ҚАДРИЯТ ЮРТДОШЛАРИМИЗ ЮТУҚЛАРИ 

ЎШЛИК АЛЛОМАНИ ЁД ЭТИБ…

(Ўш, 1910  – Тошкент, 2001) 

    17 декабрь куни Ўзбекистон Фанлар академияси Тил, адабиёт ва тарих институтида бу даргоҳда қирқ беш йил ишлаган олим, филология фанлари доктори, профессор, ЎзФА академиги атоқли драматург адиб Иззат Султон таваллудининг 115 йиллиги нишонланди. Институт директори, профессор Низомиддин Маҳмудов, профессорлар Боқижон Тўхлиев, Раъно Иброҳимова, Нусратулла Жумахўжа, Ровияжон Абдулаева, Марҳабо Қўчқорова, шунингдек фан номзодлари Зуҳриддин Исомиддинов, Адҳам Алимбеков, Эргаш Очилов, адибнинг қизи Саодат Султоновалар бу буюк олимнинг фазилатлари ҳақида тўлиб-тошиб гапиришди, илмий конференция ниҳоясида бу илм даргоҳида ҳар йили “Иззат Султон ўқишлари” мавзуида анжуман ўтказиш ҳақидаги таклиф маъқулланди. З.Исомиддиновнинг “Адабиётимизнинг Иззатли Отахони” китобчаси анжуман иштирокчиларига ҳадя қилинди. “Адабиёт газетаси” рўзномаси бутун бир сонини 2025, 9-декабрь сонини Иззат Султон ва унинг илмий ва адабий меросига бағишлади.

*     *     *

Қуйида «Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти раҳбари Зуҳриддин Исомиддиновнинг олим ҳақидаги хотираномаси билан танишасиз.

Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти раҳбари Зуҳриддин Исомиддинов

 

ОТАХОННИНГ ИЗЗАТИ СУЛТОНГА МЕНГЗАГУЛИК

Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларидан то ҳозиргача таваллуд топган аксар ёзувчиларнинг бадиий диди Абдулла Қаҳҳорнинг эстетик қарашлари таъсирида шаклланган. Қаҳҳорнинг кескин муносабатисиз қирқинчи-етмишинчи йилларда адабиётимизда халтура янаям кўпроқ бўлиши турган гап эди. Чунки конфликтсизлик, сохта бахт таронаси рағбатлантирилар, ҳар қандай асардан (ҳатто беш-олти аср аввалги турмуш тасвирланган бўлса ҳам) бевосита ё билвосита “коммунизм чўққилари”ни тараннум этиш талаб қилинар эди. Яхшиям А.Қаҳҳор бор эди, талай “тирик классик”ларнинг томшувоқ пули учун ёзган асарларига устара дамидек кескир қаламидан учган икки оғиз гапи билан ҳақиқий баҳо берарди-қўярди.

Бизга тенгдош адабиётшуносларнинг илмий зеҳнияти эса Иззат Султоннинг, у кишининг қаватида юрган олимларнинг сўзшуносликка оид муносабатлари орқали таркиб топган. Чунки биз талаба, сўнгроқ ёш илмий ходим бўлган кезларда домла нафақат адабиётшунослик, балки умуман филология соҳасининг пешвоси, оқсоқоли саналар, ҳар бир сўзи илмий давраларда эъзозлаб қабул қилинарди. Домла энг обрўли адабиёт назариячисигина эмас, шу билан бирга умрининг сўнгигача биринчи рақамли Навоийшунос, эллигинчи йилларда илиқлик даври бошланиб Абдулла Қодирийга йўл очилгач, асарларини нашрга тайёрлаган олимларга бош бўлган сиймо эди. Тил ва адабиёт институтининг илмий кенгаши бўладими, “Ўзбек тили ва адабиёти” журнали таҳрир ҳайъати йиғилишими, ё Фанлар академияси президиуми анжуманими, Иззат Султоннинг чиқишларини олимлар интиқ кутишар, ҳар бир нутқидан сўнг ҳар ким фикрда “бир нималик” бўлиб қолар эди.

Бунинг боисини ўйлаб, шундай хулосага келдим: Аввало, Иззат Султон ҳеч қачон, ҳеч қаерда кераксиз гапни, одамларга маълум бўлган нарсани гапирмас, ҳар бир сўзи – янги, ҳали ҳеч ким эшитмаган сўз бўларди. Ҳатто ким биландир чақчақлашиб ўтирганида ҳам зарурати бўлмаган гапни асло айтмас, суҳбатдошини ҳам шунга ундар эди. Яхши эсимда, фан доктори илмий даражасини берувчи кенгаш раиси бўлган Иззат Султон, ёши саксонлардан ошган бўлса-да, ниҳоятда ҳушёр, минбарда “ўтлаб” кетаётган олимларнинг сўзини бўлиб, “Шошманг, шу диссертация бўйича фикрларингизни айтинг, бошқа гапларга ўтмайлик” дея, ўзидан ўн-ўнбеш ёш кичик, аммо қандайдир чарчаб қолган олимларни тўғри йўлга солар эди.

Иккинчидан, устоз ўз фикрларига ҳеч кимга муяссар бўлмайдиган бир ифода топишга моҳир эди. Сиз билан бизнинг оғиздан чиқса, жўн бир гапдай қабул қилинадиган фикрларни шундай айтар эдики, ўша мулоҳазанинг ҳали биз пайқамаган фазилатлари ҳам очилиб келаётгандай бўларди.

Учинчидан – хотира қуввати! Институт мажлисларида нутқ сўзлар экан, “профессор фалончининг 1946 йилда чоп этилган фалон асарида мана бундай гап бор эди” дея, ўша цитатани рус тилида ёд айтар, унинг ўша манбада айнан шу тазда битилгани эса шубҳасиз бўларди.

Бизнинг илмий зеҳниятимизда Иззат Султоннинг таъсири катта, деган эдим. Кимдир бунга қўшилмай, йўқ, мен Матёқуб Қўшжоновдан ўрганганман, бошқа биров эса мен Озод Шарафиддиновнинг шогирдиман, яна кимдир, мен Бахтиёр Назаров йўлидаман, дейиши мумкин. Аммо ана ўша устозлар ўзлари ҳам Иззат Султонни пир тутганлигини ёдга олиш керак.

Илмий фикрни энг ихчам ва мукаммал тарзда етказиш Иззат Султонга хос эди. Бунга бир далил келтирадиган бўлсак, кейинчалик Фурқат ижоди бўйича фан доктори, профессор бўлган Шариф Юсупов 1975 йилда “журналист маҳорати” курсидан бизга сабоқ берган. Бу йўналиш у вақтларда тизимга солинмаган, соҳага оид илмий манбалар ҳам деярли йўқ эди, шунинг учун домла асосан ўз иш тажрибасини ўртоқлашар, таҳрирга алоқадор бўлган, ёдига муҳрланиб қолган мароқли воқеа-ҳодисаларни иллюстрация сифатида гапириб дарс ўтарди. Шариф ака эллигинчи йилларда “Ўзбекистон маданияти” газетаси (кейинги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ва ниҳоят ҳозирги “Жадид”)да адабиёт бўлимининг мудири бўлиб ишлаган экан.

“Бир сафар Иззат Султонга олти юз йўллик мақола ёзиб беришни сўраб мурожаат қилдик, – деган эди Шариф ака дарслардан бирида. – Домла мақолани ёзиб юборди, линотипда тердирсак, оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас, нақ олти юз сатр чиқиб турибди-да! Саҳифада шунча жой ажратилган эди, қуйилибгина тушди. Бироқ эртасига ишга келсак, ТАССдан шу саҳифага оид бир сурат юборилган экан. Ўта шошилинч нарса бўлганидан, ҳа энди, ўша бетдаги Иззат Султоннинг мақоласидан бирон ўн сатрини қисқартирсак, сурат жойлашади-қолади, деган тўхтамга келдик.

Аммо… буни қарангки, тўрт журналист эрталабдан пешингача – беш соат мук тушиб ўтириб, мақоладан тўрт йўл ҳам қисқарта олмадик. Ҳар бир жумланинг “юк”и бор – бир фикрни ташийди, “кессангиз”, ўша фикр узилиб қолади. Ноилож, бояги суратни беришдан воз кечдик, нима бўлса-бўлди, деб таваккал қилдик. Ҳолбуки, Масков юборган бирон нарсани қолдириб қўйиш ўша пайтларда катта сиёсий хато деб ҳисобланарди.

Азиз талабалар! Мақола ёзсангиз, Иззат Султон каби ёзинг, шундай пухта бўлсинки, бирон жумлангизни киши ўзгартира олмасин…”

Иззат Султон нафақат адабиёт, балки тил ва услуб соҳасида ҳам ўрнак эди. 1978-1979 йилларда чоп этилган икки жилдлик “Адабиёт назарияси” китобининг домла қаламидан чиққан бобларида чинакам академик ўзбек тили манаман деб кўзга ташланганига гувоҳ бўлганмиз. Мен ҳатто унда “тайин” деган сўзнинг илгари ҳеч кўрилмаган маънода қўлланганини, бунинг устига, ўша фикр мазкур сўз орқали энг мақбул ифода топганини кўриб, лол қолган эдим: “…адабиётшунослик томонидан ўрганилиши лозим бўлган фактик материаллар жуда ҳам хилма-хил бўлиб, уларнинг қайси тури асосида бугунги адабиётнинг спецификасини тайин этиш керак, деган саволга жавоб топмасдан туриб, бу муаммони ўрганишга киришиш мумкин эмас”.

Тил бойлиги, баъзилар ўйлаганидек, лексикон кўплигидагина эмас, балки мавжуд сўзлар ва ифода воситаларидан унумли фойдаланишда ҳам намоён бўлади; Иззат Султондан олинган мисол буни яққол далиллайди.

Ҳаммага маълум, 1926 йилда профессор Фитратнинг “Адабиёт қоидалари” нашр этилган. Фитрат қатағонга учрагач, унинг шогирди Иззат Султон орадан ўн уч йил ўтиб, 1939 йилда биринчи “Адабиёт назарияси” китобини эълон қилди.

Адабиёт тарихида шогирдларнинг устоз бошлаган ишни давом эттирганига мисол кўп. Чунончи, Чўлпонга шахсий котиб бўлиб хизмат қилган, унинг миллат равнақи ғояларидан таъсирланган Мирзакалон Исмоилий шоир отилиб, асарлари тақиқланганидан кейин, орадан йигирма бир йил ўтиб, “Фарғона тонг откунча” романини нашр қилдирди. Бу романни, аслида Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романининг давоми деса бўлади (қарангки, ҳатто бу асарларнинг номига қадар мазмунан бир хил: “Кеча ва кундуз”нинг “Кеча” қисми эълон қилинган бўлса, “Тонг откунча” дегани ҳам, моҳиятан “Кеча” маъносини англатади).

Иззат Султон эса Фитрат қаламига мансуб “Адабиёт қоидалари”ни давом эттириб, ривожлантириб, “Адабиёт назарияси”ни майдонга келтирди.  1934 йилдан то 1978 йилгача – қирқ тўрт йил давомида адабиёт назарияси масалаларидан бир кун ҳам холи яшамади, асосий иш жойи Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтининг “Адабиёт назарияси” бўлими бўлди, бутун бир авлод назариячи илмий ходимларни етиштириб, адабиёт назарияси фанини ўзбек адабиётшунослигининг мустақил илм тармоғига айлантирди, академик “Адабиёт назарияси”ни нашр эттирди ва шу билан устози Фитрат хотирасига ҳайкал тиклади.

Эндиликда Фитратнинг мазкур “Адабиёт қоидалари”, Иззат Султоннинг 1939 йилги “Адабиёт назарияси”, 1978-1979 йилда бош бўлиб чиқарган икки жилдлик жамоавий “Адабиёт назарияси” ва ўзи 1980 йилда нашр эттирган “Адабиёт назарияси” китобларини, лозим топилса, айрим муаллифлар нашр эттирган “Адабиёт назарияси” монографиялари ва дарсликларни қиёслаб, ҳар бирида бу фанга оид масалаларнинг қўйилишини ўрганиб, уларнинг фан тараққиётидаги ўрнини аниқлашга эҳтиёж бор.

Разм солсак, Иззат Султон бир умр устози Фитратнинг йўлидан юришга, унга мудом эргашишга, ишларини давом эттиришга ва такомиллаштиришга интилиб яшаганини кўрамиз. Чунончи, ўзбек адабиёти вакилларидан айнан Фитрат ва Иззат Султон адабиёт назарияси билан шуғулланган ва ҳар иккови ҳам “сўз санъатининг олий тури” деб таърифланадиган драматургик ижод билан бир умр машғул бўлган.

Сабаби, Фитрат ижод қилган ХХ аср бошларида аксари саводсиз бўлган меҳнаткаш оммага саҳна асарларининг таъсири беқиёс эди. Одамларга янги ғояларни саҳна орқали сингдириш маъқул топилган, элни янги маданият сари етаклаш учун саҳнадан фойдаланиш кўзланган. Бу ҳол кейин ҳам ўша авж билан давом этди. Қирқинчи-эллигинчи йилларда ўзбек театри (жумладан, ўзбек драматургияси ҳам) янада юксалди, давр олға сурган дунёқарашни элга сингдиришда асосий воситага айланди. 1940 йилда саҳна юзини кўрган Уйғун билан Иззат Султон қаламига мансуб “Алишер Навоий” драмаси ўзбек халқига шоирни танитишда беқиёс роль ўйнади. Айтиш мумкинки, бу асар Ойбекнинг “Навоий” романи (1942 йил) дунёга келишига ҳам, ундаги давр воқелиги талқинига ҳам сезиларли таъсир этган.

Навоий ва Бобур замонидан кейин то ХХ аср бошларигача юртимиздаги умумий тушкунлик, жаҳолатнинг авж олиши боис Алишер Навоийдай шоир ҳам авом назаридан бирмунча узоқлашиб қолгани бор гап. Чўлпон 1924 йилда ёзган “500 йил” деган мақоласида буни таъкидлаб ўтган.

Шунинг учун ҳам Навоийни элимиз қайта инкишоф этиши даркор эди. Айнан “Алишер Навоий” драмасидан сўнг миллионлаб одамлар Навоийни севиб қолди, бу асардан олинган парчалар тўйларда, адабий-бадиий анжуманларда ёд ўқилар эди. Натижада, ўзбек адабиётининг отаси яна халқ бағрига қайтди. Эҳтимол, ундаги “Навоий ва Гули севгиси” уйдирмадир, Навоий билан Мажидиддин можаролари кўпиртирилгандир, бироқ саксон йил аввал бусиз иложи йўқ эди. Баски, ўтмишда яшаб ўтган ҳар бир одамни бизнинг замонга эмас, ўзидан аввалгиларга қараганда қандай янги нарса берганига қараб баҳолаш лозимлиги ҳақида айтилган гап жуда тўғри.

Бугунги кунда Иззат Султон ёзган драматик асарларни (у “Алишер Навоий” бўладими, “Имон”ми, ёки “Кўрмайин босдим тиконни”ми, бошқами) ўқир эканмиз, ҳар қайсиси ўзбек жамияти олдида кўндаланг турган катта бир масалани санъат асари орқали муҳокама қилиш, бунга элнинг ўзини жалб қилиш мақсадида битилганига иқрор бўласиз.

Чунончи, “Кўрмайин босдим тиконни” –турмуш қурган икки зиёли инсон ҳаётидаги драма, ҳатто айтиш мумкинки, гарчи унда инсон ҳаётининг чуқур коллизиялар оқибатида фожали равишда якун топиши кўрсатилмаган бўлса ҳам, моҳиятан трагедиядир. Шунинг учун уни томоша қилган киши, руҳан тозаради, маънавий руҳ олади. 1975 йилда саҳнага чиққан бу асар 1958 йилда Чингиз Айтматов ўртага қўйган масала – севгисиз бўлса ҳам турмуш кечираверган яхшими ёки киши ўз муҳаббатини қидириши даркорми, деган баҳсларга ўзбек адибининг жавоби бўлди. Ўзбек турмушидан олинган бу асарда Иззат Султон Чингиз Айтматов қарашларини ёқлаб чиқди.

Бироқ афсуски, асарнинг ана шу ғоясини аксар томошабинлар тушунмади, ё “ҳазм” қила олмади. Шу тўғрида ўйлар эканман, менинг ўзим ҳам у ё бу позицияга қатъий ўтишим душвор (ўзбекмиз-да барибир). Лекин бошқа бир жиҳати бор: “Кўрмайин босдим тиконни” драмаси, ундаги барча олижаноб, қалби пок персонажларнинг тақдир синовлари қаршисидаги изтироблари боис томошабин маърифатини ўстириши, унга мўл-кўл маънавий озиқ бериши эътибори билан жуда баландда туради. Айниқса, оилавий можаролардан масхарабозлик қилиб бўлса ҳам “кулги” ясаб чиқаётган бугунги кўп саҳна асарлари олдида… Бу асарнинг эстетика жиҳатидан фазилати шундаки, унда биронта ҳам “салбий образ” йўқ, асар коллизияси “ижобий” ва “салбий”ларнинг кураши негизига қурилмаган, драматизмни ҳаётий вазиятнинг ўзи юзага келтирган. Бу мазкур асарнинг бадиий юксаклигини кўрсатадиган муҳим бир далил.

Домланинг 1959 йилда чиққан “Пьесалар, мақолалар” деган бир китоби бор. Албатта, ўша йилларда нашр масалалари қийин бўлганидан, икки китоб бир муқовада чоп этилган. Аммо шу ном, шу нашр Иззат Султон илмий ва ижодий ишни баравар олиб борганини кўрсатадиган бир ойинадир.

Баъзилар, домла фақат илм билан, фақат назарий тадқиқот билан шуғулланганида фанга янада кўпроқ ҳисса қўшган бўларди деб, ёки аксинча, Иззат Султон бадиий ижоднинг ўзигагина ҳаётини бағишласа, қанча улуғ дарама ва трагедиялар ёзиши мумкин эди, деб ўйлаши мумкин. Балки бу мулоҳазаларда ҳам жон бордир. Бироқ аксар одамларнинг ижодий қобилияти турфа йўналишли бўлади. Биз Леонардо да Винчи ёки Гёте кабиларни эмас, устози Фитрат домланинг ўзини мисол келтирсак кифоя қилар, у – ёзувчи, тарихчи, адабиётшунос, тилшунос, санъатшунос ва сиёсатшунос олим, давлат ва жамоат арбоби эди. Бир пайтлар Фитрат Халқ комиссарлари раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган бўлса, Иззат Султон ҳам, тақдирнинг мўъжизаларини қарангки, 1945-1948 йилларда Ўзбекистон Ҳукумати Раисининг ўринбосари лавозимида хизмат қилган.

ХХ аср ўзбек адабиётшунослиги икки улуғ назариётчи олимнинг теран тадқиқотлари туфайли юксак илмий-назарий пойдеворга эга бўлди. Иззат Султон ҳар соҳада, фанда ҳам, бадиий адабиёт йўналишида ҳам улуғ устози Фитрат бошлаган ишларни давом эттирди ва янги даврда уларни имкони борича янги босқичга кўтаришга ҳаракат қилди”.

 

боғлиқ хабарлар