БИР ТАРЖИМА КИТОБНИНГ ЯРАТИЛИШИ ҲАҚИДА

Андижонлик адиб Ҳабиб Сиддиқ юморларини ўқиб, унинг сўз маҳоратига, кинояларни ўрнида ишлатишига ҳавасим келганди. Таржимаи ҳолини топиб ўқисам, у асли қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассис, шу соҳа бўйича олим экан. Ёзганлари эса адабиётни яхши билиши, тилни мукаммал эгаллаганидан дарак бериб турарди. Ёзувчи билан танишгим келди. Шу орада Андижонда ёзувчиларнинг навбатдаги гурунги бўлиб қолди. Мени ҳам таклиф қилишган эди, бордим. Ҳабиб Сиддиқ билан ўша ерда танишдик. Унинг самимий ва дилкашлиги менга жуда ёқди. Камроқ гапириб, кўпроқ қулоқ соладиган одамга ўхшаб кўринди. Ўша кунлари қирғиз ёзувчиси Тугалбой Сидиқбековнинг “Кўк ялов” романи менинг таржимамда чоп этилганди. Ўша китобдан 3-4 та олиб борган эдим. Бирини Ҳабиб Сиддиққа совға қилдим. У ҳам менга “Нимкоса” асарининг қирғизча таржимасини берди. Уйга келиб китоб билан танишар эканман, менда Ҳабиб Сиддиқнинг асарларини қирғизчага ўгириш фикри пайдо бўлди.

Бу орада Ҳабиб Сиддиқнинг ўзи менга қўнғироқ қилиб, Айтмирза Абилқосимов қирғиз тилига таржима қилган бир қанча сатира ва юморларини, Торобай Жороев ўгирган “Нимкоса”га қўшиб, бир китоб қилиб Бишкекда нашр қилдирсак, қандай бўларкин, деб қолди.

– Яхши бўлади. Менга ўша таржималарнинг электрон вариантини юборинг, – дедим. Ҳисоблаб кўрсам, юз бетнинг нари-берисидаги китоб бўларкан. Ёзувчига яна йўқ деганда 50-60 саҳифа қўшишни таклиф қилдим.

– Тайёр таржималар йўқ эди-ку?

– Хўп десангиз, сатиралардан менга жўнатинг, таржима қилиб қўшайин, – дедим.

Муаллиф бир қанча ҳажвий ҳикояларини жўнатди. Уларни қирғиз тилига таржима қилдим. Тагмаъноли, илмоқли сўзларни таржима қилишда ёзувчининг мақсадини сақлашга ҳаракат қилдим. Унинг қаҳрамонлари биз билан яшайди, ишлайди ва ижод қилади. Бу ҳажвий ҳикояларни ўқир эканмиз, ие бу фалончи-ю, гаплари ҳам, турмуш тарзи ҳам худди ўзи, деб юборасиз. “Америкалик қўшниларим”да она тилига эътибор масаласи кўтарилган. Қирғизчага таржима қилингани эса узукка кўз қўйгандай бўлди. Сабаби, яқинда Қирғизистонда она тилига эътиборни кучайтириш бўйича қонун чиқди. У худди “Америкалик қўшниларим”да акс этган вазиятни йўлга солишга бағишлангандай туйилади.

Китобга Ҳабиб Сиддиқ билан маслаҳатлашиб “Америкалык коңшуларым” деб ном қўйдик. Унга филология фанлари доктори, Андижон давлат университети профессори Баҳодир Раҳмонов сўзбоши ёзди. Китобни Қирғизистон халқ шоири Марқабай Ааматов таҳрир қилди. Уни тайёрлаб, Бишкекдаги “Улуу тоолор” нашриётига топширдик. Бир ойдан сўнг китоб қўлимизга тегди. Қисқа вақтнинг ичида Ҳабиб Сиддиқнинг бу асари қирғиз ўқувчисининг севимли китобига айланиб қолди.

 

Улуғбек АБДУСАЛОМОВ,

Қирғизистон Журналистлар уюшмасининг аъзоси

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг