ҚАДРИЯТ 

БОЗОРҚЎРҒОНДА – “АМИР ТЕМУР ҚЎРҒОНИ”

Жалолобод вилояти Бозорқўрғон туманининг Шидир, Қўтқор ва Қўрғонжар қишлоқлари худудида “Амир Темур қўрғони” деб аталадиган қадимий тепалик мавжуд. Уни шу пайтгача кўпчилик билмайди ва бу тепалик сўнгги йиллари давлат ҳимоясига олинган бўлса-да, сир-асрори тўлиқ ўрганилган эмас. Қўрғонжарлик муаллим Асил Самадов ва “Амир Темур қўрғони” деб аталган тарихий масканни қўриқчи-ҳимоячиси Ўрозбек ота Шабданов билан бу қўрғонни 2003 йили ўрганиб, вилоят “Жалолобод тонги” газетасида бир саҳифа мақола эълон қилган эдим. Орадан ўн саккиз йил ўтиб, 2021 йили Ўрозбек ота Шабдановнинг илтимоси билан марҳум журналист ва ёзувчи Ботиржон Ғозибоев “Амир темур қўрғони”ни тўла кўриб, «Янги тонг» (аввалги “Жалолобод тонги”) вилоят газетасининг  2021 йил 11 июль сонида “Қўрғонжар ўз тадқиқотчиларини кутмоқда” деган бир саҳифа мақола эълон қилинганига тўрт йил бўлди. Ўшандан бери “Амир Темур қўрғони” деб аталган бу тарихий-маданий масканда ўзгаришлар бўлдимикин, деган ниятда шу кунларда Қўрғонжарда бўлиб, унинг қўриқчиси Орозбек ота Шабданов билан суҳбатлашдик.

2003 йили қўрғонни зиёрат қилганимизда уйи шундоқ қўрғоннинг жанубидаги тепалик ортида жойлашган, ўша пайтда ёши етмишларга бориб қолган Ўрозбек ота Шабданов билан учрашдик. Ота бизни илиқ кутиб олди. Мактаб ўқитувчиси Асилбек Саматов ва оқсоқол ҳамроҳлигида тепаликнинг аҳволи билан танишдик, уни билган, боболаридан эшитган кексалар билан суҳбатлашдик. Қизиғи шундаки, тепаликнинг айрим белгилари у табиий адир эмаслигидан далолат беради. Хўш, унда бу тепалик қай тариқа пайдо бўлган?

Мавароуннаҳр ҳукмдори Соҳибқирон Амир Темур 1370 йилдан Ироқ, Кавказ ўлкаларига, Афғонистон, Ҳиндистон, Миср, Шом, Рум давлатларига юришлар қилди. Темурнинг Кичик Осиёдаги уруши ҳам ғалаба билан тугади. Умрининг сўнгида, яъни 1404 йилда Хитойга юриш бошлади.

Амир Темур ва унинг ҳарбий юришлари хусусида тўхталишимиз боиси шундаки, Бозорқўрғон туманидаги Шидир, Қўтқор, Қўрғонжар қишлоқлари ўртасида “Амир Темур қўрғони”деган тарихий жой шу пайтгача сақланиб ҳамда буюк саркарда номи билан аталади. Биз тарихий манбаларни имкон қадар ўрганишга, Амир Темурнинг бу ерлардан ўтган ёки ўтмаганини аниқлашга ҳаракат қилдик. Аммо бу ҳақда аниқ маълумот топа олмадик.

1983 йили нашр этилган “Қирғизистон ССР” энциклопедиясида Амир Темур 30 йил мобайнида Мўғулистонга ҳукмронлик қилган (14-асрнинг 60-йиллари Тиёншонда Мўғулистон давлати бўлган) деб ёзилган. Иккинчи бир тахмин шундан иборатки, Амир Темур умрининг сўнгги йиллари Шарққа юриш қилган пайтида шу ерларда бўлган бўлса керак, деган фикрга келасан. Олти асрдан бери ўша қишлоқлар ўртасидаги 7,2 гектар майдонни эгаллаган қалъасимон жой “Амир Темур қўрғони” деб бежиз аталиб келинмаётгандир?

– Ташрифларингдан жуда мамнунман, қўрғонни кўргани келган экансизлар, ўзим бирга юриб таништирай, – дея Ўрозбек ота ҳассасига таяниб, оқсаб бўлса ҳам биз билан баб-баробар тепалик томон йўл олди. Ўрлаб, терак бўйидан баланд тепалик устига чиқиб олдик. Тепалик усти анча кенг, бу ердаги йўлда пиёда ва отда бемалол юриш мумкин. Илк бор бу қўрғонни Хитой деворига қиёсладик. Аммо асрлар мобайнида бу девор қаровсизликдан нураб, тупроқтепага айланиб қолганга ўхшайди.

Пирамида шаклига монанд қўрғон девори устидаги сўқмоқдан юриб, шимол томондаги энг баланд жойга борамиз. Бу ер анча кенг, очиқ майдондаги ўйингоҳга ўхшаб кўринади. Тепалик ортидаги уйлардан биз турган жой тахминан икки-уч терак бўйи баланд. Атрофга назар ташлаймиз. Жанубдаги уйлар, қишлоқлар, боғлар, ҳатто 15 чақирим наридаги Бозорқўрғон қишлоғи яққол кўзга ташланади. Ғарб томондаги Шайдон ва Моси қишлоқлари худди кафтингизда тургандек кўринади. Қисқаси, тўрт томонни ўткир кўз ёки дурбин билан бемалол кузатиш имкони бор экан.

Шимол томондаги баланд тепаликнинг ички қисмида бироз пастроқда яна бир тепалик бўлиб, у ер ҳам кичикроқ ўйингоҳни эслатади. Қўрғоннинг ички қисмининг тўртдан уч бўлаги ер ҳолида, тўрт томони эса таъкидлаб ўтганимиздек бир тепалик бўйидан баландроқ пирамида шаклидаги девор дейиш мумкин. Биз қўрғон девори устидаги сўқмоқ билан айланиб чиқдик. Бундан ўн йилларча аввал жанубий қисмидаги девор тепаликнинг ўн метрча жойини суриб, қўрғон ичкарисидаги 7-8 гектарча текис майдонни экин майдонига қўшиб юборишмоқчи бўлишади. Археология ёдгорликларига катта эътибор билан қаралган шўролар даврида ҳам қўрғонни йўқ бўлиб кетишига оз қолганини айтиб ўтиш керак. Ўтган асрнинг олтимишинчи йиллари ўрталари, яъни пахта яккаҳокимлиги кучайган кезда колхоз раиси Қ.Абдураимов қадимий шаҳарча ўрнини текислаб пахта экмокчи бўлади. Шунда шаҳарчанинг қоқ биқинидаги уйда яшовчи Ўрозбек Шабданов тепаликни сураётган бульдозерчи билан ёқалашиб кетади. Бульдозерчи худди шуни кутиб тургандек, ишини ташлаб уйига кетиб қолади. Бундан хабар топган раис О.Шабдановни участка милиционерига топширади. Уни ўн беш суткага қамайдилар. Тушунмаган раҳбарлар яна қўрғоннинг бир қисмини текислаб ташламоқчи бўлганларида туман тарихий жойларни муҳофаза қилиш бўлими раҳбари Л.Бўлатов қатъий туриб, буздирмаган.

– Менинг отам Шабдонбой, бобом Исабой бу қўрғон ҳақида кўп нарса билишган, – дейди Ўрозбек ота тепаликдан олисларга назар ташлар экан. – Ота-бобомиздан ва атрофдаги кексалардан эшитишимга қараганда, бу қўрғон қадимдан “Амир Темур қўрғони” деб аталган. Менимча, қўрғон қурилган пайтда унинг яқин атрофларида одамлар яшамаган бўлса керак. Амир Темур ўз юришларида лашкар дам олиши ва атрофни кузатиш қулай бўлгани боис шу ерни танлаб, атрофини қўрғон қилганмикан, деб ўйлайсан киши. Қўрғон ичида минглаб сарбозлар чодирда яшаши мумкин бўлган. Уларнинг ҳаётий эҳтиёжлари учун бу ерга Шайдонсойдан сопол қувурлар орқали сув келтирилган. Бундай деганимизнинг боиси, қувур йиллар давомида эскириб, лойқа тўлиб қолгач, одамлар тепаликнинг жанубий қисмини қазиб сув йўли очишга ҳаракат қилишган. Шунда улар қазиётган ариқ ёнидан сопол қувурлар топилган…

Шу атрофда яшаган бир одам қўрғон ичидаги кичикроқ тепаликни текислаб экин экмоқчи бўлади. Чуқуроқ жойни текислаётганда оёғига нимадир санчилади. Шифокорлар унинг товонидан найзанинг учини олишган, ўша одам кўп яшай олмади, қони заҳарланиб ўлган. Бу қўрғон атрофидаги пирамида шаклидаги девор табиий тепалик эмаслигига яна бир далил шуки, унинг жанубий қисмидан 10 метрлар чамаси жой бульдозер билан сурилиб текисланаётганда остидан қаттиқ гувала ва ғиштлар чиққан. Тепаликнинг қуйи қисмида айлана шаклида оралиғи бир-биридан 5-6 метр фарқ қиладиган иккита чуқурлик бўлган. Бу ер, отамнинг айтишича, тутқунлар сақланадиган зиндон бўлиши мумкин экан. Бу ерга сув кириши натижасида ер чўкиб, ҳозир кичик тепага ўхшаб қолган.

Амир Темурнинг бу қўрғони қачондан буён мавжудлигини ҳеч ким аниқ билмайди. Иттифоқ даврида ҳам, ҳозир ҳам бу жойга тарихчилар, археологлар, адабиётчилар келишиб, астойдил изланишлар олиб бориб, унинг қаърида қандай сирлар яширин эканлигини аниқлашгани йўқ.

– Шу атрофда яшаб ўтиб кетган боболар – Соврон сўфи Иса ўғли, Шабдон Иса ўғли, Нишон Мирзақмат ўғли, Алим, Ражаб, Тўхтамиш каби оқсоқоллар бу қўрғон ҳақида кўп нарсаларни билишган. Ўша боболарнинг авлодлари Шабдон ўғли Ўрозбек, Соврон сўфи ўғли Ўмар, Қудайназар, Ирисбой, Қамчибек, Маматқадир, Саипжан, Сулаймон ўғли Самат, Сайпи ўғли Мамбет, Алим ўғли Бекболот, Зулпиқар, Мамат, Айбек ва бошқалар қўрғон чиндан ҳам Амир Темур қўрғони деб атаб келганини айтишди.

Шидир қишлоғида яшаган Бабедин эшон ота, унинг фарзандлари, набиралари, айниқса 1998-2000 йиллари қишлоқ бошлиғи бўлиб ишлаган унинг ўғли Абдуманап Бабединов, туман ҳокими бўлиб ишлаган М.Закиров, Кенгаш қишлоқ ҳокимияти бошлиғи Абдухашим Бешкемпиров, қўрғон ёнида яшаётган Орозбек ота Шабдонов ва бошқалар мазкур қўрғонни сақлаб қолиш учун кўп ҳаракатлар қилишган, унинг деворларини буздиришмаган.

Шу қишлоқда яшаган оқсоқоллар бу қўрғонни муқаддас жой ҳисоблашиб, қишлоқдаги муҳим масалаларни шу ерга йиғилиб муҳокама қилишган. Қишлоқда ўтадиган турли тантаналар, жумладан Наврўз байрами, тўйларда бўладиган қиз қувиш, улоқ каби ўйинлар ҳам шу қўрғон ичида бўлиб ўтади. Шу ердаги Қўтқор қишлоғида туғилиб вояга етган шоир, олим, матншунос, Қирғиз Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Омор Совронов бу қўрғон ҳақида кўп мақолалар ёзган. Қадимдан бу жойда яшаган одамлар Амир Темурни кўроғич, яъни олдиндан билувчи одам деб ҳам аташган. Бу сўзлар йиллар давомида эл оғзида ўзгара бориб Гологон бўлиб қолади. Айни пайтда Шидир, Қўтқор қишлоқларини оралаб оқаётган ариқни “Гологон” деб аташади. Шоир Омор Сооронов бу анҳор ҳақида “Гологонум” деган қўшиқ яратган.

Бу қўрғон одамлар қўли билан яратилганининг яна бир исботи шуки, қўрғоннинг тўрт бурчагида атрофни назорат қилиб турадиган баландроқ тепаликлар мавжуд. Энг баланд текисликда эса Амир Темур лашкарбоши, мингбошилар билан кенгашган, дейдилар. Қўрғонга кириш эшиклари бўлган.

Қўрғон атрофида яшаган ва биз тилга олган инсонлар бу қўрғон ҳақиқатан ҳам Амир Темур қўрғони эканини таъкидлашади. Аммо бу жойларга Амир Темур юриш қилгани ҳақидаги маълумотлар биздаги манбаларда йўқ. Яна бир тахмин шуки, IХ-Х асрларда бу жойларга араб истилочилари ҳам келган ва ислом динини ёйиш учун бизнинг ўлкада жанглар олиб борган бўлиши эҳтимол. Улар сақланиш учун шу жойни танлаганмикин? Балки Амир Темур давридан кейинги бошбошдоқлик замонларида бу жойларда турли жанглар, юришлар бўлиб шу ерлик аҳоли душмандан сақланиш учун ўзларига қўрғон қуришганмикин? Тахминлар жуда куп. Аммо аниқ жавобни айтиш қийин.

“Қўрғонни сақлашга ва ўрганишга оид айрим ҳужжатлар билан танишамиз. Қирғизистон ССР маданият министрлиги қошидаги тарихий ва маданий ёдгорликларнинг ҳисобини юритиш бўйича методкабинет ходимлари томонидан ёзиб қолдирилган бир ҳужжатга дуч келдим, – деб ёзган мақолада Ботиржон Ғозибоев, – унда ёзилганларни тўлиқ келтираман.

“1981 йилнинг сентябрь ойида тарихий ва маданий ёдгорликларнинг ҳисобини юритиш бўйича методкабинет ходимлари Н.Лисниченко ва Б.Исмаилов Ўш область Бозорқўрғон районидаги Октябрь 60 йиллиги номли колхознинг Қўтқор қишлоғидаги қадимий шаҳарча билан танишиб, энг оддий ўлчов ишларини олиб бордилар. Археология ёдгорлиги суратга олиниб, районнинг бош харитасига киритилди.

Бу ердан топилган кўп сонли идишларнинг асосий қисми қизилсоч керамикалардан иборат эканлиги мазкур қўрғон эрамизнинг биринчи асрига тааллуқли бўлиши мумкин, деб тахмин қилишга имкон беради. Қўрғоннинг жануби-ғарбий қисмидан ўрин олган асосий қурилишлар шимол томонга юрган сайин аста-секин йўққа чиқиб боради. Қўрғон атрофининг узунлиги 1,5 километр. Мазкур ёдгорлик Фарғона водийсининг шарқий қисмидаги ўтроқ мадангиятни ўрганишда муҳим аҳамият касб этади”.

Ҳужжатдан кўриниб тургандек, Қўрғонжар комплексининг ёши биз ўйлагандек 650 йил эмас, салкам икки минг йил бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Бу икки тахминдан қай бири тўғрилиги қазиш ишлари натижасида аниқланади. Табиийки, қазиш ишларини олиб бориш маблағ керак. Аммо бу тахминлардан қай бири тўғри чиқса ҳам, ўлкашуносликда янги кашфиётга йўл очилиб, қадимий тарихимизга оид янги маълумотларга эга бўлардик.

2003 йили “Амир Темур Бозорқўрғонда бўлганми?” деган мақолам газетада босилгач, Бобур номли Андижон давлат университетининг фахрий профессори, Андижон тарихчилар жамиятининг раиси Сайфиддин Жалилов ўқиб, “Ўлкашуносликда жиддий силжиш бўлур эди” дея мақола ёзади.

“Аввало муаллифлардан кечирим сўраб, уларнинг “Амир Темур Хитойга юриш қилган XV аср бошларида шу жойлардан ўтган бўлиши мумкин”, деган фикрига тузатиш киритаман, – деб ёзади тарихчи олим. – Соҳибқирон Хитойга юриш қилган эмас, юришга тайёргарлик кўрган ва 200 минг кишилик армиясини Чимкент, Тароз атрофларига жойлаб, ўзи Ўтрорда ўрнашган. Бироқ юриш бошлаш олдида вафот этган.

Шундан англашиладики, “Амир Темур қўрғони” қурилиши XV аср бошларига боғланмайди, балки у Соҳибқироннинг Фарғона водийсидан ўтган йиллари билан боғлиқдир. Қимматли манбалар бўлмиш Шарафиддин Али Яздий ва Низомиддин Шомийларнинг “Зафарнома”си ҳамда академик Бўрибой Аҳмедовнинг Амир Темурга бағишланган асари синчковлик билан ўқилса, Соҳибқирон XIV асрнинг 70-йилларидаёқ Фарғона водийсидан ўтгани маълум бўлади”.

– Сўнгги йилларда Амир Темур қўрғонини сақлаш, ҳимоя қилиш ва ўрганишга эътибор яхшиланиб бормоқда, – дейди Амир Темур қўрғонининг қўриқчиси Ўрозбек ота Шабданов. – Маҳаллий органлар қўрғоннинг 7,2 гектар майдонида ер ҳайдаш, экин экиш, йўл солиш, уй қуриш каби ишларни қатъиян ман қилди. Қўрғонни ўрганишга ҳам эътибор берила бошлади. Қўрғон сиру арорини тўла очиш учун давлат кўпроқ маблағ ажратиши лозим. Бишкекда ишлайдиган тарих фанлари номзоди, археолог Қубатбек Табалдиев бу йил ёзда 15 нафар талабаси билан келиб, қўрғон ичкарисида ярим ой қазиш ишларини олиб борди. Бу йил 27 августда Бишкек шаҳрида бу қўрғонни республика маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги ихтиёрига ўтказиш тантанасида қатнашдим. Қўрғонни қазиш ишларида топилган қадимий буюмларни ўз уйимдаги бир хонада музей қилиб сақлаб келмоқдаман, – дейди Ўрозбек ота Шабданов.

Мабодо, қўрғон тарихи эрамизнинг биринчи юз йиллигидан бошланиши исботланса, бу ёдгорликнинг қадр-қиммати янада ошади. Бу ҳолда ушбу худуд қай бир давлатнинг ихтиёрида бўлганлиги, тарих саҳнасида кимлар ҳаракат қилганлиги, қўрғон кимлар томонидан қурилганлиги аниқланади. Ҳар икки ҳолда ҳам Қўрғонжарнинг туристлар томоша қиладиган кўҳна масканга айланиб қолишига шубҳа йўқ. Тарихий ва маданий ёдгорликларга бўлган эътибор кучайиб, халқаро туризмнинг аҳамияти ортиб бораётган бир пайтда Қўрғонжар комплексини ўрганиш, уни туристик масканлардан бирига айлантириш ҳаракати бошланса, ажаб эмас.

 

Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ.

 

 

боғлиқ хабарлар