ҲАЁТИ ЎРНАК
Бу йил июнь ойида Иккинчи Жаҳон урушининг бошланганига роппа-роса 85 йил бўлади. Эрк, озодлик учун тўрт йилга яқин давом этган бу урушда миллионлаб бегуноҳ инсонлар қони тўкилди, миллионлаб жангчилар олган жароҳатлари сабаб умрининг охирига қадар азоб чекиб яшади. Уларни хотирлаш, ҳақларига доим дуода бўлиш биз – тирикларнинг бурчимиз.
Ҳар гал Бозорқўрғон туман марказий майдонидан ўтар эканман Усан Сидиқов номидаги кўркам истироҳат боғига кираверишга қўйилган, юртнинг муқаддас тупроғини азиз билган ва уни озод ва обод юртга айлантириш, бугунги тинч, фаровон ҳаётимизга замин яратиш йўлида фидойилик кўрсатган инсонларнинг ҳайкалларига меҳр ва ҳавас билан тикиламан. Саккиз нафар Социалистик меҳнат қаҳрамонлари ичида энг оз – ярим асргина умр кўрган бўлса-да, юртимиз ривожига катта ҳисса қўшган Асан Шерқулов ҳаётига назар ташладим.
Асан Шеркулов Бозорқўрғон туманининг тоғли худудида жойлашган, ям-яшил ўтлоқ ва ўрмонган бурканган Чкалов қишлоғида таваллуд топди. Мусаффо ҳаволи бу қишлоқ ёнидан оқиб ўтган Қораунгур сойи соҳилларида, юқорироқдаги ўрмонзорларда мол-қўйларни боқиб вояга етган Асан қишлоғидан олисдаги мактабда билим олиб, йигирма ёшида комсомол ташкилотига котиблик қилди. Ўша даврда саводлилар жуда оз бўлгани боис у мактабда муаллимлик қилиб, жамият учун кадрлар тайёрлашга ҳам билим ва кучини аямади.
Ўтган асрнинг 30-йиллари охири жуда ташвишли келди. Мамлакат юксалиши учун қийинчилик ва етишмовчиликларга чидаб, билим ва кучини аямай меҳнат қилаётган бегуноҳ зиёлиларни қатағон қилиш бошланди. Асан Шерқулов ўша йиллари Олой райони партия комитетининг биринчи котиби эди. 1942 йили кўплар қатори немис-фашистларга қарши курашиш учун жанг майдонига йўл олади. У Ленинград шаҳрини озод қилишда жасорат кўрсатади ва ғалабани Польшанинг Шецин шаҳрида қарши олади. Уруш тамом бўлгач, жанг майдонида ўзини кўрсатган мард ва баҳодир йигитлар сафида Япония билан бошланган урушда ҳам қатнашади. Ўша йил кеч кузда жанг майдонидан қайтган Асан ўзи туғилиб, вояга етган Чкалов номли колхознинг раислигига сайланади. Албатта, урушдан кейинги йиллар жамоа хўжалигини бошқариш осон кечмаган. Қишлоқда яшаш оғир, озиқ-овқат камлигидан аҳоли жуда қийналган эди. Қолаверса, тоғли зонадаги бу колхозда суғорма ерлар оз бўлган. Шу боис Асан Шерқулов чорва молларини кўпайтиришга, уларга ем-хашак жамғаришга алоҳида эътибор қаратади. Чорвадорлар меҳнати рағбатлантирилиб, яшаши ва ишлаши учун қулай шароитлар яратила бошланди. Айниқса, йилқичиликни юксалтиришга, олинган қулунларни сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратилди. Икки-уч йил орасида хўжаликда чорва туёғи аввалгига нисбатан икки баробар кўпайди. Ҳар 80 та биядан 78 та қулун олиниб, уларни тўла сақлаб қолишга ҳаракат қилинди. Суғорма ва қайроқи майдонларда буғдой, маккажўхори, арпа ҳосилдорлиги ошди. Колхознинг иқтисодияти мустаҳкамланиб борди. Хўжалик ишлаб чиқаришини юксалтириш ва чорвачиликда эришган ютуқлари учун 1948 йил 15 сентябрда СССР Олий Совети Президиумининг Фармони билан Асан Шерқуловга Социалистик Меҳнат Қаҳрамони унвони берилди.
Асан Шерқулов умрининг охирига қадар Бозорқўрғон туманидаги Могол қишлоқ кенгашининг раиси бўлиб ишлади. У 1955 йили юрак хуружи туфайли оламдан ўтди. Умр йўлдоши Анаркан эжа партия аъзоси бўлиб, кутубхонада ишлаб, элга зиё таратса, ўғли Жолборс педагоглик касбини эгаллаб, партия ва совет органларида ишлади, қизи Қорасоч халқ таълими соҳасида меҳнат қилди. Улар ҳам ҳаётлик чоғларида ўз касбларида меҳр-муҳаббат билан ишлаб, ўз соҳасининг ривожига муносиб ҳиссаларини қўшиб, катта обрў-эътибор эгалари бўлишди. Ҳозирги кунда Асан аканинг ўғли Батирбек Бозорқўрғон туман солиқ инспекциясида ишлаб дам олишга чиққан. Батирбек ана шундай қаҳрамон отанинг фарзанди бўлганидан ва отаси ўз даврида таниқли инсонлар билан ёнма-ён ишлаганидан фахрланади.
Асан Шерқулов ўз даврида давлатчилигимизни мустаҳкамлаш учун фидойилик кўрсатган Тўрақул Айтматов, генерал Эргаш Алиев, Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари Қудайқул Абдураимов, Ахун Тариқчиев, партия ва совет органларида ишлаган Капар Қултаев, Сейит Айтимбетов каби замондошлари билан хамфикр бўлиб меҳнат қилган. Ана шу таниқли инсонлар ва мамлакат учун ниҳоят оғир йилларда сабр-бардош билан машаққатларни енгиб, Қирғизистонимизнинг юксалишига пухта замин яратган ва улкан ҳиссаларини қўшган ота-боболаримиз, опа-сингилларимиз бугун орамизда йўқ. Уларга дилдан ҳар қанча олқиш айтсак, таъзим қилсак ҳам оз. Оллоҳдан уларнинг охиратини обод этишини, жаннатидан жой беришини ҳар ибодатимизда сўраймиз.
Мўйдинжон Абдумажидов,
Бозорқўрғон шаҳри.
