ҚАДРИЯТ 

ЎШДАГИ НАВОИЙ КЎЧАСИГА АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ ҲАЙКАЛИ ЎРНАТИЛДИ

Бугун, 12 декабр куни Ўш шаҳридаги Навоий кўчасида жаҳон адабиётининг буюк вакили, мутафаккир, Алишер Навоий ҳайкали очилди.
Ёдгорлик Қурбонжон додхоҳ ва Алишер Навоий кўчалари чорраҳасига ўрнатилди. Атрофдаги ҳудуд таъмирланди ва тартибга келтирилди. Ишлар маҳаллий бюджет ҳисобидан амалга оширилди.

Тадбирга Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация, Андижон вилояти ҳокимининг маданий мерос ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича ўринбосари Исомиддин Исманов, Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Саидикром Ниёзхўжаев, Ўзбекистоннинг Ўшдаги консули Зафар Аҳмедов, Ўш шаҳар мэри Женгишбек Тоқторбаев, Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар вазири Асқарали Мадаминов, президентнинг Ўш вилоятидаги вакили Аманқан Кенжебаев, шунингдек, аҳоли вакиллари иштирок этди.

Маросим Навоий ҳайкалини очиб, пойига гул қўйиш билан бошланди. Шундан сўнг концерт дастури билан давом этиб, Навоий ижодидан саҳна кўринишлари тақдим этилиб, қирғизча, ўзбекча қўшиқлар куйланди.
Дастлаб ушбу кўча реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Олти чизиқли бу йўлнинг узунлиги 2,8 километр, кенглиги 25-26 метр.
1990 йилда шаҳардаги энг катта кўчалардан бири ҳисобланган “Тельман” кўчаси Навоий кўчаси деб ўзгартирилган эди.

 

Шаҳар раҳбари Женишбек Тоқторбаев бугун ушбу кўчадаги ёдгорликнинг очилиши икки халқнинг дўстлиги ва биродарлигини улуғлаши ва маданиятга ҳурматни намойиш этишини таъкидлади.

Қирғизистон Президентининг Ўш вилоятидаги вакили Аманқан Кенжебаев Алишер Навоий ҳайкали ва унинг номи билан аталган хиёбоннинг очилиш маросимида Ўзбекистон делегациясининг иштирокини «икки халқнинг тарихий ва маданий биродарлигига эҳтиром», деб баҳолади.

Вакилнинг сўзларига кўра, Алишер Навоийнинг маънавий мероси қирғиз ва ўзбек халқларини бир-бирига яқинлаштирадиган умумий қадриятдир. Ўш шаҳрида ушбу ҳайкалнинг очилиши маданий ҳамкорликнинг яна бир намойиши сифатида тақдим этилди.Ўшда икки халқнинг дўстилиги учун жонбозлик кўрсатаётган шаҳар мэри Женишбек Токторбаевнинг меҳнатлари юқори баҳоланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фармонига биноан «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.
Уни Ўзбекистон Президенти номидан мамлакат маданият вазири Озодбек Назарбеков тақдим этди.

Ўш шаҳрида Навоий номидаги истироҳат боғи мавжуд. Мазкур боғ 1968 йилда қурилиб, унда шоирнинг ҳайкали қад ростлаган. Шу билан билан Алишер Навоий номидаги мактаб ҳам бор.

 Умида Мирзабоева

 

боғлиқ хабарлар