ИККИ ХАЛҚ, ИККИ АЛП
Бир авлиёдан, агар чин вали бўлсангиз, бир каромат кўрсатинг, дейишса, у қани, шу теварак-атрофда кўрганларингиз ичида каромат бўлмаган нима бор, деб жавоб берганини нақл қиладилар.
Ҳа, дунё ажиб сир-синоатларга тўла. Шундай ҳодисалар борки, мўъжиза демай иложи йўқ. Ахир ўзингиз қаранг, шу йилнинг 12 декабрь куни – улуғ адиб Чинггиз Айтматовнинг таваллуд куни – Ўзбекистонда ёзувчининг 97 йиллиги кенг нишонланган бўлса, ўша куни Ўшда Алишер Навоийнинг муҳташам ҳайкали қад ростлади. Ё тавба, дейсан, туркий дунёнинг бир улуғ сиймоси у юртда, иккинчиси эса яна бир мамлакатда буюк эҳтиромга сазовор кўриляпти!
Ўшда Навоий ҳайкали тиклангани ҳақида “Оқбура” сайтининг муҳтарам мухлислари Умида Мирзабоеванинг хабари билан танишиб, мамнун бўлдилар, албатта. Шу билан бирга, айни кунларда Ўзбекистонда Чинггиз Айтматовнинг таваллуд кунлари кенг нишонланяпти. Жумладан, 10 декабрь куни Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармасида, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида, бирқанча олий ўқув юртларида юбилей кенг нишонланди. Унда Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, Республика қирғиз маданияти маркази ходимлари, «Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти аъзолари, Айтматов ижодининг кўпсонли муҳиблари фаол иштирок этдилар.
Нафақат Чинггиз Айтматов, балки бу улуғ адибнинг Ўзбекистондаги энг таниқли тарғиботчиси, доимий таржимони, адабиётшунос олим Асил Рашидов таваллудининг 95 йиллигига бағишлаб 10 декабрь куни Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида ташкил этилган анжуманда ҳам Чинггиз Айтматов номи бот-бот янгради. Унинг дастлабки ҳикоя ва қиссалари, илк романларини Асил муаллим жуда қойиммақом қилиб ўзбекчалаштирган. Айтиш мумкинки, қирғиз ёзувчиси асарларининг ўзбек китобхонлари орасида бу қадар машҳур бўлишида Асил Рашидовнинг ҳам ҳиссаси катта.
Чинггиз Айтматовнинг асарлари ўзбек адиблари учун ҳам ижодий ўсиш, маҳорат мактаби бўлишидан ташқари, уларга янги ғоялар ва журъат бахш этгани ҳам ҳақиқат. Чунончи, ёзувчининг “Юзма-юз” қиссасига қадар урушдан қочган одам образини тасвирлашга ҳеч ким журъат этолмаган эди. Бу асардан кейин Саид Аҳмаднинг “Уфқ” деган жозибали романи майдонга келди, ундаги қочоқ Турсунбой образи сизнинг ёдингизди.
“Жамила” қиссасидан кейингина умуминсоний бир муаммо – севмаган одам билан яшайвериш керакми, ё инсонга бир маротаба бериладиган бу умрни увол қилмаслик лозимми, деган масала ўзбек адабиётида ҳам ўртага қўйилди, бунга Иззат Султоннинг “Кўрмайин босдим тиконни” драмаси яхши мисол бўла олади. Умуман, Чинггиз Айтматовдан ўрганиладиган жиҳатларнинг сон-саноғи йўқ. Бу каби эътирофлар ҳам адибнинг шу таваллуд кунида бот-бот тилга олинди.
Зуҳриддин Исомиддинов
