ҲАСАД ВА ҒИЙБАТ – ҚАЛБ ОҒУСИ

Кўп йиллар вилоят газетасида мухбир бўлиб ишладим, шу боис шаҳар ва қишлоқларда ошна-оғайниларим кўп. Бу мақолани ёзишимга мосилик бир қадрдон укамизнинг айтган сўзлари сабаб бўлди. Айрим мулоҳазалар боис, унинг исмини аниқ кўрсатмадим.

Олтмиш ёшдан ошиб, пенсияга чиққан бу одам партия-совет органларида, колхозда анча нуфузли лавозимларда хизмат қилган. Оиласи ҳамда ўзи қишлоқнинг обрўли кишиларидан саналади. Уч йил муқаддам ҳаж сафарига борди. У билан суҳбатлашиб ўтирар эканмиз, замондошлар ҳақида гап кетди-ю, дил тубида чўкиб ётган ҳасратини очди.

– Шу десангиз, баъзи одамларнинг турли гап-сўз тарқатишлари кўнгилни нотинч қиларкан. Тўғри, давлатимиз мустақил бўлгунга қадар турли хизматларда бўлдим. Гоҳ-гоҳида иш юзасидан дўстлар, улфатлар даврасида “заҳри қотил”дан оз-оздан олганмиз. Аммо ичкиликка муккамиздан кетмадик. Мана, 20 йиллар чамаси барча ёмон одатларни тарк этиб, тавба-тазарру қилиб, беш вақт намоз ўқияпмиз. Ҳаж зиёратидан қайтган кунларим обрўли бир дўстим тўйга таклиф қилди. У ҳам ичкиликни ташлаган, деб эшитгандим. Тўй билан қутлаб хонадонига бордим. Қизларини узатиб, кенжа ўғлини уйлантираётган экан. Ҳаво совуқ, меҳмонлар ичкари уйларга жойлашибди.

– Қани, дўстим, мана бу хонада ўзинг билган, таниган азиз меҳмонлар бор,

– дея мезбон ичкарига бошлади. Хонага кирдим-у, аммо чиқиб кетишга имкон бўлмади.

– Қани, ҳожи, юқорига ўтинг, – дея ўтирганлар ўринларидан қўзғалиб, жой кўрсатишди. Дастурхонда оқ, қизил ичкиликлар борлигини кўриб, дилим кир бўлди. “Наҳотки, мезбон ичмаслигимни била туриб, бу ёққа киритган бўлса?” Қалбимда ғашлик пайдо бўлди, кайфиятим бузилди. Чиқиб кетай десам, бизни назарига илмади, ҳожи бўлиб кибрланиб кетибди, демасин деган хаёлга бордим. Ҳолатимни сезган Мухторжон деган йигит: ”Ҳожи ака, ичмасангиз ҳам биз билан бир пиёла кўк чойни баҳам кўринг, бизни кечирасиз”, – деб қолди.

Ароқ ҳиди хонани бурқситиб юборибди. Кўнглим беҳузур бўлиб, ичган чойим ҳам татимади. Бироз ўтиргач, ”Кечирасизлар, намоз вақти бўлиб қолди, узр, таҳоратга чиқиб келай”, – дея баҳона ишлатиб хонадан чиқаётганимда ногаҳон остонада букланган гиламга қоқилиб йиқилаёздим. Бу ҳолатни ташқаридагилар кузатиб турган эканлар. Орадан бир ҳафта ҳам ўтмай қишлоқда: “Кўрдингларми, анави ҳожи тўйда тўйиб ичганми, остонада боши айланиб йиқилаёзибди”, деган гап тарқалиб, менинг ҳам қулоғимга етиб келди. ”Ичмаганман, фақат кўк чой ичдим”, десам ҳам хеч ким ишонмади. Ҳасадчилар ҳеч қандай далилсиз мени айблаб, ҳукм чиқаришди, нуқсонларимни кўпайтиришди. Ичаётганлар ёнида ичмай ўтирган бўлсам-да, бу хатоимни қишлоқда шов-шув гап қилишди. Ниҳоят, бу гапни ким тарқатганини суриштириб, тагига етдим. У мен билан бирга ўқиган, колхозчи бўлиб умри ўтган, ичкиликка муккасидан кетган ўзимнинг синфдошим бўлиб чиқди. Ўзимни оқлаш бефойда эканлигини билиб, унга ҳеч нарса демадим. Аммо ундан бутунлай кўнглим қолди.

– Ҳафа бўлманг, ука, ҳасадгўйларнинг яқинига йўламанг, чунки улар бировларни кўролмайди, қалби ёмонлик ва ҳасадга тўла бўлади. Бундайлар ўнгланмайди, – дея шайх Саъдийнинг бир ҳикматини келтирдим. Биров улуғ бир шайхга: ”Фалон одам менинг ҳақимда нолойиқ сўзлар тарқатиб юрибди”, деса, шайх: ”Гўзал хулқ-атворинг, одобинг билан уни уялтир”, деган экан.

Пайғамбаримиз айтади: ”Агар бир тоғ ўрнидан кўчибди деса ишонинглар, аммо бир одамнинг хулқи ўзгарибди деса, ишонманглар. Чунки у қайси табиатда яралган бўлса, ўшанга қайтади”. Ҳасадчи, ғийбатчиларни бу йўлдан қайтариш қийин. Улар бировларнинг айбларини очиб, элга тарқатиб, ўзларича ҳузурланадилар. Ундай инсонларга ўгит, насиҳат қилиш бефойда.

Мосилик танишимга таскин бериб, у билан хайрлашарканман, таҳририят топшириғи билан бундан ўн беш-ўн олти йил муқаддам Олабуқа туманига бориб, у ерда бир кун тунаб қолганим ёдимга тушди. Кечки пайт олабуқалик Айюбхон билан қишлоқ гузаридаги шинамгина чойхонага чиқдик. Сўрида чойхўрлик қилиб ўтирсак, ёнимизга ёши олтмишлардан ошиб қолган бир одам келди-ю, суҳбатимиз бўлинди. У биздан қаердан, нима мақсадда келганимизни суриштиргач, сўрамасак ҳам ҳасрат дафтарини очди.

– Мен отамдан дурадгорлик касбини ўрганиб, машҳур уста бўлдим. Қандай иморат қурсам “отангга раҳмат!” дейдиган қилиб қураман, – дея ўзи қурган иморатларни санай кетди. – Мени ҳамма танийди, ҳатто раҳбарлар ҳам ҳурмат қилади. Аммо бир одамдан ҳафаман. У ҳам бўлса қариндошим. Уни қишлоғимизни обод қилганига ишонмайман. У биздай усталар қолиб, арзон деб Ўзбекистондан усталарни чақириб, мана шу чойхонани, болалар боғчасини, ҳаммом, масжид қурдирди.

– Қариндош экансизлар, унинг сизга муомаласи қандай?

– Кўрса, тоғам деб қучоқлайди, нима ёрдам керак, деб сўраб ҳам қўяди.

– Шундай экан, унинг ишидан қувонмайсизми? Қишлоқни обод қилибди, ўз ҳисобидан масжид қурибди. Ўзингиз айтгандек, элга манзур ишларни бажарибди.

– Э ука, одаммас у, кўргани кўзим йўқ, ҳали кўрасизлар, ковушини тўғрилатмасамми…

Қарасак, ҳаливери унинг гапи тугамайдиган. Шеригим билан ётоққа қайтдик. Кимлигини сўрадим Айюбхондан

– Э-э ака, исмини ҳам айтишга нолойиқ бу одам. Бутун қишлоқ ундан безор. Ёши олтмишдан ўтиб етмишга яқинлашиб қолса ҳам ароқ ичади, масжидга чиқмайди. Чойхонага чиқсангиз, қаердандир пайдо бўлади-ю, одамларни ғийбат қилади. Унга бирон сўз десангиз, балога қоласиз, сеники маъқул деб қутуласиз. Кайфиятингизни хира қилади. Ҳалиги айтган прораб йигит қишлоқда энг обрўли одамлардан бири. Ҳажга бориб келди, масжид қурди, етим-есирлардан борини аямайди. Тоғасини ишга олмаганининг сабаби – у ичади, қўли эгри, мақтанчоқлигини қўяверинг. Жияни унга ёмонлик қилган эмас.

Ҳасад ва кўролмасликни кўп алломалар қоралаган. Масалан, Абдулла Авлоний ”Ўсон миллат” рисоласида ёзади: “Ҳасад деб бир одамга жаноби Ҳақ тарафидан берилган неъмат ва давлатнинг заволини тиламасликни айтилур. Ғийбат, бўҳтон, ҳақорат, ёмонлик қилиш каби ёмон хулқлар ҳасаддан туғулур… Ҳукамолар ҳасадни оташка ўхшатмишлар. Оташ ўзидан ўзи ёниб кул бўлгани каби, ҳасудларнинг жасади ҳасад ўти ила эруб, маҳв ва барбод бўлур, демишлар”.

Ажаб, нега бир-биримизни кўролмаймиз, ютуқларимиздан қувониш ўрнига бир-биримизга чуқур ковлаймиз? Ҳасадгўйнинг қалбида бахиллик, жоҳиллик, чақимчилик иллати чуқур илдиз отган. Ялқовлиги, такаббурлиги туфайли эл-юртда қадр-қимматга, ютуқ ва обрўга етолмайди.

Абу Ҳурайра ривоят қилади: Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Тирноқ остидан кир қидирманглар, гап пойламанглар, бир-бирларингизга ҳасад қилманглар, бир-бирингиздан аразлашманглар ва нафратланманглар, ака-ука тутиниб, Оллоҳнинг солиҳ бандалари бўлинглар”.

Ўз бошимдан кечирган бир воқеани айтиб ўтсам. Вилоят газетасида ишлаб юрсам ҳам беш вақт намозга қойим бўлиб, Аллоҳга шукроналар айтиб, диний адабиётлардан таълим олдим. Бундан тўққиз йил муқаддам исломдаги бешинчи фарзни адо этиш мақсадида олган маошу пенсия, деҳқончиликдан келган даромадни тўплаб, ҳажга бормоқни ихтиёр этдим. Ўша йиллари мактаб раҳбарлари, болаликдаги тенгқурлар билан ҳар ойда чойхонада ош қилиб дийдорлашардик. Албатта, улар орасида 3-4 нафар ичувчилар ҳам бўлган. Ҳаж сафари олдидан уларга ош бериб, “Мен ҳаж зиёратига кетяпман, келганимда орамиздаги ичувчилар бу одатларини ташласин”, дея дуо қилдим. Ҳаж амалларини адо этиб, қирқ кун деганда юртимизга қайтиб келдик. Ҳамқишлоқларимиз катта иззат-ҳурмат билан кутиб олишди. Кўп ўтмай, чойхонага улфатлар ошга таклиф этишди. Мен бироз кечикиб борибмн. Дўстларим насиба дея менга бир коса қолдирган эканлар. Хонага разм ташлаб, 3-4 та ароқ шишасига кўзим тушди, ҳиди ҳам анқияпти. Шунда ичимда, бекор келибман, дея афсусландим. Кўп ўтмай, қадрдон дўстлардан бири: “Ҳожи дўстимизнинг чойхонада ароқ ичганини кўрдим”, деб гап тарқатибди. Ўзимни айбладим. Шу-шу бўлди-ю, чойхонада ароқ ичувчилар билан бўладиган “гап”ни йўқ қилдим.

Ислом манбаларида айтилишича, бировларнинг сирини ошкор қилиш энг разил ишлардан. Оллоҳ таоло ҳам, унинг пайғамбари ҳам бундай кишиларни ёқтирмайди, лаънатлайди. “Нур” сурасининг 19-оятида шундай дейилган: “Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида (ёмон гаплар) ёйишни истайдиган кишилар учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз”. Бу оят одамлар бирон киши хусусида ёмон гап эшитса ё кўриб қолса, оламга ёйиб юбормасдан сирни сақлашга, беркитишга, ошкор этмасликка ҳаракат қилсин, деб таълим беради.

Хулосалаб шуни айтиш керакки, орамизда ўзгалар ютуғини, эришган обрўсини, элда топган қадр-қимматини кўролмайдиган, арзимаган хато, нуқсонларини ўзига айтиш ўрнига, одамлар орасида ёмонотлиққа чиқарадиган замондошларимиз ҳам бор. Қанийди, барчамиз Оллоҳ каломини, Расулуллоҳ ҳадисларини берилиб ўқисак, ўқибгина қолмай, уларга тўла амал қилсак. Шундагина ҳақиқий мусулмон бўла оламиз.

Сўзимнинг охирида ғазал мулкининг султони Алишер Навоийнинг ҳасад ҳақидаги тўртлигини келтирмоқчиман:

 

“Жоҳилки, ҳасад бўлғай анинг жаҳлига зам,

Нур эл кўзидин англаса ўз кўзида кам.

Кўзларни олишмоққа чекиб тиғи ситам,

Эл кўзини ҳам ўйгай-у, ўз кўзини ҳам”.

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг