ЎШ ЎЗБЕКЛАРИ

Ўш – ўзбеклар яшайдиган ҳудуднинг кунчиқаридаги йирик бир шаҳар. Тўғри, ундан шарқроқда Жалолобод, Ўзган каби шаҳарлар ҳам бор, янада нари – Шимолий Қирғизистон тарафда Қораболта, Бишкек ва Тўқмоқда ҳам ўзбеклар азалдан яшаб келишади. Ҳатто Қашқарда ҳам ўзбек маҳаллалари бор. Булардан Ўзган шаҳри худди Ўш сингари қадимий бир аҳоли маскани (у X-XI асрларда Қорахонийлар давлатининг пойтахти бўлган), Жалолобод, Тўқмоқ, Бишкек ва Қораболтага XIX аср бошларида Қўқон хони Муҳаммадалихон фармони билан хонлик чегараларини белгилаш учун қалъалар сифатида қурилган, бинобарин, бу шаҳарлар барпо этилганида уларда дастлаб ўзбеклар асосий аҳоли бўлган. Аммо барибир, Ўш булар ичида ўзбек эли азалдан яшапб келган энг йирик маскан. Ўзбекистондан ташқарида ўзбеклар яшайдиган энг катта шаҳар Ўшдир.

Ҳар бир элнинг миллийлиги ўзига хос. Ўзига хосликлар халқнинг миллийлигини юзага чиқарадиган, миллат руҳиятининг равшан кўзгуси. Улар тўй ва аза маросимларида айниқса яққол намоён бўлади.

Ўш, гарчи ўзбеклар яшайдиган географик ҳудуднинг шарқий бир чеккасида жойлашган бўлса-да, ўзбеконаликни кўпроқ сақлаб қолган. Ва бу табиий. Четда жойлашгани учун, маълум даражада иҳоталаниб қолган элда унинг қадимий удумлари узоқроқ сақланиб туради, чунки ўзгаришларга камроқ учрайди. Жумладан, Ўш ўзбекларининг тўйи ҳам, ўзбек халқининг тўйлари сингари, қадимдан шаклланган, ўзига хос бир тизимга тушган.

Албатта, эллик йилда эл янги деганларидай, халқ – ўзгариб турадиган ижтимоий воқелик. Кейинги юз йиллик ҳаёт тарзи Ўш ўзбекларининг тўй маросимига ҳам талай янгиликларни киритди. Асрлар бўйи давом этиб келаётган тўй тартиби хийла ўзгарди. Бу, албатта, совет ҳукуматининг барча халқларни қўшиб-қориштириш, ўрислаштириш учун зўр бериб ҳаракат қилиши натижасида юз берди.

Масалан, бундан олтмиш йиллар аввал “комсомолча тўй” ўйлаб топилди. Унинг шакл-шамойили тўлиқ ёдимда йўқ (бола эдик), бироқ ўша замонларда бу ғайримиллий ва пировард-натижада атеизмга олиб борадиган тўй роса тарғиб қилинар, рози бўлмаган ота-оналарга тегишли ташкилотлар чора кўрар, матбуот ва адабиёт эса уларни аямай калака қилар эди. Ҳозир ўйласам, тўйда “икки ёшга бахт тилаб” қадаҳ сўзи айтиш, келин билан куёвнинг даврага чиқиб ўтириши, ҳатто рақсга тушиши каби ўрисча урф бизга шу тахлит киритилган экан. Бўлмаса, қайси ўзбек қизи ўзининг тўйида меҳмонлар олдида қўшиқ айтади дейсиз? Қайси оқсоқол одам қадаҳ чўқиштириб, маст бўлиб олгач, ўртага тушиб рақс бошлайди? Мен бу ўринда айнан ана шунақа тўйни тарғиб қилиш учун суратга олинган “Қаердасан, Зулфия? (“Ёр-ёр”) киносини назарда тутяпман. “Комсомолча тўй” бизни ўрислаштиришга, тузумни улуғлашга хизмат қилгани учун ҳам идеология идоралари томонидан қўллаб-қувватланган.

Тўй “комсомолча”, ўликни кўмиш эса ўз-ўзидан, “коммунистча” ўтказиладиган бўлиб қолди. Бунда “нейтрал”, байналмилал бир шакл қидириб топилгани йўқ, балки русча-христианча удумлар мусулмонларга ҳам тиқиштирилиб, ўликка костюм-шим, туфли кийдирилиб, гробга солиб кўмиш расм бўлганди. Аммо уни пардалаш учун “шаклан миллий, мазмунан социалистик” маданиятини барпо этишга даъватлар янграр эди.

Бугун, йигирма биринчи асрнинг дастлабки чораги якунланаётган бир пайтда, тўй ва аза тартиблари яна ўзгарди. Фақат тўй ва аза эмас, Ўш ўзбекларининг кийиниши, муомала-муносабати ҳам ҳозир хийла бошқача бўлиб кетаётганига кўзимиз  тушади. Чунончи, эркаклар Ўшнинг сетара гулли дўписини эмас, яҳудийларнинг кипасига ўхшаб кетадиган, уйқуга ётганда кийиладиган, шаклан ўтовга ўхшаш думалоқ қалпоқ (дўппи эмас!) кийиб, тақводорроқлари эса, худди ҳаж ё умрада юрган каби оппоқ сарупода, баъзилар эса араблар сингари узун кўйлак кийиб, ҳатто пойабзалнинг ҳам оқини танлаб кийиб юришаётган бўлса, аёллар эса бунинг акси – азадор сингари, қоп-қора, узун, рўзғорда бирон иш қилишга йўл бермайдиган “ҳижоб” либосларини танлаб олдилар. Ҳозир қай бир аёллар йиғилган жойга кўзингиз тушса, фақат мотамсаро хотинлар тўпланган экан, деб ўйлайсиз. Ҳолбуки, шу аёлларнинг оналари, буви ва қайноналари оқ шойи кўйлак кийиб, оқ рўмол ўраб, фариштадай бўлиб юрар, ўзлари ҳам фариштамисол бўлиб, тақводор эканини таъкидлаш учун кийинишмас эмасди.

Мақсадга келайлик. Ўш тўйлари аслида қанақа бўлар эди?

Бугун кексариб қолган авлод кишилари оғзидан буни ёзиб олинмаса, орадан чорак аср ўтиб, батамом йўқолиб-унутилиб кетиши турган гап. Шунинг учун, олтмишинчи йиллар бошига хос бўлган, биз ўзимиз кўрган бир неча лавҳани сизга тақдим этмоқчимиз. Уни ўқиган бошқалар яна тўлдиришса, тағин яхши. Ана шунда ўзбек халқининг қадим маскан-марҳалаларидан бўлган она шаҳримиздаги, унинг теварагидаги неча юз минглаб кишиларнинг бир аср нарида ўтказилган гўзал тўйлари кўз олдимизда жонланса, ажаб эмас.

Бугун тўй деганда, кўпчилик никоҳ тўйини тушунади.

Аслида, Ўшда тўйлар, шодиёна маросимлар жуда кўп бўлган, одамлар ўзларини овутиб, худо берган умрини ғамбодалик билан эмас, шод-хуррамлик билан ўтказишга одатланган эдилар.

*     *     *

БЕШИК ТЎЙИ

Бола туғилиши – байрам. Оиланинг давомчиси дунёга келди. Шунинг учун Ўшда бировнинг келини туғса, қўни-қўшни, қариндош аёллар йўқлаб келишади. Ана шу йиғин бешик тўйидир. Бу тўғрисида ўзбек ва бошқа халқларнинг этнографлари кўп маълумот эълон қилишган. Шунинг учун биз Ўшдаги бешик тўйининг биргина деталига эътибор қаратиб ўтамиз.

Бешик тўйининг асосий маросими чақалоқни бешикка белашдир. Биринчи бор белаш элимизда “бешикка солди” (болани бешикка солди) деб аталади. Кесилган киндиги ўрни битаёзган, туғилганига бир ҳафталар бўлиб қолган бола илк бор бешикка солинади. Бунда туққан аёлнинг момоси ёки онаси болани тузатилган бешикка олиб келади. Уни бешикка солиш асносида бир неча аёл қадимдан бери келаётган айрим урфларни бажаради. Чунончи, болани дарров белаб қўймай, унинг ўғил-ё қиз эканига қараб шунга муносиб ўйинчоқлар бешикнинг ичига, устига қўйилади. Безатилган бешик ёнида икки кампир ўтириб, бир-бири билан бешик “талашади”: қўлида гўдак бўлган аёл “Мен боламни соламан!” деса, бошқа хотин унга йўл бермай, қўлидаги узунчоқ бир тош билан олдинга интилиб, “Тош боламни соламан!” деб юлқиниб қўяди. Ахийри чақалоқ бешикка солинади. “Ана-а, бешик эгаси келди, бобовлари кетинглар” деб хитоб қилинади.

Бу урф қадим замонларда чиққан. Янги туғилган чақалоқлар ҳар турли инфекциялар сабабли кўп ўлган. Сабабини билишмагани боис, гўдакка инс-жинслар зиён етказади дея, уларни “янглиштириш”га уринишган, инс-жинслар адашсин, зиёни бунга ура қолсин, дея бояги тошни кўрсатиб, уни бешикка белаб кўрсатмоқчи бўлишган. Ким билади, узоқроқ ўтмишда дастлаб бола ўрнига аввал ўша узунчоқ тошни белашган бўлса ҳам эҳтимол. Шунинг учун болаларга Тошхон, Тошмурод, Бўритош, Тошпўлат, Тошмуҳаммад каби исмлар кўп қўйилган. Бунда боланинг жисми жони тошдай қаттиқ бўлсин, деган тилак ҳам бор, бироқ ниятни исм қилиб қўйишни ундан анча кейин пайдо бўлган иккиламчи ҳол дейиш мумкин. Инс-жинслар янглишиб шунга урсин, деган ниятда Болта, Теша, Ўроқ сингари ҳар турли қаттиқ ва мустаҳкам нарсалар ҳам болага исм қилиб қўйилган (бунда айрим кишиларнинг илгари одамлар бола туғилгач, кимдир ташқарига чиққанида кўзи нимага тушган бўлса болта, тош, кетмон), шуни исм қилиб қўя берган, деган фикрлари хато. Бундай “қўпол” исм қўйишларнинг негизида оғир ижтимоий турмуш лавҳалари ётибди. Масалан, ўрисларда ҳам Пётр деган исм кўп, пётр – тош демакдир. Бояги кампир “бобовлари, кетинглар!” дегани инс-жинсларга қаратиб айтилган. Бу ўринда “бобов” – жин, шайтон, ажина каби сўзларни тилга олишдан қўрқиш сабаб пайдо бўлган табу сўздир.

Бола бешикка беланиши биланоқ “бешик тўйи” аслида охирига етди. Бироқ аксар ҳолларда бу чинакам тўйга айланиб кетади, ҳовли юзида бешик тўйининг хурсандчилиги давом этади. Аммо шу тўй-томоша сабабчилари –гўдак ва унинг онаси унда иштирок этишмайди, чунки “чиллали” саналади. Чилла тожикча “чиҳл” сўзидан олинган бўлиб, қирқ кун демак. Шунинг учун она-бола уй ичида қолади. Ҳар турли одамлар билан мулоқотнинг бундай чекланиши кони фойда – бу икки заиф организм ҳар турли инфекция тушишидан асралади. Чилла қирқ кунда охирига етади.

Қадимда азадор хонадон одамлари бешик тўйига (ва бошқа тўй маросимларига) келмас эди. Чунки кўплар бирон юқумли касалликдан вафот этар, ўз-ўзидан, ўша хонадондаги бошқа одамлар шу дарднинг тарқатувчиси бўлишлари мумкин эди. Уни азадор, кўнглига сиғмайди, дейиш ҳам иккиламчи удум.

Бешик тўйи (аслида болани бешикка солиш маросими)нинг туб ҳолати шундан иборат. Бироқ кейинчалик ҳар бир вилоятда бу тўйга айланган, унинг ўзига хосликлари ҳам пайдо бўлган.

Бешик, бешиксозлик, бешик кўрпачалари ва анжомлари, бешикдаги бола ўйинчоқлари ва ҳоказолар… буларнинг ҳар бири, агар илмий-этнографик нуқтаи назардан ўрганиладиган бўлса, катта-катта мавзулардир. Бунда энг қизиғи – ҳар бир гўшанинг бешигидан тортиб, бешик қўшиқларигача, ўзига хос бўлади, гоҳо эса ҳатто бошқа маҳалланикига, бошқа қишлоқникига ўхшамайди. Бешик – боланинг микроолами. У дунёни бешик орқали таниб-ўзлаштириб боради.

*     *     *

ЧИЛЛА ТЎЙИ 

Бошқа ерлардагидан фарқли равишда, Ўшда ҳар бир гўдакнинг туғилиши, у бой хонадонда таваллуд топадими ё камбағалнинг уйида, бундан қатъи назар, албатта тўй қилиб нишонланган. Бир инсоннинг, бир мусулмоннинг дунёга келиши шодиёна қилинган. Туғилган онидан бошлаб, то чилласи чиққунча, гоҳо эса ундан ҳам кейинроқ, бу ҳовлига сайёр созандалар – бир карнайчи, бир сурнайчи, бир ноғорачи, кўпинча “Ёғочоёқ полвон” ёки алвон латталар қуралиб, “эгар жабдуқ” шаклига келтирилган ёғоч от минган “Чавандоз” билан бирга кўча оралаб юраркан, сўраб-нетиб ўтирмай, гўдакнинг чилласи чиққанми-йўқми, буни ҳам суриштирмай, созларини чалишиб, болаларнинг чуввос қичириғи, шодиёна товушлари остида дарвозадан ичкарига кириб келишар, карнай, сурнай ва ноғора чалиниб, ҳовли юзида гир айлана бўлиб туриб олган маҳалла болалари даврасида бояги “Ёғочоёқ полвон” оёқларини ўйнатиб рақсга тушар, ёки “Чавандоз” отини чоптириб, даврани кенгайтириб юрар эди. Карнай-сурнай, ноғора товуши бу хонадонга тўй нафасини олиб кирар, томоша тугагач, даврабоши бўлган кекса созанда айвонда ёзилган якандозга ўтириб, бир пиёладан чой ичилиб, дастурхондан туз тотилгач, уй соҳибиниг атаганини кам ё кўп демай, унга ҳатто қараб ҳам қўймай, чўнтагига солиб, шу гўдакка узун умр, хонадонга файз-барака тилаб дуо қилар, яна бошқа шундай чақалоқли уй томонга маҳалла болаларининг етакчилигида йўл олар эдилар.

Ўшлик машҳур Султонназар дорбознинг фарзанди Абдураим Султонов (Райим карнай, 1926-1999) шогирдлари билан бирга эл оралаб юриб, қирқ йилдан ортиқ вақт давомида ана шундай оилавий хурсандчиликларга тантана тусини берганини одамлар яхши эслашади.

Гоҳо эса чақалоқли уйда “Чодирхаёл” деб аталадиган (Ўшда уни “Чий-чий бола” деб ҳам аташарди) қўғирчоқ театр ҳам томоша кўрсатар эди. Бунда бир одам боши узра қўллари билан миттигина “саҳна”ни кўтариб туриб, бармоқлари билан ҳар  турли “одамча”ларнинг роль ўйнаши, қўшиқ айтиши, рақсга тушишини кўрсатар, ҳатто шу “саҳна”нинг ичида одамлар уйланиб, тўй қилишларигача томоша қилиб кўрсатилар, ҳар бир “одам”нинг гапириши, қилиқлари, феъли ўзига хос бўлар эди.

То эллигинчи йиллар охиригача мана шундай гўдакни йўқлаш маросимларига ҳатто айиқ ўйнатувчилар ҳам келишарди (у замонда айиқ сероб бўларди). Бу хонадонга соҳибининг етовида кириб келган баҳайбат айиқ унинг амри билан турли қилиқлар кўрсатиб, олқиш олган. Булар ҳам гўдакнинг меҳрибонлари атаган совға-саломни олиб, фотиҳа-тилак қилиб, кейинги уйга йўл олишган.

*     *     *

ЧИЛЛАГУЗАРОН

Боланинг туғилганига қирқ кундан ошгач, чиллагузарон нишонланган. Бугунги кунда, бу, албатта, бидъат-хурофот саналади, аммо табобат ривож топмаган даврларда аксар оилаларда туғилган гўдаклар бир ой яшаб-яшамай вафот этар, қирқ кунлик муддатдан ўтиб тирик қолишига бирмунча ишонч пайдо бўлгач, оилавий тарзда “чиллагузарон” (чилласи чиқди) қилиб нишонланган. Ўш ўзбекларининг тили тожик тилидан бирмунча узоқлашгани сабабли, бу маросим бизда “чиллагузаранг” деб талаффуз этилади.

Гўдак туғилганида унинг шодиёнаси мана шундай тарзда ўтказилган. Ўғил болага каттароқ, қиз болага эса камроқ қилиб, ажратиб нишонланмаган.

*     *     *

Аммо бир ғалати ва бугунги кунда тушунарсиз туйиладиган бир жиҳати шундаки, то ўтган асрнинг етмишинчи йилларига қадар ана шундай муборакбод қилиб келувчи санъаткорларга одамлар менсимайроқ муносабат қилар эди. Бундай муомаланинг тарихи эса, назаримизда бирнеча асрлар давом этган маънавий тушкунлик, давлат инқирози ва одамларнинг маданиятдан узоқлашганлиги бўлса керак. Негаки, Навоий ва Бобур замонларида хонанда ва созандалар жуда иззатланган. Кейинги икки-уч асрда эса хурофот кучайган, одамлар томошани ёқтирмайдиган, мусиқадан ва умуман санъат аҳлидан узоқроқ юришга интиладиган бўлиб қолган.

Бугун – XXI аср бошларида Ўшда яна шундай бир тамойил тағин бошлангандай туйилади кишига.

Яна оилавий байрамларга келсак, Ўшда ҳечкимнинг, жумладан болаларнинг ҳам, туғилган куни нишонланмас, буни биров эсламас ҳам эди.

Ҳозир диний туйғулар яна оммалашгани боис, оилада гўдак туғилса, “ақиқа” маросими ўтказиладиган бўлди. Ақиқани исломий тўй деса бўлади. Унинг тартиб-қоидалари қатъий эмас, ҳар ким ўзига маъқул тарзда ўтказяпти. Бу яхши. Бу – элнинг ўз диний қадриятлари қадрига ета бошлаганини кўрсатади. Бироқ, очиғини айтганда, у миллий эмас, диний тўй бўлгани сабабли, унинг миллий ва маҳаллий жиҳатлари ҳам борми, юзага чиққанми – буларни аниқлаш келажакдаги тадқиқотлар олдида турган вазифалардандир.

Оилада ўғил бола туғилганида уни хатна қилиш муносабати билан ўтказиладиган суннат тўйи, унинг Ўш ҳамда Ўш атрофларида ўтказилиш тартиби ҳақида эса кейинги мақолада батафсил сўз юритамиз.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг