ҚАДРИЯТ 

УМР  ТУГАБ  ҚОЛМАСДАН БУРУН…

Кўп йилларки, Бозорқўрғон шаҳрининг Бобур участкасида бир гуруҳ собиқ синфдош ва тенгҚУРлар, меҳр кўзда деганларидек, ҳар ойда бир пиёла чой устида гурунглашамиз, бир-биримиздан ҳол-аҳвол сўраймиз, керак бўлса моддий ва маънавий жиҳатдан ёрдамлашамиз.

Улуғимиз тўқсонга яқинлашса, кичикларимиз етмишдан ошиб саксонни кўзлаётган, ўз даврида турли касб эгалари бўлиб, юртимизнинг юксалиши ва фаровонлиги учун танлаган соҳаларида самарали меҳнат қилиб, бугун Оллоҳга шукроналар айтиб кексалик гаштини суришмоқда. 85 ёшли Тиркашбой Сотволдиев нафақага чиққунга қадар хўжаликлараро мелиоратив отряд (ММО) раҳбари бўлиб ишлади ва жамоаси вилоятда минглаб гектар ерларни ўзлаштириб, суғорма майдонга айлантирди. 86 ёшли Эркин ҳожи Исмоилов жўрамиз колхоз даврида механизаторлик қилди ва терим машиналарида мавсумда 200 тоннага қадар пахта терди, вилоят кенгаши  депутатлигига ҳам  сайланган. Бу дўстимиз яқинда Оллоҳга омонатини топширди ва кўзларимиз жиққа ёшга тўлиб уни сўнгги йўлга кузатдик.

Шунингдек, Маъруфжон Раҳмоналиев, Тоҳиржон Муллажонов, Зайнобиддин Соипов каби қарияларимиз ҳам севган касбларида меҳнат қилиб, иззат-икром билан пенсияга чиқиб, кексалик гаштини суришмоқда. Жўраларимизнинг ярми дунёдан ўтиб кетди, аммо уларнинг ўғиллари оталаримиз ўрнини совутмаймиз, дўстларининг панду ўгитларини тинглайлик, сизлардек ёшларга етайлик, дейишиб сафимизга қўшилишган. Биз қариялар ота-боболаримиздан қолган силаи раҳмни унутмаган ҳолда бир-биримизга меҳр-оқибатда бўлиб келяпмиз. Шукрки, ўғил-қизларни вояга етказиб, уларни истаган жойларидан уйладик, қизларни оқибатли жойларга узатдик. Набиралар, хатто чеваралар тўйлари бошида туриб, эл-юртга ош тортдик. Бугунги дориломон кунларга етганимиз, юртимиздаги фаровонлик ва тинчлик учун Оллоҳга беадад шукроналар айтиб, ўзимиз учун ҳам яшайдиган давр келганини ҳис этган ҳолда, умр тугаб қолмай туриб ҳар йили ёз ойларида юртимизнинг гўзал жойларини томоша қиляпмиз, оромгоҳларда дам олиб келяпмиз.

Туманимизнинг энг табиати гўзал гўшаси Арслонбобни ҳар йили бир неча бор зиёрат қилиб келамиз. Шу билан бирга “Саёҳат – танга роҳат” деганларидек бепоён юртимизнинг олисроқдаги сўлим масканларини кўришга аҳд қилиб, яқин йилларда Иссиқкўл оромгоҳларида мароқли  дам олганимизни ҳеч унутмаймиз. Айни ёз ўртасида республикамизнинг гавҳари, ўхшаши йўқ Иссиқкўл  соҳилларига йўл олдик. Ҳайдовчимиз Абдуманноб Умрзоқов бошқарган “Истана” русумли микроавтобус Норин соҳиллари бўйлаб енгил учиб боради. Жиловланган Норин ювош тортиб, Учқўрғон, Шамоллисой, Тошкўмир, Курпсой, Тўқтағул  ГЭСлари  турбиналарини айлантирмоқда. Атрофдаги пурвиқор тоғлар, яшил арчазорлар, кўм-кўк яйловларга боқиб, баҳри-дилимиз очилади. Чичқон дарасига етганда дарё соҳилида  ўзимиз олволган қозонда палов тайёрлаб, маза қилиб едик. Қарийб 70 чақиримга чўзилган Сусамир воҳасида чорва ҳайвонларининг яйраб ўтлатаётганини, йўл бўйларига бўз уйлар қурилиб, қимиз, қуртоб, сариёғ, асал савдоси қизитиб юборилганини кўрдик. Йилқибоқарлар тайёрлаган қимиздан роҳатланиб ичдик, дўстлар орттирдик. Туяошув довонида бироз тўхтаб, бир пайтнинг ўзида учта фасл – қиш, баҳор, ёзни кузатдик.

Иссиқкўлга етгунча шу нарсага амин бўлдикки, табиатнинг гўзаллиги, мафтункорлиги борасида  Қирғизистонимиз энг гўзал юртлар қаторида тураркан. Бишкекдан то Балиқчи шаҳрига қадар чўзилган қарийб уч соатлик йўл жаҳон талаблари даражасида экани бизни қувонтирди. Балиқчи ва Чўлпонота шаҳри оралигидаги йўлда ҳам машиналар роҳатланиб юрмоқда. Йўл – давлатнинг юзи, дейилади. Қайсики юрт йўллари равон, талабдагидек экан, ўша жойда ривожланиш, маданият юксак бўлади. Сўнгги йилларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари юртимизнинг эртаси  порлоқлигидан далолатдир.

Жўраларимиз мириқиб дам олиш учун муносиб масканни топиш ниятида “Барака”, “Саяқат”, ”Нептун”, “Салемар”, “Тулпор”, ”Орбита”, ”Гулқайир”, “Олатов”, “Қирчин”, “Архитектор” каби санаторий, пансионат ва дам олиш уйларини бориб кўришди. Аммо улардаги баҳонинг юқорилиги жўраларни қониқтирмади. Ниҳоят, Чўлпонота шаҳридан нарироқдаги Комсомол қишлоғида Ўмурбек Сақиев деган меҳмондўст замондошнинг уйидан қўним топдик. Икки кишилик хоналарда зарур шароитлар бор экан. Ўзимиз истаган таомларни пишириб едик. Уч кун давомида илиқ Иссиқкўлда маза қилиб чўмилиб, қайиқларда суздик. Қоракўл шаҳрига бориб, кўл соҳилидаги Пржевальский музейини, Чўлпонотада Чингиз Айтматов номидаги “Руҳўрда”ни, отчопарни томоша қилдик. Кўллик биродарлар билан суҳбатлар қуриб дўстлашдик, улар эшигимиз сизлар учун доим очиқ, ҳар йили келиб дам олиб кетинглар, дея яхши тилаклар айтишди.

Айрим жўраларимиз бу ерларни биринчи бор кўришаётгани учун келганларидан жуда мамнун бўлишди. Иссиқкўл саёҳатидан кейин Новқат туманидаги Саҳоба қишлоғини, Ўш шаҳридаги Сулаймонтоғни, тоғ тепасидаги “Оқ уй”ни зиёрат қилиб келдик.

Бир олам таассуротлар билан уйга қайтдик. Бу каби саёҳатлар, зиёратлар аввало юртимиз ҳақида тасаввуримизни кенгайтирса, иккинчидан, кўнгилларимизни равшан қилиб, саломатлигимизни мустаҳкамлайди. Кейинги йиллари саёҳатларни давом эттиришни ният қилдик. Мен жўра дўстларимга  уларга атаб ёзган қуйидаги шеъримни ўқиб бердим.

Тенгдошларимга

Жам бўлса гар жўралар, тор хона ҳам кенг экан,

Ёшидан қатъи назар, гап-ҳазилда тенг экан.

 

Дастурхонда хилма-хил нозу неъмат мунтазир,

Олинг-олинг дейишиб, энг сарасин енг экан.

 

Даврада ширинсўзлик, ўзаро ҳурмат ҳоким,

Ташвиш-ғамдан мосуво дил мусаффо тонг экан.

 

Авж олар ширин суҳбат, аския, ҳангома ҳам,

Кулгидан яйраб тана, иштаҳа наҳанг экан.

 

Ўтди бошдан не кунлар, сабр қилдик барига,

Ўғил уйлаб, қиз бериб, энди хўп яйранг экан.

 

Кексалик даврин бериб, эл аро азиз қилган,

Оллоҳимга ҳамд-сано, шукроналар денг экан.

 

Бебаҳо бойлик эрур тинчлигу хотиржамлик,

Дуо қилиб ёшларга юз йиллар яшанг экан.

 

Бу ҳаёт ўткинчидир, берилар бизга бир бор,

Ўзим учун яшай деб ўйлаб кўрмоқ ўнг экан.

 

 

Мўйдинжон  АБДУМАЖИДОВ,

Бозорқўрғон шаҳри.

 

 

боғлиқ хабарлар