ҲАБИБДАЙ ТУҒИЛИБ ҚИРҒИЗИСТОНДА…
Бир умр хотирамда қолган. 1979 йилнинг 10 июли эди. Тошкентга — журналист бўлиш, қалам соҳибига айланиш орзусида отам билан йўлга чиқдик. Андижон вокзалидан ўтирган поезд Тошкент вокзалига саҳарда келиб тўхтади. Китоблар ва бир-икки кийим-кечак солинган чемоданни амаллаб кўтариб трамвай бекатига бордик. Сўраб-суриштириб, Чиғатой қабристони яқинига борадиган трамвайга чиқдик. Чунки падари бузрукворим улуғ олим қабрини зиёрат қилишни ният қилган эди. Йўлда менга аравонлик ҳамюртимиз Ҳабиб Абдуллаев ҳақида сўзлаб борди. Геология тилсимларига ақл кўзи билан йўл топган олимнинг хизматларини мароқ билан эшитдим.
Чиғатой қабристони дарвозасидан кириб, икки томони арчазор йўлдан тўғри борганда Ҳабиб Абдуллаевнинг қабри жойлашган экан. Отам Қуръон ўқиб, қабристондаги марҳум ва марҳумалар қаторида ётган Ҳабиб Абдуллаевга бағишлаб узоқ дуо қилиб, сўнг, менга: “Ўғлим, дўстимиз Ҳабиб ака мусофир, насиб қилиб ўқишга кириб кетсанг, Чиғатойга тез-тез келиб, бу улуғ олимнинг қабрини зиёрат қилиб туришни унутма”, деб тайинлади.
Гарчи отам мактабда ўзбек тили ва адабиётидан оддий ўқитувчи бўлса-да, Чиғатой қабристонига дафн этилган машҳур олимлар, шоиру ёзувчилар, тарихчилар, рассомлар, санъаткорлар асарлари ва ҳаёти ҳақидаги айтганларини эшитиб ақлим шошди. Отам ўқиган, билган нарсаларнинг мингдан бирини ҳам билмаслигимдан уялдим. “Шу билимим билан ўқишга кира олармиканман?” дея хавотирга тушдим…
Чунки у пайтларда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетига ўқишга кириш амри маҳол эди. Синов имтиҳонлари ўтиб, ғалвир сувдан кўтариладиган пайтда, яъни мандатда атиги бир балл етмай ўқишдан йиқилдим. Кейин билсам, курсдошларимнинг аксари уч-тўрт, ҳатто беш-олти йил йиқилиб-йиқилиб ўқишга киришган экан.
Ҳар тугул, отамнинг Иккинчи жаҳон уруши ногирони бўлганлиги ҳисобга олиниб, университет ректори номига ёзган аризамиз эътиборга олинди. Университетнинг ўша вақтдаги ректори раҳматли академик Тошмуҳаммад Саримсоқов ва журналистика факультети декани Анвар Шомақсудовнинг ғамхўрлиги туфайли имтиёзли ўрин асосида ўқишга қабул қилиндим. Насиб этса, ажойиб инсонийлик фазилатларига эга бўлган ҳар икки устоз ҳақида алоҳида хотиралар ёзишни ният қилганман…
Хуллас, отамнинг айтганларига амал қилиб, Тошкентга келган қариндош-уруғларим бўладими, таниш-билишлар, ҳаммасини Чиғатой қабристонига зиёратга олиб борадиган бўлдим. Дўстларим билан кўришганда миннатдор бўлиб, “Чиғатойга олиб боргандингиз”, деб эслашади.
Отамнинг олиму уламоларга, фозилу фузалоларга муҳаббати туфайли Ҳабиб Абдуллаевни ўша вақтларда яхши билмасам-да, у кишига ғойибона ихлос қўйиб қолгандим. Номини эшитсам, кўнглимга ёруғлик тушарди. Машҳур болалар шоири, раҳматли Турсунбой Адашбоев бор давраларда Ҳабиб Абдуллаев, Иброҳим Ҳамрабоев каби геолог олимларнинг ақлу зиёси, илми, миллатпарварлиги тилга олинарди. Билмадим, энди ундай илм аҳллари яна дунёга келадими, йўқми? Олимлар-ку келар, аммо, илмни шахсий манфаатию нафсидан баланд тутадиган, покиза орифлар келармикин?
…1990 йилнинг баҳори. Собиқ шўро иттифоқи нураб бораётган бўлса-да, кўпларни Московдан қўрқув ҳисси ҳали тарк этмаган эди. Миллионга яқин нусхада босилаётган “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги адади икки минг нусхага ҳам етмайдиган “Ўзбекистон овози”) газетаси бошқа юртларга ҳам етиб борарди. Бир кун Қирғизистоннинг Ўш вилоятига газетанинг махсус мухбири сифатида хизмат сафарига бордим. Аравон туман партия комитети биринчи котиби Муҳаммадсалим Султонов билан “Совет Ўзбекистони”да “Тилимиз ҳам, дилимиз ҳам бир” сарлавҳали суҳбатимиз босилди. Мақолани “Аравонда туғилган машҳур геолог олим Ҳабиб Абдуллаевнинг номи абадийлаштирилса яхши бўларди”, деган таклиф билан якунлаган эдим.
Газетанинг биринчи саҳифасида босилган мақолага икки ҳафта ўтмасданоқ Аравон райони партия комитетидан расмий жавоб хати келди. Унда Ҳабиб Абдуллаевнинг номи туман марказидаги мактаб ва кўчага берилгани ҳақида хабар қилинганди.
Ўша вақтларда бу таклифим туфайли олимнинг номи мактаб ва кўчага берилганини оддий ҳол деб қабул қилганман. Бугун эса бу хайрли ишларимиз моҳиятини чуқурроқ англаб турибман. Номи абадийлаштиришга лойиқ ўнга яқин машҳурлар хусусида мақолаларимда шундай таклифларим инобатга олингани хайрли иш бўлган, албатта. Эндиликда қадриятлар ҳам, оммавий ахборот воситаларининг ўрни ҳам бошқачароқ бўлиб кетди. Ном қўйиб, кейин ўзгартириб юбориш ҳеч гап бўлмай қолди. Ҳабиб Абдуллаев номини абадийлаштириш бўйича чиқарилган қарорлар ҳам ўзгариб кетди…
1992 йил июнь ойи. Андижон ёғ-мой комбинатининг дам олиш уйида бир гуруҳ адиб ва ижодкорлар билан учрашиб қолдик. Аравондан Ҳабиб Абдуллаевнинг 80 йиллик юбилейини ўтказиб қайтишаётган экан. Улар орасида оташин шоир Шавкат Раҳмон ҳам бор эди. Ҳабиб Абдуллаев Ўрта Осиёда биринчи Ленин мукофоти лауреати бўлгани, собиқ Шўролар иттифоқи Фанлар академиясининг мухбир аъзоси эканлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти бўлиб ишлаган пайтларда ўзбек олимларига беқиёс ғамхўрликлар қилганлиги ва бошқа ибратли амаллари ҳақида шоир билан суҳбатлашдик. Олимнинг ўғли Пўлат Абдуллаев билан ҳам кўришдим. У мақолам сабаб отасининг номи абадийлаштирилганидан мамнун эди.
Тунов яна Ҳабиб Абдуллаев зиёратига бордим. Ҳаётда англаб етган ҳикматим шу бўлдики, ўтганлар руҳига Қуръон оятлари бағишлаб ёд этиш — тирикларга ҳадя бериш билан баробардир. Оллоҳ иқтидор ато этган ориф зотлар, олимлар, уламолар, комиллар, оқиллар ва авлиёлар мангу қўним топган жойларни зиёрат этган кишиларни худойимнинг ўзи қўлласин!
Шу ният билан дилим яна равшан тортади. Ўзбекистон қаҳрамонлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Суйима Ғаниева, Ўзбекистон халқ ёзувчилари Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, академик Наим Каримов, отамнинг яна бир дўсти, болалар шоири Турсунбой Адашбоевларнинг қабрлари бошига бориб фотиҳа ўқидим. Мозорни айланиб, хаёлга чўмдим.
Бу ҳаёт ўткинчи. Барча давру давронларнинг ҳам якуни бор. Лекин одамларга, халққа хизмат қилган инсонларни ҳеч қачон унутиб бўлмайди. Мен билган, ҳурмат қилган бу улуғ зотлар каби инсонлар оддий, камсуқум яшашган. Аммо улар қолдирган илмий мерос, асарлар яна неча асрларга татийди. Афсуски, бугунги кўпгина ёшлар, ҳатто ёшлари улуғлар ҳам уларни танимайди, билмайди. Ҳаётдан ахтарганлари эса билим, китоб, эзгулик, савоб эмас, балки ҳашам, дабдаба, катта бойликка интилиш.
Сўз улуғ олим Ҳабиб Абдуллаев ҳақида эди. Олимнинг номи дунёга маълум. Ҳатто у туғилган Аравоннинг ширин-шакар анорлари, анжирлари довруғи ҳам узоқларга кетган. Билмадим, мўъжизами, ё тасодиф – олим қабр тошининг ўнг томонида бир туп анор ўсиб чиқибди. Қиблага қараб турган шохчасидаги бир дона мева бошини қуйи солиб, қабрда ётган марҳумга қараб тургандек. Гўё салавот айтаётгандек…
Қайтар чоғим беихтиёр марҳум шоир Талъат Солиевнинг мисралари ёдимга тушди: “Ҳабибдай туғилиб Қирғизистонда, улуғлаб ўтаман Ўзбекистонни!”
Шоир худди дилимдагини ёзган экан.
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ.