, қирғизча, ўзбекча китоблар жуда кўп эди. Инсон китоб ўқиш орқали ўзини-ўзи тарбиялаш, маънавий оламини бойитиш, фикр доирасини кенгайтириш имкониятига эга. Бугун ҳеч ким китоб ўқимаяпти, деб айтмоқчи эмасман. Иттифоқ даврида китобга ошна бўлганлар ҳозир ҳам шу одатни ташлашмаган. Одилжон Абдураҳмонов деган киракаш дўстим бор. Қачон унинг машинасига чиқсам, кабинада 2-3та бадиий китобни кўраман. У бўш вақтини фақат китоб ўқиш билан ўтказаркан. Отаси Неъматжон Абдураҳмонов ҳам ҳақиқий китоб ишқибози эди. Шахсий кутубхонасидаги минглаб китоблар ҳозир ҳам бор. Шунингдек, мен билганлардан Ҳамидахон Позилжонова, Насибахон Абдукаримова, Соҳибахон Қодирова, Матлубахон Жалолова каби замондошларимизнинг ҳам ўз кутубхоналари бор ва китобга ихлослари баланд.
Таъкидлаганимдай, ўзим ҳам китобга жуда қизиқаман. Уни ўқиб йўқотган нарсамни топиб олгандай бўламан. Ёшлигимда Худойберди Тўхтабоев, Қуддус Муҳаммадий, Ҳабибий, Ҳайдар Яҳё, Мирмуҳсин, Жуманиёз Жабборов ва бошқа ёзувчи, шоирларнинг асарларини ўқисам, бугунги кунда ўлкамизнинг жанубидаги ижодкорлар Муҳаммад Турғун, Чирмош Тошбоев, Ботиржон Ғозибоев, Жўрабой Курашев, Абдул Ҳақнинг, ўшлик шоир ва ёзувчиларнинг янги китобларини, Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Сузоқнома”, “Соғуний”, Жўра Давроннинг “Чорбоғ тарихи” китобларини берилиб ўқиб чиқдим. Шуни тан олиб айтишим керакки, ҳаётда нимагаки эришган бўлсам, китоб туфайли деб биламан. Агар эришолмаган бўлсам, буни ҳали ҳам ўқишга улгурмаган китоблар билан боғлайман.
Китобда қайси давр руҳи акс этган бўлса, китобхон ўша даврга тушиб қолади. Менинг фикримча, китоб ўқиган одамдан ёмонлик чиқмайди, китоб бор хонадонда маънавий қашшоқлик бўлмайди, кўп китоб ўқиган одам ёмон иллатлардан фориғ юради. Тасодифан бирон хонадонга кирсам, китобларини кўриб, шу хонадон эгаларининг маънавий олами ҳақида тасаввур қиламан. Яна шуни айтмоқчиманки, инсоннинг шахс сифатида шаклланишида китоб бебаҳо ёрдамчи. Биз китоб ўқирканмиз, кўз олдимизда янги дунёлар очилади, ҳаётга нисбатан фикримиз ўзгаради, сўз бойлигимиз кўпаяди.
Китобнинг яқин ўтмиши хусусида ижобий фикрлар айтдик. Аммо қизиқки, давлатимиз мустақилликка эришган йиллар давомида китобга муносабат сусайди. Қўл телефонлари ва компьютерларнинг кўпайиши, интернетнинг пайдо бўлиши билан кўпчилик тайёр ахборотни қабул қилишга ўрганиб қолмоқда. Китоб ўқиш учун эса вақт ажратиш, куч сарфлаш керак. Ёшлар ана шу кучни сарфлашга, вақт ажратишга эринчоғлик қилишади, уларда сабр-тоқат йўқ. Қайси ёш йигит-қизни кўрсанг, қўлида шапалоқдек телефон, унинг менюларини кавлаб, турли бемаъни нарсаларни томоша қилишади, олтинга тенг вақтларини беҳуда сарфлашади. Орамизда шундай одамлар борки, ўқишга эҳтиёж сезмайди, уларга жуда ачинаман ва “энг бахтсиз одам – китоб ўқимаган одам”, деган хулосага келаман.
Кўпчилик замондошларимиз қўлига китоб олиб ўқишдан кўра, компьютерни ёқишни афзал кўришяпти. Балки бунинг ҳам қулай томонлари бордир. Аммо мен энг афзали китоб ўқиш, деб ўйлайман, чунки китоб ишончли, истаган пайтда уни қўлга оласиз, уни шам шуъласида, ҳатто ой ёруғида ҳам ўқиш мумкин. Табиий нарса бошқача бўлади. Масалан, ҳовлида очилиб турган гулнинг ифоридан завқланасиз, сунъий ясалган гул ҳам чиройли, кўриб дилингиз қувонади, аммо унда ҳеч қандай ифор йўқ. Асил китобни қўлга олсангиз, унинг тафтини сезасиз, компьютердан ўқисангиз худди ҳақиқий гулнинг ифорини ҳис этмагандек, шунчаки суратига маҳлиё бўласиз. Асил зиёли инсон ўз ҳаётини китобсиз, маънавий озиқларсиз ҳис эта олмайди.
Ҳаётимизга бозор муносабатлари кириб келгач, мулклар хусусийлаша бошлади. Ўтган асрнинг 90- йилларида колхоз ва совхозлардаги кутубхоналар талон-тарожга учради. Матлубот жамиятига қарашли махсус китоб дўконлари йўқ бўлиб кетди. Бугун туманимиз марказида болалар ва катталар учун иккита кутубхона бор, аммо уларнинг ўқувчилари сийрак, кўнгил тўладиган ҳолатда эмас. Ислом динига, ибодат қилишга кенг йўл берилгач, шаҳар ва қишлоқларда хусусий исломий китоб дўконлари фаолият кўрсата бошлади. Оқибатда бадиий асарларни сотувчи дўконлар йўқ бўлиб, улар ўрнида исломий китоблар сотиладиган дўконлар кўпая бошлади.
Албатта, ислом дини инсонларни эзгуликка чорлайди. Менимча, ислом илми дунёвий илмлар билан тўлдириб борилса, замондошларимиз ўз ҳаётларида тўғри йўлни танлаган, тафаккурини тез бойитиб боришган бўларди.
Мустақиллик қўлга киритилгач, китоб нашр этиш ишлари ҳам хусусийлашди. Яхши асар ёзган ижодкорлар маблағи йўқлигидан китобларини чиқара олишмаяпти. Бадиий асарлар ёзувчилар уюшмаси томонидан қатъий назоратдан ўтмаган ҳолда босиб чиқариляпти. Бу эса бадиий томондан бўш, хатто савиясиз назмий ва насрий асарларнинг босиб чиқарилишига имкон яратяпти. Исломий адабиётлар эса республика муфтияти ёки вилоятлардаги қозиятлар кўригидан ўтиб чоп этилмоқда. Бадиий асарлар ҳам ёзувчилар уюшмаси томонидан муҳокама қилиниб, давлат маблағи ҳисобидан чоп этилса, китоб дўконлари қайта тикланса, яхши китоблар қўлма-қўл бўлиб ўқилиши, бу эса келажак авлод тарбиясига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.
Умуман, китоб ўқишни жонлантириш, бунинг учун китоб дўконларини тиклаш, ҳар бир хонадонга яхши китоблар кириб боришини таъминлаш, ёзувчи ва шоирлар ижодини раҳбатлантириш республика Ҳукумати олдида турган муҳим вазифаларнинг биридир, деб ўйлайман.
Суҳбатни Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ
ёзиб олди.
