Фаррух Зокиров 80 ёшда: Бир дастхат тарихи
Юбилей муносабати билан китоб жавонимда сақланаётган бир дастхат тарихи билан бўлишгим келди.
Нафақат Марказий Осиё, балки дунёнинг бошқа кўплаб давлатларида ҳам миллионлаб мухлисларнинг қалбидан ўрин олган устоз санъаткор, ўзбек эстрадасида бутун бир олтин даврнинг тимсолига айланган шахс – Фаррух Каримович Зокиров 16 апрель куни 80 ёшга тўлди. Эстрада санъатидаги хизматлари қанчалик беқиёс бўлмасин, бу инсон аввало олий даражадаги маданиятлилиги, барчамизга намуна бўла оладиган юксак тарбия эгаси экани, камтаринлиги ва инсонпарварлиги билан қалбим тўридан алоҳида ўрин олган.
Бундан 30 йил аввал Қирғизистоннинг тўнғич президенти Асқар Ақаев фармони билан Фаррух Зокировга Қирғизистон халқ артисти унвони берилган. Мен унда Жалолобод вилояти “Жалолобод тонги” газетасида оддий мухбир бўлиб ишлар эдим. Орадан бир неча ой ўтиб, Тошкентга бориб қолдим. Миллионларнинг севимли хонандасидан интервью олиш иштиёқи билан унинг идорасига йўл олдим. Рости бу ишнинг амалга ошишига унчалик ишонмасдим. Ахир Фаррух Зокиров қаёқдаю, мен – кичкина бир вилоят газетасининг ҳеч ким танимаган мухбири қаёқда!
Суриштирсам, ўшанда Зокиров Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган “Туркистон” саньат саройида директор экан. Мени унинг ёрдамчиси Озод Каримов кутиб олди. Ниятимни билгач, у одам икки кундан кейин санъат саройида 8-март байрамига бағишланган концерт бўлиши, унда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қатнашиши, концертни тайёрлаш эса тўла Фаррух Каримовичнинг бўйнида эканини айтди. Лекин унинг ўзига бир оғиз айтиб кўришга рози бўлди. Демак, суҳбат бўлмайди…
Озод ака тез орада хурсанд қайтиб кириб, Фаррух Зокиров мени 15 дақиқадан сўнг қабул қилинишини айтди. Қувонганимдан қушдай учиб ташқарига чиқдим. Оёғимда тузукроқ туфлим ҳам йўқ эди, баҳор ёмғиридан ҳосил бўлган кичкина кўлчакда этигимни ювиб, ўзимга сал қараган бўлдим. Айтилган вақтда қабулхонага кирдим. Ёши мендан улуғроқ котиба аёл очиқ чехра билан кутиб олди ва менинг келганимни айтиш учун ичкарига кириб кетди. Бироздан кейин котибадан аввал Фаррух Зокировнинг ўзи чиқиб келди. Мен билан яхши танишдай қўл бериб кўришгач, айбдорона оҳангда концертга бағишланган йиғилиш сал чўзилиб кетганини айтиб, “Яна беш-ўн дақиқа кутиб тура оласизми”, деб сўради. Саволни қаранг! Ахир мен ойлаб кутишга ҳам тайёр эдим. Мен рози бўлгач, у одам мажлисни имкон қадар тез тугатишга ваъда берди, кириб кетаётиб, котибасига мени чой билан меҳмон қилиб туришни тайинлади.
“Омадингиз бор экан, қабулида маданият вазиридан бошқа ҳамма бор, бундай вақтда бировни қабул қилмас эдилар”, деди котиба иссиқ чой узатар экан. Менимча, бу ерда гап омадда эмас, машҳур санъаткорнинг инсонийлиги, одамгарчилигида эди. “Вақтим йўқ”, деса уни кўрганимга хурсанд бўлиб кетаверардим-да. Тез орада кўринишидан жиддий эркак ва аёллар чиқа бошлади ва охирида яна Фаррух Каримовичнинг ўзи кўринди. “Қани, меҳмон киринг”, деб ичкарига етаклади. Иш ўрни кенг хонанинг тўрида, остонадан 10-15 қадамча бор экан. Шунча жойдан ўзи юриб чиқиб, оддий мухбирни қабулига етаклаб кирган раҳбарни кўрганмисиз? Мен ҳалигача кўрмадим. Чой олиб кирган котибага бизни ҳеч ким безовта қилмасин, деб тайинлади.
Фаррух Каримович майин табассум ва вазминлик билан, бутун диққат-эътиборини менга қаратиб ҳол-аҳвол сўрагач, ҳаяжоним босилди. Вақтни чўзмаслик учун саволларга ўтдим. Суҳбат давомида бу инсон ўзини шундай тутдики, гўё ўша пайт дунёда мендан бошқа иши, ташвиши йўқ эди.
Ўша йиллари газетамиз ҳам ўзимиз каби камбағал бўлиб, қўлимда на фотоаппаратим ва на диктофоним бор эди. Суҳбатдошим жавобларини бемалол ёзиб олишим учун шошилмай гапирди. Ёшман, эшитган гапларимни сўзма-сўз эслаб қоладиган қобилиятим ва ўзига хос стенографик усулим бўлгани учун суҳбат жуда яхши чиқди. Ҳатто уни рус тилига ўгириб, Бишкекда чиқувчи “Эркин Тоо” ҳукумат газетасида ҳам беришди.
Хайрлашаётиб, газета учун расм сўрадим. Биратўла унга дастхат ҳам ёздириб оламан, деган ниятда эдим. Ғаладонидан бир-икки расмни олиб кўрди-да, ўзига ёқмади шекилли, эртасига яхши расм топиб қўйишини, уни қабулхонадан ёки ёрдамчиси Озод Каримовдан олиб кетишим мумкинлигини айтди. Соддаликни қаранг, дастхат олиш ниятим бор эдию, бунинг учун бирор тузукроқ блокнот ҳам олиб олмабман. Унда ҳозиргидақа селфи қилиб оладиган телефонлар қаёқда! Оддий кнопкали чўнтак телефониниям фақат киноларда кўрар эдик. Ўша куни йўл-йўлакай “Анекдоты и тосты» (ўшанда бундай китоблар жуда оммабоп эди) деган китоб сотиб олгандим. “Юмор ва кулгу ҳаммамизга хос нарса, шу китобга дастхат ёзиб берақолинг”, дея китобни унга узатдим. Аниқлик учун исмимни қайта сўраб олдида, ҳаётимда мен учун энг қимматли бўлган дастхатни ёзиб берди. Дастхатга бир кўз югуртириб, миннатдорчилик билдирдим ва ўрнимдан турдим. Фаррух Зокиров мени яна қабулхонасигача кузатиб чиқди. Ўша ерда хайрлашиб, қирғизистонликларга дуои-саломларини етказишимни сўради.

Ўшанда Озод Каримов ўзининг айрим шеърларини бериб, имкон бўлса газетамизда чоп этишимизни сўраган эди. Интервьюдан кейин Озод акага газетанинг бир саҳифасини бағишлаб шеърларини бердик. Анчадан кейин икки газетани олиб яна Тошкентга бордим. Фаррух Зокиров директорлик лавозимидан кетган экан, бу ишнинг шахсий фикрига эга бўлган ижодкор одамга тўғри келмаслигини суҳбат давомида тушунган эдим. Озод ака мени хурсанд кутиб олди. У ўша ерда, лекин бошқа лавозимда ишлаётган экан. Анча суҳбатлашдик. У ҳам ўзига яраша билимли, истеъдодли одам бўлиб, “Ялла” ансамбли репертуарида ҳам унинг қўшиқлари бор экан.
Фаррух ака Зокировнинг одамгарчилигини намоён қилган яна бир воқеага гувоҳ бўлганман. Бу бизнинг Тошкентдаги учрашувимиздан 13 йил аввал, 1982-йили мен туғилиб ўсган Моси қишлоғида бўлган эди. Унда 9-синфда ўқир эдим. Мактабдан келаётсам, йўлнинг нариги бетида “Ялла” деган ёзуви бор узун “фура” турибди. Бир қарасам, шундоққина 3-4 қадам нарида Фаррух Зокировнинг ўзи ёлғиз турибди! Тушимми-ўнгимми, деб ўзимга келгунимча, қаёқдан пайдо бўлди билмадим, бир йигит дадил у билан қўл бериб кўришди-да, қирғиз тилида, “Эртага Ялла бўладими”, деб сўради. Санъаткор хуш табассум билан, “Ва алайкум ассалом! Ҳа, бўлади, келинглар”, деб жавоб берди. Мен ўзимга келгунча, улуғ меҳмон йўлнинг нариги бетида турган машина томон кетиб қолди. Эртаси куни чинданам қишлоқ маданият уйида аввал эълон қилинган катта концерт бўлди. 500 кишилик залга, билмадим, 1500-2000 одам кирди шекилли, ўтиргани эмас, тик тургани ҳам жой қолмаган эди. Яна шунча одам ташқарида. Эшик, деразалар очиқ бўлишига қарамай, ёз, ҳаво иссиқ бўлгани учун, залда нафас олиб бўлмай кетди. Лекин “яллачилар” худди Тошкент ёки Москвадаги энг йирик залларда концерт бераётгандек, чин дилдан, самимий куйлашди. Бу томошабинга, ўз мухлисларига бўлган юксак ҳурмат ва эътибор эди! Ўшанда “Ялла” ансамблининг энг машҳур қўшиқларининг деярли ҳаммаси янграган. Уларнинг айримлари аввалдан машҳур бўлса, баъзилари энди саҳна юзини кўрган эди. Орадан бир йил ўтиб, “Учқудуқ” қўшиғи СССРда йил сайин ўтказиладиган “Йил қўшиғи” танловида финалга чиқса, Фаррух Зокиров “Энг яхши қўшиқчи”, “Ялла” эса, “Энг яхши ансамбль” деб топилди.
Концерт роса икки соатга чўзилди, шекилли ўшанда. Одамлар кета бошлаганда, Фаррух Зокиров залга киролмай қолган мухлислар учун концерт ташқарида бепул давом этишини эълон қилди! Одамийлик, мухлисларга ҳурмат ва муҳаббат деб мана шуни айтса керак! Ўзлари танимаган бир қишлоқ жой бўлса! Билишимча, ўшанда “Ялла” ансамбли Қирғизистон жануби бўйлаб ҳар бир шаҳар ва катта қишлоқларда тинимсиз концерт қўйиб келаётган эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ Фаррух Зокировнинг, “Ялла” ансамблининг мартабасини бу қадар улуғ қилди. Ярим асрдан бери бу гуруҳнинг обрўси ўша-ўша, қайси мамлакатга бормасин, уларни зўр ҳурмат ва иштиёқ билан кутиб олишади, интернет тармоғида ҳам миллионлаб мухлисларини уларнинг концертларини ҳамон эшитиб томоша қилишади. Фаррух Зокировнинг ўзига эса етти республикада Халқ артисти унвонини беришган! Бунгача жаҳоннинг ҳеч қайси гуруҳи 50 саҳнада барқарор турган эмас. Мана сизга камида иккита жаҳон рекорди.
Саҳнадаги бу қадар юксак муваффақият ва мислсиз машҳурлик билан инсонийлик, камтарлик ва юксак маданиятлиликнинг уйғунлиги – жуда кам учрайдиган ҳолат. Ҳамон миллионлаб мухлислари қатори бу инсоннинг телевидение ёки интернет тармоқларидаги ҳар бир чиқишини, суҳбатини диққат билан кузатиб бораман. Жуда ғўр журналистлик чоғимда Тошкентда ўтган учрашувимизни эслаб қалбим ғурурга тўлади.
Аллоҳ бу ноёб инсоннинг умрларини зиёда қилсин, мустаҳкам соғлик, куч-қувват берсин, ҳар ишда бизларга намуна бўлиб, яна кўп йиллар орамизда юришини барчамизга насиб қилсин!
Абдумўмин Мамараимов, Бишкек.
