ҚАДРИЯТ 

ТЕРАК ОҒОЧИ ВА ЁҒОЧИ

Қирқ йилча бўлиб қолди, бизда тахта танқислиги сезилади. Чунки эшелон-эшелон ёғоч келиши барҳам топган, энди ўзимиз қурилишбоп дарахт ўстиришимиз керак. Катталар Калифорния терагини маслаҳат беришди – ўнлаб қишлоқлар “Калифорния” бўлиб ҳам кетди. Аммо ёғочи бўш, танаси эса қийшиқ экан. Тез ўсади, асосан ўтинбоп, нари борса, бир марталик яшиқ ясашга ярайди. Кейинроқ, қурилиш материали нияти эсдан чиқди чамаси, “Каштан экасан”, дейилди. Каштан ҳам кўпайди. Беш-олти йил бўлиб қолди, энди павловнияга етадигани йўқ, деб айтиляпти. Ҳаммаёқ павловния. Аммо унинг ёғочи ҳам бирқатор нуқсонларга эга.

Албатта, ҳар бир дов-дарахт ўзига хос, бетакрор. Ўз фазилати бор. Лекин, масалан бизда лиана ўсмайди, садақайрағоч ё шотут эса Австралияда бўлмаса керак. Бундай “маҳаллийлик” илмда эндемик турлар дейилади. Четдан олиб келинадиган ҳар қандай нарса ё шароитга қараб ўзгаришга учрайди, ё кутилганидай парвариш топмайди. Америка картошкасини экдик – Колорадо қўнғизи қайнаб-тошди. Мол канасини териб ейди деб, 300 дона Ҳиндистон майнаси (олақанот) опкелиб қўйиб юбордик – ҳаммаёқни босиб кетди, биздаги не-не қушларни қириб йўқотди, энди ундан қутулолмаяпмиз.

Австралияга борган инглизлар бу ерда ов қилиш учун қуён йўқ экан, зерикяпмиз, дея зорланиб, Англиядан қуён опкелиб яйловларга қўйиб юборишган. Ҳадемай, қуён мўр-малахдай кўпайиб, маҳаллий турлар камайиб кетган, бунча қуённи овлаб тугатиш эса амри маҳол, албатта. Нима қилиш керак? Қуённинг кушандаси тулки-ку, дея тулки олиб келишди. Тулкилар эса қуённи қўйиб, умрида тулки кўрмагани учун қўрқмасдан, ажабланиб қараб турган бу ердаги жониворларни тутиб еган. Кейинроқ… туя опкелишган. Ҳозир 2-2,5 миллион туяни қандай йўқотишни билмай, бошлари қотган.

Кўрамизки, табиатнинг ишига аралашган барака топмайди. Экин-тикин, гул ва дов-дарахтларни четдан олиб келиб ўстириш ножўя иш, аслида. Бугун бўлмаса, эрта-бириси кун унинг салбий натижаси сезилади.

Шунинг учун узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши, деганларидай, ер-сувимизга мос, қурилишбоп ёғоч берадиган дарахтларни ўстириш, керакли навларини кўпайтириш ҳақида ўйлаган маъқулроқ.

Бизда иморатга қадимдан терак ёғочи ишлатиб келинган. Терак шунчалар оммалашганки, оилада ўғил туғилса, эллик-олтмишта терак экилган – йигит ёшига етгунича терак ҳам ўсиб, иморат қуришга яраб қолади, деган ниятда. Оқтерак, кўктерак, мирзатерак, бақатерак кабилар кўп экилган. Кўктерак баъзи жойларда шотерак, яна бошқа ҳудудларда бойтерак деб ҳам аталади. Шунингдек, тарвақайлаб, тез ўсувчи тоғтерак борлиги ҳам маълум.

Дарвоқе, ўзбек тилидаги “шо” префикси (шо+терак) “шоҳ” сўзидан келиб чиққан, катта, улкан (шокоса, шомурт, шосупа); “бой” ҳам шу маънода (бой+ёнғоқ) деган маънода келади. Улкан, баҳайбат терак шотерак (бойтерак) дейилади. Бадиий асарларда эса биз айтаётган кўктерак (шотерак/бойтерак) ар-ар терак деб аталади. Ботаник эмаслигимиз боис, айрим турларини чалкаштирилаётган бўлишимиз мумкин. Аммо бу билан ўртага қўйилаётган масаланинг моҳияти ўзгармайди.

Илмда терак – толдошлар оиласига кирувчи, “туронча”, “оқтерак”, “кўктерак” деган уч кенжа турга ажралувчи, юздан ортиқ тури бор дарахт, деб айтилади. Биз айтаётган шотерак (ар-ар терак) – ана шу турлардан бири.

У Марказий Осиёда қадимдан ўстирилади, яъни олисдан келтирилган эмас, ўзимизнинг маҳаллий терак тури.

Ар-ар теракнинг тик ва текис қадли эканлиги ўтмиш шоирларни илҳомлантирган, масалан, ХVIII асрда Маҳзун ёрнинг юзини очилган атиргулга, тик қоматини сарвга, ар-ар теракка ўхшатади:

Гул яқо чок айлади, рухсори олингни кўриб,

Сарву ар-ар титради нозук ниҳолингни кўриб.

Ар-ар терак тик ўсади, 15-20 метрларга етгунича (мирзатерак ва бақатеракдан фарқи ҳам шу) деярли ён шох чиқармайди. Бу хусусияти унинг ёғочи арралаш ва рандалаш, турли ишлов беришларга қулай эканини англатади. Пирамидасимон эмас, цилиндрсимон тана қўяди, яъни тубининг диаметри билан 15 метрларгача тепада бўлган жойидаги диаметри деярли бир хил бўлади. Бу ундан иморатбоп хари, устун ва тўсин олишда, мебель ясашда қўл келади. Айрим тераклар 35-40 метргача ва гоҳо ҳатто 60 метргача ўсади, танаси диаметри 1,5 метргача (гоҳо 3 метргача) етади.

Терак иссиқсевар, аммо совуққа бардошли дарахт. Сернам, унумдор ерда тез етилади. Тез ўсади, 15-20 йилда етилади, ҳатто 8-10 ёшида ишлатишга ярайдиган даражага келади, жой танламайди. Қулай шароит бўлса ва терак етиштириш технологиясига риоя қилинса, Ўзбекистон шароитида 25-30 йиллик теракзордан ҳар гектарига 900 куб/метргача ёғоч олиш мумкин. Борингки, шунинг ярмини мўлжал қилсак ҳам, бу ҳар сотих ердан беш куб метр қурилиш-мебелбоп ёғоч етиштириш дегани бўлади.

Ар-ар терак қадимда кўп экилгани ҳолда, кейинги бир аср давомида четдан келадиган қарағай ёғочига ўрин бўшатиб, четга чиқди шекилли, кам ўстириладиган бўлиб қолди. Бироқ ёғочга эҳтиёж кўп. Шунинг учун ҳам  ҳукуматимиз “Саноат теракчилигини ривожлантириш ва бошқа тез ўсувчи ёғочбоп дарахтзорларни барпо этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида” (1994 йил 6 февраль, № 62) қарор чиқариб, ҳар йили 10 минг гектар майдонда теракзор ташкил этиш белгилангач, теракчиликка эътибор берила бошлади.

Бироқ ушбу қарорнинг моҳияти бирёқлама тушунилди шекилли, четдан Калифорния тераги олиб келинди, яна бир-икки нав синаб кўрилгач, бу иш эътибордан четроқда қолди. Энг ёмони, “ажнабий” тераклар, айниқса Калифорния тераги гуллаган чоғ уюм-уюм пар чиқаради ва бу парлар ҳавода ҳафталаб учиб юриб, одамларда аллергия касаллигини авж олдиради. Яъни, фойдасидан зарари анча ортиқ экани ҳаммага маълум.

Шунинг учун ҳам, бирон ўсимлик, дов-дарахт, мол-ҳол ёки паррандани  кўпайтиришга эҳтиёж туғилса, аввало маҳаллий  навлар ҳақида ўйлаш керак. Таниқли журналист Намоз Саъдуллаев қирқ йилча аввал ёзган бир мақоласида жайдари моллар сути, унча кўп бўлмаса ҳам, таркибида инсон соғлиғи учун жуда зарур бўладиган моддалар “хорижий” сигирлар сутига нисбатан анча кўп эканлиги ҳақида илмий далиллар келтириб, ўзимизнинг маҳаллий сигирларга тенг келадигани йўқлигини исботлаган эди.

Ёзувчи Ҳаким Назир эса “Сўнмас чақмоқлар” қиссасида стадиондаги пойгада ўзбекнинг қорабайир оти енгиб чиққани, у илдамлиги, чидамлилиги билан бошқа наслдаги отлардан афзаллигини тасвирлаган.

Бошқа соҳалар, жумладан теракчилик борасида ҳам гап шу, аслида.

Юртимизда азалдан кенг тарқалган турлардан бақатерак таравақайлаб ўсади, тик эмас, ён шохлари ҳам йўғон бўлиб, тананинг давоми сифатида чиқиб келади. Мирзатеракнинг танаси эса пирамидасимон ўсади, сон-саноқсиз ён шохлар чиқаради, бу эса ёғоч сифатини туширади. Шунинг учун бундай тераклар мамлакат миқёсида қурилишбоп ёғоч берадиган истиқболли нав деб ҳисобланиши қийин.

Биз таклиф этаётган, экиб кўпайтиришга ундаётган ар-ар терак эса бу хил нуқсонлардан холи. Ён шохлари танасининг хийла юқорисида чиқади, демак бу нав теракдан олинган ёғочда “кўз”лар деярли бўлмайди. Ар-ар терак баҳорда пар чиқармайди, унинг киши саломатлигига зиёни йўқ.

Ар-ар теракнинг барги юпқа, банди ингичка бўлади, хийла баланддаги шохларда бўлгани учун енгил шабадага ҳам ўйноқлаб тебранади, шамолда эса ар-ар теракзор шовуллаган овоз чиқаради. “Алпомиш” достонида: Шамол эсса шобирлайди шотерак” деб кўп қайтариладиган мисра борлиги ҳам шуни тасдиқлайди.

Гап теракка шамолнинг таъсири масаласига қараб бурилган экан, ёғоч бозорларида Қўқон ва унинг атрофида ўсган терак ёғочи бошқа ердаги теракнинг ёғочидан анча қиммат сотилишини ҳам айтиб ўтишимиз керак. Негаки, бу ер шамолли, терак ниҳол вақтидан бошлаб шамолга қарши доим курашиб ўсади. Бунинг натижасида танаси мўрт эмас, бикр-мустаҳкам бўлади, эгилганда, қўшимча оғирлик тушганда синиб кетмайди. Иморат қураётган кишилар Қўқон терагига кўп харидор бўлишининг сабаби ҳам шу.

Бундан, ар-ар терак кўпайтириладиган бўлса, уни сершамол жойларга экиб ўстирган маъқул, деган хулоса келиб чиқади. Қолаверса, улкан ва мустаҳкам ар-ар терак дарахтзори орасидан ўтишда шамолнинг кучи анча қирқилади, тупроқ эрозияси кескин камаяди, бунинг шарофати билан экин ерларининг унумдорлиги ҳам ортади.

Бу теракни топиб кўпайтириш ва касалликлардан асраш масалалари бор. Ар-ар терак, гарчи мирзатерак ва бақатерак каби кўп тарқалган тераклардан бўлмаса-да, унинг тур сифатида тоза, чатишмаган навларини топиш, экиб ўстириш мушкул эмас. Ахир, бу павловния каби аллақаёқлардан олиб келинадиган, махсус парвариш талаб қиладиган дарахт эмас, ўзимизнинг жайдари оғоч. Қийинчилик томони десангиз – бу энди, барча дарахтлар олдида турган муаммо – ар-ар терак теракни ҳам турли зараркунанда хашаротлардан асраш. Бироқ ботаник олимларнинг ёзишича, шаҳар мўйловдори каби ёғоч кемирувчи хашаротлардан асраш учун сарфланган ҳар бир сўм 2,4 сўм даромад бўлиб қайтиб келганлиги бу соҳанинг иқтисодий жиҳатдан ҳам самарали эканини кўрсатади.

Ўш шаҳрида илгари ар-ар терак кўп ўсар эди. Хусусан, шаҳарнинг жанубидаги “Дом отдиха” санаторийси йўл ва йўлакларининг ҳар икки томонида баланд бўйли ар-ар тераклар саф ториб, солланиб турар эди. Менга марҳум бобомнинг айтишича, уларни 1917 йил инқилобидан аввал рус тўралари эктирган экан. Бундан маълум  бўладики, ар-ар терак ҳавони тозалаш бобида ҳам анча фойдали. Чунки бу жой рус ҳарбийлари даволанадиган лазарет сифатида барпо қилинган, шаҳардан анча четда, юксак, баҳаво жойда (илгари Ўш шаҳри ҳудуди жанубда Сулаймон тоғининг учигача – ҳозирги Ўш Давлат университетигача бўлган. Шаҳар Чор қўшинлари томонидан забт этилганидан кейингина рус тилли аҳоли ҳозирги Ўш универмагининг юқори қисмига келиб ўрнаша бошлаган). “Дом отдиха” сиҳатгоҳи барпо этишда тиббиёт соҳаси мутахассисларининг маслаҳати олиниб, ҳавони тозалаш хусусияти юқори бўлган дов-дарахтлар, айниқса ар-ар терак кўп экилган.

Кўрамизки, ар-ар терак ўзидан кўп кислород чиқаради, ҳавони тозалайди, аллергия қўзғовчи пари йўқ, сояси қуюқ, кучли шамол йўлини тўсади. Аммо энг муҳим фазилати – бизда ҳозир етишмай турган яхши ёғоч беришидир.

Тўрт йил аввал мен ар-ар тераклардан қаламча олиб экиб кўпайтириаман деган ниятда ўша собиқ “Дом отдиха” ҳудудига бордим. Бу файзли маскан бугун ташландиқ аҳволда экан. Бинолар эскирган, тоб ташлаган. Ҳаммаёқ ахлатхона. Ва… минг афсуски, баланд, тик қоматли ўша ар-ар тераклар биттаям қолмабди, ҳаммаси кесиб сотиб юборилибди, ҳатто дўнгакларининг ўрнини ҳам топиб бўлмади.

Аммо уни, ўз юртимизда азалдан ўсадиган ўша машҳур ар-ар терагимизни кўпайтиш имкони ҳалиям бор экан, батамом йўқолиб кетмабди. Икки йил муқаддам мен уни Новқатнинг бир жойида кўрдим: баланд бўлиб, бир текис саф тортиб, солланиб ўсиб турибди. Хайрият-э, дедим.

Бозор иқтисодияти экан деб бегоналарга вақтинча ошно тутиниб, қариндошларга ёт бўлиш хайрли амаллардан эмас. Худди шу каби, ўз юртимизнинг асл қадрдон, жайдари экин-тикини, дов-дарахти, жон-жониворларини бегона қилиш, уларнинг ўрини олислардан олиб келинган, қилиғи ҳам, турқи ҳам совуқ бўлган нарсалар билан алмаштириш ножоиз.

Хулосаи калом: келажакда ёғоч кўп бўлсин, болаларимизга мустаҳкам иморатлар қурайлик, сўри-чорпояларимиз, хонтахталаримиз бўялган пластмасса эмас, енгил, пишиқ ёғочдан бўлсин, десак, ҳали Калифорнияга, ҳали яна бошқа томонларга югуравермай, ўзимизнинг ар-ар теракларни экиб кўпайтирайлик. Ўзимизникига етадигани йўқ.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар