ҚАДРИЯТ 

ҚИРҒИЗИМ

(Аскарлик дўстим Ашим Қодировга мактуб)

Аслида, ҳайқирсак етгулик жойдир:
Ўш, Чуй, Жалолобод, Бурганди, Сузоқ.
Икки мингу ўннинг кузак фаслида…
Етти ёт қитъадек бўп қолдик узоқ!…

Бир хатлаб етардим Мойлисойларга,
Иссиқкўлларингда оқардим яйраб.
Ай, Ашим, ям яшил кўкка бурканган
Олойингда чорвам боқардим ойлаб!

Юрагим салгина хижил бўпқолса,
Қайдасан Ашим, деб жўнаб-ворардим.
Қирларга дўппидек ўтовларингда
Бешбармоқ еб, қимизларга қонардим!

Мабодо,
Сен келсанг, қучоғинг очиб,
Тўйдек бўпкетарди ховли-ҳаятим.
Тунни тонгга улаб, болишни қуча
Манас, Алпомишни қилардик хатм.

Елкани елкага тираб, ётволиб,
Ҳа-ҳий турку ирлардан завққа тўлардик.
Гоҳо оқшом чўкиб, тонглар отганин,
Кунлар ботганини билмай қолардик!

………………………………………………………!
……………………………………………………..!!

Ай Ашим!…
Ҳай майли!
У кунлар ўтди,
Унут ҳам бўп кетди бир заҳил онлар…
Кин, гиналар ўтру, яралар битди!
Хотирни тарк этди шубҳа, гумонлар –
Авлодлар оғриқни алҳол унутди…
Яна дилдош қилди ўтмиш – армонлар,
Қутлуғ бўлсин энди ушбу давронлар!

…Мен сени соғиндим, бормисан, дўстим,
Соғу омон бўлсанг, шундан хабар бер!

Абдунаби Бойқўзиев, шоир,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

боғлиқ хабарлар