ҲОФИЗНИНГ ҲОФИЗАСИДАГИ ГАПЛАР

    Расулжон Ураимжоновнинг овози узоқ йиллар Қирғизистон ва Ўзбекистон саҳналарини ларзага солган. У овози орқали юрагини очган ҳофиз. Лекин бугун у сўз билан ҳам юрак очмоқда. Унинг сўзларида оғриқ ҳам бор, орзу ҳам. Мақом санъатига севги ҳам бор, хафалик ҳам. Аммо бариси юракдан. Ҳар бир қўшиғида халқ тақдири, қалб дарди, севинч оҳанги бор. У – ҳофиз. У – инсон. Бу кишида кўп йиллардан бери йиғилиб қолган сукут бор. Бугун ўша сукут сўзга айланди…

— Расулжон ака, сизга қараб инсон ҳайрон қолади. Ёшингиз 75дан ошибди, лекин тетиксиз, қаддингиз расо, овозингиз самимиятга тўла. Бу жусса, саломатликнинг сири нимада?

— (кулади) Бу саволни кўп эшитаман. Раҳматли онамнинг ҳам жуссаси кичик бўлган. Авлодимиз ўзи шунақа. Генлар таъсир қилган бўлиши мумкин, албатта, лекин асосий омил — бу ҳаёт тарзи. Мен меъёрида овқатланаман, ҳар куни югураман, соғлом ҳаёт кечиришга уринаман. Бир зумга тафаккур қилинг-да: эрта тонгда туриб, қалбан шукр қилишнинг ўзи инсонни жисман ҳам, маънан ҳам поклайди. Мен доим шукрона билан яшаганман.

Шерали Жўраев, Ёдгор Саъдиев, Жўрабек Муродов каби машҳур санъаткорлар Ўшга келганида доимо сизни сўрашади. Нега, қандай «оҳанрабо»ингиз бор?

— Бу саволингизга жавоб бериш… Келинг, майли шундан бошлай. Мен 1964 йилда Тошкентга борганман. Овозим редакцияда ишлайдиган бир ходимга ёқиб қолган экан. Шу инсон мени катта саҳнага олиб чиққан. Мен катта саҳнага чиққан пайтим Шерали Жўраев, Ёдгор Саъдиевларни ҳеч ким танимас эди. Мен “Панорама” санъат саройида концерт берганман. Ўша пайтларда италиялик машҳур хонанда Робертино Лоретти 12-14 ёшларида ўзининг жуда чиройли ва соф овози билан жаҳонга танилган эди. Ҳамма мени ўша санъаткорга ўхшатар эди. Менинг «оҳанрабом» — авваламбор самимият, юракдан чиққан сўз ва қўшиқдаги руҳ, деб ўйлайман.

Шерали Жўраев бўладими, Ёдгор Саъдиев ёки Жўрабек Муродовми, улар санъатни чин дилдан қадрлайдиган инсонлар. Улар санъатдаги сафдошларим, ижоддаги биродарларим. Агар шундай инсонлар мени эслаб, сўрашар экан, демак, қалбга етадиган, хотирада қоладиган нимадир бор. Бу «оҳанрабо» сўзда эмас, эҳтимол, юракда. Тингловчи юрагига бориб урилган овоз, сўз, ҳиссиёт — мана шу нарса инсонни инсонга тортади.

Сиз ўзингизни хонанда деб биласизми, ё актёр?

— Мен ўзимни, аввало, халқнинг бир фарзанди деб биламан. Хонандалик, актёрлик — булар инсоннинг бир қиррасидир. Лекин, агар ростини айтсам, мен учун қўшиқ — бу болалигимдан юрагимда жонланган муҳаббат. Демак, аввало — хонандаман. Қўшиқ орқали халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қиламан. Актёрлик — бу яна бир олам. Унда инсон турли образларга киради, ўзига ҳам янгитдан қарашни ўрганади. Шу жиҳатдан актёрлик ҳам мени тарбия қилган, руҳан бойитган. Шундай экан, иккаласи ҳам менинг бўлакларим. Лекин биринчи навбатда — қўшиқчи, чунки юрагида қўшиқ бўлган одам ҳаётни бошқача ҳис қилади.

Театрдаги роллардан қайсиси сизни томошабин олдида таниқли қилди?

— Театримизнинг машҳур актёри ва режиссёри,Қирғизистон халқ артисти Салоҳиддин Умаров 1977 йилда саҳналаштирган Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғалони” спектаклидаги Тўхта ролим инсонлар қалбига кириб борди, деб биламан. Шунда асар муаллифи Саид Аҳмад шу ролим учун мени жуда мақтаган. Кейинги мени машҳур қилган образим “Меҳробдан чаён” драмаси (Абдулла Қодирий романи асосида)даги Анвар эди. Бу образ мен учун миллий ғурур ва масъулият тимсолига айланди. Аслида-ку, ҳар бир ролни ҳаётимнинг бир бўлаги деб биламан.

Актёр сенарийдан ташқарига чиқа олмайди, дейишади. Сиз сценарийдан чиққан, лекин унутилмас вазиятларни эслайсизми?

— Ҳа, шундай вазиятлар бўлган, уларни ҳеч ёдимдан чиқмайди. Актёр саҳнада сценарийдан ташқарига чиқса, бу ё хато, ё буюк ижод. Минг шукр, баъзи хатоларим ҳам саҳнадаги самимият билан ижобий қабул қилинган.

Бир куни бир спектаклда – кулиш керак бўлган жойда – юрагимда жуда қаттиқ ғам уриб турган эди. Бироқ саҳнага чиқдим. Образга кирдим, аммо қаҳрамоннинг сўзларини айтяпману, кўзимдан бир оёқда ёш оқиб кетди. Ҳаммасини халқ кўрди. Сценарийда бу нарса йўқ эди. Лекин халқ ўша саҳнани катта туйғу билан қабул қилди. Кейин менга: “Ўша ёш сизнинг сўзингиздан ҳам таъсирли бўлди”, — дейишди.

Яна бир бор концертда техник носозлик: микрофон ишламай қолса, денг! Орқага қараб, техник ходимларни кутиб қолишим керак эди, лекин мен овозимни кўтариб, куйлашда давом этдим. Оркестр ҳам ишга тушиб кетди. Шундай табиий чиқдики, одамлар “Бу режалаштирилган экан” деб ўйлашди Аслида, у жонли саҳнада туғилган воқеа эди.

Биринчи тўйингизни эслайсизми?

— Албатта, биринчи тўйимни қандай унутай? У — менинг санъат йўлидаги биринчи имтиҳоним бўлган эди-ку. У пайтларда тўйда чиқиш катта масъулият эди. Чунки халқ юзингга, овозингга, нафасинггача қараб турибди.

Биринчи тўйим Ўшда бўлган. Ҳозиргидек микрофон қаёқда! Даврада тор чалиб, доирачи Аҳмаджон билан айланиб юриб айтардик. Кўнглимда қўшиқни чин дилдан айтиш илинжи. Куйладим, ҳаяжондан ҳатто овозим бўғзимга тиқилиб қолган. Лекин одамларни ўринларидан туриб, нуқул “Илтимос, яна битта!” — дейишарди. Шу “яна битта”лар билан базм тугаган.

Ўша оқшом англаганман: санъаткорнинг тўйдаги чиқиши бу фақат “кўнгилочар” эмас, бу одамларнинг дилига етиб бориш, хотирасида қолиш, дегани экан. Ўша кундан бошлаб ҳар бир тўй мен учун бир дарс, бир тарих.

Ўша даврларда одамлар тўй санасини ҳам сизнинг вақтингизга қараб белгилашган дейишади?

— Ҳа, бу менга ҳам оғир, ҳам шарафли бўлган. Одамлар “Расулжон келади” деб тўйни кечиктиради, ўзгартирарди. Мен эса бу ишончни оқлашга ҳаракат қилардим.

Охирги марта қачон тўй хизматида бўлдингиз?

— Ўтган йили эди. Бу йил тўйга чиқмадим (афсус билан тин олади). Билсангиз, йиллар ўтса-да, саҳнада куйлаш ҳар доим мени ёшартиради.

Санъатда ўзгаришлар жуда кўп. Бугунги кунда санъатнинг юз тутган муаммолари нима ва унинг ечими нима деб биласиз?

— Жуда ўринли ва оғриқли савол. Бугунги кунда санъатнинг юз тутган асосий муаммоси мазмунсизлик ва шошқалоқлик деб биламан. Кўп ижодкорлар тез машҳур бўлиш, кўпроқ кўриниш истагида санъатнинг асл мақсадини — инсон қалбига етиб боришни — унутиб қўяётгандай.

Ҳозир қўшиқлар чиқяпти — лекин уларнинг кўпи бир мавсум яшайди, кейин йўқ бўлиб кетади. Сабаби: юракдан чиққан эмас, “тренд”дан чиққан. Санъат асарини техника эмас, руҳ яратади. Агар руҳ бўлмаса, у асар эмас, “маҳсулот” бўлиб қолади.

Сиз ўзингизни журъатли инсон деб ҳисоблайсизми?

— Ҳа, рост гапни айтишдан қўрқмаганман. Рольда бўлса ҳам, ҳаётда бўлса ҳам, ҳақиқатни кўзга айтиш — бу ҳам санъат.

Санъаткор доимо маданиятли бўлиши шартми? Ёки баъзан ҳақиқат учун чегарадан чиқишга тўғри келадими?

— Санъаткор нафақат ижодкор, балки жамиятнинг кўзгуси. Шу боис, маданиятли бўлиши шарт. Санъаткорнинг ҳар бир сўзи, ҳаракати, кийиниши эл учун намуна. Лекин бу доимо юмшоқ гапириш, ҳаммага ёқиш дегани эмас. Баъзан ҳақиқатни айтиш учун чегарадан чиқишга тўғри келади. Энг муҳими эса, қай тарзда чиқиш. Агар санъаткор ҳақиқатни баланд овозда айтса-ю, лекин унинг ичида ҳурмат, салобат, юксак ният бўлса, у чегарадан чиқиш эмас, позиция бўлади. Аммо агар у ҳақорат, ҳаққонийлик ниқобида одобсизлик қилса, бу санъат эмас, тўполон, холос.

Сиз кўп мақталгансиз. Нима дейсиз, бу баҳолар ҳаққонийми?

— Ҳа, мақтовлар бўлган. Лекин менга энг катта баҳо тингловчининг кўз ёши, охиригача залда ўтириши, сукут билан тинглаши. Бу менга мукофотдан ҳам азиз.

— “Сендан ҳам, мендан ҳам қолар дунё” қўшиғи ҳақида фикрингиз қандай?

— Бу қўшиқ – ҳаётнинг фалсафаси. Унда ҳар бир инсон ўзини кўради. Ҳар ким айтади, лекин ким қалбдан айтади – шу муҳим. У хит бўлгани — халқнинг дардини айтгани учундир.

— Сизга тор мақулми ё рубоб, арабча куй ёқадими ё туркча?

Менга тор ҳам, рубоб ҳам, туркча ҳам, арабча ҳам ёқади — бир шароитга, бир куйга, бир сўзга боғлиқ. Тор — қалбимни тетиклаштиради. Рубоб меҳрибонлик ва оддий халқона ҳикматни тинглатади.
Арабча куй руҳий ҳаяжон уйғотади, чуқур ҳислар олиб келади.
Туркча мусиқа эса эпик, тарихий кайфиятда, у инсонни “инсонлик” ҳақида ўйлашга ундайди.

Лекин менинг юрагимга энг яқин нарса — ўзбек куйи, халқ оҳанги. Унинг тарозисида гоҳ тор, гоҳ рубоб, гоҳ нола, гоҳ кулги бор. Шунинг учун ҳам мен миллатимизнинг оҳангини барча куйлар ичида энг баландга қўяман.

Ёшингиз 75 дан ошди. Бир тасаввур қилинг: 18 ёшдасиз, дарвоза тагида “Победа” турибди. Унга ўтириб, тўйга боришингиз керак. Борасизми?

— (кулади) Бир зум ўйлаб, овозимни юракка қўшиб, гўё биринчи марта куйлаётгандек, ўша “Победа”га чиқар эдим. Чунки ҳар бир тўй, ҳар бир саҳна — бу янги ҳаётнинг бошланиши.

Маълумот ўрнида:

Расулжон Ураимжонов 1950 йил 2 февралда  Ўш шаҳрида туғилган. 1970 йил Тўхтасин Жалилов номидаги Андижон мусика билим юртини қашқар рубоби муаллими мутахассислиги бўйича тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1973 йили Киров (ҳозирги Бобур) номидаги Ўш ўзбек мусиқали драма театрида оркестр артисти сифатида бошлайди. 1980 йили драма артистлигига ўтказилади ва шу кунгача ишлаб келмокда. Халқимиз уни “Ўзбек Робертиноси” деб баҳолаган. Театрдаги фаолияти давомида Расулжон ака ҳалол, қобилиятли актёр, ҳақиқий инсон сифатида танилди.  «Келинлар қўзғолони»да Тўхта, «Мансаб шайдоси»да  Шоди, “Меҳробдан чаён”да Анвар, «Оқ тулпор»да Ибрис, «Биринчи ўкитувчи»да ашулачи, “Макка сари олис йўл”да шоир образлари томошабинлар орасида машҳур. Унинг 1987 йилда суратга олинган «Буюк ғалаба» бадиий фильмидаги Ш. Расулов, 1989 йилдаги “Сароб»да журналист, 2010 йилдаги Ч. Айтматовнинг «Қиёмат» асари асосидаги видеофильмда гавдалантирган образлари томошабинлар ўртасида муваффақият қозонди.

Расулжон ака театр санъатини ривожлантиришдаги катта хизматлари учун 1980 йили Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист, 2011 йилда эса Қирғизистон халқ артисти унвонларига сазовор бўлди. Бошқа мукофотларию, олган фахрий ёрликларини эса санаб тугатиб бўлмайди…

 

Одилжон Дадажонов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг