ЎШДА НАВОИЙНИНГ ЯНГИ ҲАЙКАЛИ
Ўш шаҳридаги Алишер Навоий паркида барча туркий халқларнинг шоири, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг янги ҳайкали очилди. Ушбу маросим икки қардош халқ дўстлиги ва ҳамкорлигининг ёрқин рамзи сифатида тарихга муҳрланди.
Тантанали тадбирда Ўш шаҳар мэри Женишбек Токторбаев, Ўш вилоят давлат маъмурияти вакиллари, Ўзбекистон Республикасининг Ўш шаҳридаги бош консули Зафарбек Аҳмедов, Бобур номидаги академик театр жамоаси, шаҳар маданият бошқармаси, маҳаллий жамоатчилик фаоллари, шунингдек, маданият ва санъат намояндалари иштирок этдилар.
Маросимни очган шаҳар мэри Женишбек Токторбаев ўз сўзида:
“Алишер Навоий — бугунги кунда ҳам Қирғизистон ва Ўзбекистон халқлари учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилувчи буюк шахс, – деб таъкидлади. – Унинг маънавий мероси бутун туркий дунё учун бебаҳо бойлик ҳисобланади. Ушбу ҳайкал нафақат ўтмиш хотираси, балки келажак учун ҳам аҳамиятга эга. Ёш авлодни ана шундай алломалар руҳида тарбиялаш асосий мақсадимиздир. Навоий ҳайкали икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик рамзи сифатида юксак аҳамиятга эга.”
Қирғиз ҳайкалтароши, рассом ва дизайн устаси Турор Нурматов томонидан ишланган Алишер Навоийнинг бу ҳайкали юксак бадиий маҳорати ва чуқур маънавий мазмуни билан ажралиб туради. Ушбу санъат асари нафақат шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг луғ шахсиятини ифода этади, балки унда ҳазратнинг миллий қиёфаси ҳам барқ уриб кўриниб туради. Ҳайкалнинг ҳар бир деталида Турор Нурматовнинг меҳнати, маҳорату диди ва шоир шахсига эҳтироми акс этади.
Ўзбекистон Республикасининг Ўш шаҳридаги Бош консул Зафарбек Аҳмедов мазкур тадбирдаги маърузасида шундай деб таъкидлади:
“Ўш шаҳрида 1968 йилда ўрнатилган Алишер Навоий ҳайкали нафақат буюк мутафаккир, давлат арбоби ва шоирнинг бетакрор шахсияти ва маънавий меросини улуғлашга қаратилган, балки у Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида Навоийга бағишлаб ўрнатилган илк ҳайкал сифатида тарихий ва маданий аҳамиятга эга. Бу ҳайкал ўз вақтида ҳам, бугунги кунда ҳам Қирғизистон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги дўстлик ва биродарлик муносабатларининг рамзи сифатида қадрланади. Навоий асарлари халқлар ўртасида ўзаро тушуниш, ҳамжиҳатлик ва тинчлик сари даъват этади.”
Бош консул таъкидлаганидек, янги ҳайкал буюк шоир хотирасини абадийлаштириш билан бирга, икки халқ ўртасидаги яқин қўшничилик, маданий алоқалар ва тарихий бирликни мустаҳкамлашда муҳим кўприк вазифасини ўтамоқда.
Тантанали тадбирда сўзга чиққан бошқа нотиқлар ҳам ҳайкал каби маданий мерос объектлари ёш авлодда миллий ғурур, ватанпарварлик ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантиришда муҳим роль ўйнашини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Одилжон Дадажонов. Ўш