ҚАДРИЯТ Навоийхонлик 

НАВОИЙХОНЛИК СУҲБАТЛАРИ

                     ЧЕҲРА ОЧМИШ БОҒ АРО…” 

Хастадур жоним менинг, то борди жононим менинг,

Бўлмасун гар борса жононим менинг, жоним менинг.

 

Гул тўкулмиш суға, бормиш сарв ўзидин гўйиё,

Чеҳра очмиш боғ аро сарви хиромоним менинг.

 

Дафъа-дафъа қон аро жисмимдадур бир-бир туган,

Лолаедур гўйиё ҳар доғ ила қоним менинг.

               

Тилга олмиш телба кўнглумни яна хайли рақиб,

Қолмиш итлар оғзида мажнуни урёним менинг.

 

Мен анга ҳайрону эл минг захм урса бехабар,

Бехабар захм урғучилар доғи ҳайроним менинг.

 

Халқдин пинҳон мени маст айла шояд, эй рафиқ,

Сокин ўлғай шаммае бу дарди пинҳоним менинг.

 

Эй Навоий, бўлмаса бир пири комил ҳиммати,

Ул йигит бедодидин йўқ махлас имконим менинг.

 

Бу ғазал Алишер Навоийнинг “Бадоеъул васат” девонидан. Ҳасби ҳол тарзида битилган. Машҳур бастакор, композитор, таниқли созанда Дони Зокиров унга ажойиб бир куй басталаган. Ҳозирда кўп хонандалар, айниқса аёл санъаткорлар томонидан суйиб ижро этилади.

Ушбу ғазалнинг талқинига ўтишдан олдин, шу ашула баҳонасида, умуман ўзбек мумтоз ғазалларини куйга солиб айтишга доир бир фикримизни ҳам мулоҳаза тариқасида баён қилиб кўрсак.

Эски бир ривоят бор. Уни гоҳ Навоийга, гоҳ бошқаларга нисбат бериб айтишади. Бир одам бақириб ашула айтиб девор ураётган экан. Иттифоқо, шу ғазални ёзган шоир кўчадан ўтиб қолибди. Ижодкор бирпас эшитиб туриб, ғазабга миниб, деворни бузиб йиқита бошлабди. Ҳой-ҳой қилиб, ўдағайлаб етиб келган деворзанга қараб, “Сен менинг не машаққат билан битган байтларимни (араб тилида байт – уй дегани) бузяпсан-ку, мен ниҳояти девор қулатяпман”, деган экан…

Агар бу ривоятга амал қилсак, кўп хонандалар уйсиз қолган бўларди. Чунки Навоийдан бўладими, Бобур ё Фурқатийданми, ғазаллар ашула қилинар экан, матнининг қарийб ярми “ташлаб” кетилади. Оқибатда, шоир бу ғазалда нима демоқчи экани мубҳам бўлиб қолади. Чунончи, мазкур ғазалнинг Ибодат Сўфиева ижро этган вариантида ундаги етти байтнинг уч байти қисқартирилиб, тўрт байтга келтирилган, яъни қирқ уч фоизи ташлаб кетилган. Бунинг устига, айрим мисралар “таҳрир” қилиниб, ушбу ғазалнинг матнида бўлмаган (Навоий ёзмаган) ўнта сўз киритилган, бу ҳам шоирнинг асл мисраларини “қисқартириш”,”таҳрир қилиш” ҳисобига амалга ошган. Унда “туган” (доғ)ни “тугун” деб талқин қилиш каби ўзбошимчаликлар бир талай.

Албатта, ашулани ашула қиладиган нарса – ёқимли мусиқа ва ширали овоз. Бу ҳақиқат. Аммо барибир, буларнинг заминида шеърий асар туради, шу ғазал бор эканки, унга куй басталанади, ҳофиз уни тараннум этади. Бошқача айтганда, ашула, қўшиқ дегани – шеърнинг мусиқий талқини, холос, ундан бошқа нарса эмас.

…Шундай экан, келинг, ҳақиқий, асл санъатдан йироқ бу хил нуқсонларни четга суриб, ҳазрат Навоийнинг ўзига мурожаат қилайлик.

 

Хастадур жоним менинг, то борди жононим менинг,

Бўлмасун гар борса жононим менинг, жоним менинг.

 

Жононим кетди-ю, ўшандан бери менинг жоним хаста бўлди,

Жононим кетар бўлса, бу жонимнинг борлигидан маъно йўқ.

Ошиқ – лирик қаҳрамон жонондан бир дам ҳам узоқ тура олмайди. Унинг учун, агар жонон чиндан ҳам кетар бўлса, бундай ҳаётдан ўлим яхшироқдир. Кўрамизки, шоир ҳақиқий ишқни тараннум этяпти. Навоий бошқа бир ғазалида ёрни, ёрга бўлган ишқни кўзда тутиб, Бўлмаса ишқ икки жаҳон бўлмасин, Икки жаҳон демаким, жон бўлмасин”, дея битгани ёзимизга тушади. Демак, бу ғазални бир йигитнинг бир маъшуқага заминий муҳаббати изҳори деб бўлмайди.

Гул тўкулмиш суға, бормиш сарв ўзидин гўйиё,

Чеҳра очмиш боғ аро сарви хиромоним менинг.

Гул сувга тўкилибди, сарв эса ўзидан кетган каби (беҳуш),

(Чунки) боғ ичида сарви хиромоним чеҳра очган палла экан.

Ривоятларда, “Иза азза ва жалла кўркни юз улуш қилди, – деб айтилади. – Тўқсон тўққузни Ҳаввоға берди. Бир улушни қамуғ оламлиғларға (ер юзидаги барча одамларга) берди. Ул бир улушни яна ўн улуш қилди. Тўққузин Юсуфға, бир улушни оламлиғларға берди” (Қисаси Рабғўзий).

Бунча ҳуснни яратган зотнинг ўзидаги ҳусн қай даражада, тасаввур қилиш амри маҳол. Шоирнинг тасвирича, ёр гул каби чеҳрасини очиб, қадамлаб юрадиган сарвни эслатувчи қомати билан боғ ичига кирган заҳоти гуллар сувга тўкилиб, боғ ичида ўсган сарв эса ҳушини йўқотди.

Дафъа-дафъа қон аро жисмимдадур бир-бир туган,

Лолаедур гўйиё ҳар доғ ила қоним менинг.

Жисмим-танамнинг ҳамма жойида қон ичида доғлар бор,

Ҳар бир доғ билан қоним гўё  лолага ўхшаб кўринади.

Ошиқ – ўзини унутган, жисму жонининг қай ҳолатда эканлиги билан иши ҳам йўқ. Ҳамма жойи ишқ изтироби билан моматалоқ. Бунинг устига…

Тилга олмиш телба кўнглумни яна хайли рақиб,

Қолмиш итлар оғзида мажнуни урёним менинг.

Рақиблар тўдаси эса телба кўнглимни тилига олади,

(эвоҳ) Бу мажнунвор ва абгор (кўнглим) итларнинг оғзида қолди.

Ошиқ ўз рақибларини итлар деб атайди. Бу итлар унинг кўнгли телба эканлиги ҳақида кўп гапиради. Бу телба кўнглим (юрагим)ни итлар еяётир. Зеро ит тилига олди нима-ю, еди нима? Лирик қаҳрамон ўз ошиқ кўнглининг маломат бўлаётганидан азобланади, бир дарди ўн бўлади.

Мен анга ҳайрону эл минг захм урса бехабар,

Бехабар захм урғучилар доғи ҳайроним менинг.

Мен унга лолман (шунинг учун) эл минг захм уриб яраласа ҳам бехабарман,

Захм ургувчи бехабарлар ҳам менинг бу ҳолимдан лолу ҳайронлар.

Шоир “мен анга ҳайрон” деганда ёрни кўзда тутяпти, чунки унинг ҳуши-хаёли фақат ёрда, ерда эмас. Унинг бу ҳолидан бехабарлар эса, ошиқ нима сабабдан оҳ-воҳ чекмаётганига ҳайрон. Чунки улар – бехабарлар-да.

Шу ўринда машҳур сўфий Иброҳим Адҳам ҳақидаги бир ривоят ёдга тушади. Айтишларича, тож-тахтдан, подшоҳликдан воз кечиб, ҳақ йўлга тушган Иброҳимни орадан кўп йиллар ўтгач бир кун одамлар тутиб дўппослашади. Улар шунчаки безори эмас, ўзларини танитмай, юзларини ёпб олган сўфийлар экан – собиқ шоҳни синамоқчи бўлишган экан. Иброҳим Адҳам алам билан уларга қараб, “Қанийди аввалги салтанатим қўлимда бўлса, сенларни жазолар эдим”, деб хитоб қилади. Унга захм етказган кишилар индамай тарқаб кетишади, аммо “бу ҳали пишмабди”, деган хулосага келишади. Орадан яна бирқанча вақт ўтиб, яна азоблашганида тож-тахтини эсламай, яқинларинигина тилга олади, эвоҳ, яна камолга етмаган ҳисобланади. Кўп вақтдан кейин уни учинчи бор урганларида ҳеч кимни тилга олмайди, фақат “Оллоҳ, Оллоҳ!” дея нидо қилади, калтаклардан ҳам қочмайди, яъни етказилаётган захмларни ҳис этмайди.

Ана шундан сўнггина у ҳақиқий солик қаторида эътироф этилган экан.

Мазкур байтда, бизнинг назаримизда, ана шу машҳур нақлга ишора бор. Яъни, лирик қаҳрамон ўзининг чин ошиқ эканини айтяпти. Кейинги байт:

Халқдин пинҳон мени маст айла, шояд, эй рафиқ,

Сокин ўлғай шаммае бу дарди пинҳоним менинг.

Эй дўст, одамларга кўрсатмасдан мени бир маст қилсанг-чи,

Шояд менинг бу яширин дардим изҳори янада сокинлашса.

Бу байт ҳақиқий ишқнинг янги, янада юксак бир даражаси ифодасидир. Яъни, чин севги эгаси ҳадеб, менинг ишқим фалон даражада, деб эълон қилмайди, яширин азобланиб, яширин куйиб, висолга эришишни орзу қилади. Маст одам дардларини бирқадар унутгани каби, ҳақиқий ишқ шаробини тотган ошиқ, унинг кайфи билан маст юради, дардини баён қила бермайди.

Назаримизда, “эй рафиқ” деганда лирик қаҳрамон (шоир) ёрнинг ўзини кўзда тутяпти, халқдан пинҳон маст айламоқ – ўзгага билдирмай илтифот қилишдирки, у фақат ёрнинг ўзидан умид қилинади. Ишқ висолидан умид бу.

Бироқ унга эришиш айниқса қийин. Ёр илтифотига ноил бўлиш йўлини топиш учун соликка бир устоз керак. Чунки мастлик ичидаги одам қаёққа кетаётганини: тўғри йўлдами, ё адашиб бошқа ёққа кетаётирми – била олмай қолиши ҳақиқат. Шоир ёзади:

Эй Навоий, бўлмаса бир пири комил ҳиммати,

Ул йигит бедодидин йўқ махлас имконим менинг.

Эй Навоий бир улуғ устод – пири комилнинг ҳиммати бўлмаса,

Ул йигит ишқининг зулмидан халос бўлишга менинг имконим йўқ.

Шоир бу ўринда ёрни “йигит” деб атаяпти. Тушунмаган китобхон буни бошқача қабул қилиши ҳам мумкин. Бироқ Навоий ёрни фақат қиз тимсолидагина эмас, бирқанча асарларида баркамол йигит тимсолида ҳам тасвирлаганини Алишер Навоий ғазаллари шарҳига бағишланган “Шавқи Наво” деган китобимиз (Тошкент, “Тамаддун” нашриёти – 2021, 296 бет)да қайд этиб ўтгандик. Дарҳақиқат, балоғатга етган, комил кишининг – энг аввало йигитнинг қадди ғоят бежирим, ҳар қандай тик дарахтдан ҳам адл кўринади. Леонардо да Винчининг “Витрувий одами” деб номланадиган, инсон қоматининг ғоят бенуқсон таносуботи акс эттирилган машҳур расми (1490-92) ҳам бунинг яққол далили бўла олади. Дарвоқе, бу бебаҳо санъат асари Алишер Навоий ғазалиёти билан деярли бир вақтда, бир замонда яратилган. У буюк давр мутафаккирлари инсонни улуғлаш орқали унинг шуурини уйғотишга уринганлар, ана шундагина бани башар комилликка эришиб, ўзи дунёга келишининг мақсад-моҳиятини ва ҳаётининг маъносини теранроқ англайди, дея умид қилганлар. Ва бундай улуғ санъаткорлар ҳаёт гўзаллигини тавсиф этишда эркак-аёл, йигит-қиз каби инсоний қарашлардан баландроқда туриб, Оллоҳ яратган хилқатларга кенгбағирлик билан назар солганлар; аммолекин бундай қарашлар бизларнинг ожизгина нуқтаи назарларимиз доирасига сиғавермаса, айб мутафаккирларда бўладими, ёки бизларда?..

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар