ҚАДРИЯТ 

ЮЗ МАРТА ЭШИТГАНДАН…

                (журналист ён дафтаридан)

Яқинда  Россиянинг Новосибирск шаҳрида бўлиб, у ерда меҳнат қилаётган юртдошларимиз ҳаёти, шаҳарнинг эътиборга сазовор жойлари билан танишиб қайтдим. Қуйида сафар таассуротларидан ҳикоя қилсам.

Кўп малакали мутахассислар, ишга яроқли йигит-қизлар Россия ва Қозоғистонга кетиб ишлаяптилар. Қайсиям йили Россияга бориб ишлашга отланган бир ҳамқишлоғимни кўриб: “Улуш еринг бор-ку, автослесарь бўлгансан, ота-онанг олдида тинчгина ишлаб, рўзғор тебратмайсанми?”, десам, у “Э домла, ёшим қирққа бориб қолди, беш фарзандим бор, олди бўй етяпти. Ўғилларни уйлаш, қизларни чиқариш керак. Тўғри, улуш ерим бор, ҳунарим ҳам ёмон эмас, аммо топганим еб-ичишдан ошмаяпти. Уй қуришим, тўйлар қилишим керак. Бир дўстим беш йилдан буён Россияда ишлайди, қишлоқда катта уй қурди, ўғлини уйлантирди. Ҳозир Россияда оиласи билан тинч ишлаб, яшаб турибди. Худо хоҳласа, учрашамиз, –  дея жавоб қилди.

Ўша йигит кўп ўтмай оиласи билан Россияга жўнаб кетди. Ўзимнинг тўнғич ўғлим Адҳамжон ҳам ўн беш йил Новосибирскда ошпазлик қилди. Турмуш ўртоғи, икки ўғли, қизи ва куёви, набираси ҳам ўша ерда. Ҳар йили ёз бошида қўнғироқ қилиб, “Дада, аям билан бирга келиб, дам олиб кетинглар, қандай яшаётганимизни кўринглар”, – деб таклиф этади.

Уларнинг таклифига биноан аёлим икковимиз Новосибирскка йўл олдик. Ўш аэропортида биз пенсионерларга ҳурмат билан муносабатда бўлиб, ҳужжатларимизни тез расмийлаштириб беришди. “Чингиз Айтматов” деб номланган самолётга ўтириб парвоз қилдик. Самолёт бир маромда учиб, салкам уч соатда Новосибирск аэропортига қўнди. Ўғлим бизни кутиб турган экан, кўришиб, шаҳар марказига йўл олдик.

Куз бўлишига қарамай, бу ернинг ҳавоси худди Ўрта Осиёникига ўхшаб илиқ эди, қуёш чарақлаб атрофга нур сочиб турибди. Шаҳар ҳуснига мафтункор боқамиз. Юз марта эшитгандан бир марта кўрган афзал  деганларидек, шаҳар мен ўйлагандан ҳам чиройли ва озода экан. Осмонўпар бинолар, кенг кўчалар, ранг-баранг гулларга бурканган ҳиёбонлар, бетиним ўтаётган машиналар бу ерга илк бор ташриф буюрган одамни ҳайратга солмасдан қўймайди. Атрофга суқланиб боқаётганимни кўрган ўғлим “Новосибирскни Сибирнинг пойтахти деса бўлади. Аҳоли сони жиҳатидан ҳам Россиянинг энг йирик шаҳарларидан бири ҳисобланади”, – деди.

Шаҳарнинг Калинин майдони ёнидаги ўн қаватли бинодан ўғлим квартира сотиб олган экан. Бу ерда бизни келинимиз Матлубахон невараларимиз билан кутиб турган эди. Соғинишган эканмиз, бир-биримизни кўрмаганимизга анча бўлганлигидан бироз кўз ёши ҳам қилиб олдик.

Дастурхон атрофида ўтириб, уларнинг бу ердаги ишлари, невараларимизнинг ўқишларини суриштирдик. Неварамиз Машҳурбек дадаси ва онаси билан ресторанда ишларкан. Катта неварамиз Манзурахон ҳам куёви билан шу ерда. Уларнинг илк фарзанди шу заминда дунёга келди.

Кенжа неварамиз Моҳирбек Бозорқўрғондаги Макаренко номли рус мактабининг 9-синфини тамомлаб,  Новосибирск тиббиёт коллежини, сўнг Новосибирск тиббиёт  университетини тамомлади. Икки йил Москва шаҳрида ординатурада ўқиб, кўз шифокори бўлди, ҳозир Салехард шаҳрида кўз шифокори бўлиб ишламоқда.

Бир ой давомида шаҳарнинг гўзал жойларини, маданий-маърифий масканларини, кўркам боғларини кўриб роса ҳордиқ чиқардик.

Новосибирск вилояти аҳолиси 2020 йилги рўйхатга олишга кўра 3 миллионга яқин. Шундан 1 миллион 600 мингдан зиёди Новосибирскда яшайди. Шаҳар димланиб оқадиган Обь дарёсининг икки соҳилида қад кўтарган. Мен шаҳарнинг йирик саноат корхоналари, завод ва фабрикалари ҳақида гапириб ўтирмайман, фақат унинг шуҳратини ошираётган соҳалар, ажойиб инсонларни тилга олиб ўтмоқчиман, холос. Масалан, шаҳар зоопарки  ҳақида. Иккинчи Жаҳон уруши даврида Россиянинг Европа қисмида жойлашган зоопарклардан олиб келинган ҳайвон ва жониворлар шу ерда парвариш қилинган. Бунинг натижасида зоопарк худуди кенгайиб, 53 гектарга етган. Ҳозирги кунда зоопаркда умумий сони ўн мингдан ортиқ бўлган 702 турдаги жониворлар парвариш қилинмоқда.

Бу ердаги ботаника боғи ҳам “Марказий Сибирь ботаника боғи” деб аталиб, дунёдаги барча ўсимлик турлари етиштирилмоқда. Ботаника боғида банан, лимон, апельсин, мандарин сингари цитрус дарахтлари ҳам бор экан. Шаҳардан 25 чақирим олисроқда кўрк очган бу боғнинг  ташкил қилинишида Россия фанлар академияси Сибирь бўлимининг академиги, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Михаил Алексеевич Лаврентьевнинг бебаҳо ҳиссаси бор. У умринингт охиригача шу боққа раҳбарлик қилган.

Россияда тўртинчи бўлиб қурилган, Сибирь ўлкасида ягона бўлган Новосибирск  метрополитени 1986 йили ишга туширилган, йўловчиларга 13 та станцияси бор. “Золотая нива” станцияси яқинда фойдаланишга топширилибди. Метрополитеннинг Обь дарёсидан ўтган қисмининг узунлиги 2145 метрга тенг бўлиб, ўз техник ечимига кўра дунёдаги энг ноёб кўприк-иншоотлардан бири эканлигини тушунтиришди.

Шаҳарнинг Россия иқтисодиётида, ижтимоий ва маданий-маърифий ҳаётида муносиб ўринга эга бўлишида шу ерда етишиб чиққан йирик олимлар, санъаткорлар, давлат арбоблари, спортчиларнинг ҳиссаси беқиёс. Уларнинг айримларини тилга олиб ўтсак.

СССР халқ артисти, Арнольд Кац 1956 йили Новосибирск академик симфоник оркестр ташкил этди ва унга 51 йил узлуксиз раҳбарлик қилди.

Россия Медицина Фанлар академияси академиги Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, Ленин мукофоти лауреати Евгений Мешалкин дунёда энг йирик юрак жарроҳлиги марказини ташкил қилиб, минглаб беморлар ҳаётини сақлаб қолди.

Иккинчи Жаҳон урушининг моҳир учувчиларидан бири, уч марта Совет Иттифоқи Қаҳрамони Александр Покришкин ҳам Новосибирскда туғилган. У 156 марта ҳаво жангида қатнашиб, 59 та душман самолётини уриб туширган, ўзи эса бирон марта ҳам ярадор бўлмаган.

Новосибирсклик Александр Карелин юнон-рум кураши бўйича оғир вазнли полвонлар ичида уч карра олимпия чемпиони, ўн марта дунё чемпиони, ўн икки марта Европа чемпиони номига сазовор бўлган. Унга Россия Қаҳрамони унвони берилган.

Россиянинг бошқа шаҳарлари каби, минглаб қирғизистонликларга бағир очган Новосибирск ҳақида яна узоқ сўзлаш мумкин.

Қуйида бир ижодкор сифатида шаҳарни мадҳ этиб қоғозга туширган қалб сатрларимни ҳукмингизга ҳавола этаман:

 

Новосибирск Россиянинг Сибирдаги маёғи,

Бундан яққол кўринади рус ўлкасин ҳар ёғи.

 

Гўзалликда қолишмайди манман деган шаҳардан,

Осмонўпар бинолардир Обнинг икки қирғоғи.

 

Текис, равон кўчаларда юргинг келар ҳавасга,

Кечалар ҳам худди кундуз, порлар минглаб чироғи.

 

Турфа гуллар мафтун этар сочиб ҳар ён ифорин,

Қалбга ором бағишлайди ажиб қушлар сайроғи.

 

Азал қардош ўлкалардан келар қанча муҳожир,

Паноҳ бўлди, иш ҳам берди, кенг очилди қучоғи.

 

Саксон миллат яшар бунда бир-бирига елкадош,

Аҳилликка чорлар мудом Рус ўлкасин байроғи.

 

Инсонлари мўътабардир, донғи кетган жаҳонга,

Ҳисса қўшган юртга улкан, жўшиб илҳом булоғи.

 

Академик Мешалкин топиб юрак давосин,

Ҳаёт бериб не-не жонга, бўлди элнинг ардоғи.

 

Александр Покришкин – моҳир ҳарбий учувчи,

Ер тишлатди фашистларнинг эллик тўққиз учоғин.

 

Академик Лаврентьев мўъжиза боғ яратди,

У бажарган ишларнинг йўқдир асло саноғи.

 

Юзлаб, минглаб фарзандлари шаҳар донғин таратар,

Санайверсам, яхшиларнинг йўқдир асло адоғи.

Мўйдинжон  Абдумажидов,

Бозорқўрғон шаҳри.

боғлиқ хабарлар