ҲИММАТ МИННАТСИЗ БЎЛСИН
Бировга ёрдам қилиш – савоб. Бироқ у фисабилиллоҳ бўлса, қанийди. Аммо бадбин одам миннат қилади. Ёрдам-яхшилигини юзингизга солавериб, жонингизни халқумингизга келтиради. Қайтиб шу кишига йўлиқсам, фалон бўлай, деб қасам ичиб юборасиз. Миннатли ошдан беминнат мушт яхши-да.
Тўқсонинчи йилларнинг ўрталари. Йўқчиликдан бир киши фермер қариндошининг олдига минг андиша билан буғдой сўраб борибди. Одам кўп экан. Фермер бой бироз пешонаси тиришиб, ўйлабди. Сўнг гумаштасига қараб, “Ҳой Акбарали! – дебди ҳаммага эшиттириб. – Мана бу Райим акани танийсан-а, менинг жигарим бўлади. Бу киши буғдой сўраб келибди. Бола-чақаси овқатдан қийналиб, оч ўтирган эмиш. Бир халта буғдай бериб юбор! Қопни яхшилаб тўлдир, босиб-босиб солиб бер, хўпми!”
Қариндош бечора, эл ичида адою тамом бўпти. Буғдой пахта ё хашак эмаски, қопга “босиб-босиб” солинса. Бу, яна қайтиб сўраб келма, дегани-ку!
Феъл-атворларимиздаги қай бир шунақа бўлмағурликларга барҳам беришга асқотармикин, деган умидда баъзи мулоҳазаларни айтиб кўрсам.
Намоз ўқиш, рўза тутиш эзгу амал. Бироқ таҳоратга бир бочка сувни исроф қилиш – исроф, эл назарида жойнамоз ёзиб, қироатини келиштириш – риё. Ундан кўра, кишибилмас таҳорат олиб, ўзингиз эшитарли қилиб намоз ўқиш афзал. Рўзадор одам ҳам оғзи берклигини пеш қилабермай, сабру таҳаммул билан тутгани чиройли.
Худди шу каби, савоб ишнинг ҳам махфийси яхшироқ. Ахир оталаримиз, ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин, деб ўргатмаганми эдилар? Бировга яхшилик қилиб, уни элга дўмбира чалиб айтиб юриш савоб ишлар челагининг таги тешилиб қолишига олиб келар, дейман?
Ажойиб ёзувчи Ўткир Ҳошимовнинг бир ҳажвий ҳикояси бор: касабақўм раиси ходимни чақириб, қайсидир тадбирга пул кераклигини, унинг йўли – моддий ёрдам сўраб ариза ёзиш эканини айтади, шу аризани сиз ёзиб берақолинг, деб ўтинади. Ходим кўнади, моддий ёрдамга деб олинган пул ташкилотнинг эҳтиёжига ишлатилади. Кейин эса… “ажойиб кунларнинг бирида” ҳисобот йиғилишида бу кишига даволаниш учун пул ажратилгани, янаги сафар уйига ўт тушгани учун кўмак берилгани, яна бир мажлисда эса тағин бир эҳтиёжига мадад қилингани айтилади. Ходим дод деса ҳам, фарёд чекса ҳам нафи йўқ, моддий ёрдам беринглар, деб ўзи ариза ёзган…
Ана шунинг отини миннат дейдилар.
Мактаб вақтимизда ғалати бир одат бор эди. Бу энди, олтмишинчи йиллар боши. Отаси урушдан қайтиб келиб беш-ўн йил яшаган, аммо жароҳати туфайли ўлган айрим ўртоқларимизга ҳукумат ҳар йил кузда этик, фуфайка ва телпак ажратар, бу гап “сбор”да тантанали эълон қилинар, бола совғани даврага ўртасига чиқиб, директор қўлидан олиши керак бўларди.
Ўртоқларидан уялиб турган бола ўртага чиқишга унамас, иложи бўлса, аллақаёққа қочиш учун юлқинар, аммо синф раҳбарининг топшириғи бўйича тайёр турган уч-тўрт ўқувчи уни маҳкам ушлаб, ўртага тортиб чиқарарди. Олмайман, деса ҳам қўярда-қўймай, унга “совға” тутқизилар, камига яна “партиямизга раҳмат!” деб айтиш талаб қилинарди.
Биз бола эдик, ўсмир ўртоқларимизнинг ғурури синдирилаётгани хаёлимизга ҳам келмас эди. Ўша дамларда уларнинг дили қанча жунбушга келган, қанчалар вайрон бўлган экан, деб ўйлайман ҳозир. Ўша кийимларни синф раҳбари ҳечкимга кўрсатмай, ҳечкимга айтмай, ўқувчининг уйига олиб бориб бериб келса бўлмасмиди? Бола эртасига уларни кийиб ясаниб, бир шодлиги ўн бўлиб мактабга кириб келар эди-ку?! Ҳа, замон оғир бўлса, миннат кўпаяркан. Ўша кийимлар – ҳукуматнинг гўдакларга миннати эди.
* * *
Биз миннат қилмай тура олмаймиз. Гоҳо, миннат қилиш учунгина яхшилик қиламизмикин, деб ҳам ўйлайман.
Баъзилар бир яхшилиги ўн бор айтилиб, элга довруқ бўлишини истайди. Ёдингиздами, йигирма йиллар аввал тўй қилиб бериш урф бўлди. Туман ҳокимлиги, ё қайсидир тадбиркор ўнта йигитни уйлантириши, ёки бирон ўттиз болани суннатга ётқизиши авж олди. Ўша видеоларни қарасангиз, ўн нафар куёв тик турибди, ўн келин ҳарёққа эгилиб “салом” қилаётир, бошига салладўппи кийдирилган ўттиз болакай жавдираб боқади… бироқ диққат марказида – турмуш қураётган ёшлар эмас, бой ота, у мухбирлар тутган микрофонга савоб ишлари ҳақида гапириб чарчамайди.
Аммо… бировнинг пулига уйланаётган йигитнинг боши эгилиб қолишини ўйламаймизми? Бу нарса бир умр армон бўлиб қолади-ку, кишининг дилида. Келиннинг олдида ҳам сўзи ўктам бўлмайди.
Ҳар бир камбағал ҳам тўй қилиб оила қуришини, бу аснода ҳеч кимнинг инсонлик шаъни ҳам заха тортиб қолмаслигини ўйласангиз, атаган пулингизни олиб, маҳалла раиси билан бирга ўша куёвболанинг, ўша келинпошшанинг уйларига тўй олдидан боринг, қўлларига бериб, бахт тилаб қайтинг. Бу пулни қалин қилиб берадими, ё бошқами, ўзи билсин. Катта бўлмаса кичикроқ тўй ўтказсин. Ҳар бир киши, ҳатто жуда қашшоқ бўлса ҳам, ўзи тўй қилиб уйланмоғи – суннатдир. Ўзи тўй қилиб уйланган йигитнинг обрўйи ҳам жойида қолади. Сиз эса, панада туриб, унга ҳисса қўшинг. Мана шу – энг олижаноб эҳсон бўлади. Бу одам яхшилигингизни асло унутмай, дил қатида сақлайди. Ақиқа, ё суннат тўйими қилишга имкони йўқлар ҳам мададингиз билан қад тиклайди, юрт олдида юзи ёруғ бўлади.
Хўш, яхшилигингизни унутсалар-чи? Унақалар ҳам йўқ эмас, ахир.
Унда, қайтанга яхши. Эҳсонингиз махфий – энг эзгу эҳсонга айланади (яхшилик қил, дарёга ташла, балиқ билади, балиқ билмаса, холиқ билади). Имони бут одам шундай ўйлайди, яхшилик қиладиган бўлса, уни чўтга солиб ҳисоблаб, санаб юрмайди, яратган эгам асло унутмаслигига имон келтирган.
* * *
Тўй икки ёш олдига мсъулият юклайди, шунинг учун тўй тантанали қилиб нишонланади. Куёв ҳам, келин ҳам, лотореяга ютгандай текин тўйга эга чиқса, унинг қадрига етадилар, деб масалан мен, ишонмайман. Осон уйланиб олган йигитда оила масъулияти камроқ бўлади. Чунки ёнидан бир сўм ҳам сарф қилмаган-да.
Бир куни хонамга санамараста бир қиз кириб келди. Чиройини кўрган одамни шошириб қўядиган даражада, бошида қаймоқранг шляпа, хуллас, энг “замонавий” гўзаллардан бири. Аммо бамаъни, ўқимишли қиз бўлиб чиқди. Оила муаммолари бўйича илмий иш қилаётган экан. Шундай илғор қизга мен ўтакетган қолоқ бир саволни бердим:
– Мана, айрим вилоятларимизда ҳали ҳам қалин бериш одати йўқолиб кетмаган. Бошқа баъзи халқларда эса оила қуриш учун қалин бериш шарт. Сиз илмий ишингизда шу масалани ҳам ўртага қўядиган бўлсангиз, қанақа муносабат билдирасиз?
– Қалин керак нарса, – деди кутилмаганда бу “ультрамодний” қиз. – Қалин берилиши керак.
– Ия, нега?
– Асосий мақсад оила аҳил-тотувлиги-ку! У мустаҳкам бўлиши учун нима лозим бўлса, маъқуллаш керак. Гап шундаки, бу нозик психологик ҳолат: қиз ўзининг “сотилган”лигини билса, янги хонадондаги тутумларга тез ўрганади. Одамлар фарзандини сотмаган, балки ана шу йўл билан уни янги турмушга кўниктирган. Шунинг учун, озгина бўлса ҳам, қалин бўлгани яхши, домла. Ҳеч кузатганмисиз, қайси халқларда қалин бериш анъанаси сақланган бўлса, уларда ажралиш анча кам…
Мен бу қиздан кескин рад жавобини кутган эдим, аммо гапларини эшитиб, мулоҳаза қилиб кўриб, отангизга раҳмат, балли, дедим.
Аслида, оила қуриш ҳеч қачон осон иш бўлмаган, уни бундан буён ҳам жўнлаштирмаслик керак. Ғафур Ғулом ёзган эди:
Муҳаббат сурмасин қўшни қизига
Олиб беролмасдан умрда бир бор,
Юзинг ҳасратида ҳатто кўзига
Ўргимчак ин қўйган йигитлар ҳам бор…
Қаранг, йўқчилик боис, не-не йигитлар уйлана олмай, дунёдан ёлғиз ўтган экан! Мен эса, ҳозир осон оила қурганларнинг – кимдир уйлантириб қўйганларнинг неча фоизи аҳил-иноқ яшаётганини билгим келади (дарвоқе, бунақа статистика юритилмайди-ку). Илоё, ҳаммаси қўша қарисин.
Шунча одамга тўй қилиб берди, мунча ёшнинг бошини қовуштириб қўйди, деган гап билан эл олдида донғ таратиш орзусидан воз кеча оламизми? Ҳимматимизни яширин равишда қилиб, никоҳ тўйи олдидан ўша оилага бир қадар маблағни инъом этсак, қандоқ ярашади!
* * *
Энди азадорлик ҳақида. Бугун айрим мулла акалар, исломда аза уч кун холос, “учи”, “еттиси”, “қирқи” деган нарсалар умуман йўқ деб, элни ҳар хил маросимлар ўтказиш ташвишидан фориғ қилишяпти. Албатта, бу яхши. Ахир, ёдингизда бўлса, илгари хонадонда бир йил аза тутилар, оила аъзоларининг бир йил умри ғамбодалик билан ўтиши одат эди.
Аммо бидъатни тарк этиш, қутулишга вақт керак. Мусулмончилик астачилик, деганлар-ку. “Отанг ўлганига ҳафта ўтди, азани йиғиштир”, десангиз қўпол туйилади. Шунинг учун, биз ҳамма соҳада арабларга таассиб қилиб, узун хотинкўйлак кийиб, бошга рўмол ёпишимиз шарт эмас, шундай удум-таомилларимиз борки, араблар биздан ибрат олса чиройлироқ бўлади.
Марҳумлари ёд этиб туриш, уларга атаб дуо-фотиҳалар қилиш, болаларига улар ҳақида сўзлаб бериш ана шулардан бири.
Ҳа, аза уч кун. Бундан мақсад одамларга енгиллик яратишдир. Лекин бу, ўлди-ўчди, уч кундан сўнг азани тарк эт, дегани эмас. Инсоннинг қадри улуғ, у дарров унутилмаслиги эса инсоний бир фазилат. Отаси вафот этса-ю, ҳафта ўтмай ўйнаб-кулиб юра берса, бу ўғилнинг кўнгли тошдай эканини кўрсатади, холос. Бу борада ҳам пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзи бизга ибрат. Расулуллоҳ Мадинага сафари чоғида онаси Омина бинт Ваҳбнинг қабрини зиёрат қилган. Бу воқеа Макка фатҳидан олдин эди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам онасининг қабрини зиёрат қилди ва йиғлади, атрофларидагиларни ҳам йиғлатди…» (Имом Муслим ривояти). Бу пайтда Расулуллоҳнинг онаси вафот этганига 42 йил бўлган эди. Кўрамизки, ўлимнинг мусибати, орадан шунча йил ўтса ҳам, кўнгилдан кўтарилмас экан.
Банда, куни битгач, омонатини топширади. Энг яқин одамингиздан ажраб, ўлимнинг зилдай юки елкангиздан босиб турган оғир бир пайтда тумонат одам жаноза ўқиш учун уйингизга келади. Нима муносабат билан бўлса-да, шунча меҳмон бор – чалғийсиз, ғамингиз бошқа ташвишлар билан алмашади. Уч-тўрт кун келди-кетди бўлади: изтироб ичида қолиб кетмайсиз. Бир-икки ҳафта ўтиб, маърака қилсангиз, яна шунча одам ғуборингизни олади. Сўнг ҳайит-арафалар, йил ўтади… билиниб-билинмай кўникасиз.
Одамнинг тафтини одам олиши шу. Аммо “йўқот, керак эмас”, дейдиган донолар буёғини ўйламайди. Марҳумнинг руҳига бағишланса-да, овутишларига, таскин беришларига ҳам эҳтиёж бор-ку, ҳар кимнинг дилида?
Бир неча одамни таклиф қилиб, олдига бир товоқ ош қўйиб, марҳумнинг яхши ишларини бирга эслаб, пировардида улардан бир ҳовуч дуо сўраганнинг нимаси ёмон?
Дин йўли таъқиқ эмас, тарғибдир. “Сенларнинг қўлинг қисқа, шароитинг маълум, шунинг учун эҳсон қилмайсан, дуойи фотиҳа қилиб ўтирсанглар етади”, деб таъқиқлаш – энг қўполи. Чунки камбағал одам номусли бўлади, ҳатто сағир болалари қолган бўлса ҳам, кичикроқ бўлса-да эҳсон қилгиси, савобини бағишлагиси келади. Ғалати-да: бойроқ одам худойи қилса, ҳамма ёқлайди, қўли юпқароқ одамга эса “тек ўтир!” дейдилар. Ҳатто бир домла ўлик чиққан хонадондаги эҳсонда ваъз айтиб, “бу уйда норасидалар бор, ошни еманглар!”, дебди. Хўш, бунча тайёр ошни кейин ким ейди, ё итга ташлайдими? Умид билан дастурхон ёзган уй эгалари не ҳолатда қолади? Ундан кўра, эҳсондан олдин ё кейин имкони бор одам елкадошлик йўсинида, бировга кўрсатмай, хонадон эгасига озроқ пул берса, чин инсонийлик бўлмайдими?
Тўғри, ишхоналарда ҳамкасблар бундай пайтда пул йиғишади. Аммо у оз бўлади, номига бўлади. Тўйга тўёна бериш одатимиздан воз кечсак, унинг ўрнига таъзия чоғида энг яқинлари атаганини бериб, соҳиби азанинг ташвиши юкини кўтаришиб, унинг ёнида тургани яхши эмасми, деяпман.
Боягидай, марҳумнинг руҳига атаб қилинадиган худойига кириб, ҳеч нарса емай чиқиб кетишда эса ҳеч қандай фазилат йўқ. Атайин таом тайёрлабди, ҳурмат қилиб чақирибди – еб-ичинг, пировардида (имконингиз бўлса) қўлига бир нима қистириб чиқиб кетинг, шунда бир енгил тортасиз…
Бир ўртоғимиз қўққисдан вафот этди. Ҳатто бир соат аввал ҳам тетик турган, аллақаерга бориб келган экан. Бутун хонадон саросимада. Ёлғиз ўғли Россиядан етиб кела олмади. Яхшиям эл бор, ўша куннинг ўзида, шомдан сўнг дафн қилдик. Гўристондан қайтаётиб, қоронғуда марҳумнинг куёвига бироз пул бердим. “Ҳамма нарса етарли, раҳмат”, деганига қўймадим. Шароитларини сал-пал билардим.
Мен бу гапни, миннат қилиб айтаётганим йўқ. Ғалати-да, тўйга тўёна олиб борамиз. Ҳолбуки, тайёргарлик кўриб бўлгач тўй бошлайди киши. Уни бир ойдан кейин ҳам ўтказиш мумкин. Ўлим эса – ногаҳоний ҳодиса. Жанозаю дафнни кечиктириб бўлмайди. Шунинг учун аза эгаси шошиб қолади. Ана ўша пайтда унинг кўнглини тўқ қилиб қўйганга нима етсин?
Ўн йилча бўлиб қолди, ёзувчи Тоҳир Малик неварасини турмушга узатиб, элга ош берди. Одам тумонат. Аммо Тоҳир ака, ҳеч кимдан тўёна олмайман, деб айтди, ким узатса, кескин рад этди.
Шундай улуғ ёзувчи бу ишни бекорга қилмайди. Ўшандан кейин мен ўйлаб қолдим: тўёна олиш-бериш замони ўтиб кетмадими? Тўёна қилиб ёрдамлашишга эҳтиёж борми? Ҳозир ҳеч ким қарзга тўй бошламайди. Шундай экан, тўйга тўёна ташвишини қилиб борманг, “менга қанча берувди экан?” деб пешонангиз тиришиб ўйланманг. Ўйнаб боринг, яйраб қайтинг.
Ёмони, беш йил аввал тўйда ким қанча берганини эслашингиз қийин. Берганнинг эсида туради, олганнинг эмас. Паришонхотирлик қилиб, озроқ қайтарган, бунинг учун миннат эшитиб, бўлари бўлиб қолган одамларни ҳам кўрганмиз. Қаранг, бу тўёна эмас экан, эҳсон ҳам эмас экан, қарз экан, холос! Нега бировга, истамаса ҳам, илжайиб туриб қарзга пул берасиз? Тўёна бўлса, ўша пулдан воз кечиб тақдим этинг. Эҳсон деб берсалар, тўёна олинг.
Йўқса, унинг таънаси бошингиздан кириб, товонингиздан чиқиб кетади! Миннатини эшитгулик қилмасин!
Зуҳриддин Исомиддинов
