УЛУҒБЕК АКАДАН АЙРИЛИБ ҚОЛДИК…

Замонанинг талотўп шамолу бўронларига – тушунуксиз алғов-далғовларига салкам қирқ йилдан бери кўкрак кериб дош бериб келаётган Арслонбобнинг улкан чинори ҳам ахийри қулади: Улуғбек Абдусаломов оға кеча вафот этди. Келинойимизнинг бирмунча сокин, тақдирга тан берган оҳангда етказган хабарининг ларзаси эса, мана энди, орадан бир кун ўтгач сезиляпти. Бу орада мен Ўзбекғова қишлоғида яшайдиган катта ижодкор, шоир Қурбон Сатторга шу қайғули хабарни етказган эдим, бечора бир муддат каловланиб туриб, бирдан йиғлаб юборди. Осонми ахир – дўст кетди, азизлар, дўст кетди!..
Қандоқ дўст эди, одам эди-я, Улуғбек ака!
Очиқ айтиб қўяқолай: мен бу кишини илгари яхши танимас эдим, ҳатто кейин ҳам, жуда яхши билар эдим, дея олмайман. Аммо шу билганларимнинг ўзиёқ уни мен кўрган одамларнинг энг сараларидан эди, деб баҳолашга кифоя қилади.
Етти йилча аввал “Она юртим – Қирғизистон, Ўш…” деган бир китоб ёзиб тугатгач, шу мавзуни биладиган бир неча одамга қўлёзмани тарқатдим. Мақсад – фикр олиш, асарни янада ўткирлаштириш эди. Муносабат билдирганларнинг ҳаммаси уни олқишлади (бунинг учун уларга ташаккур), аммо биргина Улуғбек ака, бошқалардан кўра асослироқ қилиб, далиллаб мақтай-мақтай, асарнинг тузилишига оид танқидий фикрларини ҳам, аяброқ, аммо принципиал равишда билдириб ўтди. Танқиди ҳақ эди, ана шунда мен бу одамни аввало олим сифатида кашф этдим.
Кейин билсам, Улуғбек ака Андижон пединститутини битирган тил ва адабиёт ўқитувчисигина эмас, балки кўп йиллар дийдори кўзга иссиқ, адади ҳам ўн мингнинг тепасида бўлган “Дийдор” газетасининг асосчиси, бош муҳаррири, бунинг устига, она қишлоғининг минг йиллик ўтмишини тадқиқ этиб, “Арслонбоб тарихи” деган каттакон китоб ёзган тажрибали муаллиф, табаррук Арслонбобнинг ҳар бир қарич ерини обдон ўрганган, узоқ йиллар қишлоқ ҳукуматига раислик қилган кайвони, Жалолободда очилган хусусий университет профессори экан…
Улуғбек акани сўз аввалида чинорга менгзаганим бежиз эмас. Аввало у кишининг чинордай қомати, келбати бунга асос берарди. Лекин ҳар бир гавдали одам чинорқомат дейила бермайди-ку. Чиндан, у киши мен билган уч чинорнинг бири, уларнинг сўнггиси эди. Бу чинорлардан бири – Шавкат Раҳмон, иккинчиси Алоуддин Мансур ва учинчиси Улуғбек Абдусаломов бўлади. Ўзаро тенгдош бу уч йигит етмишинчи йилларнинг ўрталаридан бошлаб катта шижоат билан адабиёт майдонига кириб келишган, бир умрлик дўст бўлиб қолишган. Тез-тез, ҳали Арслонбобда, ҳали Ўшда, ҳали Тошкентда дийдорлашиб туришарди. Шавкат Раҳмон одамларнинг шуурини уйғотиш, Алоуддин Мансур эса уларнинг дилига ваҳдоният туйғуларини олиб кириш ва ниҳоят Улуғбек ака – элнинг қоронғулашган дилини маърифат орқали ёритишга бел боғлаган эдиларУлуғбек Абдусаломовнинг 2004 ва 2008 йилда ҳар бири минг нусхадан босиб тарқатилган “Биз киммиз?”, “Эркинлик довони” деган китоблари одамларга ўзини танитиш ниятида куйиб-ёниб ёзилган асарларидан бири бўлган эди.
Лекин бу орада замоннинг авзойи ўзгариб кетди. Тўғри гапни ошкора айтиш ҳам хатарли бўлиб қолди. Гарчи ҳеч бир гуноҳи бўлмаса ҳам, замонанинг зайлига қараб, Улуғбек ака Андижонга кўчиб борди ва киндик қони тўкилган қишлоғи ҳақида бир неча китоблар ёзиб чоп эттирди. “Ўзбек тилининг Арслонбоб шевасидаги айрим сўз ва ибораларнинг изоҳли луғати” (2014), “Арслонбобнинг таниқли кишилари” (2015) асарларини ва ниҳоят, боя айтилган 456 бетлик “Арслонбоб тарихи” (2016) капитал китобини ёзди.
Сўнг қаламини таржима соҳасида синаб кўрди. Ўзбек эртакларини қирғиз тилига таржима қилди, улар “Өнөрдүн касиети” деган ном билан 2021 йил 176 бетлик китоб бўлиб босилиб чиқди. Орадан бир йил ўтиб, менинг даъватим билан қирғиз романчилигининг отаси Тугалбой Сидиқбековнинг “Кўк ялов” (Көк асаба) деган улкан романини бир-икки ойнинг ичида она тилимизга ўгириб берди. Бу асар юз жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари” тўпламининг алоҳида бир жилдини ташкил этди. Романда туркий халқларнинг бундан бир ярим минг йиллар муқаддам Олтой ўлкасидаги ҳаёти – соф туркона дунё манзаралари тараннум этилган. Романни таржима қилиш билан қаноатланмай, бу тиниб-тинчимас одам унинг устида тадқиқот ҳам бошлаб, бир неча илмий мақола ёзиб чоп эттирди. Ўшандан сўнг Чинггиз Айтматов публицистикасига қўл урди, бутун бошли бир жилд мақолаларни қалб ҳарорати билан ўзбек тилига таржима қилди. Дарвоқе, Т.Сидиқбековнинг “Кўк ялов” ва Чингиз Айтматовнинг “Мен ўз давримнинг одамиман” деган публицистикаси – икки китоб ўша йил такрор чоп этилди ҳам.
Улуғбек ака ўзбек тилидан қирғизчага ўгиришнинг ҳам ҳадисини олган ижодкор эди. Шу йилнинг бошида Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи таржимаси (“Өткөн күндөр”, Бишкек, “Улуу тоолор” нашриёти, 312 бет) у кишининг қаламидан чиқди. Таржима шунчалар меҳр билан, аслига мувофиқ ҳолда амалга оширилганки, қирғиз шоири ва ёзувчиси Жумадин Қадиров китоб тақдимотида сўзга чиқиб, “Башарти шу асар аввалроқ қирғиз тилида мавжуд бўлса эди, миллатлараро низо келиб чиқмасди”, дея эътироф этди. Таржима сифатига бундан ортиқ баҳо бериш амри маҳол, биродарлар!
Дўсти Қурбон Саттор қирғизчага ўгирган Амир Темурнинг “Тузуклар”ини нашрга тайёрлади, Ҳабиб Сиддиқнинг “Америкалик коңшүларым” номли ҳажвий ҳикоялар тўпламини Бишкекда чоп эттирди, ижтимоий-сиёсий асарлар таржимасига ҳам қўл уриб, Қудратулла Рафиқовнинг “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” деган асарни ўгириб топширди.
Ноҳақ туҳматга учраган одам қандай бўлади, эй ёронлар? Кечаю кундуз, ўтирса ҳам, турса ҳам ўйлана беради. Ўй-сано одамни еб тамом қилади. Чораларини топгандай бўлади. Уриниб-уриниб, топади ҳам. Улуғбек ака шу йиллар ичида юртимизга оралаган бало (1990- ва 2010 йиллар воқеалари)нинг боши қаерда эканини излай-излай, топган бўлди. Буни элга етказиш учун “Фитнанинг яширин илдизлари” деган катта бир монография ёзиб тайёрлади. У, менинг назаримда, ўша машъум воқеаларни “ичидан” кўрган, ўзи гувоҳ бўлган файласуф бир кишининг самимий бир баҳоси ўлароқ, катта қийматга молик, албатта. Агар бу китоби босилиб чиқса, бизларни бир-биримизга қарши гиж-гажлаётган кучларнинг асл башараси намоён бўлади, иншооллоҳ.
Мана шу ишларни Улуғбек ака бир-икки йилнинг ичида қойиллатиб уддалади. Мана шунинг учун ҳам “Ўткан кунлар” романи қирғизча таржима китобининг Тошкентдаги тақдимот маросимида мен бу кишини “Манас” достонидаги Қўшай бобога ўхшатганимда раҳматли бундан жуда хурсанд бўлганини айтганди.
Тафсилоти шундайки, “Манас”да (“Кўкатойнинг оши” бўлимида) аза ошига келган қалмоқлар уруш чиқариш ниятида кураш уюштирадилар. Қалмоқнинг Жўлай деган паҳлавонига қирғизлардан ҳеч ким чиқиб курашишга ботина олмайди – шунчалар улкан гавдали! Қирғиз эли оқсоқоли Қўшай бобо бирма-бир Манаснинг қирқ жўрасини даъват қилади, аммо ҳамма бир баҳона топб ўзини олиб қочади. Манаснинг ўзи ҳам юрак ютиб чиқа олмай, “мен отда урушишга моҳирман, курашда йўқман”, деб узр айтади. Энди элнинг орини ким олади, деган чоғда Манас, “Бобо, ўзингиз чиқасиз”, деб қолади. Эр Қўшай – саксон тўрт ёшдаги чол олишувга чиқади. Аммо кийган шими нозик ва юпқагина бўлгани учун Манасдан пишиқ-пухта шим топиб беришни талаб қилади. Манасга деб хотини Хоникей тикиб келган чарм шим эса саксон тўрт ёшли эр Қўшайга тор келади. Шунда оқила аёл Хоникей шим чокини икки буклаб тикканини айтади, уни сўкиб очишса, Қўшай бобога лойиқ келади. Уни кийиб, оқсоқол эр Қўшай уч кун олишиб, охири Жўлай девни кўтариб ерга уради, енгиб чиқади.
Паҳлавон гавдали Улуғбек акамиз ҳам ўзига унча-мунча либос тўғри келмаслигини айтиб кулар, бошқа биров уддалай олмайдиган ишларни кула-кула қилиб ташлар, чунончи, улкан-улкан романларни икки-уч ойда таржима қилиб битирар, шунга ҳавас қилиб, мен у кишини “Қўшай бобо” деб атардим.
Аммо бу дунёи дун қайси Қўшай бобога, қайси Манасга ва қайси Алпомишга вафо қилибди, дейсиз?
Энди унча-мунча одам эплай олмайдиган боягидақа залворли ишлар кўндаланг бўлса, кимга умид кўзини тикар эканмиз, билолмай турибман…
Дунёга беармон келган, умид билан униб-ўсган, одамларга қўлидан келганича яхшилик қилиб яшаган, аммо ноҳақ туҳматларга учраб, бунинг оқибатида жаннатнинг бир парчасидай бўлган она қишлоғи Арслонбобнинг кўчаларини яна бир бор кўришга илҳақ бўлиб ўтган, охирги кунига қадар келгуси яхши кунлардан умидини узмаган, қаламини қўлидан туширмаган Улуғ бек оғамиз билан бугун хўшлашадиган кун экан, биродарлар!
Илоҳо, марҳум оғамизнинг охиратини хайрлик қил!
Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг