ҚАДРИЯТ 

ТЎҚМОҚ ва ТЎҚМОҚЛИКЛАР

Шу йил бошида (2026 йил 1 январь куни) Шимолий Қирғизистондаги қадимги аҳоли маскани бўлган Қант шаҳри тарихи ва ушбу шаҳарнинг бугунги ўзига хосликлари, жумладан бу ердаги ўзбек аҳолиси ҳақида ҳам, ёзган эдик. Ҳикоямизни давом эттириб, Қант шаҳарчасидан қирқ чақирим (Бишкекдан эса 65 км.) шарқда жойлашган Тўқмоқ шаҳри ҳақида сўзлаб ўтамиз.

Бу жой – ўзбеклар азалдан яшаб келадиган энг шарқий маскандир.

Тўқмоқ нима сабабдан Тўқмоқ деб аталиши борасида тахминлар кўп. Шу билан бирга, улар муайян даражада асосли ҳам. Биринчи фараз шундан иборатки, мўғул босқинчилиги даврида суви мўл, ҳар турли гиёҳ ва ўт-ўланлар қулф уриб ўсадиган бу жойни босқинчилар от тўядиган, тўқ юрадиган жой экан, дея Тўқмоқ деб аташган эмиш. Иккинчи тахминга кўра, қадимда жанг қуроли бўлган тўқмоқ тайёрлашга ихтисослашган жой Тўқмоқ деб аталган бўлиши ҳам эҳтимол. Ва ниҳоят, учинчидан, Қорахонийлар замонида ҳаёт кечирган, мўғуллар даврига келиб анча қириб ташланган тўқмоқ деган бир туркий уруғ ҳақида ҳам сўз юритилади.

Дарҳақиқат, у даврларда ҳар бир уруғ ва қабила бошқа яйлов ва элатларга кўчаётганида карвон олдида уруғ байроғи олиб юрилган. Байроқда уруғ номи ёзилмаган (ёзув маданияти шаклланмагани учун), аммо уруғ номини ифодалайдиган тасвир байроққа туширилган. Бинобарин, мазкур уруғ байроғида тўқмоқ тасвирланиб, шунга кўра, у тўқмоқ уруғи деб номланган бўлиши ҳам мумкин. Тўқмоқ номли жойларда тўқмоқ уруғи вакиллари яшайди. Андижон шаҳри яқинида ҳам Тўқмоқ деган қишлоқ бор.

Биз сўз юритаётган Тўқмоқ шаҳри Бишкекни Иссиқкўл бўйидаги шаҳарлар билан боғлайдиган катта автомагистрал йўл ёқасида.

Шаҳарда автовокзал ва темирйўл вокзали бор. 2008 йилда Тўқмоқ шаҳрида илк олий ўқув юрти – америкача типдаги Марказий Осиё университети очилди.

Тўқмоқ Қирғизистондаги эски жойлардан. У қайд этилган тарихий китобларнинг энг қадимийси милодий 630 йилда ёзилган. Демак, Тўқмоқ камида икки минг йилдан бери аҳоли маскани сифатида мавжуд, деса бўлади. Ўтган неча асрда бу жой кўп ўзгаришларга учрайди, жумладан, эрамизнинг иккинчи минг йиллиги бошларида қудратли Қорахонийлар давлатининг таянч шаҳарларидан бири ўлароқ, пойтахт Болосоғунга яқин, истеҳком қалъалари бор шаҳар бўлган. 1825 йил Қўқон хони Муҳаммадалихон (Маъдалихон) фармонига кўра мудофаа қалъаси янгитдан  барпо этилган. Ўша  даврда Тўқмоқ Шимолий Қирғизистондаги энг катта шаҳар эди.

Бироқ 1862 йилда шаҳарга генерал Черняев қўшинлари ҳужум бошлади. Аҳоли шаҳарни ёвга топширмай, ёвга қаттиқ қаршилик кўрсатди, босқинчилар барча йирик биноларни тўпга тутиб, кунпаякун қилганидан сўнггина Тўқмоқ эгалланди.

Тўқмоқ  Чор Россияси даврида Еттисув областидаги алоҳида уезд маркази бўлган.

Аммо 1878 йилнинг қишида Чу дарёси кучли музлаб, сув тошқини юз берди. Дарё қирғоқларидан чиқиб кетиб, Тўқмоқ шаҳрини бутунлай сувга бўктириб, анчагина вайрон қилди. Ушбу табиий офатдан кейин ҳукумат Тўқмоқ уездининг маъмурий марказини хавфсизроқ Пишпекка кўчирди.

Агар 1878 йилги ўша сув тошқини бўлмаганида, бугун Тўқмоқ минтақанинг бош мегаполисига айланиши ва вақт ўтиши билан Қирғизистон пойтахтига айланиши мумкин эди.

Ўша тошқиндан кейин Тўқмоқ бирмунча эътибордан четда қолди. Ривожланиши кутилганидай бўлмади. Шаҳрида ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларигача консерва заводи, қанд заводи, сут заводи, шиша заводи, тош қирқадиган завод,  иккита автомобиль йиғиш заводи, темирбетон буюмлар заводи, мовут фабрикаси, электр техникаси техникуми ҳамда маданий-маърифий техникум бор эди. Ўша даврда Тўқмоқ атрофида меринос зотли қўйлар боқиб кўпайтирилар ва шу шаҳарда қурилган Қирғизистондаги энг катта гўшт комбинатида сўйилиб, улкан совуткичларда сақланар, консерваланар, оппоқ ва майин жунидан эса мовут фабрикасида газлама тайёрланар эди. Ҳозирда бу ишлаб чиқариш объектларининг кўпи ишламайди ёки бузилиб кетган.

Ҳозир Тўқмоқ шаҳрида қарийб 55 минг одам истиқомат қилади. Улар, қирғизлар, дунганлар, ўзбеклар ва бошқа турли миллат вакиллари. Ўзбеклар Тўқмоқ аҳолисининг 10%ини ташкил этади. Улар асосан Ўзбек кўча деб аталадиган маҳаллада истиқомат қилишади.

Қадимда савдо, умумий овқатланиш тармоқлари ва ҳунармандлик билан шуғулланган ўзбеклар кейинги асрда бу ердаги гўшт комбинати, ойна заводи, мовут фабрикаси каби корхоналарда ҳам хизмат қилди, бозор иқтисодиётига ўтилгач, уларнинг аксари яна эски ота-боболари касби – савдо соҳасига ўтиб ишлашяпти.

Бу ҳудудлардаги илк замонавий шаҳар ўлароқ, Тўқмоқ Шимолий Қирғизистонни маданийлаштириш соҳасида ўзига хос ўринга эга. ХХ аср бошларида Шимолий Қирғизистондаги илк кутубхона ҳам, илк театр ҳам марказ ҳисобланган Тўқмоқ шаҳрида очилган эди.

ХХ аср бошларида иш бошлаган Алишер Навоий номли ўзбек тилли 5- мактаб халқ хўжалигига ўтган юз йил мобайнида неча юзлаб билимли кадрларни етиштириб берди. Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда фаолият юритган бир қанча ўзбек олимлар, давлат арбоблари, халқ хўжалигининг яна бошқа ўнлаб соҳаларида донг таратган мутахассислар Тўқмоқдаги ана шу мактабда таълим олишган. Афсуски, бир томондан, давр шарт-шароитини ҳисобга олган ота-оналарнинг фарзандларини рус тилли мактабларга йўллай бошлаганликлари, иккинчи томондан эса, сўнгги йигирма-ўттиз йил давомида ўзбек тилида таълим берадиган ўқитувчилар сони аста-секин камайгани сабабли, бундан ўн беш йиллар муқаддам Шимолий Қирғизистондаги охирги ўзбек мактаби ҳам ёпилиб кетди.

Тўқмоқ шаҳридан бутун Марказий Осиёга таниқли кишилар кўп чиққан.

Биринчи ўзбек маршали, шоир, диний уламо, инқилобчи, мърифатчи, “Темур тузуклари” асарининг таржимони Алихонтўра Соғуний шу шаҳарда туғилиб-ўсган. Бу зотнинг диний билими ва мумтоз адабиётимиз борасидаги хизматлари ўзбек халқининг арихи саҳифаларидан асло ўчмайди. У кииши ҳақида илмий-маърифий асарлар кўп бўлгани учун бу ўринда кўп тўхталмаймиз. Домла, гарчи Тўқмоқдан бўлса ҳам, ўзига Соғуний деб тахаллус танлаганининг боиси шуки, бу шаҳардан 10-12 чақирим жанубда қадимий Болосоғун шаҳрининг харобалари ва сақланиб қолган бир неча осори атиқалари бор. Алихонтўра Соғуний ана шу кўҳна тарихга эҳтиром сифатида ўзига тахаллус олган ва Қорахонийлар салтанати даврида илм- дин ва адабиёт тараққий этганини эътироф этган…

1910 йилда Тўқмоқ шаҳрида таваллуд топган Абдулла Бобохонов  ҳақида бир пайтлар “Абдулла биринчи” деган сарлавҳали бир очерк босилган эди. Чиндан ҳам, у биринчи профессионал ўзбек архитектори бўлган. 1920 йилда, Абдулла эндигина 10 ёшга кирганида отаси, таниқли зиёли, биринчи гильдия купеци Бобохон акани инқилоб фидойилари отиб ўлдирадилар. Онаси ноилож, уч боласини олиб, Тошкентга отланади. Етим фарзандларини интернатга беради, “Намуна” мактабига ўқишни битирган Абдулла расм ва чизмачиликка қизиқиб, Архитектура-қурилиш институтига кириб ўқийди.

Ана шу ўн тўққиз ёшли мусофир ва жабрдийда йигит, орадан йиллар ўтиб, СССР Халқ архитектори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи, Тошкент Политехника институтининг профессори бўлиб етишди. Унинг тақдирига биринчи ўзбек архитектори, Ўзбекистонда архитектура-қурилиш ишларининг ташкилотчиси ва Марказий Осиёнинг шаҳар ва қишлоқларида жамоат биноларини қуриш ишининг бошловчиси бўлиш ёзилган экан.

Тақдирнинг бахтли тасодифи шу бўлдики, Абдулла Бобохонов Халқ оқсоқоли Йўлдош ота Охунбобоевнинг назарига тушди, ота унинг ўқиши ва ижодий ишларидан доимо бохабар бўлиб турди, таҳсилни тамомлагач, Москвада қолиб кетмаслиги учун уни Ўзбекистонга чақиртириб олди ва бу умидли, ёш мутахассисни юксак лавозимга тавсия этди.

Абдулла Бобохонов Ўзбекистон Архитекторлар союзининг раиси, Давлат қурилиш комитети раиси, Архитектура институти директори ва Қурилиш министри ўринбосари бўлиб ишлади, кўп йиллар мобайнида талабаларга сабоқ бериб, юзлаб шогирдлар етиштирди. Ва албатта, давлат ва халқ олдидаги катта хизматлари эвазига қатор орден ва медаллар билан тақдирланди. 1982 йилда вафот этган.

ХХ аср бошларида Тўқмоқда истиқомат қилиб турган Аҳмад ота Раҳматулло ўғлининг хонадони эса икки аллома ўғилни тарбиялаб етказишга мушарраф бўлди. Булардан биринчиси қирғиз адабиётшунослигининг тамал тошини қўйганлардан бири Ҳалим Аҳмедович Раҳматулин бўлса, иккинчиси унинг укаси, машҳур физик олим, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Халил Аҳмедович Раҳматуллиндир (айтиб ўтиш керак, фамилиясини эшитган одам уларни татар ёки бошқирд бўлса керак, деб ўйлайди. Ундай эмас. ХХ аср бошларида исм-шарифларга қўйиладиган арабча “…ий”, форсийча “…зода”лардан воз кечиб, русча “ин” ва “ов” тарзини қабул қилиш даврида айрим ўзбекларнинг фамилия белгиси ҳам “ин” бўлган). Ҳалим ва Халилнинг фамилиялари “ин” қўшимчасини олиб, Раҳматуллин бўлиб қолди. Қирғиз адиби Қосимали Баялин (кейинроқ – Баялинов)нинг фамилиясига ҳам Бояли, яъни Бой-али исми асос бўлган.

Аҳмад ота Раҳматулло ўғли Тўқмоқ шаҳрида майда савдогарлик билан тирикчилик қилган. Қирғиз адабиётшунослиги ва танқидининг тўнғич авлодига мансуб бўлган Ҳалим Раҳматуллин 1903 йилда 1923-1925 йилларда Тошкентда Ўрта Осиё Давлат университетининг ишчилар факультетида таълим олди ва 1931 йилда мазкур таълим даргоҳининг иқтисодий факультетини битириб чиқди. 1931-1935 йилларда «Кызыл Кыргызстан» газетасининг масъул муҳаррири, 1935 йилдан бошлаб эса Қирғизистон Давлат нашриёти директори, Қирғизистон Давлат пединститутининг ўқитувчиси, кафедра мудири, 1941 йилдан умрининг охирига қадар СССР Фанлар академияси Қирғизистон филиалининг Тил, адабиёт ва тарих институтида катта илмий ходим бўлиб ишлади.

Халим Раҳматуллин адабий-танқидий фаолиятини 1927 йилда бошлаган. Унинг дастлабки асарлари қишлоқ хўжалиги иқтисодиётига бағишланган бўлиб, “Қишлоқ хўжалигига оид ишлар тўғрисида”, “Қишлоқ хўжалиги тўгараклари қандай ишлаши керак?”, “Экин йиғиш-териш ва колхозлаштириш” деб аталар эди.

Бироқ Ҳалим Раҳматуллин адабиётшунос олим сифатида машҳур. У “Манас” эпосига бағишланган бир қанча тадқиқотлари билан қирғиз илм-фанида манасшунослик йўналишини очган кишилардан бири бўлди. Олим “Манасчилар” асарида мазкур йирик эпоснинг кўпгина вариантлари ўзаро қиёсланган бўлса, “Қирғиз совет адабиёти очерклари” (ҳаммуаллифликда) каби салмоқли илмий тадқиқотида қирғиз адибларининг ижод йўли кенг ёритилган. Адибнинг “Манас ва Алмамбет” пьесаси ўз вақтида жуда довруқ қозонган. Халим Раҳматуллин Қирғизистон Ёзувчилар уюшмасининг органи “Ала-тоо” журналининг бош муҳаррири бўлиб ҳам ишлаган.

Марксизм-ленинизм классикларининг бир қанча асарларини қирғиз тилига илк бор таржима қилган одам ҳам Ҳалим Раҳматуллин бўлади. Унинг қирғиз ёзма адабиётининг дунёга келиши ва тараққий этишига оид, “Манас” эпоси ҳақида мақолалари бисёр. Илмий фаолиятида эришган ютуқлари учун Ҳалим Раҳматуллин “Меҳнат Қизил Байроқ” ордени билан тақдирланган. Ёш чоғидан касалликка мойиллиги бўлган Ҳалим Раҳматуллин 1946 йилда Фрунзе шаҳрида вафот этган.

Унинг укаси, оиладаги кенжа ўғил Халил Аҳмедович Раҳматуллин (1909-1988)нинг тақдири янада ажойиб. Унинг туғилишидан сал илгари отаси Аҳмад ака вафот этган эди. Бир неча йилдан сўнг онаси ҳам қазо қилгач, гўдакни тўққиз фарзандли холаси ўнинчи бола қилиб боқиб олади. Ёш Халилнинг илм-билимга қизиқишини, бу борадаги қобилиятини пайқаган поччаси Давлат ака уни математика соҳасига қизиқтириб қўяди.

Халил Раҳматуллин 1925 йилда Тошкент педагогика техникумига ўқишга киради, уни тамомлагач, шу ернинг ўзида дарс бера бошлайди. Айни вақтда Ўрта Осиё Давлат университетининг физика-математика факультетига кириб, 1931 йилда А. В. Луначарскийнинг шахсан аралашуви билан ўқишни Москва Давлат университетига кўчириб олади ва 1934 йилда унинг механика-математика факультетини тамомлайди. 1937 йилда Ф. И. Франкль раҳбарлигида номзодлик диссертацияси ёқлайди ва ўзи битирган механика-математика факультетида ишлайди, МДУнинг Механика институти (1959) асосчиларидан бири бўлади.

1941 йилда Х.А.Раҳматуллин МДУ билан бирга Ашхободга эвакуация қилинди. Бу ерда у “Парашют назарияси” мавзуида диссертация тайёрлаб, уни 1943 йилда ёқлади ва физика-математика фанлари доктори илмий даражасини олди. II Жаҳон уруши йилларида амалга оширган илмий тадқиқотлари учун у МДУнинг М. В. Ломоносов номидаги мукофоти (1945) ва Сталин мукофоти (1949)га сазовор бўлди. 1943 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси таъсис этилгач, унинг ташаббускорларидан бўлган Халил Аҳмедович ЎзФА академиги этиб сайланди.

1947 йилда Москва яқинидаги Калининград шаҳарчасида “НИИ-88” номи билан машҳур бўлган ракета марказида ишлай бошлайди (бу ерда С. П. Королёв конструкторлик бўлимининг бошлиғи, А. А. Ильюшин эса илмий ишлар бўйича бошлиқ ўринбосари эди, Халил Раҳматуллинни айнан Ильюшин бу ерга ишга таклиф этган).

Машинасозлик ИТИда профессор Х.А.Раҳматуллин раҳбарлигида лаборатория шароитида секундига 11 км тезликда парвоз қилаётган космик кемаларнинг атмосферага кириб келишидаги реал вазиятда – 11000 даража иссиқлик шароитида синови ўтказила бошлади.

Бу эса ўша даврда фавқулодда катта илмий янгилик эди. Х.А.Раҳматуллин раҳбарлигидаги мазкур тадқиқот 1974 йилда СССР Давлат мукофотига сазовор бўлди. Олимнинг парашют ускунасини таомиллаштириш соҳасидаги хизматлари ҳозир ҳам катта аҳамиятга эга.

Назарий ва амалий механика бўйича СССР Миллий комитети аъзоси, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, Ўзбекистон ССР Фанлар академиясининг академиги, тўрт марта Ленин ордени соҳиби, Ўзбекистон ССРда ва РСФСРда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби, ЎзССР Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати Халил Аҳмедович Раҳматуллин айни пайтда улкан фан ташкилотчиси ҳам эди. Назарий ва амалий механика бўйича СССР Миллий комитети унинг номида медаль таъсис этгани ҳам унинг илм-фан соҳасидаги хизматлари қай даражада эътироф этилганини кўрсатади. Халил Аҳмедович Раҳматуллин бутун умрини илм-фаннинг энг долзарб, мудофаа аҳамиятига молик масалаларга бағишлади, аэродинамика ҳамда тўлқин динамикаси соҳаларида жаҳон миқёсидаги аллома бўлиб етишди. Унинг бевосита раҳбарлигида 150 киши фан номзоди, йигирма нафар олим фан доктори деган илмий даражани олишга муваффақ бўлган – бу даражада сермаҳсул устозлик фан оламида камдан-кам алломага насиб бўлган.

Ўтган асрнинг олтмишинчи-етмишинчи йилларида Халил Аҳмедович Тошкентга тез-тез келиб турар, ўзбек адиблари ва олимлари билан қалин алоқа боғлаган эдики, шунинг ўзи ҳам унинг ўзбек муҳитига интилиши, кексайган чоғида миллий илдизларидан руҳий-маънавий озиқ олишга интилиши сифатида баҳоланиши керак.

Тўқмоқдан чиққан бундан бошқа таниқли ўзбеклар ҳам анчагина.

Давлатларимиз орасидаги дўстона алоқалар имкониятидан фойдаланиб, «Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти ва “Ватандошлар” жамоатчилик фонди биргаликда Тўқмоқ маҳаллаларидан бири қошида ўзбек адабиёти кутубхонасини очиш ҳамда унинг фондини она тилимиздаги кўплаб китоблар, шунингдек миллий чолғу асбоблари билан тўлиқлаш ниятида.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар