ҚАДРИЯТ Навоийхонлик суҳбатлари   

ШОИРЛАРНИНГ МАТЛАБИ

Шоир – эстетик идеаллари юксак шахс. Таъби нозик, диди баланд, шу боис, камдан-кам нарсани ёқтиради. Излаганини топиши қийин, мабодо эришса, ўша ондан у матлаби ҳам кундалик ашёга айланиб, дилига аввалгисидан ҳам баланд янги орзу, янги идеаллар кириб келади. Мудом қаноатланмаслик боис юзага келадиган изтироб кўнглининг мангу ҳамроҳига айланиб қолади.

Бу ҳол шоирнинг феъл-атворига ҳам таъсир қилади, ўзгалар уни тушунишдан, қабул қилишдан ожиз қоладиган ҳоллар кўп бўлади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур буни нозик англаб, Навоийнинг инжиқ феълини англатишга уринади: “Алишербекнинг мизожи нозук(лук) била машҳурдур. Эл (у кишининг) назокатини давлатининг ғуруридин тасаввур қилур эрдилар. Андоқ эмас экандур, бу сифат анга жибиллий (туғма) экандур. Самарқандта эканда ҳам ушмундоқ нозукмизож экандур”.

Алишер Навоий ёш йигит пайтида Самарқандда таҳсил олган, моддий қийинчилик кўриб яшагани маълум, Бобур шуни айтяпти. Лекин, улуғ шоир ўшандай эҳтиёжманд чоғида ҳам анчагина “мизожи нозук” (инжиқ) бўлган. Бу – унинг дидига камдан-кам одам ўтиришганидан дарак. Алишербекнинг ўзи ҳам буни яхши билар, аммо бу туғма хислатини, табиийки, тарк эта олмас эди. Шоирнинг ўжар феъли ҳақида ҳикоятлар анча-мунча бор.

Айрим ижодкорлар бундан ўзи ҳам озурда бўлиб, кўнгил истакларини баён қилади. Масалан, Бобурийзода шоира Зебуннисо бегим дунёга ўз талабларини шундай изҳор этади:

Ман аз даҳани мор шакар металабам,

Аз хонаи анкабут пар металабам,

Аз сийнаи наррашер шир металабам,

Аз марди бараҳнапой зар металабам.                          

Яъни,

(Мен илон оғзидан шаккар тилайман,

Ўргимчак тўридан бол-пар тилайман.

Эркак шер кўксидан сут эмсам дейман,

Энг қашшоқ гадодан сийм-зар тилайман).

(Зуҳриддин Исомиддинов таржимаси)

Умрини шеъриятга фалсафага ва бошқа илмларни ўрганишга бағишлаган шоира бу дунёда ўзига муносиб одамни топа олмаган ва… Алишер Навоий каби, оила қурмай, “умрини тоқ ва жарида” ўткарган.

Бундай юксак талаб ҳамма замонларда, барча ҳассос шоирларда бўлади. Чунончи, ХХ аср бошида Мискин домла “Тошкент ироғи” ашуласига айланган машҳур мухаммасида “Жунуним айб қилманглар, маҳи анқони изларман”, деб ёзган. “Маҳи анқо” – анқо қушининг тухуми. Ривоят қилишларича, анқо шунчалар баландда учар эканки, тухум туғса, тухуми ер юзасига етиб келгунича очиб чиқиб, анча-мунча улғайиб, ерга тушмай туриб яна фалакка чиқиб кетар эмиш… Яъни, шоирларнинг идеали – етишиб бўлмайдиган тилаклардан иборат.

Назаримизда, Навоий буни айнан мана бу ғазалида баён қилган:

Баҳор андоқки, булбул гулузори тоза истармен,

Ки ул гулбонг ила ўзни баландовоза истармен.

 

Чу ул гул тоза-тоза ўт солур кўнглум аро, мен ҳам

Ул ўтдин кўкрагим доғини тоза-тоза истармен.

 

Чу йўқ андоза ишқим бирла шавқимға, ул ойни ҳам

Жамолу меҳр ойинида беандоза истармен.

 

Эритсам гар кўнгул чоки учун пайконларинг, тонг йўқ,

Темурдин чун ҳисори дард учун дарвоза истармен.

 

Узори шавқи тиғидин ўлуб қонлиғ кафан бирла,

Анинг ҳар торидин ҳуро юзига ғоза истармен.

 

Фироқинг ичра, розимен, фалак жисмим уйин йиқса,

Хилофи одат уй вайрон қилурға роза истармен.

 

Навоий назмининг авроқи зулфунгдин паришондур,

Анинг жилдиға сунбул торидин шероза истармен. 

Шарҳига ўтсак.

 Баҳор андоқки, булбул гулузори тоза истармен,

Ки ул гулбонг ила ўзни баландовоза истармен.

Шундай баҳорни, шундай булбулни ва бир гўзал гўзал ёр бўлишини

 ҳамда ўша ёқимли булбул сайроғида ўз номим юксалишимни истайман.

Баҳор, булбул ва гўзал ёр – бу уч бирлик мумтоз шеъриятнинг анъанавий тимсоллари. Лирик қаҳрамон шу учала нарсани мукаммал ҳолда кўришни истайди ва ана шу уйғунлик натижасида ўзи идеалларига етишишига умид қилади. Аммо байтдан, шундай бир баҳорки, мен булбул бир беқиёс чаман гулзорда сайрашни истайман, деган маъно ҳам чиқади.

Чу ул гул тоза-тоза ўт солур кўнглум аро, мен ҳам

Ул ўтдин кўкрагим доғини тоза-тоза истармен.

Ўша гул кўнглимга янги-янги ўтлар солади, мен ҳам ўша ўтлар туфайли кўкрагим доғини топ-тоза бўлишини истайман.

Лафзан – шундай. Аммо шоир бу байтда шундай сўз ўйини қиладики, “тоза-тоза” деган такрорий сўз икки-уч маъно касб этади. Яъни ўша гул (ёр) ошиқ кўнглига яна ва яна ўт қалайди, ошиқ эса бу оловлар кўкрагидаги доғларни куйдириб йўқотишини орзу қилади. Айни пайтда, ёрнинг кўнгилга ўт қалашини “тоза-тоза”, яъни яна ва яна исташи маъноси ҳам бор бу байтда. Чунки ёр ошиқ дилига ўт қалаб жабр қилса, бу ҳам унга эътибор қилгани.

Чу йўқ андоза ишқим бирла шавқимға, ул ойни ҳам

Жамолу меҳр ойинида беандоза истармен.

Ишқиму иштиёқимнинг мисли-ўлчови йўқ, (шунинг учун)

(Ёрим ҳам) жамолу меҳрибонлик борасида бемисл бўлишини истайман.

 

Аслида – тескариси. Агар ошиқнинг ишқи ва ҳолати чексиз-чегарасиз бўлса, унинг наздида ёрнинг жамоли дунёга бергусиз, ёр меҳр бермаса ҳам, бир боқишининг ўзи меҳрибонликнинг олий намунаси бўлиб туйилади. Бироқ шоир ишқнинг ҳам, висолнинг ҳам, шавқнинг ҳам жамолнинг ҳам энг олий даражасини истайди, “эл қатори” севги ва шунчаки ёрни истамайди.

Бу байтда “ишқ” ва “шавқ”қа “жамол” ва меҳр” мутаносиблиги, “ойни” сўзига “ойини”нинг лафздошлигидай бадиий санъатлар ҳам мужассам бўлган.

Эритсам гар кўнгул чоки учун пайконларинг, тонг йўқ,

Темурдин чун ҳисори дард учун дарвоза истармен. 

Отган ўқинг тиғларини кўнглим чокларини ямаш учун эритсам ажабланма, зеро менга дардларим қўрғони учун темирдан дарвоза керак.

 

Лирик қаҳрамоннинг кўнгли – дард-изтироб тўлиб-тошган бир қалъа-қўрғон. Аламлар тошиб чиқмаслиги учун унга темир дарвозалар керак. Бу байтда дилга отилган камон ўқлари шу қадар кўп эканлиги айтиляптики, уларни йиғиб эритса, темир дарвозалар қуриш мумкин бўлади, дейиляпти.

 

Узори шавқи тиғидин ўлуб қонлиғ кафан бирла,

Анинг ҳар торидин ҳуро юзига ғоза истармен.

                     

Юзига зорлиғим азоби тиғдек санчилиб, ўлсам, бу қонли кафанимдаги

ҳар бир ипидан сирқиган ранг ҳур қизлар юзига элик бўлишини истайман.

 

Интизорликнинг мумтоз сўз санъатимиздаги энг муболағали тасвирларидан бўлган бу байтда икки маъно чиқиши мумкин: ошиқ тиғдан эмас, ёр юзини кўришга зорлик ҳаддидан ошгач ўлиши ҳам, ёки ёр юзини кўргач, унинг хурсандчилигидан ўлиши ҳам мумкин. Тўкилган қони кафанни шунчалар қизартириб юборадики, лирик қаҳрамон бу матоҳ тўқилган ҳар тола ип кўп гўзал қизлар юзига қизиллик берувчи ғоза – қизил упа (элик) бўлишини истайди…

Фироқинг ичра, розимен, фалак жисмим уйин йиқса,

Хилофи одат уй вайрон қилурға роза истармен. 

Сенинг фироқинг билан ўтар бўлса, бу фалак жисмимни йўқ қилса розиман,

Одатга хилоф равишда, уйимни вайрон қилишга розини истайман.

Ошиққа жон керакмас, ошиққа тан керакмас. Унга ёр керак, кўнгли фақат ёрни тилайди. Агар бу юриши натижаси фақат фироқ – ёрсизлик бўладиган бўлса, унда ошиқ учун унинг жисми уйини йиқадиган, ўшанга рози бўладиган зот керак, зора жисм уйи йиқилганида фироқ ҳам ниҳоясига етса. Бу энди, кенг маънода оладиган бўлсак, ҳаёт ва ўлим фалсафаси.

Бу байтда ҳам “рози” ва “роза” каби сўзлар орасидаги лафздошликдан юзага келган бадиий санъат уни мукаммаллаштирган.

Навоий назмининг авроқи зулфунгдин паришондур,

Анинг жилдиға сунбул торидин шероза истармен.

Навоий ёзган шеърларнинг варақ-саҳифалари зулфингдан сочилиб кетди, Уларни тахлаб жилдлаш учун сунбул торидан шероза истайман.

 

Ушбу мақтаъ – якуний байтда шоир яна ёр илтифотидан умидвор бўлади, ёзган шеърлари саҳифалари сочилиб кетаётганини, унга ўша соч толаларидан тикиш ипи сифатида беришни тавалло қилади. Бир мисранинг ўзида икки маъно сезилади: “сочингдин паришондур” деганда “сочинг туфайли паришон” деб ҳам, “сочингдан ҳам кўп паришон, ундан ҳам тарқоқ” деб ҳам тушунса бўлади, шоирнинг муддаоси ҳам ана шундай қўшмаънолилик. Шероза – китобни жилдлаш учун ишлатиладиган ип демак. Байтдаги “сунбул” сўзи эса ёр сочининг бошқача, истиоравий ифодаси.

Бетимсол гўзал ёр, жонидан воз кечишга тайёр ошиқ, муҳаббатини энг баланд пардаларда нағмага солаётган булбул – Навоийнинг эстетик идеали ана шундай эди ва биз бу ғоялар ғазалда мукаммал ифода топганини кўриб ўтдик.

Пировардида айрим маълумотлари ҳавола этсак.

Бу “Чор девон”нинг биринчиси бўлган “Ғаройибус сиғар”нинг 495- ғазали. Унга ким куй басталагани маълум эмас, шунинг учун “халқ куйи” деб кўрсатилади. Ўзбекистон халқ артисти Карим Зокирий бу ғазални ниҳоятда гўзал овоз билан хониш қилган ва матннинг деярли ҳамма байтини қисқартмасдан айтган. Бу ижрони эса ўзбек мумтоз қўшиқчилигининг энг яхши намуналаридан бири, деб кўрсатиш мумкин.

 

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар