ҚАДРИЯТ 

СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ

Май ойи ҳам келиб, одатдагидек, мактабларда сўнгги қўнғироқ тантаналари яқинлашмоқда. Шу ҳаяжонли дамларда билим даргоҳидан бу йил учирма бўлаётган битирувчи ўғил-қизларнинг чиройли кийимларига, мамнун чеҳраларига ҳавас-ла боқарканмиз, ўтган асрнинг эллигинчи йиллари кўз олдимизга келади…

Бозорқўрғон қишлоғи (ҳозир шаҳар) марказида ҳамон фаолият кўрсатаётган Бўкўнбаев номли гимназия-мактабни (биз ўқиганда у 1-ўрта мактаб эди) битираётганимиздаги сўнгги қўнғироқ маросимига ҳам 67 йил бўлибди. У пайтда мактаб формаси қаёқда? Ҳар ким топганини кийган. Эллигинчи йилларда турмуш бугунгидек фаровон, тўкин-сочин бўлмаган. Аммо билим олишга интилиш, қизиқиш кучли эди, мактабда интизом қаттиқ эди. Ўқув йил охирида 5-10 синфларда синфдан-синфга кўчиш имтиҳони олинган. Битта имтиҳонга келмасанг, синфда қолардинг. Дарсликлар етишмаган. Латта халтага китоб, дафтар солардик. Пероли ёғоч ручка ва сиёҳдон ишлатардик. Муаллимлар етишмаганлиги сабабли ўзбек синфлари ўқувчиларига ўзбек тили ва адабиётидан бошқа фанлардан қирғиз ва рус муаллимлари сабоқ беришган.

Табрик ва қутловлар якунланиб, сўнгги қўнғироқ жаранглай бошлайди. 67 йил муқаддам мактабнинг 10-синфини 36 нафар қирғиз, 16 нафар рус синфлари ўқувчилари билан бирга 27 нафар ўзбек ўқувчилари битирганмиз. Устозлар ўгитига амал қилганимиз боис, синфдошларимиз ҳаёт сўқмоқларида дадил одимлаб, орзу-тилак қилишгандай касб-кор эгаси бўлишди ва биронтаси ножўя қадам босиб обрўларига доғ туширишмади. Ҳар биримиз ўз йўлимизни топиб, эл-юртга сидқидилдан меҳнат қилиб келдик. Ўтган 67 йил ҳар биримизнинг тақдиримизда ўчмас из қолдирди. Бугун орамизда ўнлаб невара-чеварали синфдошларимиз бор, уларни фарзандлари ардоқлаб бобожон ва бувижон дейишмоқда. Йиллар давомида қилинган ҳалол ва фидойи меҳнат ҳар биримизга чексиз бахт-саодат келтирди. Ўзаро меҳр-оқибатда бўлиб, бир-биримизни йўқлаб туришни унутмадик. Мактабни тамомлаганимизнинг 40 йиллик тўйини аҳил нишонладик. Бу кунни тўрт нафар синфдошимиз кўролмади. Мактабимиз байналмилал билим даргоҳи бўлгани боис қирғиз ва руслар билан жуда иноқ бўлганмиз. 2009 йили қирғиз ва ўзбек синфдошлар биргаликда ярим асрлик дийдорлашувга йиғилдик. Тоғли Арслонбоб қишлоғида дам олиб, кичик ва катта шаршараларга саёҳат қилдик, ўтган синфдошларни хотирладик. Бир-биримиздан узоқлашиб кетмаслик учун ҳар ойда бир пиёла чой баҳона учрашиб туришга қарор қилдик, орамиз сийраклашса-да, бир-биримизни унутмай, хабарлашиб, бу анъана давом этди. 2019 йили қирғиз ва ўзбек синфдошлар мактабни битирганимизнинг 60 йиллигини тоғли Қизилунгур хўжалигининг соя-салқин жойларида дам олиб нишонладик. Афсуски шу кунга келиб ўзбек синфимиздаги 27 нафар ўғил-қиздан 23 нафари ёруғ дунёни тарк этишиб, сафимиз жуда озайиб қолди. Ҳар йили сўнгги қўнғироқ кунлари имкон қадар синфдошлар бир-биримизни йўқлаймиз, ўтиб кетган дўстларимизни хотирлаб қуръон тиловат қиламиз.

Ўша, 67 йил аввал жаранглаган қўнғироқнинг садоси ҳамон қулоғимда. Ундан қулоғимга шундай сас келди: “Азиз фарзандлар! Бу ҳаётингнинг сўнгги қўнғироғи эмас, аксинча, мени тинглаб балоғат ёшига етдинг, мактаб сенга борини берди. Ҳаётинг, яшашинг замини бўлган билимни олдинг, оламни, одамни танитдим, мустақил ҳаётга қадам қўйдинг, энди бўшашма, дадил бўл! Бундан буён ўз йўлингни топиб ол! Элингга, юртингга муносиб фарзанд бўл, мактабда олган билим ва кўникмаларингни ҳаётга татбиқ эт, ўзгалардан ортда қолма. Чор-атрофга зийрак назар ташла! Ғафлат уйқусида ётма, ўз ироданг, интилишинг, меҳнаткашлигинг билан обрў топишга, қадр-қиммат орттиришга ҳаракат қил. Интилмасанг, бор қобилият ва истеъдодни ишга солмасанг ортда қоласан. Огоҳ бўл, мен жаранглаб, сенга энг муҳим нарсалардан хабар беряпман”.

Эй сен, қадрдоним сўнгги қўнғироқ! Тобора кучлироқ жаранглай бер. Биз сенинг садоларинг остида катта ҳаётга йўл олдик. Сен авлоддан-авлодга ўтиб жаранглайвер, тўғри йўлни кўрсат, ҳамиша бахт-иқболдан дарак бер.

 

Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ,

Бозорқўрғондаги 1-ўрта мактабнинг 

1959 йилги битирувчиси, журнали

ст.

 

боғлиқ хабарлар