УМРНИНГ ЗАЛВОРЛИ САҲИФАЛАРИ
Тўйхат ўрнида
Бу ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз. 2 январь кечки пайт минг истиҳолага бориб, таниқли журналист Салтанат опа Файзуллаевага телефон қилиб, мақсадимни айтдим: «Опа, сизга арзимаган совғам бор, эртага ўшани беришим керак», дедим. Опа эса кулиб: «Одилжон, ҳеч кимга билдирмоқчи эмасдим, туғилган кунимни қаердан билиб қолдингиз, кўринг-а ука, умр ҳам ўтавераркан, 75 ёшни уриб қўйибман», деса бўладими! «Билдим-да, ука бўлганимдан сўнг билишим керак эди-да», дедим сир бой бермай. Аслида, мен бу гапдан бехабар, опага арзимаган совға топширмоқчи бўлгандим. «Одилжон, бугун иш жойимдагиларни бир пиёла чойга таклиф қилиб, Янги йилга етиб келганлигимизни баҳона қилгандим», деди. Гап айланиб, опа билан «тил топишдим», яъни ўзи ҳақида ўзи ёзиб беришига кўндирдим.
– Мен 1951 йил, 3 январь куни Қорасув туманига қарашли Қизилқишлоқ қишлоғининг Бешкапа кўчасида дунёга келганман. Отам, Сайиддинов Файзулло (1909-2000) республикадаги дастлабки механизаторлардан бўлган. Биз болалигимиздан Исҳоқ Раззақов, Усмон Юсуповлар кимлар эканлигини билиб, тушуниб, улғайганмиз. Бу инсонлар жанубга келишганда албатта отам иш юритаётган участкани кўздан кечирмай қайтмасдилар. (Исҳоқ Раззоқовнинг турли саналар муносабати билан отамга юборган совғаларини ҳозир ҳам кўз қорачиғидай сақлаймиз).
Отам ўқимишли, маданиятли, адабий-бадиий ҳаётга яқин инсон эди. Биз фарзандларнинг, айниқса қизларнинг ўқимишли бўлиши учун ғамхўрлик қилган (оилада тўрт қиз эдик). 1968 йили 10- синфни тамомлаб, «Ленин йўли» газетасига корректор бўлиб ишга кирдим. Келаси йили ТашДУнинг журналистика факултетига ўқишга кирдим. Ўшандан бери, мана, 57 йил бўлибди, узлуксиз ишлаётирман. СССР журналистлар уюшмаси аъзоси, икки марта «Олтин қалам» танлови ғолиби бўлдим. «Инсон ва табиат», камбағалликка қарши «Аракет» дастури бўйича республика танловида шоҳсупага чиққанман. СССР ёш журналистларининг 1- съездида ҳайъат аъзоси бўлиб, уч кун давомида ВЛКСМ биринчи секретари Пастухов, «Правда», «Известия» газеталари бош редакторлари билан бир қаторда ўтирдим. Ўш вилояти суди маслаҳатчиси, Ўш шаҳар комсомол комитети бюро аъзоси, Ўш вилоят халқ назорати комитети бюро аъзоси каби жамоатчилик ишларига ҳам вақт топдим. 15 йилдан буён “Ўш оқшоми” («Ош шами» таркибида) газетасининг сиёсий шарҳловчисиман. Ойлик эмас, қалам ҳақи оламан. Бироқ халққа хизмат қилиш иштиёқи баридан устун мен учун.
Мен қирғиз ўтмиши тарихи, ботирлар ҳақида кўп қалам тебратдим. Бундай инсонларни кутубхоналарда ўтириб, ўқиб, ўрганиб ёздим. Айниқса, «Ош шами»га келганда бу нарса яна ҳам кучайди. Мактаблардан телефон қилишарди: «Очиқ дарсларимиз бизга қўлланма бўляпти, раҳмат», дейишиб. Шу тарзда газетада «Ўқитувчиларга ёрдам» рубрикаси пайдо бщлди.
Йиллаб меҳнат таътилига чиқмаган пайтларим бўлган. Қизимни туққанимда, қонуний – 56 кунлик декрет таътилини ҳам бош редактор домламиз Обидов бермаган: «Болани коляска билан олиб келиб қабулхонага қўйиб қўйинг, қараймиз», деган кулиб. Обидов домла ўта яхши инсон эди.
Республикамизнинг мен бормаган ери қолмади, назаримда. Қирқ йилча муқаддам Чотқолга борганимда машҳур чўпон Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Тошбой Айдаров: «Чотқолга келган журналист аёлни биринчи марта кўришим» деб, пойимга қўй сўйган.
Олис Тўқтағул туманига борганимда 27 ёшда эдим. Тўқтағулга қатнайдиган КаМАЗ машинасига ўтирдим. Тун ярмидан оққанда етиб бордик. Йўл қўрқинчли, машина озгина издан чиқса, дарёга қулаб кетгудек!
Эрталаб Бишкекдан бу ерга Султан Ибраимов бошчилигида раҳбарлар келишди. Мени кўриб, ажабланиб олдига чақирди. «Сени бу ерга ким жўнатди» дея Ўш вилояти партия комитетининг секретари Барпи Риспаевга мурожаат қилди: «Обидовга айтиб қўйинг, қизларни олисларга юбормасин». Шундан сўнг вилоят ижроқўми раис ўринбосари А.И. Колесниковага тунда меҳмонхонада мен билан бирга туришини, вилоят соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи Комил Отахоновга эса Ўшга ўзи билан олиб кетиб, ота-онам қўлига топширишни, бу ҳақда маълум қилиб қўйишини тайинлади.
Бу сафар ҳақидаги таассуротларим раҳматли дугонам Салимахон Шарипованинг Султан Ибраимов ҳақидаги китобидан жой олган.
Саричелек қўриқхонасига борганимда, Худо хоҳласа пенсияга чиқсам, шу ерга келиб яшашимни ният қилгандим. Бундай ният қайси олис туманнинг тоғ, ўрмон, кенг яйлови бағрида бўлсам кўнглимга келарди. Афсуски, ҳаётда бундай бўлмас экан. Бунинг учун атрофингда бола-чақа, яқинларинг бўлиши, куч-қувватдан қолмаслигинг керак экан!
Қизим Саида, икки набирам бор. Қизим чет тили факультетини тамомлаган, ўғиллари – Иброҳимбек, Сардорбеклар 1- синфга боришганида инглиз тилини пухта билишар эди. Иброҳимбек АҚШда мактабни «олтин ва кумуш» медалга тамомлади. Университетини ҳам юқори кўрсаткичлар билан тугатди. Илғор студентларга йилда бир марта Европанинг хоҳлаган мамлакатига бепул йўлланма бериларкан. Магистратура «олтин» медалга тамомлади. Садорбек эса Германияга қизиқди.
Бу гапни ўзим айтишим ноўрин, албатта. Шу пайтгача иш юзасидан ўзимдан катталар у ёқда турсин, ёшлар ҳам берган топшириқларни йўқ демасдан астойдил бажариб келишга ҳаракат қилиб ишладим.
Одилжон ука, сиз ҳатто кеча қўнғироқ қилганингизда ҳам, мен ўзим ҳақимда сўз юритмаган бўлар эдим. Аммо тсодифни қаранг, шу бугун, ёшлигимга бориб (энди уч бора йигирма беш ёшга кирдим ахир!), таваллуд айёмимда йўқлаганингиздан кўнглим ўсиб, умр китобини сал варақлаган бўлдим. Ният, Сиз ҳам шу ёшга кирганингизда қутлаб ёнингизда турмоқ…”
Опанинг дил сўзларини оққа кўчирувчи ҳам ўзим бўлдим, дея
Одилжон Дадажонов





