ШЕЪРЛАРИ КАБИ БАРҲАЁТ
Шавкат Раҳмон — фикрчан шеърлари билан ўзбек шеърхонларининг дилида мустаҳкам ўрин олган шоир. Маълумки, Шавкат ака меҳнат фаолиятини Ўш вилояти «Ленин йўли» (ҳозирги «Ўш садоси») газетаси таҳририятида бошлаган. Дастлабки шеърлари ҳам шу газета саҳифалари орқали минглаб мухлисларини топган.
Мен газетанинг 60-йиллар охири-70-йиллар бошидаги тахламларини варақлаб, Шавкат Раҳмон шеърларини қидирдим. Топганларимни мароқ ила ўқиб чиқдим. Шоир битган сатрлар мушоҳадага бойлиги, ўқувчининг теран фикрлашга ундаши билан ажралиб турарди. Ижодкор илк шеърларидаёқ фалсафийликка мойил, мадҳиябозлик ва баёнчиликдан холи сатрлари билан ёш ижодкорлар дилига чўғ ташлаганди. Ўшлик ёшларнинг кейинги авлоди Шавкат Раҳмондай ёзишни орзулаб қўлга қалам тутди.
Ўша пайтда «Ленин йўли» таҳририятида Холдоржон Қуронбоев, Турсунбой Адашбоев, Мирзоҳид Мирзараҳимов, Усмон Темур, Абдуғани Абдуғафуров, Талъат Солиев каби таниқли ижодкорларнинг жамланганлиги бўлғуси шоирга катта ижодий мактаб бўлган. Шавкат Раҳмон шеърияти эса, вақти келиб, бу устозларнинг барчасида ҳавас уйғотиб, ҳайратга солган.
Москвадаги Адабиёт институтига ўқишга киргач, унинг шеърлари ва таржималари, жаҳон адабиёти классиклари ижоди ҳақидаги мақолалари «Ленин йўли» саҳифаларида босилиб турди.
Шавкат Раҳмон шеърига, ҳар бир сўзига талабчан эди. Бунга шоирнинг илк тўпламларига ҳам, кейингиларига ҳам дастлабки шеърларидан ҳеч бири киритилмаганлиги яққол мисол. Бунга шоиринг газетада босилган «Ўсмирлик» шеъридан жавоб топгандек бўлдим.
Мен кўп шеърлар тўқидим
ўсмирлик йилларимда,
бу кун эса уларни
куйдираман беаёв…
деб ёзган шоир «мисраларда яширинган содда ўйлари ўзига кулгили кўригани» учун ҳижолат чекади. У янада теран, янада мулоҳазакор сатрлар ярата олишга қодирлигини сезади ва сатрдан-сатрга юксалиш, теранроқ ёзиш талабини қўяди ўз олдига.
Лекин шоир ёниб кетган шеърлари кулларига бепарво тикилса-да, юрагини куйиб кетган кунлари ёди ўртайди. Булар энг мурғак, энг бокира туйғулар эмасмиди ахир. Улар тиниқ хотиралар эди ва ҳар қанча уринманг, ўсмирликнинг ҳар бир куни, лаҳза-ю сонияларини ёдингизга солаверади. Яъни, мангу хотира бўлиб қолаверади. Шоир ҳам ўз сатрларида, гарчи ёнаётган шеърларини тасвирласа-да, сизнинг ҳам бир лаҳза каби ўтиб кетган болалик ва ўсмирлик дамларингизни эслатада. Бетакрор у паллаларни бесамар, бир жўяли иш қилмай ўтказиб юборганингизга ачиниш ҳисси пайдо бўлади юрагингизда. Зеро шоир ҳам шеърларига эмас, ўша беҳуда соврилган онларига, ўхшаши йўқ кунлар, мурғак туйғулар учун куйинади:
Кулгули бўлса ҳамки, айтгин, она табиат,
ўша мурғак туйғулар эмасмиди бокира…
«Сой бўйида» шеъри ҳам мазмунан «Ўсмирлик»ка ҳамоҳанг. У сувга ўйчан тикилган қиз ҳолати орқали ёшликнинг ғаниматлигини, олтиндай бебаҳолигини таърифлайди.
Шоирнинг ёшлик, севги мавзуидаги шеърларида ортиқча ёндим-куйдимларни учратмайсиз. У ёр ҳуснига ҳамд-сано ўқишдан кўра, севишганлар қалб кечинмаларини табиийлигича, борича тасвирлашни афзал кўради. Назаримда, унинг бу мавзудаги шеърлари шу жиҳатлари билан устун. Бунга «Хайрлашув» шеърини мисол қилиш мумкин:
Кипригингга илк томчи қўнди,
Оқу кўзлар йиғламоққа шай.
Кел, малагим, кетарман энди,
Хино қўйган қўлингдан ўпай.
Сен Зуҳросан, мен эса Тоҳир,
Иккимизнинг йўлимиз узоқ.
Мен келарман, қайғурма ахир,
Эндигина бошланди фироқ.
Атиги саккиз сатрли бу шеърда ошиқнинг маъшуқага бор муҳаббати-ю уни ёрга далда бериш учун айтилган дил сўзлари мужассам. Фироқ қанча узоқ бўлмасин, албатта, қайтиб учрашишларига ишонч барқарор.
«Ўзи айтсин» шеърида икки ёшнинг ширин висол онларини тасвирлаган шоир, йигитнинг қиздан «севасанми?», деб сўрайвериши ноўрин эканини, бундай саволга ибо-ҳаёли ўзбек қизи дабдурустан жавоб беролмаслигини ифодалайди. Ахир қиз учун бу сўз шу қадар муқаддас, қадрлики, уни бошқа оддий сўзлар каби шунчаки, тил учида айтолмайди. У – дил тубида ардоқланган туйғу ифодаси. Шунинг учун ҳам уни айтишга ҳадеб мажбурлаш шартми? Бир дўст сифатида йигитга ушбу сўзларни айтган шоир фикрига беихтиёр сиз ҳам қўшиласиз:
Қўй, сўрама, қийнама қизни,
Мажбур этма, бу дўстнинг сўзи.
Сен хоҳлаган ўша ҳур сўзни,
ўзи айтсин.
ўзи,
Бир ўзи!
Шавкат Раҳмоннинг табиат, она юрт тасвирига бағишланган шеърларининг ҳар сатрида Ватанга, юртдошларга меҳр-муҳаббат туйғулари барқ уриб туради. Шоир табиат манзаралари, жониворлар ҳолати орқали ўз кечинмаларини, ҳис-туйғуларини баён этади. Юртимнинг боғи гўзал, тоғи гўзал, дея мадҳиябозликка бормай ҳам, ўзи туғилиб, вояга етган заминга эҳтиромини ёрқин тарзда етказа олади. «Оҳу», «Ирмоқ», «Соҳилдаги қайиқ» шеърларини ўқигач, ўзига қадрдон манзилларни, севган давраларни тарк этмоқ нақадар ўкинчли эканлигини ҳис этамиз.
Ватанни чин юракдан севган, она юрт туйғусини юраги тубига ўчмас қилиб муҳрлаган асл фарзандгина шундай сатрлар тиза олади. Беҳислик, қадрдонларни тарк этиш, унутишгина кишини абгор қилиши мумкин. Ўзини қутурган денгиз измига бепарво топширган қайиқ қисмати ҳам шундай:
Қайга кетди бепарво қайиқ,
Тўлқинларга масхара бўлди.
Шавкат Раҳмон кўрки-таровати беқиёс ўлкада туғилиб, вояга етганлигидан доим фахрланган. Унинг тоғлари, қир-адирларини ўзгача меҳр билан назмга солади. Тўпламларида «юрагининг энг тубига» яширинган туйғу сифатида ардоқланган, етиш учун муттасил интилган она юртга бўлган меҳр кечинмаларига монанд мисолларни Шоирнинг олтмишинчи йилларидаги шеърларида кўплаб топса бўлади. «Қиш» шеърида:
Ўзга юртнинг иссиқ кунидан
Она юртнинг совуғи яхши,
дея баралла айтган ижодкор кечагина оппоқ қорга бурканган Ўш кўчалари бўйлаб дўст-биродарлари билан қилган сайрдан бениҳоя завқланади.
Саховатли заминимизнинг ҳар бир гўшаси бетакрор гўзалликка эга. Шоир мана шу манзаралардан, табиий жараёнлардан илҳом олади. Келинг, шу ўринда унинг «Полизда» шеърига мурожаат қилайлик. Уни ўқиб, сиз ҳам «Ёрилган қовуннинг асалга ўхшаган ҳидини сезасиз». Бундай тасвир ташбеҳни оддийгина, лекин ўринли сўзлар билан қўш сатргагина жамламоқ учун аввал ўшандай таассуротларни бошдан кечирмоқ, ўша ҳолатни тасаввур этмоқ зарур. Шеърдаги тасвирлар шу қадар самимий ва табиийки, уни ўқиган киши—умрида полизда бўлмаган бўлса-да, қовун-тарвузлар асалдек таъм олиб, ғарқ етилган пайкалларда сайр қилгандек завқланиши шубҳасиз. Шеърда тўқима, сунъий таърифлар йўқлиги учун ҳам унинг таъсирида ўқувчининг юраги гупиллаб уриб кетиши турган гап.
«Чалқанча ётганча ўй суриб», полизда тунаган Шоирни ит ҳуриб уйғотади. У асал исини таратган пайкаллар оралаб, бир қовунни узади:
«Уздим-у, қовуннинг тарс этиб
Беқасам чопони сўкилди.
Хушбўй ҳид таралиб димоққа,
Шарбати пуштага тўкилди»…
Бундан унинг юраги гупиллаб уриб кетади. Бу ўша ажиб манзарадан олинган қувонч ва ҳаяжон ифодаси, албатта. Шу алфозда шоир ўз қўлида турган қовунни деҳқоннинг юрагига қиёслайди.
«Полизда» шеъридан олган таассуротларим менга беихтиёр Шоирнинг Аравон манзаралари билан боғлиқ кейинроқ ёзган анжир ҳақидаги шеърини эслатди. Унда ижодкор анжир мевасининг мўъжизавийлигини тасвирлаш билан бирга, уни заминнинг кўз ёшига ўхшатади. Бу ўхшатиш сизни яна қанча-қанча ўй-хаёлга, мулоҳазаларга чўмдиради.
Шавкат Раҳмоннинг «Хеопс ва қуллар» шеърини эса дунёдаги етти мўъжизанинг бири бўлган Миср эҳромларини қурган қуллар ҳақидаги бир достон дейиш мумкин. Аслида ҳам, фиръавнни неча асрлар ўтса-да, унутилмай, неча эллар тилида ёд этилишига бош сабабчи бўлган қулларни камдан-кам одам тилга олади. Ҳа, уларни ким ҳам ёдга олсин. Шу баҳайбат мақбара – эҳромлар ичида ётган зот номи ёдга олинади-да! Қулларнинг хоки қайларда қолиб кетгани билан кимнинг иши бор! Бутун Миср йиғлаб-сиқтаб тиклаган, қулларнинг неча йиллик оҳ-у нолалари эвазига бунёд бўлган тош мақбаралар ичида уларнинг бирортасига ҳам жой топилмагани энг ачинарли, энг аламли ҳақиқат эмасми?! Мана шунинг учун ҳам, Шоир шоҳига сўнмас шуҳрат тортиқ қилолган ҚУЛЛАР меҳнати олдида таъзим тариқасида сатрлар тизади. Хеопс эмас, ҳеч ким оҳига етмай, саҳрода ўлиб кетган ҚУЛЛАР мангуликка, машҳурликка ҳақли эканини такрор уқдиради.
Шоирнинг ўзига ва ҳар бир сўзига талабчанлигини юқорида ҳам айтиб ўтдик. Унинг «Юрагимга» шеърини мисол келтирсак, бунга сиз ҳам ишонч ҳосил қиласиз. Чунки Шоир юракни жонсаракликдан чарчамасликка даъват этиб, тобора яхшироқ куйлашга ундайди. У эса куйламаган юракка тиғ уришга ҳам тайёр:
«Куйламасанг, сендай юракни
Ханжар билан тинчитган яхши»,
сўзлари бунинг ифодаси эмасми ахир? «Орзуга» шеъри ҳам юқоридаги каби ишонч ва эътиқод билан курашиб, дадил яшашга чорлайди.
Менимча, Шавкат Раҳмоннинг ўтган асрнинг 68-71-йилларидаги «Ленин йўли» рўзномаси саҳифаларида чоп этилган шеърлари ҳам ҳар қандай тўпламни безашга муносиб эди. Чунки у ўшандаёқ шоир сифатида етилиб улгурганди. Шунинг учун ҳам Шавкат Раҳмоннинг газетамизда босилган шеърларини алоҳида жамлаш ёки уларни янги босилажак сайланмаларга киритиш хусусида ноширлар ўйлаб кўришса яхши бўларди.
Шавкат Раҳмон бадиий ижод борасидаги дастлабки сабоқларни айнан мазкур газета ижодхонасида олганини яхши биларди ва Ўшга йўли тушди дегунча, «Ленин йўли» ижодий жамоаси, бу ердаги устозлар билан учрашишга, суҳбатлашишга шошиларди. Газета қошида фаолият кўрсатган ёш ижодкорларнинг «Илҳом» уюшмасида унинг айниқса ҳурмати баланд эди. Қўлига қалам тутганки ўсмир Шавкат Раҳмон сингари шеър битсам, деб орзу қиларди. Шоирнинг ҳар бир янги тўплами, матбуотда эълон қилинган ҳар бир шеърини синчковлик билан кузатган ёш ижодкорлар «Илҳом» машғулотларида қайта-қайта ўқишиб, нодир сатрлар, фикрлар, устида тортишишдан, мулоҳаза юритишдан чарчашмасди. Шоир Ўшга келиб қолса, Шавкат акани уюшма машғулотларига таклиф этишни устозлардан илтимос қилишарди. Шоир ҳам уларнинг таклифини ерда қолдирмай, «Илҳом» тўгараги учрашувларига келиб, ўз шеърларини ўқиб берганини ҳозирги ижодкорларнинг кўпчилиги яхши эслашади…
Шавкат Раҳмон шеърлари янграб турар экан, унинг ўзи ҳам доим эл орасида, юртдошлари, шеъриятни қадрловчилар даврасидадир. Ёрқин хотирангиз, эрксевар покиза руҳингиз олдида доим таъзимдамиз, устоз!
КЕЧИКДИКМИ ЭНДИ?
(Шавкат Раҳмоннинг сўнгги ўйлари)
Ниҳоя билмайин оғир ўйларим
Саботим синарлар эзиб вужудни.
Кўрсайдим ўғил ва қизлар тўйларин…
Қуш каби қучгим бор тоза ҳудудни…
Абадият аро, маконлар аро
Ўш томон кўчмоққа қолдими мадор?
Етсам-ку, жонимга бўларди оро
Ҳулводай ҳавоси, булоқлар қатор…
Оқбура шовқини, Бувратоғ ели
Энди силамасми сочларим, юзим?
Сочлар-ку бўзарди,
бир сиқим белим,
Япроқдек нафис тан…
келгандай кузим…
Йўқлаб келиб бир кун Турсунбой акам:
«Ўшга олиб кетай», деб қолди ногоҳ.
Бу танни қушдай шод кўтарди елкам,
Лек Ўшга етишим гумон эди, оҳ!!!
«Энди…кечикдик… Қадрдонларга салом…»
Етиб ололмаймиз бу ҳолда Ўшга… –
Бўғизга тиқилди соғин-чу нолам!..
Кўзлари ёшланиб, дўст босди тўшга…
Кечикдикми энди…
Наҳот кеч бўлди?
Наҳот етолмасак уйғоқ тоғларга?
Наҳот умидларнинг чироғи сўнди,
Хазонлар тўлади яшил боғларга?..
Тобора торайиб борар бу макон,
Нечун менга тоза ҳаво етишмас?!
Ертубан тушдими зангори осмон,
Булбулимга кенгроқ само етишмас,
Бувратоғ…
Ўшдайин маъво етишмас!!!
Муҳаммадсоли УЛУҒБЕК