ҚАДРИЯТ ЎШ ФАРЗАНДЛАРИ 

ЗОКИРЖОН САЛИМОВ – АТОҚЛИ ХИМИК ОЛИМ

Кимё соҳасида ўзбек йирик олими, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, химия фанлари доктори, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти. Зокиржон Салимов 1940 йил 31 декабр куни Ўш шаҳрининг Бешкўприк даҳасида таваллуд топган. Оддий оилада вояга етган Зокиржон ёшлигидан илмга чанқоқ, тиришқоқ ва изланувчан бўлган. Ўшдаги А.С.Пушкин номидаги мактабда таълим олган.

1962 йили Тошкент политехника институтини муваффақиятли тамомлади. Шу ернинг ўзида аспирантурада таҳсил олди. 1967 йилда номзодлик, 1976 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1987 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги этиб сайланди.

Зокиржон Салимов қарийб 50 йил давомида илмий-педагогик фаолият олиб борди. Катта ўқитувчи, доцент, профессор, кафедра мудири каби босқичларни босиб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, Тошкент химия ва технология институти директори, Умумий ва ноорганик кимё институти раҳбари каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилди.

Зокиржон Салимовнинг илмий фаолияти асосан кимёвий-технологик жараёнлар ва қурилмаларнинг назарий асосларини такомиллаштириш, уларнинг амалий самарадорлигини ошириш ҳамда саноат миқёсида қўллаш масалаларига қаратилган эди. Олим масса ва иссиқлик алмашинуви жараёнларини, кўп фазали муҳитларда моддаларнинг ҳаракат қонуниятларини, технологик реактор ва колонна типидаги қурилмаларнинг оптимал параметрларини аниқлаш бўйича теран тадқиқотлар олиб борган.

Унинг илмий ишларида химиявий технология тизимларини математик моделлаштириш, жараёнларнинг кинетик ва гидродинамик хусусиятларини таҳлил қилиш, тежамкор ҳамда самарадор усулларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилган. Зокиржон Салимов яратган дарслик ва ўқув қўлланмалари нафақат олий таълим муассасалари талабалари, балки шу соҳада фаолият юритаётган муҳандис-технологлар учун ҳам муҳим назарий манба сифатида хизмат қилди. Уларда технологик жараёнларни ҳисоблаш, қурилмаларни лойиҳалаш ва саноат шароитида эксплуатация қилишнинг илмий асослари тизимли равишда ёритиб берилган.

Айниқса, олим раҳбарлигида ишлаб чиқилган нефть-газ конденсати аралашмаларини сувсиз ҳайдаш технологияси ҳам илмий, ҳам амалий жиҳатидан алоҳида ўрин тутади. Бу технология конденсат таркибидаги сув ва енгил фракцияларни самарали ажратиш, маҳсулот сифатини яхшилаш ҳамда коррозия ва энергия йўқотишларини камайтириш имконини берди. Жараённинг термодинамик ва кинетик параметрлари илмий жиҳатдан асослаб берилгани сабабли, у саноат миқёсида барқарор ва хавфсиз қўллаш имкониятини таъминлади.

Ушбу ишланма кейинчалик Ўзбекистондаги нефтни қайта ишлаш корхоналарида кенг жорий этилди ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилди. Натижада технологик жараёнларнинг узлуксизлиги таъминланди, маҳсулот чиқиши кўпайди ҳамда иқтисодий кўрсаткичлар яхшиланди. Шу тариқа, Зокиржон Салимовнинг илмий мероси нафақат назарий, балки амалий жиҳатдан ҳам кимё-технология соҳаси тараққиётига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди.

Зокиржон Салимов илмий мактаб ярата олган тажрибали педагог ва ташкилотчи сифатида ҳам эътироф этилган. Унинг раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланиб, кимё-технология соҳасида мустақил илмий йўналишлар шаклланишига замин яратилди. Олим илмий кадрлар тайёрлаш жараёнида тадқиқот методологияси, тажриба натижаларини таҳлил қилиш маданияти ва илмий хулосаларни асослаш принципларига алоҳида эътибор қаратган.

Зокиржон Салимовнинг илмий мактабида фундаментал тадқиқотлар саноат амалиёти билан узвий боғлиқ ҳолда олиб борилган. У шогирдларини фақат назарий билимлар билан чеклаб қолмасдан, ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликда амалий масалаларни ҳал этишга йўналтирган. Шогирдлар нафақат таълим ва тадқиқий муассасаларида, балки йирик саноат корхоналарида ҳам самарали фаолият юритиб, технологик жараёнларни такомиллаштиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Олимнинг ҳаёт йўли – илм-фанга садоқат, меҳнатсеварлик ва юксак масъулият  принципларининг ёрқин намунасидир. У фаолияти давомида илмий изланишларни тизимли ташкил этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва фан ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий этиш масалаларига стратегик ёндашувни шакллантирди.

Ўш заминида туғилиб, кенг илмий майдонга чиққан бу аллома ўз меҳнати, илмий салоҳияти ва раҳбарлик қобилияти орқали нафақат миллий, балки минтақавий миқёсда ҳам кимё-технология соҳасининг ривожига салмоқли ҳисса қўшди. Унинг илмий мероси ва яратган мактаби бугунги кунда ҳам фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялашда муҳим.

Таниқли олим Зокиржон Салимов 2015 йил 3 октябрь куни Тошкент шаҳрида вафот этди. Унинг ёрқин хотираси илмий мероси ва шогирдлари орқали номи ҳамон яшаб келмоқда.

Одилжон Дадажонов.

боғлиқ хабарлар