ЧИН ДЎСТЛИК
Ёндафтар – журналистнинг доимий ҳамроҳи. Нафақада бўлганим боис гоҳо уларни варақлаб, ўтмиш воқеаларига сингиб кетаман. Дафтарда “Ҳақиқий дўстлик шундай бўлади” сарлавҳали мақолага кўзим тушди. Улуғларнинг бундай дўстлиги кўпчиликка ибрат бўлар деб ўйладим.
“Жалолобод тонги” газетасининг ўтган сонларидан бирида “Қирғиз, қозоқ, ўзбекнинг тўйи” деб номланган мақолада таниқли қирғиз режиссёри Дооронбек Садирбаевнинг “Муҳаббат достони” фильмининг суратга олиниш тарихи баён этилди. Мақолани ўқигач, Дооронбек Садирбаев билан боғлиқ бир хотира ёдимга тушди.

Ноокен туманининг маъмурий маркази бўлган Моси қишлоғига кираверишдаги ўнг томондаги кўча бошида “Д.Садирбаев, Ф.Тўйчиқулов атындагы кочо» деган ёзувни кўраман. Ҳикоямиз ана шу икки таниқли инсон номининг бир кўчага берилиш тарихи билан боғлиқ.
Ака-укалар ҳикояси
Кенг кўча ёнидаги тротуар бўйлаб одимлаб, ҳаётининг сўнгги йилларигача нуфузли хизматларда бўлган Фозилжон Тўйчиқулов хонадонини қийналмай топдим. Дарвоза ёнига мемориал лавҳа ўрнатилиб, унга Ф.Тўйчиқулов сурати қўйилган, ёнида эса “Бул уйдо оз мезгилинин татиктуу уулу Фозилжон Сабирович Тўйчиқулов жашаган” деган ёзув бор.

Хонадон соҳиби, Фозилжон аканинг кенжа ўғли Зафаржонга мақсадни айтсам, “Мен ҳам хабардорман, аммо амакиларим яхшироқ билади. Ҳозир Анваржон амакимга қўнғироқ қиламан, бир пиёла чой ичгунимизча келиб қолади”, дея ичкари бошлади. Ҳовлига кирарканман, ҳар қадамда бир пайтлар шу хонадоннинг файзу барокатини оширган Фозилжон ака ва Мунаввархон опанинг муборак излари борлигини ҳис этиб турдим. Зафаржон билан оилавий альбомлардаги суратларни кўриб турганимизда Анваржон келиб қолди. Анваржон пенсияга чиққунга қадар совхозда, туман партия комитетида ишлади. Бу кўчага икки табаррук инсон номининг берилиши ва улар ўртасида бошланган мустаҳкам дўстлик ришталари хусусида Анваржондан яхшироқ биладиган одам йўқ экан.
– Отамизнинг айтиб беришича, кейинроқ ўзим ҳам гувоҳ бўлганимдек, Фозилжон акам билан Дооронбек оғанинг дўстлиги болалик йилларида бошланган, – деб сўз бошлади Анваржон, – Ўтган асрнинг 40-50-йиллари Моси қишлоғида ягона мактаб бўлиб, унда қирғиз, рус, ўзбек синфлари бор эди. Унинг ўрнида ҳозир Ё.Мирзахўжаев номли мактаб жойлашган. Отамиз Собиржон ака “Москва” колхозининг, Дооронбек оғанинг отаси Садирбой оға эса “Бирлик” колхозининг раислари эди. Улар қалин дўст бўлган, оилавий борди-келдилари узилмаган.
Бир куни Садирбой оға ўғли Дооронбекни ҳам олиб келади. 5-6 ёшли Фозилжон акам тенқури билан ўйнай бошлаганини кўрган Садирбой оға: “Собиржон дўстим, биз иккаламиз қалин дўстмиз, энди шу икки ўғлимизга дуо бериб, қалин дўстлаштириб қўяйлик, токи улар бизнинг дўстлигимизни давом эттирсин”, дейди. Отамиз эса ”Бу гапинг жуда маъқул, дўсти ўзим ҳам шуни айтмоқчи бўлиб турувдим. Сен ичимдагини билиб турасан-да”, дейди. Бу гапни эшитган Фозилжон акам билан Дооронбек ака қўл беришиб, қучоқлашиб, оталарига ҳақиқий дўст бўлиб қоламиз, деб ваъда беришади. Улар туман марказидаги мактабнинг биринчи синфига бирга боришади. Акам ўзбек синфида, Дооронбек оға қирғиз синфида ўқий бошлайди. Улар то мактабни битиргунга қадар байраму турли тадбирларда бирга қатнашар, бир-бирларининг уйларига бориб ўйнашар, Дооронбек оғанинг оиласи яйловга борса, акамни ҳам олиб кетишар, иккаласи ёзги таътилни яйловда биргаликда ўтказган пайтлар бўларди. Эллигинчи йиллар охирида улар мактабни битириб, орзу қилган касбларини эгаллаш учун Фрунзе (Бишкек) шаҳрига бирга жўнашади. Акам университетнинг химия факультетига ўқишга кирса, Дооронбек оға медицина институтининг талабаси бўлади. Аммо у 4-курсдан ўқишни тўхтатиб, янги очилган Қирғиз телевидениесига ишга киради. Пойтахтда ўқиган йиллари ҳам улар бир-бирларини ташламайдилар. Ўқишдан бўш вақтларида учрашиб, муаммоларни бирга ҳал этишган, келажак режаларини тузишган. Акам 60-йиллар бошида университетни битириб, ўзи ўқиган мактабга химия ўқитувчиси бўлиб ишга келди. Икки йилча муаллимлик қилгач, туман таълим бўлимида, кейин туман партия комитетида, Моси қишлоқ кенгаши раиси вазифаларида ишлади. Мустақиллигимизнинг дастлабки ўн йиллигида акам қишлоқ кенгаши раиси бўлиб ишлаган йиллари дўсти Дооронбек Садирбаевнинг номини тирик пайтидаёқ ўзи яшаган кўчага қўйиш учун ҳужжат тайёрлайди ва туман кенгаши тасдиғидан ўтказади. Акамиз 2000 йили вафот этганида дўсти Дооронбек Садирбаев Жогорку Кенеш депутати эди. Таъзия билдириш учун келган Дооронбек оға ҳақиқий дўст эканлигини намоён этиб, ич-ичидан эзилиб, кўз ёшлари сел бўлиб йиғлайди. “Сендек ҳақиқий дўст камдан-кам бўлади. Энг яхши дўстларимнинг бири эдинг, дўстлигимизга доғ туширмай келдик, исминг ўчмайди. Оллоҳ охиратингни обод қилсин”, дейди.
Акам вафотидан бир йил ўтмасданоқ Дооронбек Садирбаев ўзи ҳужжат тайёрлаб: “Менинг исмим ёнида дўстим Фозилжоннинг исми бўлмаса кўнглим тўлмайди, шунинг учун кўча Д.Садирбаев, Ф.Тўйчиқулов номидаги кўча” бўлиб қолади, деб уйларга ёпиштирилган тахтакачларни бошқатдан ёздириб, кўча номи янгиланган куни қўй сўйдирди, элни чақириб эҳсон қилди. Дооронбек оға Фозилжон акам билан ҳақиқий дўстлигини умрининг охирига қадар давом эттирди, акамни хотирлаш маросимларида узлуксиз қатнашиб келди ва 2008 йили вафот этди. Д.Садирбаев оламдан ўтганда уни сўнгги йўлга кузатиш учун биз ака-укалар, ўғилларимиз, у билан қадрдонлашиб кетган ўзбек қардошлар ҳам бордик. Бизни жуда яхши кутиб олишди. Оталари васият қилганларидек, уларнинг мустаҳкам дўстлиги умрларининг охирига қадар давом этди.
Биз Фозилжон аканинг яна бир укаси Эркинжон билан телефон орқали боғланиб, ўз хотираларини гапириб беришини илтимос қилдик.
– Анваржон акам кўп воқеаларни айтиб берган бўлса керак. Мен ҳам ўзим гувоҳ бўлган нарсаларни сўзлаб берайин, – дея гап бошлади Эркинжон, – Бир йили Фозилжон акамиз бетобланиб, Бишкекда даволанганда Дооронбек оғанинг ўзи хабар олиб турган. “Фозилжон касалхонадан чиқса тўғри бизникига келинглар, ош пишириб тураман”, деди Дооронбек оғанинг аёли бизга. Янгамизнинг одамохунлиги, кўнгли очиқлигини таърифлашга сўз тополмайсан. Дооронбек оға акамнинг соғайиб чиққанидан хурсанд бўлиб, бизни роса меҳмон қилди ва яхши тилаклар билан уйимизга кузатиб қўйди.
1995 йили онамиз оламдан ўтганда Дооронбек оға Туркияда экан, жанозага кела олмади. Фотиҳага келди. Домла қуръон тиловат қилаётган эди, Дооронбек оға “Онамиз учун ўзим қуръон ўқиб, ўзим дуо қиламан, деб узоқ бир сурани чиройли тиловат қилди ва онамизни хотирлаб, руҳи покларига шундай яхши сўзларни топиб айтдики, юраклар ларзага келди, кўзларимиз ёшланди. Унинг бу борадаги истеъдодига ҳам тан берганмиз.
1998 йили Фозилжон акамизнинг 60 йиллик юбилейи бўлди. Ўшанда қиш, кўп қор ёққан эди. Жогорку Кенеш депутати сифатида иши кўп бўлишига қарамай Дооронбек оға дўстини табриклаш учун келди. У акамизни табриклар экан, илк болалигидан тортиб то 60 ёшгача дўст сифатида бирга босиб ўтган йўлларини хотирлади ва шундай деди:”Қирғиз ва ўзбек ўртасидаги дўстлик қандай бўлишини кўрмоқчи бўлсанглар биздан ибрат олинглар, биз қирғиз ва ўзбеклар дўстлигининг рамзимиз”.
Дооронбек Садирбаев 1995 йили Жогорку Кенеш депутатлигига номзодини қўйганда Фозилжон акам унинг ишончли вакили бўлди. Дооронбек оға депутат сифатида амалга оширган ишлари хусусида барча янгиликларни акамга етказиб турар ва сайловчиларига “Фозилжон дўстим менинг ишончли вакилим, қаерда учрашув ўтказилса, у менинг номимдан ҳисобот беради, айтилган барча талаб ва истакларни менга етказади”, дея акамга тўла ишонч билдирарди.
Яна бир нарса ҳақида айтмоқчиман. Кўчага Фозилжон акамнинг исми ҳам қўшиб ёзилганда у шундай деган “Дарвозаларга илинган тахтачаларда менинг исмим биринчи турганига ҳайрон бўлманглар. Рассомлар алфавитга амал қилишган”. Дўстига бўлган садоқатини яна бир марта исботлаб, дарвоза ёнига сурати билан қўйилган мармар лавҳани Бишкекда тайёрлатиб келди…
Ўз даврининг муносиб фарзанди
Фозилжон Тўйчикулов 1938 йили деҳқон оиласида таваллуд топди. 1962 йили университетнинг химия-биология факультетини тамомлаб, ўзи ўқиган ўрта мактабда икки йилча муаллимлик қилгач туман таълим бўлимига ўтиб, инспектор, методика кабинети мудири бўлиб ўн йилча ишлайди. Шу давр мобайнида у мактабларда методика кабинетларини ташкил қилиш ташаббусини кўтариб, бу ишга ўзи бош-қош бўлди. Ҳар бир мактабда методика хоналари ташкил этилди. Уларда конференциялар, методик ўқишлар мунтазам ўтказиб турилди. Ўқитувчилар билимини, малакасини оширишга эътибор қаратилди. Билим беришда юқори натижага эришган муаллимлар тажрибаси кенг ёйилди. Туман таълим бўлимининг методика кабинети Ф.Тўйчиқулов ишлаган йиллари вилоятдаги методкабинетлар ичида биринчи ўринга чиқди.
Ф.Тўйчиқулов 1972 йилдан партия ва совет органлари ишига жалб қилинди. Туман партия комитетида инспектор, ташкилий бўлим мудири лавозимларида самрали меҳнат қилди. Ундаги ташкилотчилик қобилияти кўп муаммоларни ҳал этишда муҳим роль ўйнади. 1976 йили у Тошкент шаҳридаги олий партия институтини аъло баҳолар билан тамомлади. Фозилжон ака беш йил туман таълим бўлимининг касаба уюшмалари раиси, ўн йилдан зиёд Ленинжўл қишлоқ кенгаши раиси, Ё. Мирзахўжаев номли мактаб директори лавозимларида ишлаганда ҳам ўз олдига қўйган вазифаларни сидқидил адо этди. Мустақилликнинг илк йиллари туман ўзбек миллий-маданий марказининг ташкилотчиси бўлиб, унинг президентлигига икки бор сайланди ва халқларимиз ўртасида дўстликни, ўзаро аҳилликни, бир-бирига ишончни оширишга катта ҳисса қўшди.
Фозилжон аканинг таълим, партия ва совет органларидаги 40 йиллик фидойи меҳнати муносиб баҳоланди. У бир неча марта депутатликка сайланди. “Шавкатли меҳнати учун” медали билан тақдирланди. Касаба уюшмаларининг кўплаб фахрий ёрлиқларини олиб, исми Қирғиз Республикаси Касаба уюшмалари федерациясининг фахрий китобига ёзилди.
Жонажон дўсти Дооронбек Садирбаев айтганидек, Фозилжон Тўйчиқулов қайси соҳада бўлмасин, ташкилотчилиги, билимдонлиги, одамларга нисбатан самимийлиги билан ажралиб турар эди. Бундай олижаноб кишилар миннатдор авлодлар қалбида яшайверади.
Мўйдинжон Абдумажидов,
Бозорқўрғон шаҳри.
