Суратлар сўзлаганда . .
Бир куни Бозорқўрғон туманидаги Бобур номли колхоз механизатори, ишлаб чиқариш илғорларидан бири, саксон ёшлардан ошиб қолган раҳматли Болташ Мирзақасимов катта рамкага солинган суратни кўрсатиб, шундай деган эди: “Мана бу суратни ўттиз йилдан зиёд бери сақлаб юрибман. Сурат ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида олинган. Бу одамлар колхоз ташкил топган кундан унинг аъзоси бўлиб, давлатнинг юксалишига, хатто Юрий Гагариннинг коинотни забт этишига, бугунги эркинлигимизга беқиёс ҳисса қўшган, десам хато қилмайман. Мана шу суратдагилар ҳақида билганларимни айтиб берай, сиз эса бугунги авлодга ўша оталаримиз, момоларимиз босиб ўтган ҳаёт йўлларидан ҳикоя қилиб берсангиз”.
Бу – 60-йилларида колхоз раиси Оллоёр Носиров ташаббуси билан эски клуб ва идорани безаб турган суратларнинг бири эди. Янги клуб ва идора бинолари қурилгач, суратлар қайта ўрнига қўйилмаган. Отасининг ҳам расми борлиги учун Болташ ака уни уйига олиб кетган экан.
Ўтган аср бошларида дунёга келган бу кишиларнинг ҳаёти оғир замонларга тўғри келди ва ана шу машаққату азобларга бардош бериб, давлатни оёққа турғазишда фидойилик кўрсатдилар. Суратдаги 8 эркак ва 6 нафар аёлни ёшлигимда таниган, кўрган бўлсам-да қайси мансабда, қандай ишлаганлари, ютуқлари, мукофотлари хусусида билмас эдим. Қарийб бир ойдан зиёд уларни билганлардан суриштириб, фарзандлари, неваралари, бирга ишлаган кишиларни топиб, маълумот йиғишга ҳаракат қилдим.
Бу суратни эҳтиётлаб сақлаётган Болташ ака уларни таниса-да, ҳаёт йўллари ҳақида аниқ тасаввурга эга эмаслигини айтиб, отаси ҳақида қуйидагиларга тўхталди: “Тик турганлар ичида чапдан ўнгга бешинчиси менинг отам Мирзақосим Раимбердиев бўлади. Отам колхоз илк ташкил топган кунлардан аъзо бўлди, далада кетмон чопди, кейин тракторчилик курсини битирди. “Жондор” деган темир тишли тракторни ҳайдаган. Уруш йиллари МТС (машина-трактор станцияси)да механик бўлди. 50-60-йиллари пахтачилик бригадасини бошқарди ва пахта ҳосилдорлигини 32 центнерга кўтарди. Албатта, мукофотлар олган, аммо биз ҳаммасини сақлай олмабмиз”.
Чапдан тик турган биринчи одамнинг исми Ҳасан бува экан. У ҳам урушдан кейинги оғир йилларда бригадир, ҳосилот, омбор мудири каби лавозимларда ишлаган ва унинг ўғли Нўъмонжон Ҳасанов отасидан кейин бригадирлик қилди ва пахта ҳосилини “зангори кема”ларда теришга, ҳосилдорликни оширишга катта ҳисса қўшди. Иккинчи киши Мирзаҳамдам бува бўлиб, у ҳақда ўғли, педагог Мирзаумар шундай деди: “Отам урушгача тракторчилик касбини эгаллаган. 1941 йили урушга кетиб, Ленинград қамалида қатнашган. Қамални ёриб ўтишдаги жангларда ярадор бўлади ва она қишлоғига қайтади. “Қизил юлдуз” ордени, иккинчи даражали Улуғ Ватан уруши ордени, медаллар билан мукофотланган, аммо ярадор бўлиб госпиталда ётганида орден, медалларини, анча-мунча пул ва ҳужжатларини ўғирлатиб қўйган экан. Кейин архивларни суриштириб юриб аниқладик. Биринчи гуруҳ ногирони бўлишига қарамай, 10 гектарча майдонга ток ва кўчат экиб боғ қилди, ундан ўтган аср охирига қадар одамлар фойдаланди, Ҳозир ўша боғ ўрни маҳаллага айланган”.
Учинчиси Нормамат ота Сотволдиев. Бу инсонни кўп кўрганман, баланд бўйли, серсавлат, қомати келишган, овози йўғон эди. 40-70- йиллар оралиғида у ташкилотчилик қобилияти билан хўжаликда раис, ҳосилот, бригадирлик лавозимларида ишлади. Экин ҳосилдорлигини ошириш, қурилиш ишларини изга солиш, қишлоқни обод ва кўркам қилишда бу инсоннинг ташкилотчилик қобилияти кўп ёрдам берди. Олтинчи одам эса Ҳошимжон ака. Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида Андижоннинг Бўтақора қишлоғидан оиласи билан кўчиб келган ва колхозга аъзо бўлиб кирган. Унинг тўнғич фарзанди Ҳакимжон Хошимов шу қишлоқда ўқиб, келгусида олий маълумотли агроном бўлган ва Дзержинский номли колхозда кўп йиллар бош агрономлик қилган. Суратда чапдан тик турган еттинчи одам – Ўринбой ака. Уни билганларнинг хотирлашича, чинакам миришкор деҳқон бўлиб, пахта, шоли, маккажўхори ва бошқа экинлар ҳосилдорлигини ошириш йўлларини билган ва колхознинг энг миришкор деҳқони деган номни олган.
Биринчи қаторда чапдан учинчи ва тўртинчиси опа-сингил Ширмонхон ва Холбу аялар бўлади. Ширмон опа Исомиддинованинг фарзандлари Икромжон ва Мўътабархон билан учрашиб, оналари хусусида сўрадик. “Онам тирик бўлганида 113 ёшга кирар эди, – дейди қизи Мўътабархон. – У теримчилик қилган, ҳар мавсумда 10 тоннадан пахта териб, звено бошлиғи лавозимига кўтарилган. Илғор теримчи ва миришкор пахтакор сифатида урушдан кейинги йиллар бир гуруҳ илғорлар билан Тожикистонга борган, ипак пахта етиштириш сирларини ўрганган. Кўп орден ва медаллар, турли унвонлар олган, аммо бепарвомиз-да, уларнинг қаердалигини билмаймиз. Ёши ўтиб қолгач, ипак қурти боқди. Уйимиз далага яқин эди, онам кузда ғўзапоя ўрганлар совқотиб қолишди, деб иссиқ овқат қилиб берган. У жуда зийрак, эпчил ва элпарвар бўлган, зориққанлардан ҳеч нарсани аямасди. Маҳалламизда оилавий можароларнинг олдини олар, ҳаммага гапини ўтказарди. Синглиси Холбу опам ҳам илғор теримчи бўлган. Дадамиз Низом ака бригадирлик қилиб, колхозда обрў топган инсонларнинг бири эди.
Бешинчи аёл Шаҳринса опа – юқорида тилга олинган Нормамат Сотволдиевнинг умр йўлдоши, илғор колхозчи сифатида суратга тушган. Унинг чап томонида ўтирган Ризқибону опа Дзержинский номли колхозда 40 йил бригадирлик қилган Ғуломжон Турғуновнинг онаси экан. “Отам Турғунбой шу колхозни тузганлардан бири, раиcлик ҳам қилган, қурилишларни тартибга солган, онам Ризқибону ўғил-қизларини тарбиялаш билан бирга, ҳамма қатори далада ишлаган. Ўша 30-60 йилларда улар бошдан кечирган машаққатларни айтсанг, ёшлар ишонмайди. Шу замонамизга кўз тегмасин, мустақиллигимиз мустаҳкамланаверсин, – деганди Ғуломжон ака.
Азизлар, бир сурат баҳона, ўтган асрда ўз меҳнатлари, сўзлари билан жамоа хўжалиги ривожига, давлатнинг юксалишига озми-кўпми ҳисса қўшган юртдошларни хотирладик. Барчасини Оллоҳ раҳматига олсин.
Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ,
Бозорқўрғон.
