ЎЗБЕКЛАР УЧУН ДАВЛАТ ТИЛИНИ БИЛИШ МУАММОМИ?

Тил билсанг, дил биласан

    Мана ўттиз йилдан ошибдики, Қирғизистонда давлат тили, яъни қирғиз тилини ривожлантириш ва кундалик ҳаётда қўллаш масаласи ҳамон долзарб. Айрим сиёсатчиларнинг севимли мавзуси бўлган бу муаммо вақти-вақти билан турли даражада кўтарилиб келади. Айниқса, ҳар сайлов олдидан давлат тилини ривожлантириш ҳақида гаплар, ваъдалар кўпаяди. Мамлакат парламентида давлат тилини билиш шартлиги борасида турли ташаббуслар кўтарилиб, оммавий ахборот воситаларида қизғин тортишувлар бошланади.

Мана, яқинда ҳам Парламент депутатлари ёзги таътил олдидан давлат тили бўйича талабларни кучайтиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини қабул қилишди ва бу навбатдаги тортишувлар тўлқинини пайдо қилди. Лекин мени бу мавзуда ёзишга туртки берган нарса бошқа.

Иш билгунча тил бил

Охирги пайтда давлат тилига алоқадор икки воқеанинг гувоҳи бўлдим. Биринчиси, Ўшда кўчаларни кенгайтириш учун хусусий уйлар ва бошқа иншоотларнинг бузилишига алоқадор. Шояд, бу масала яхши ўрганилиб, одамларнинг фойдасига ҳал қилинса. Зеро, яқинда президент Садир Жапаров имзолаган Ер кодексида шахсий мулк дахлсизлиги янада мустаҳкамланди. Унда одамларнинг уйини ўзбошимчалик билан бузиш, ерларини олиб қўйишга кескин тўсиқ қўйилди.

Бу воқеаларда мени ҳайратга солган нарса шу бўлдики, кўчаларни кенгайтириш бўйича мэрнинг ташаббусидан норози бўлиб чиққан одамларнинг кўпи телевидение ва ҳокимият вакиллари билан мулоқот чоғида ўзбек тилида талашиб-тортишдилар. Албатта, ҳар ким ўз она тилида эркин гапириш, ундан бемалол фойдаланиш ҳуқуқига эга. Лекин сиз айтмоқчи бўлган дардингиз, исботу-далилларингиз амалдорларга ва кенг кенг оммага тез ва тушунарли тарзда етиб бориши учун давлат тилида гапириш маъқул эмасми? Айниқса, журналистлар билан суҳбатда. Давлат тилида гапирсангиз, сизга хайрихоҳ одамлар кўпаяди, ҳокимият вакиллари ҳам сўзларингизга эътиборлироқ бўлади. Бу тажрибада синалган нарса.

Иккинчи ҳолатда, бир таниқли диний уламо Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси ходимига соф ўзбек тилида мурожаат қилди. Албатта, биринчи ҳолатдаям, иккинчи ҳолатдаям мурожаат қилинган одамлар жанубдан бўлгани боис ўзбек тилини бемалол тушунишиб, унга жавоб қайтаришди. Лекин сиз мурожаат қилган одам ўзбек тилини билмаса-чи? Қолаверса, яхшими-ёмонми, қонунга кўра давлат идораларига давлат тили ё расмий тилда мурожаат қилиниши керак. Бошқа тилда мурожаат қилинса, у давлат тили ё расмий тилга ўгирилиб, бирга топширилиши керак.

Бу икки ҳолат мени ҳайратга солди. Шу кунгача мен, Қирғизистонда давлат тилини билмайдиган ўзбек қолмади деб билар эдим. “Ўзбеклар қирғиз тилида гаплашишни истамайди”, деганлар билан талашиб-тортишардим. Чиндан ҳам, охирги йилларда қирғиз тилини билмаган, бу тилда фикрини бемалол баён қила олмаган ўзбекни кўрмаган эканман. Энди билсам, бундай миллатдошларимиз ҳам оз эмас экан. Ишонаманки, уларнинг тил билмаслигига сабаб, давлат тилига нисбатан ҳурматсизлик ёки эътиборсизлик эмас, балки нотўғри гапириб қўяман деб, давлат тилида гапиришдан тортиниш, ўзига ишонмаслик кабилардир. Бу ҳолат янги тил ўрганишга киришган ҳар бир одамда бўлади.

Энди эса давлат тилини билмайдиган, бу тилда гапиришга ўзида ишонч тополмаган миллатдошларимга мурожаат қилмоқчиман. Умид қиламанки, юртдошларимиз орасида бу тилда гапириш эриш туюлган, ёки бу тилда гапиришни ўзига эп кўрмаганлар йўқ. Аввали тил билишнинг афзалликлари ҳақида. Қирғиз ва ўзбек халқларида “Тил билсанг, дил биласан”, деган яхши гап бор. Дарҳақиқат, ҳар қандай одамга унинг она тилида ёки у яхши билган тилда гапирсангиз, ўша заҳоти бу одамнинг ҳурматига, ишончига сазовор бўласиз. Ўртада эркин, яхшиликка йўғрилган, ёқимли мулоқот юзага келади. Тезда тил топишиб кетасиз. Бирор идорада иш битириш ёки арзи-ҳол қилишда тил билишнинг нақадар муҳимлиги айтмаса ҳам барчага маълум. Бу масаланинг амалий, моддий томони. Тил билиш орқали бутун бир халқнинг маданияти, маънавий дунёси ва рухий кечинмаларига ошно бўла билиш янада қизиқроқ, янада муҳимроқ нарса.

Мамлакат жанубида яшаган қирғиз биродарларимиз ўзбек тилини жуда яхши билишади. Лекин аввалгидақа кўпам ўзбек тилида гапираверишмайди. Нега? Чунки биз ўзбеклар Қирғизистонда яшаб туриб қирғиз тилида гапирмаяпмиз. Шундай экан, нега улар биз билан ўзбек тилида гаплашсин? Аминманки, биз қирғиз тилида улар ўзбек тилида гаплашганчалик бурро ва ширин мулоқот қилишни ўргансак, бири-биримиз билан яна аввалгидек ўзбекча ёки қирғизча гаплашиб кетаверамиз. Унутмайлик, айнан мана шу тил билиш, бири-биримизнинг маданиятимиз ва маънавий дунёимизга қизиқиш туфайли икки миллат ўртасида меҳр-оқибат кучайиб, асоссиз шубҳа ва аразлар туман каби тарқалиб бормоқда.

Нима қилиш керак?

Энди давлат тилини билиш муҳимлигини тушуниб (буни тушунмаган одам қолмади ҳам, менимча), унга қизиққан, ўргангиси келган, лекин дадил гапириб кета олмаётган миллатдошларимизга бир-икки амалий маслаҳат.

Аввали, қирғиз ва ўзбек тиллари бир-бирига жуда ўхшаш тиллар, илдизи, ўзаги бир, шуни аниқ тасаввур қилиб олишимиз керак. Иккинчидан, ҳар қандай тилни ўрганиш учун мана шу тилда тинмай гапиравериш керак. Ҳаммамизнинг ҳам қирғиз дўст ва дугоналаримиз, таниш-билишларимиз бор. Тилни яхши ўзлаштириб олгунга қадар улар билан фақат қирғиз тилида гапиришни одат қилинг.

Нотўғри гапириб қўйсам кулги бўламан, деган хавотирни четга ташланг. Авваллари кўп ҳолларда рус тилини билмаган ва ёки нотўғри гапириб қўйганлар устидан кулишарди. Ҳаётим давомида амин бўлдимки, бошқа бирор миллат ўз тили бўйича адашган одам устидан кулмайди. Қирғиз биродарларимиз бўлса, эплаб-сеплаб гапирсанг ҳам, “қирғизчани жуда яхши билар экансан”, деб мақташади, далда беришади. Ҳар ҳолда мен улардан бирор марта, “тилимизни бузма, эпласанг гапир”, деганга ўхшаш таъна эшитмадим. Боринг, ана биров кулди ҳам дейлик. Бундан осмон узилиб ерга тушмайдику, сиз ҳам унга қўшилиб кулиб қўяверинг.

Тил ўрганишнинг иккинчи муҳим қоидаси – бу тилда кўпроқ радио эшитинг, телевизор ва видеолар кўринг. Китоб ўқинг шу тилда. Бугунги кунда қирғиз тилида жуда кўп яхши диний китоблар чиқяпти. Уларни ўқисангиз, тил ҳам ўрганасиз, диний саводингиз ҳам юксалади. Китобни овоз чиқариб ўқисангиз, талаффузингиз яхшиланади, ўзингизга бўлган ишончингиз ортади. Қирғиз тилида ўқийман десангиз, ўзбек адиблари асарларининг қирғиз тилига таржималари ҳам кўпая бошлади. Масалан, яқинда Бишкекда Абдулла Қодирийнинг машҳур “Ўткан кунлар” романи қирғиз тилида чоп этилди. Шу кунларда андижонлик машҳур ҳажвчи ёзувчи Ҳабиб Сиддиқнинг “Америкалик қўшниларим” китоби ҳам қирғиз китобхонларига тақдим этилди. “Темур тузуклари” ҳам чоп этилиш арафасида турибди. Хуллас, излаган топади. Биз ўзбеклар қирғиз тилини ўрганиш учун пул тўлаб, махсус курсларга қатнашимиз шарт эмас. Лекин Қирғизистонда яшаб туриб, шу кунгача давлат тилини билмаслик биз ўзбеклар учун уят.

Қисувлардан қўрқиш керакми?

Энди икки оғиз давлат тили бўйича қонун лойиҳалари ҳақида. Бу лойиҳалар парламентда ҳам жамиятда ҳам, айниқса ижтимоий тармоқларда катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. 3-4 депутат, жумладан Бақит Сидиқов ва Гуля Қўжўғуловалар бу ўзгаришларга қарши чиқиб, кам сонли миллатларнинг ҳуқуқини чекламасликка даъват қилишди. Жамиятимизда, айниқса депутатларимиз орасида бундай инсонларнинг борлиги қувонтиради. Чунки уларнинг жон куйдиришларича бор. Чинданам иқтисодият, соғликни сақлаш, таълим, экология, спорт каби муҳим соҳаларда жуда долзарб бўлиб келаётган турли муаммолар қолиб, ҳадеб тил масаласини кўтаравериш кўпчиликни энсасини қотирмоқда. Энг муҳими, қабул қилинган қонунлар ишламаяпти. Чунки бунинг учун шароит етарли эмас, энг муҳими – одамларда бунга рағбат йўқ. Ҳадеб жарима солиш ва давлат идораларига ишга олмаслик одамларга таъсир қилмай қўйди. Ахир 7 миллиондан ортиқ аҳолининг ҳаммаси депутат бўлиб, ишларда ишлайвермайди-ку! Унда далада ким ишлайди, ким автобус ҳайдайди, ким илм-фан билан шуғулланади?

Тил билмаслик натижасида ҳуқуқ ва имкониятларининг чекланиши русийзабон миллатлар учун долзарб экани чин. Уларнинг тили ва қирғиз тили бошқа-бошқа тиллар. Лекин шундаям, ўттиз йил давомида ҳар қандай тилни ўрганиб олиш мумкин-ку! Ўқиш-ўрганиш ўрнига баҳона излайверса, натижа қаёқдан бўлсин? Ўзбек-қирғиз бири-биримизни таржимасиз тушунамиз. Демак, бошқаларга ўхшаб “тил ўрганишга шароит йўқ”, “ўқув қўлланмалари етишмайди” каби баҳоналарни рўкач қилиш бизга ярашмайди.

Шу сабабли юқорида тилга олинган қонун лойиҳалари қирғизистонлик ўзбекларни асло қўрқитмаслиги керак. Уларнинг асосийлари – энди Жўғўрқу Кенешдан тортиб барча давлат органларида (судьялар, милиция, адвокат) ишлаш учун сўзсиз давлат тилини билиш талаб қилинади. Бу соҳаларда ишга кириш учун қирғиз тилидан имтиҳон топширишга тўғри келади. Бу борада амалдаги 18 қонунга ўзгартириш киритилиши кўзда тутилган. Агар қонун кучга кирса, у мамлакат фуқароларининг турмушига бевосита таъсир қилади. Масалан, банкдан кредит олишда ёки судга даъво аризаси ёзишда фақат давлат, яъни қирғиз тилидан фойдаланиш керак бўлади.

Қонундаги ўзгаришлар халқаро масалаларга ҳам тегишли. Масалан, чет эл фуқаролари Қирғизистонга кириш визасини олиш учун давлат тилини билиш талаб қилинади. Тил билмасанг, виза ҳам йўқ. Авваллари реклама қирғиз ва рус тилларида берилса, энди фақат қирғиз тилида бўлиши керак. Телевидение ва радио каналларнинг 60 фоиз материаллари ҳам қирғиз тилида бўлиши шарт. Амалда бу – бошқа тилларда телеканал ва радио очишга барҳам берилди, деган гап.

Қонунларнинг ишлаши учун бу сафар “ур тўқмоқ”қа ҳам эътибор қаратилган. Яъни қонун талабларини бузган жисмоний шахслар 5 минг сўм (60 доллар атрофида), юридик шахслар 17 минг сўм (салкам 200 доллар) миқдорида жаримага тортиладилар.

Хуллас, бунгача Қирғизистонда яшаб, ишлаш учун қирғиз ёки рус тилини билиш шарт бўлса, энди фақат қирғиз тилини билиш зарур ва кифоя бўлиб қолади. Яъни, мамлакатнинг ҳаёти ёппасига қирғиз тилига ўтиши керак. Бу – рус тилининг мавқеи тушади, деган гап. Шу сабаб бу таклифлар кўпроқ Россиянинг қаршилигига дуч келиши эҳтимол. Бу ҳақда айтилмаган бўлсада, президент Садир Жапаров яқинда Россияга ташрифи давомида тил масаласи қўзғалгани аниқ. Эҳтимол Жапаров бу қонунларга қўл қўймас. Қўйган тақдирда ҳам осон бўлмайди, лекин бундан ваҳимага тушиш керак эмас. Тил ўрганайлик, вассалом. Бу фақат ўзимизга фойда. Ишонаманки, яқин 10-15 йил ичида қирғизистонлик ўзбекларнинг кўпчилиги қирғиз тилида яхши гапирадиган бўлади. Бундай юртдошларимиз ҳозир ҳам оз эмас.

Ташвишлар ҳам ўринсиз эмас

Давлат тили ва тил сиёсати бўйича давлат комиссиясининг раиси Мелис Мураталиевнинг фикрича, “тез орада давлат тилини билишни талаб қилиш одатий ҳол бўлиб қолади”. “Ҳокимиятнинг муҳим бир бутоғига келишни истаган (яна шу сийқаси чиққан гап. – А.М.) номзод учун давлат тилини ўрганиб олиш муаммо бўлмайди”, – деди у депутатларга лойиҳани тақдим этаркан. Мураталиев давлат тилини ўрганиш учун барча шароитлар мавжуд эканини айтди, лекин аниқ далиллар келтирмади. Маълумки, айнан шу шароитнинг, аниқроқ айтганда, тушунарли ва самарали ўқитиш усули ва қўлланмаларнинг йўқлиги ҳақида ўн йиллар давомида турли даражаларда айтилиб келади. Лекин ўзгариш кам.

Парламентда асосан беш-олти депутат, жумладан Гуля Қўжўғулова, Балбак Тулўбаев, Бақит Сидиқов ва бошқалар қонун дойиҳасига қаттиқ қарши чиқишди. Касби бўйича юрист бўлган Гуля Қожоғулова қонун лойиҳаларининг ҳаракатдаги қонун ва ҳатто давлат конституциясига зид эканини эътироф этди. Унинг фикрича, таклиф қилинаётган янгиликлар “мамлакатдаги қирғиз бўлмаган фуқароларнинг ҳуқуқлари поймол бўлишига шароит тузади”. Бу гаплар ҳам асоссиз эмас, бироқ тил ўрганишда ўжарлик қилиб, бўзариб тураверишга асос бўлмайди.

Қўжўғулова ҳам Тулўбаев каби ушбу қонун қабул қилинса, мамлакат парламентига этник озчиликларнинг келишини мавҳумлаштиради, деган фикрда. Гап биринчи галда русийзабон фуқаролар ҳақида кетяпти. Қирғизистон Ижтимоий тадқиқотлар институти маълумотларига кўра, мамлакатда яшаётган қирғизларнинг 35 фоизи рус тилида гаплашишади, бошқа русийзабон миллатлар эса эса аҳолининг 10-15 фоизини ташкил қилади.

Масаланинг бошқа, жиддийроқ томони ҳам бор. Яъни, айрим сиёсатчи ва мутахассисларнинг фикрича, янги қонунларнинг татбиқ этилиши мамлакатни орқага тортади. Чунки кўп илғор соҳалар, жумладан маълумот технологиялари (IT), ишлаб чиқариш соҳаси илмий ва техник ходимлари бошқа ўлкаларга кетиб қолиши аниқ. Чунки уларга бўлган талаб дунёнинг барча мамлакатларида жуда юқори. Совет Иттифоқи тарқалгандан сўнг айнан мана шу масала сабаб кўплаган русийзабон мутахассисларнинг мамлакатдан кетиб қолишгани ҳаммага маълум. Лекин уларнинг ўрни ҳамон тўлдирилгани йўқ. Эксперт Марс Сариев “қирғиз тилида таҳлилий ишлар, илмий мақолалар ёзиш имкониятлари етишмайди”, деб ҳисоблайди. Шу сабабли ҳам янги қонунлар кучга кирса, кўплаган билимдон русийзабон фуқаролар ўз соҳаларида ишлашни давом эттириш учун чет ўлкаларга кетишлари аниқ.

Яна қирғизистонлик ўзбекларга қайтсак, бизнинг кетадиган жойимиз йўқ. Қирғизистон туб аҳолисининг бири сифатида биз шу ўлкада қоламиз, шу ўлкада яшаймиз ва ўтамиз. Ота юртимизда турмушимиз фаровон ва шодон бўлиши учун биздан кўп нарса талаб қилинмаяпти. Бундай талабларнинг бири – давлат тилини билиш. Бу талабга “лаббай” деб ижобий жавоб бериш даври аллақачон келган. Келинглар, мана шу давр талабига муносиб жавоб қилиб, қаддимизни кўтариб яшайлик.

 

Абдумўмин Мамараимов, Бишкек.

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг