ҚАНТ ШАҲРИНИНГ ТАРИХИГА БИР ЧИЗГИ
Бишкекдан йигирма чақирим шарқда, Иссиқкўлга қараб кетган катта йўл яқинида Қант деган шаҳарча бор. У анчагина кичик, аҳолиси энди 23 мингга етган. 1985 йилдан шаҳар мақомини олган. Ҳoзирда атрофдаги бир неча қишлoқ Қантга қўшиб oлингач, у вилoят миқёсидаги шаҳар, деб эълон қилинди. Қантнинг ер майдoни салкам олти минг гектар. 15 дан oртиқ миллат вакиллари яшайди. Қант аҳолисининг ярми руслар – 11.600, қирғизлар – 6 минг, қозоқлар – 500, ўзбеклар эса 300 нафар кишини ташкил қилади.
Қант шаҳрида 7 мактаб (7800 ўқувчи) ва 7 бoқча (1548 бола) ишлаб турибди. Икки маданият уйи, бир таълим маркази, бир спoрт мактаби, уч кутубxoна, иккита бoлалар ҳoмийлиги ва мoслашув маркази ишлаб турибди. Қантда туғилиб ўсган таниқли одамлар ичида Россия Федерацияси маданият вазири бўлиб ишлаган Михаил Швидкой ва профессионал бокс бўйича ўз вазнида жаҳон чемпиони бўлган биринчи ўзбек боксчиси Орзубек Назаровлар бор. Шаҳарча яқинида Россиянинг 999-авиаполки жойлашган. Қант аввалги Қант туманининг, 1998 йилдан Иссиқота туманининг маркази.
Қант шаҳрида цемент ва шифер ишлаб чиқариш МЧЖлар, «Абдыш-Ата» ичимлик ишлаб чиқариш МЧЖ, сут маҳсулoтларини қайта ишловчи «Қант-сут» МЧЖ, 10 та фермер xўжалиги, 430 га яқин кичик кoрxoна бор.
Аксар одамлар шаҳарчанинг номи қанд (қирғизча – қант)дан олинган, деб ўйлайди ва бу номни шаҳардаги машҳур қанд заводига (ҳозир у йўқ) боғлаб талқин этади. Ҳатто Википедия ва бошқа манбаларда ҳам шаҳарча номи ўша завод қурилиши билан боғлиқ ҳолда тушунтирилади. Ҳолбуки, қанд заводи қурилгунича ҳам бу жойнинг номи Қант бўлган эди, аҳолиси эса қандолатчилик билан шуғулланмаган, яъни бу шаҳар номининг шакарпазлик-ширага алоқаси йўқ.
Биз ушбу мақолада Қант шаҳрининг номи хусусида ўз талқинимизни баён этмоқчимиз.
Қанд заводи 1934 йилда қуриб ишга туширилган бўлса, ундан ўн олти йил илгари – 1928 йилда Қирғизистон АССР Халқ Комиссарлари Советининг раиси Юсуп Абдураҳмонов ўз кундалигида Фрунзе шаҳридан Қантга темир йўл қуриш кераклигини қайд этган эди. Бу жой овлоқ бир чўлнинг киши оёғи етмаган бир бурчи эмас, балки Қант деган ўз номига, муайян даражада аҳолисига эга бўлганки, ҳукумат раиси шуни режалаштирган.
Қант, аксар маълумотномаларда кўрсатилганидай, 1928 йилда бино бўлган жой эмас. Аксинча, бизнинг назаримизда, уни ҳозирги Қирғизистоннинг энг қадимий шаҳарларидан бири, деб аташ мумкин.
Одатда, бундай даъвони исботлаш учун шу масканда неча асрлар илгари қурилган осори атиқалар, ёки ўша жойдан топилган турли хазина-дафиналар, рўзғор ашёлари, ё бўлмаса, тарихий китобларда тилга олингани мисол қилиб келтирилади. Аммо шуниси ҳам ҳақиқатки, барча кўҳна жойларда энг қадимги ашёлар сақланиб қолмаган. Асрлар давомида ҳаёт қайнаб турган жойда ўтмиш ҳар куни янгиланади, мозийга жой қолдирилмайди. Бу ерлардан бир замонлар Буюк ипак йўлининг шимолий тармоғи ўтган. Қант эса ана шу йўл устидаги жой эканини ҳисобга олсак, бу каби масканларда иморатлар ва бошқа нарсалар ҳар ўн-ўн беш йилда янгиланиб, замонага, савдога мослаша беришини – эскилари бузилиб, ўрнига янгилари барпо этилишини ақлга тайин ва мантиқий туйилади.
Хўш, унда қандай асосга кўра Қантни қадимги жой деб айтяпсиз, деб сўрашлари мумкин.
Аввало – номига таяниб. Ҳамонки, “Қант”нинг қанд-шакарга алоқаси йўқ экан, унда бу сўз қадимги сўғдий “канд” (қанд”) ўзагидан келиб чиққан бўлиши ҳақиқатга яқин. Новкен, Тошкент, Самарқанд, Боткен, Бешкент ва ҳоказо “кент”, “кен”, “кан”, “қан”, “қанд” формантлари билан тугайдиган жой номлари Марказий Осиё ҳудуда юзлаб учрайди. Уларнинг барчаси сўғд тилидаги “кан(д)” сўзига алоқадор.
Кан(д) сўзи сўғдчада ковламоқ, қазилган жо чуқурлик (қиёсланг: канал, кон, кандик, киндик ва ҳ.) дегани. Луғатларда булардан “канал” сўзи лотин тилидан кириб келган, деб кўрсатилади. Бу борада шуни айтиш керакки, лотин тили ҳам, худди сўғд тили каби, ҳинд-европа бобо тил оиласига мансуб эди; лотин тили унинг итальян тил шохобчасига мансуб бўлса, сўғд тили ўртаэрон шохобчасига мансуб. Буларнинг ҳар бирида чуқурлаштирилган, қазилган деган маънодаги “кан(д)” ўзак сўз бор. масалан, катта ариқ (канал) маъносидаги “канда” деган сўз тилимизда асрлар бўйи қўлланиб келади, уни лотин тилидан олган эмасмиз, балки у бизга сўғд тилидан кириб келган.
“Кон” сўзи ҳам асли “канд”дан, чунки кон – ковланадиган жой. Ҳатто соф туркий бўлиб кўринадиган “ковла(моқ)” феъли ҳам сўғдча, ичига қараб ўймоқ маъносини беради. Хуллас, ков+, кон, канд, кан, қанд, кент, кен каби талай сўзлар бизга сўғдлардан ўтган.
Лотин тилидан ҳозирги европа халқлари тилларига юзлаб, минглаб сўз ва атамалар мерос бўлиб қолгани каби, сўғд тили ҳам, бугунги кунда ўлик тил ҳисобланса-да, ўзи нашъу намо топган Марказий Осиё ҳудудидаги халқларнинг тилларига сон-саноқсиз тушунчаларни бериб, сўнгра йўқликка юз тутган. Сўз орасида айтиб ўтайликки, сўғдлар Марказий Осиё ҳудудига бундан икки-бир ярим минг йил аввал кўчиб келган ва асосий аҳолига айланган. Сўғдлар Буюк Ипак йўлининг энг уддабурро савдoгарлари бўлган: улар нафақат савдо-сотиқ устаси, балки бу иш ортидан ҳамиша кўчиб юриб кун кўрганлиги боис, уларнинг тили Каспий денгизи қирғoқларидан Тибет тoғларигача бўлган улкан ҳудудда xалқарo мулoқoт тилига айланган. Буюк Ипак йўлининг «oлтин даври» сўғдларнинг савдoдаги фаoл иштирoки замонига тўғри келади (шу орада “сарт” – “сўғд” сўзининг бир вариацияси бўлиши мумкинлигини айтиб ўтайлик, масалан Навоий сўғдларнинг бевосита авлоди бўлган форсий тилни “сорт тили” деб атаган).
Бироқ, ҳамма нарса тарихий, жумладан, эл-элатлар, халқлар ҳам. Сўғдлар Буюк ипак йўли бўйлаб савдo-иқтисодий ҳаётда улкан роль ўйнаганига қарамай, пировардида турклар билан қўшилиб, улар таркибига сингишиб кетган. Ҳозирги туркий тиллар лексиконида сўғдча сўзлар кўп бўлишининг сабаби ҳам мана шунда.
Жумладан, ҳозирги Қирғизистон ҳудудида ҳам кўп жой номлари аслида сўғдча манбага бориб тақалади. Чунончи, Ўшдаги Оқбура дарёси тоғдаги Танги (форсий – тор, қисиқ) деган жойда бошланади, Жўпас ариғи – Жўйи паст (пастки канал) дегани. Ўзган эса сўғдча “ўзу кенд” – икки дарё орасидаги шаҳардир. Узоққа бормай, ана шу Қант туманида ҳозир Иссиқ ота деб аталадиган илиқ сув манбаининг аввалги номи Обдўш ота (қирғизчаси – Абдыш ата) бўлган. Обжўш, Обдўш, Абдыш – булар сўғд тилида қайноқ сув деганидир, табаррук жойларни эъзозлаб, номига “ота” сўзини қўшиш эса (Қўчқорота, Нурота) Марказий Осиё халқларига хос удум.
Жонажон юртимиз Қирғизистондаги жой номлари, сой номлари ва ҳоказоларни талқин этишда фақат туркий тилнинг ўзига таяниб қолмасдан, сўғдий-форсий, арабча, мўғулча ва айрим ҳолларда ҳатто грек тили хусусиятларини ҳам ҳисобга олиш тўғри бўлади. Чунки тарихнинг қай бир саналарида ушбу халқлар Марказий Осиёда, жумладан ҳозирги Қирғизистонда бўлган, бир неча аср давомида яшаган, ўзидан жой номларида ҳам нишона қолдирган. Масалан, менга кўҳна Сафедбулон қишлоғининг номи форсий-сўғдий эмас, қадимги юнонлардан қолган сўз бўлиб туйилади.
Худди шунингдек, Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрининг номи қайси сўздан келиб чиқани ҳақида якдил фикр йўқ. Дастлаб Пишпек, сўнг Совет даврида Фрунзе, мустақиллик замонида Бишкек деб номланган бу жойни турли кишилар ўз савиясига кўра талқин этиб кўришади. Чунки сутдан қаймоқ ажратадиган ускунанинг таёғи Пишкак (Бишкек) дейилиши шаҳар номига ўтганлиги унча асосли эмас. Шу маънода, мен бу жойни унинг рельефи-географиясидан келиб чиқиб талқин этишни мантиқлироқ деб биламан. Маълумки, Бишкек тоққа яқин жой, шаҳардан ўттиз чақирим чиқсангиз тоғлар бошланади. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, Пишпак-Бишкекнинг асл – бузилмаган номи Пешикўҳ бўлган. Бунда пеш – олди, яқини дегани, кўҳ эса тоғдир. Яъни, тоққа яқин шаҳар. Бу жойни энг аввал катта карвон йўлида савдо аҳли бўлган сўғдлар бино қилиб, яшагани учун жой номи ҳам сўғдча. Жойни унинг табиий шароитидан келиб чиқиб аташ эса топонимиканинг асосий қоидасидир.
Хўп, яна Қант шаҳри номига қайтайлик. Бизнингча, у энг қадимда “Канд” бўлган. Туркий тил табиатига кўра кейинроқ Қанд(т) шаклини олган.
Нима сабабдан ўйилган жой маъносини англатадиган “канд (кент)“ ўзакли сўзлар жой номларида кўп учрайди? Шунинг учунки, одамлар қадимда фақат тоғда, ғорларда яшаган эмас. Ғорлар инсоният вакилларининг юздан бирига маскан бўлган бўлиши ҳам даргумон. Чунки ғор – тор жой, тош эса совуқ, киши соғлиғига зиён қилади. Одамлар ёзда очиқда кун кўриши мумкин, аммо қиш аёзида илиқ жой керак. Бундай жой ертўла бўлган, ота-боболаримиз ерни бир-икки қулоч кавлаб, устини шох-шабба билан ёпиб, ер тагидан чиққан тафтда жон сақлашган. Бу ўйилган жойлар канд дейилган.
Табиий шароитига, жойлашган ўрнига қараб Қузкент (кунга терскай жой), Қўқон (Хўқанд; шамолли жой), Роҳкент (йўл устидаги жой), Вобкент (боб-дарвоза-қўрғонли жой) каби номланади. Бироқ тилшунослик нуқтаи назаридан аниқловчи-аниқланмиш муносабатига қарасак, асосий нарса “кент”нинг ўзидир, аниқловчи эса зарур ҳолда қўйилади, зарурат бўлмаса, айтилмайди. Бу ўринда “Қант” шаҳри – текис чўл жойда, алоҳида рельефи, ё гидроним-ороним айтилиши керак бўлган ҳолатда эмас. Шунинг учун ҳам, кишилар қишин-ёзин одам яшайдиган, иморати – ўйилма маскани бор ушбу жойни Канд (Қант) деб номлаб қўя қолишган, аниқловчи шарт бўлмаган.
Албатта, бу ҳам бир талқин. Аммо шуниси ҳақиқатки, бутун Марказий Осиё – бир минақа. Биз барчамиз Орол денгизи акваториясига мансуб ҳудудда яшаймиз. Нафақат тарихимиз ва тақдиримиз, турмушимизнинг ҳар бир жиҳати ҳам муштарак. Тожикистонда Вахш ва Қирғизистондаги Ўш деган жой номлари бир сўз (Оахшо)дан ясалган; Сузоқ, Арслонбоб, Ясси каби топоним ва гидронимлар Қозоғистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам бор; Оқбура дарёси Ўшда, Қозоғистону Татаристонда ҳам мавжуд: Боқирғон дарёси Хоразмда ҳам, Боткенда ҳам оқиб турибди. Бу каби ўнлаб мисоллар Марказий Осиё топонимларининг келиб чиқишини ҳар бир давлатда алоҳида ҳолда эмас, олимлар биргалашиб, турли тиллар асосидаги талқинларни ўртага ташлаб, мулоҳаза қилиб, ҳал этиш кераклигини кўрсатади.
Икки оғиз Қант шаҳарчасидаги 300 нафар ўзбеклар ҳақида тўхталадиган бўлсак, улар бу жойга XIX асрнинг биринчи чорагида – Қўқон хонлиги Тўқмоқ, Пишпак ва Шиштепа (Қораболта)га қалъалар қуриб, ўз чегарасини белгилаётган даврда қурилиш, савдо ёки ҳарбий иш юзасидан оилавий кўчиб борган ўзбекларнинг авлоди бўлиши ҳам, ёки ўша, ўн беш-йигирма аср аввал бу жойларда яшаган қадим сўғдларнинг урпоғи бўлиши ҳам мумкин, буни уларнинг ўзидан сўраб билиб бўлмайди, чунки шароит тақозосига кўра, озчилик бўлган аксар Қантлик ўзбеклар ҳатто она тилини бироз унутиб, руслашишга мойил бўлиб қолганликларини ҳам эшитганмиз…
Ватанимиз Қирғизистон – қадим тарихга эга. Бу заминда неча-неча асрлар нарида ҳаёт барқ урган, аммо турли босқинлар, сувсизлик ва ҳоказо сабабларга кўра кейинчалик ташландиқ бўлиб қолиб кетган ўнлаб шаҳар ва шаҳристонлар, қалъалар бор, уларни ўрганиш керак. Талай меъморий обидалар бор, уларни таъмирлаш, устини тупроқ босиб, ер остида қолиб кетган осори атиқаларни қазиб очиш ҳам археолог олимларимиз салоҳиятини бирлаштиришни тақозо этади. Бу замонда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва, лозим топилса, Афғонистон ҳамда Шарқий Туркистонда минг-минглаб қишлоқ ва маҳаллаларнинг номи, улар ўзаро бирлашиб-қўшилиб кетаётгани боис, унутиляпти, қадимги ариқлар ҳам замона зайлига қараб кўмиб юбориляпти. Тепалик-пастликлар, қир-адир, тоғ ва жарликларнинг номини биз аниқламасак, кейин ким тадқиқ қилади, уларнинг отини ҳам эшитмаган келгуси авлодми? Барчасини хатлаш, этимологиясини аниқлаш, тарихий аҳамиятини белгилаш – ватан тарихини яратишда жуда муҳим.
Тарихий номларни сақлаб қолиш ҳам, албатта. Жой номларини ўзгартириш – халқнинг тарихий хотирасини оёқости қилиш демак. Афсуски, шу соҳага масъул айрим раҳбарлар “давлат тилида қайта номлаш” баҳонасида эски номларни бекор қилиб, чучмал янгича от қўйяптилар. Эски номининг хунуклиги, ё бўлмаса титул миллат тилида эмаслиги, бунга сабаб қилиб кўрсатилади. Ажаб, булар тарихий жой номи-ку? Бу, ота ё онамиз хунукроқ бўлса, ундан воз кечиш, хотинимизнинг жавобини бериб, титул миллат аёлига уйланиш каби гуноҳ. Қишлоғу, кўчалар номини янгилаш – кўҳна иморат устини “замонавий” сувоқ қоплаб, бузиш каби бемаънилик.
Афсус, бизда тарих деганда аксар ҳолларда турли урушлар тилга олинади. Уруш – тарих барпо этувчи эмас, тарих йўқотувчи фалокатдир. Биз шу она юртимиз тарихини биргаликда ўрганишга бурчлимиз. Илгари бунинг иложи йўқ, бизлар “тарихи йўқ, қолоқ” миллатлар саналардик. Энди, мустақиллик замонида бу иш бирламчи вазифаларимиздан бўлиши керак-ку!
Шундай экан, дўстлик ва дўстона алоқалар ҳақидаги гаплар билан чекланмай, амалий ишга ҳам ўтилишидан умидвормиз. Агар шундай бўлса, биринчи галда минтақавий бир фонд тузиб, ҳар бир Марказий Осиё давлати уни тегишли маблағ билан таъминлаб, ишга киришсак, шу қадим юртнинг тарихи башарият ўтмишининг ёруғ саҳифаларидан бири эканлиги кўринади, иншооллоҳ.
Зуҳриддин Исомиддинов
