МАЪРИФАТ ФИДОЙИСИ
ХIХ аср ўрталарига келиб Марказий Осиё ҳудудидаги чуқур таназзул ўзининг охирги нуқтасига етди. Ўша асрнинг сўнгги чорагида бу ўлканинг чор ҳукумати томонидан истило этилиши эса, маълум маънода, оз сонли юраги уйғоқ одамларга туртки берди. Илмли ва ҳамиятли бу одамлар ватанни асраш, элни ўйғотиш учун уни маърифатли қилиш йўлини танладилар. Чунки куч-қудрат, ҳарбий лаёқат истибдодчилар тарафида эди. Ундан қутулиш йўли миллий уйғонишда бўлиб кўринди. Янги усулдаги мактаблар очиш ва авомнинг болаларини ҳам диний, ҳам дунёвий фанларга ошно қилишга киришилди. Бу, ҳар ҳолда, рухсат этиладиган йўл, ягона тўғри чора эди.
Савқи табиий равишда бошланган уйғониш тез орада натижа бера бошлади. Маърифатга интилиш, дунёнинг бошқа халқлари ва мамлакатлари билан ўз аҳволини қиёслаш юртимизнинг дили уйғоқ кишиларининг асосий аъмоли бўлиб қолди. Бежиз эмаски, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида юртини таназзул ботқоғидан чиқариш орзусида юрган Отабек ўз ҳамсуҳбатларига Семипалатинск шаҳрида кўрган ва ҳавас уйғотган янгилик ҳамда тартиботларини ибрат қилиб айтади.
Ўш шаҳрида ана шу Отабекнинг маслакдоши ва қурдоши Мирзафозилбек ҳожи Қосимбеков деган бир одам яшаган. У Ўшда маърифат тарқатишнинг қалдирғочларидан бўлди. Мактаб муаллими ва журналист бўлиб ишлаган, шаҳар тарихининг билимдонларидан бўлган марҳум Одилжон домла Раҳимовнинг ёзишича, Мирзафозилбек ўша даврда чоп этила бошлаган “Туркистон вилоятининг газети”, “Садойи Туркистон”, “Садойи Фарғона” газеталари, “Ойина” журналидаги хабар ва лавҳалар билан танишиб, дунёга теранроқ назар сола бошлади, саёҳатга отланиб, Туркия, Болқон мамлакатларини, Саудия Арабистонини кезиб чиқди, ислом ва Шарқ фалсафасини теран ўрганди. Кейинчалик Санкт-Петербург дорилфунунининг тингловчиси бўлди. Ўзи ҳамиша ёзиб юрган саёҳат кундаликлари асосида географиядан маърузалар ўқиди. Доимо озода кийиниб юрадиган, бошидан ихчам мисқоли салла тушмайдиган бу зиёли ўзбек, турк, озарбойжон, араб, форс ва рус тилларини мукаммал эгаллаган олим эди.
Мирзафозилбек асли Бадахшондан. Ёшлигидан Ўшга келиб яшаган. Уйида рус-тузем мактаби очиб, муаллим бўлиб ишлаган. Ўшлик кўп таниқли одамлар, жумладан, Мирзакалон Исмоилий, Иззат Султонлар ҳам ушбу мактабда таълим олишган. Мирзафозилбек 1914-17 йилларда Ўшда илғор фикрли ёшлар уюшмасига етакчилик қилган.
Мирзакалон Исмоилий “Фарғона тонг отгунча” тарихий романида шундай лавҳани тасвирлаган эди: “Ғуломжон… уста Баҳромдан парта қандай қилинишини сўраб олди. Уста Баҳром яхши одам экан, партанинг суратини, ясаш тартибини қоғозга чизиб ҳам берди. Ғуломжон қоғозни олиб, Қорабулоққа қайтди. У қишлоғига кела солиб, тўртта бақатеракни кестириб, тахта тилдирди. Тахталарни қуритишга қўйиб, ўзи Ўшга жўнади. У ерда тараққийпарварлиги билан шуҳрат қозонган Мирзо Фозил ҳожиникига бориб тушди. У киши ўша маҳаллар рус-тузем матабида дарс берар, илм ва маърифат йўлида жонбозлик кўрсатиб, мусулмон болаларини янги усул мактабларда ўқитиш зарурлигини чарчамай тарғиб этар эди.
![]() |
Айрим фикри тор, “усули қадим”чи бўлган уламолар қизилбош, шиа деб бадмазҳабликка чиқарган бу зўр тарақийпарвар олимнинг шуҳрати Ғуломжонни мадрасалигидаёқ мафтун этган эди. Ғуломжон мусулмон домланинг рус-тузем мактабида қандай дарс беришини, нималар ўқитишини, қандай дарсликлар қўлланишини билишгаорзуманда эди. Мирзо Фозил ҳожи Ғуломжонни қучоқ очиб қабул қилди. Ўзининг тажрибаларини айтди, бир кун мактабга олиб бориб, таълим усулини ҳам кўрсатди, программлар билан таништирди ва ўқиш-ёзиш, ҳисоб ҳамда жўғрофияга оид дарсликлар топиб бериб, дадил мактаб оча беринг, ўзимиз қарашиб турамиз, деб жўнатди”…
Мазкур рус-тузем мактабида Мирзафозилбек ўзбек тилида дарс берган. |
У, айни пайтда, таниқли олим ва сайёҳ эди, кўплаб географик экспедицияларда қатнашган. Кўп тилларни билган. 1885 йилда у Б.Л.Громбчевскийнинг географик экспедициясига Фарғона-Қашқар чегара вилоятидан бошлаб жанубий Қашқардан то Хўтанга қадар ҳамроҳлик қилади. 1888 йилда эса Громбчевский билан бирга Рус география жамиятининг таклифига кўра Ҳинд дарёси бошланиши, Ҳиндикуш ва Ҳимолай билан туташган Хунзон хонлиги сарҳадларигача ўрганиб чиқади. Орадан бир йил ўтиб, Афғонистон билан Кашмир оралиғидаги Кофиристон ўлкасини тадқиқ этишда қаташади. Сўнг 1896 йилга келиб полковник Грушевский экспедицияси таркибида Афғонистон ва Ўсмонли империяси томонларга саёҳат қилади. Помирда 1903 ва 1904 йилларда Новицкий, Черкасов каби олимлар ташкил этган экспедицияларда қатнашади. Фан йўлидаги бу хизматлари учун у Рус география жамиятининг икки олтин, бир кумуш ва бир бронза медали билан тақдирланади. Мирза Фозилбек бу саёҳатлари давомида экспедиция ходимларига тилмочлик ва йўл кўрсатувчилик билан чекланмай, турли ўлкалар тарихини чуқур ўрганди. Ва бу изланишлари ажойиб самаралар ҳам берди – ўзи туғилиб ўсган Бадахшон вилоятининг тарихини битган Мирзо Сангмуҳаммаднинг “Таърихи Бадахшон” асарини давом эттириб, ХХ аср бошларига қадар етказди. Сангмуҳаммаднинг асаридаги воқеалар 1956-57 йилдан бошланиб, 1809 йилга қадар шарҳланган бўлса, ғойибона устозининг ишини давом эттирган Мирза Фозилбек ўша санадан бошлаб то 1907 йилга қадар – бу юртнинг яна юз йиллик тарихини ёзиб битиради ва асарни тугал ҳолга келтиради. Биз учун аҳамиятлиси – бу тарихий асар Ўш шаҳрида ёзилган. Унинг ягона қўлёзмаси Санкт-Петербург шаҳрида сақланади. Рус тарихчилари томонидан қисман тадқиқ этилган бу асар ўзбек тарихчиси профессор Ҳайдарбек Бобобеков томонидан хийла чуқур ўрганилди, китобнинг русчага таржимаси олимнинг шарҳ ва изоҳлари, тадқиқий мақоласи билан 2015 йилда Тошкентда чоп этилди. Бу ўринда шуни ҳам қайд қилиш керакки, “Таърихи Бадахшон”нинг ушбу нашрида унинг номи Мирза Фазл’-Алибек Сурхафсар деб қайд қилинган. Бу Мирза Фозилбек бўлиб, сурхафсар – “бош кийими қизил” деганидирки, бу тахаллус олимнинг эътиқод жиҳатидан шиа мазҳаби вакили бўлганини кўрсатади. Мирзакалон Исмоилийнинг “Фарғона тонг отгунча” тарихий романида ҳам айрим жоҳил кимсалар Мирза Фозилбекни “бадмазҳаб” деб камситишлари тилга олиб ўтилган. Унинг ҳаёт шами эрта сўнишига ҳам эътиқод тариқи сабаб бўлган бўлса ҳам эҳтимол. Чунки ХХ аср аввалида ўлкага маърифат олиб келган жадидларнинг ҳар бири “усули қадим”чиларнинг қаттиқ таъқиб ва тазйиқига учраган. Бу ҳолда Мирза Фозилбекнинг нафақат жадид, балки шиа ҳам эканига айрим ўта мутаассиб кимсалар тоқат қила олмас эдилар.
Аслида, бу муҳим эмас, аммо биз унга урғу бераётганимизнинг сабаби – у даврда одамларда кишининг миллатига қараб қадрлаш деган нарса бўлмаган, илм-билими ва маърифати ҳал қилувчи роль ўйнаган. Шу сабабли бўлса керак, маърифат ва маданиятга интилиш кучли бўлган. XIX асрнинг сўнгги чораги ва XX аср бошларида қирғизлар орасидан араб-форс ва туркий ёзма адабиёт ва маданият билимдони бўлган одамлар ҳам кўп етишиб чиққан, уларнинг бадиий асарлар ёзиш билан шуғулланганлиги ҳақида ҳам маълумотлар бор. Жумладан, Қурбонжон додхоҳ Нусратбону тахаллуси билан шеър ёзганини айтадилар. Мирзафозилбек эса қизини ўз шогирди, кейинчалик таниқли маорифчи бўлиб етишган Жўрахон Зайнобиддиновга эрга бергани ҳам илму урфонга интилиш юксак қадрланганини кўрсатади.
Юқорида Одилжон Раҳимов домланинг қўлёзмасидан келтирилган парчада Мирзофозилбек ҳақида “доимо озода кийиниб юрадиган, бошидан ихчам мисқоли салла тушмайдиган бу зиёли…” деган жумла бор эди. Бизнингча, Мирзофозилбекдан таълим ва ибрат олган Мирзакалон Исмоилий “Фарғона тонг отгунча” романининг бир ўрнида бош қаҳрамони – олға сурган ғояларининг тажассуми бўлган Ғуломжон образи тасвирида айнан Мирзофозилбекни гавдалантиргандек: “Бошида ихчамгина ўралган симоби салла, эгнида эса узун қора тринка камзул-тўн. Бўйи баланд, қомати келишган, қора соқоли иягида текис қилиб қирқилган, кичкина мўйлови оғиз четларидан хиёлгина тушиб турган шаҳло кўзли хушрўй йигит…”. Бу фикр фойдасига яна бир далил шуки, асар қаҳрамони Ғуломжон ҳам Мирзафозилбек каби, янги усул мактаб очиб, ҳақ олмасдан бола ўқитади. Иккинчи далил шундан иборатки, Мирзакалон Исмоилийнинг “Фарғона тонг отгунча” романи бош қаҳрамони бўлган Ғуломжон туғилиб ўсган қишлоғи Қорабулоққа канал қазиб сув келтиришга бош-қош бўлган. Мирзафозилбек ҳам 1919 йил бошида Ўш шаҳрида янги канал очиш ишига киришган эди…
Умуман, 1917 йилнинг октябрь ойидан бошлаб юртимизга кириб келган изғиринли инқилоб бўронлари Мирзафозилбекнинг кейинги ҳаётини алғов-далғов қилиб юборди. Бу мўҳтарам зотнинг сўнгги йиллардаги илмий фаолияти ҳақида деярли ҳеч қандай хабар йўқ. Билганимиз: Мирзафозилбекнинг Санжар, Сафдор, Ғазанфар, Анвар, Талъат ва Козим исмли олти ўғли, Сурайё исмли қизи, Беҳбуд исмли жияни, синглиси Ойим опа, куёви эса Жўрахон Зайнобиддинов бўлган. Кенжа ўғил Козимбек отаси изидан бориб, тарихчи олим бўлиб етишган, Андижон педагогика институтида ишлаб, 1966 йилда номзодлик диссертацияси ёқлаган.
ХХ аср бошларида Ўшдаги ўзбек ва қирғиз ёшларининг бутун бир гуруҳи айнан Мирзафозилбек мактабида ўқиб, савод чиқарган. Ҳатто Совет даврида ҳам Ўш зиёлиларининг аксари шу маърифатпарвар инсон тамал тошини қўйган маърифат руҳи билан яшадики, бунинг излари кейинчалик дунёга келган айрим бадиий асарларда ҳам яққол сезилади.
Аллома Мирзафозилбекнинг Ўрта Осиё, Туркия, Болқон ярим ороли, Саудия Арабистони каби мамлакатларга қилган саёҳатлари ҳақидаги кундаликлари бўлган, биз уларни юқорида айтиб ўтдик. Бироқ улар бугун қаерда, кимларнинг қўлида – буниси қоронғи. Агар мазкур ёдгорликлар топилиб, чоп этилса, нафақат Ўш, балки бутун Марказий Осиё халқлари тарихининг яна бир ёрқин саҳифаси намоён бўлиши турган гап.
Ўш шаҳри кўчаларидан бири Мирзафозилбекнинг ўғли Санжарбек Қосимбеков номи билан аталади. Санжарбек (1902-1924) Туркистонда Шўро давлатини ўрнатишнинг фаол курашчиларидан бири эди. У 1917 йилдан, ўн беш яшар чоғидан бошлаб инқилобий ишда иштирок этган, 1917 йилнинг ўзида отаси Мирзофозилбек билан бирга «Ўқувчилар союзи”ни ҳам ташкил этган. Андижон мусулмон ишчилари ва чоракорлари совети ижроия қўмитасида (1918), РКП(б)нинг Ўш шаҳар қўмитасида (1918), Туркистон ўлка қўмитасида (1918) ишлаган. 1919 йил октябрдан РКП(б)нинг Ўш мусулмон ташкилоти раисининг ўринбосари, 1920-21 йилларда Ўш уезд шаҳар қўмитасининг раиси лавозимларида хизмат қилган. Андижонда Шўро ҳокимиятини ўрнатишда, Тошкентдаги аксилинқилобий исённи бостиришда, Закаспий фронтидаги урушда қатнашган. 1920 йилдан Туркистон фронтининг Самарқанд вилоят қўмитаси раиси бўлиб ишлаган. 1924 йилда – йигирма икки яшар чоғида босмачилар томонидан ўлдирилган.
Давр шундай эди. Бугунги авлод ўша замонда у ёки бу кишининг қайси жабҳада тургани ҳақида фикр юритар экан, кимнингдир тўғри, кимнингдир эса нотўғри йўл танлагани борасида ҳукм чиқаришга шошади. Ҳолбуки, бизда ўша замоннинг зайлини билиш, ҳар куни қандай вазиятлар юз берганию киши нега шу йўлни танлагани ҳақида мукаммал маълумот олишнинг имкони йўқ. Шу боис, оташин инқилобчи Санжарбек Қосимбеков ва унинг аксар тенгдошлари қайси мафкура ҳамда сиёсат йўлидан кетганини ҳаққоний баҳолашдан ожизмиз. Зеро тонгла қиёматда ҳар бир кишининг амали ва ниятларининг асл баҳосини беришга ҳақ таолонинг ўзигина қодир.
Зуҳриддин Исомиддинов