“ДАВЛАТҚА МАҒРУР ЎЛМАСУН…”
Ёрдин ҳеч ким менингдек зору маҳжур ўлмасун,
Жумлаи оламда расволиққа машҳур ўлмасун.
Мен бўлай овора то ишқимдин айлаб гуфтугўй,
Оти онинг ҳар киши оғзиға мазкур ўлмасун.
Жонима бедоду зулмин, ё Раб, ул миқдор қил,
Ким анинг ошиқлиғи ҳар кимга мақдур ўлмасун.
Мен худ ўлдум, лек ҳар ошиқки, бордур покбоз,
Навҳа тортиб мотамим тутмоқда маъзур ўлмасун.
Панд ила кўнглум уйин қилма иморат, эй рафиқ,
Бизни бузди, ҳаргиз ул, ёрабки, маъмур ўлмасун.
Кечалар ул гул чекар эрмиш қадаҳ, эй тонг ели,
Воқиф ўл, ҳолимни айтур чоғда махмур ўлмасун.
Ёр васлиға қувондим, қовди кўйидин мени,
Эй Навоий, ҳеч киши давлатқа мағрур ўлмасун. (1, 484)
Алишер Навоийнинг ушбу ғазали кўп замонлардан бери халқимиз орасида машҳур. Ортиқхўжа Имомхўжаев, Матлуба Дадабоева каби атоқли ҳофизлар ижросида у ўзбек халқининг севимли ашуласи сифатида танилган.
Ғазал ошиқона руҳда, чекилган жабру жафолардан ҳасрат ва ошиқнинг ўзгаларга панди унинг пафосини белгилайди. Табдил этишга киришайлик:
Ёрдин ҳеч ким менингдек зору маҳжур ўлмасун,
Жумлаи оламда расволиққа машҳур ўлмасун.
Ҳеч ким мен каби ёрга зор ва унинг ҳажрига гирифтор бўлмасин, Бутун оламда шармандалик билан машҳур бўлмасин.
Матлаъ – бошланғич байтни ҳозирги ёзувга ўгиришда икки хиллик бор: дастлабки сўзни “ёридин” деб ўқиш ҳам мумкин, “ёрдин” деб ҳам. Бизнингча, “ёридин” дейиш хато – у ғазалдаги сўфиёна маънони йўққа чиқариб, шеърни кундалик-маиший мавзуга бағишланган назмга айлантириб қўяди. Зеро ёр – яккаю ягона. Ҳар кимнинг ёри бошқа-бошқа эмас. Ана шу нақтаи назардан ёндошсак, бу тенгсиз ёр ишқида ҳеч ким мен каби зор ва ҳижронзада бўлмасин, оламда мен каби шармандалик билан номи чиқмасин, деб битяпти шоир.
Негаки, айни ўринда, гарчи бу ишқ азобли ва аламли бўлса-да, ўзга ошиқлардан ёрни қизғаниш, энг садоқатли ва фидокор ошиқ бўлиш, унга буюк бир ишқ ила боғланиш – шарафдир.
Мен бўлай овора то ишқимдин айлаб гуфтугўй,
Оти онинг ҳар киши оғзиға мазкур ўлмасун.
Мен ишқим ҳақида ҳар қанча айтиб, овораи сарсон бўлсам-бўлай, Аммо унинг номи ҳар кимнинг тилига тушавермасин.
Бу ерда ҳам аввалги байтдаги фидойиликни кўриш мумкин: ошиқ ёр ҳақида сўзлай-сўзлай, ўзининг ҳар қанча хору забун бўлишига рози, аммо ёрнинг эса, ҳатто номи ҳам шу қадар пок сақланиши керакки, у ҳар кимнинг оғзида мазкур (зикр этилган) бўлмасин.
Шу ўринда валийлардан бирининг кунига неча маротаба бўлса ҳам, ҳар гал Оллоҳнинг номини тилга олишдан аввал таҳорат янгилаб, сўнгра зикр этганлиги ҳақидаги тарихий нақл ёдга тушади…
Жонима бедоду зулмин, ё Раб, ул миқдор қил,
Ким анинг ошиқлиғи ҳар кимга мақдур ўлмасун.
Ёрнинг жонимга жабру зулмини, э худо, шу даражада қилгинки, Унга ошиқ бўлишга ҳар кимнинг ҳам ҳадди сиғадиган бўлмасин.
Ота-онаси Мажнун (Қайс)ни зора даволанса дея, Каъбага олиб бориб, ўзингга худодан шифо сўраб дуо қилгин, дейишганида, у қора тошга бош уриб, ё раб, менинг ишқу жунунимни орттиргин, деб талаб қилади:
Демонки, мени тарабға хос эт,
Ёхуд ғами ишқдин халос эт!
Дерменки, манга бу ўтни ҳар дам,
Афзун қилу, қилма заррае кам!
Чек, айнима ишқ тўтиёсин,
Ур қалбима ишқ кимиёсин!..
(тараб – шодумонлик, афзун – кўпайтириш, айн – кўз, тўтиё – кўз дориси, кимё – хислат берувчи восита)
Чин ошиқ, ҳар қанча ёр жабридан шикоят қилса ҳам, ўша жабрни ёрнинг илтифоти, инояти деб билади, унинг камайишини истамайди. Бу ерда ҳам Навоийнинг лирик қаҳрамони менга ёрнинг жабру зулми шу қадарлик бўлсинки, уни тортишга ҳар кимнинг қудрати етмасин, деб тилак билдиради.
Мен худ ўлдум, лек ҳар ошиқки, бордур покбоз,
Навҳа тортиб мотамим тутмоқда маъзур ўлмасун.
Мен-ку (ёр жабри туфайли) ўлдим, аммо ҳар бир покдил ошиқ мотамимда дод солиб йиғламасин, чунки бу маъзур (кечирарли) иш эмас.
Навоийнинг лирик қаҳрамони ишқини шу қадар махфий тутадики, ҳатто ёр зулми боис ўлганида ҳам ўзгалар дод-фарёд солиб мотам тутишини истамайди, буни эшитиб ёр озор топмаса эди, деб хавотирга тушади. Буни тариқатда нақшбандийлик оқимига мансуб бўлган шоирнинг ишқу эътиқод ила жаҳрий (ошкора) эмас, хофий (пинҳона) машғул бўлишига ҳам ишора дейиш мумкин. Шу билан бирга, бу ўринда қўлланган катта бир муболаға шуки, лирик қаҳрамоннинг вафоти, ўзгаларни қўя туринг, энг покбоз ошиқларни ҳам ғам-аламга чулғаши унинг буюк бир ошиқ эканини далиллайди. Чунки ёр висолидан ўзга нарсани ўйламайдиган ошиқлар (ишқ аҳли)ки лирик қаҳрамоннинг вафотига куядиган бўлса, у не даражада ошиқ бўлганини бирмунча тасаввур қилиш мумкин.
Панд ила кўнглум уйин қилма иморат, эй рафиқ,
Бизни бузди, ҳаргиз ул, ёрабки, маъмур ўлмасун.
Насиҳат-ўгит қилиб, кўнглимни кўтаришга уринма, эй дўст, Зеро кимки биз(нинг орамиз)ни бузган бўлса, ё раб, асло обод бўлмасин.
Бу ерда ғайир кимсаларнинг ёр билан шоир ўртасига тушиб, орани бузганига ишора бор. Биз лирик қаҳрамон демаяпмиз, айнан шоир деяпмиз. Афтидан, айрим адабиётшунослар таъбиридаги “бегона байт” – ғазал матнига усталик билан сингдириб юборилган, аммо алоҳида олиб қараганда ижодкор ҳаётига оид бирон лавҳани тасвир этувчи ишора бу ерда бўй кўрсатиб турибди. Навоий билан бир яқин кишисининг (эҳтимолки замона подшоҳининг) орасини кимдир бузгани айтилиб, бузғунчининг икки дунёси маъмур (обод) бўлмасин дейиляпти. Аслида, сўфиёна ғазалларда (бир бутун ҳолда) ёр билан ўрамиз бузилди, нари-бери бўлдик, деган гап айтилмаган.
Албатта, бу – шу байт ғазал руҳига тамоман ёт, бегона деган гап эмас.
Кечалар ул гул чекар эрмиш қадаҳ, эй тонг ели,
Воқиф ўл, ҳолимни айтур чоғда махмур ўлмасун.
Тунлари ул гул қадаҳ сипқорар эмиш, эй тонгги сабо, хабардор бўлгин, (сен) Унга менинг ҳолимни атадиган чоғингда у маст ҳолда бўлмасин.
“Бадоеъул бидоя” девонига 1470 йилларга қадар ёзган лирик асарлари киритилган, деган маълумот бор. Албатта, бу пайтда Алишер Навоий билан султон Ҳусайн Бойқаро ўртаси анча яқин бўлган. Сўнгроқ бир ёқдан подшоҳнинг ичкиликка берилганлиги, иккинчи томондан ўртага ғанимлар аралашгани туфайли ора бирмунча совуган. Афтидан, Навоий ўртага одам қўйган, бироқ муносабатни аниқлаштириш учун подшоҳ маст бўлмаган вақтда, яхшиси тонг пайтида арзиҳол этилишини мувофиқ кўрган.
Байтнинг бадииятига келсак, унда гулнинг тунда, саҳарга яқин очилиши (қадаҳ шаклини олиши)га нозик ишора бор.
Ёр васлиға қувондим, қовди кўйидин мени,
Эй Навоий, ҳеч киши давлатқа мағрур ўлмасун.
Мен ёрим висолига етдим, деб қувонар эдим, у эса мени ўз кўчасидан қувди, дарҳақиқат, эй Навоий, ҳеч киши эришган давлатига мағрур бўлмасин экан.
Ёр билан ошиқнинг яқинлиги – ошиқ учун тенгсиз бир давлатдир, висолдан мосуво бўлиш эса лирик қаҳрамон ҳаётининг бетимсол кулфати.
Бу байт, сўфиёна талқин этиладиган бўлса, Алмисоқ ҳақидаги нақлга – Оллоҳ жами инсонларнинг руҳини яратиб, уларга ўзининг холиқ эканини тасдиқ қилдиргач, ўзидан вақтинча узоқлаштиргани – фироққа солганини ҳам ёдга туширади. Энди ҳар бир инсон ўзига берилган умрини яшаб (солик эса ишқ йўлидаги жами йўлларни босиб ўтиб)гина ёрга етишиши мумкин.
Ижтимоий маънода эса, ғазал шоир ва шоҳ – икки ҳаммактаб дўст ораларидаги мураккаб муносабат – гоҳ лутфу навозиш, гоҳо эса (ағёрлар қутқуси билан) кину араз ила ўтган вазиятлар ҳақида ишоралардан иборат. Ва бу ишора ёр (подшоҳ)нинг ўзига мўлжалланган, зора анису мунисликдан мосуво этилган бечоранинг ҳолига етиб, сидқи камолига инониб, яна висоли давлатига қайтарса…
Мақтаъ (сўнгги байт)да Навоийнинг бадиий маҳорати яққол намоён бўлади: шаклан ўзакдош икки сўз ёнма-ён келтирилади; уларнинг бири хайриятлик (қувондим), иккинчиси эса фалокатлик (қувди).
Ва албатта, кишининг қўлига кирган давлат – омонат, уни ҳар онда йўқотиши, бой бериб, мосуво бўлиб қолиши мумкин. Бу дунё не-не давлатига мағрур бўлган кишиларни абгор ҳолга солган. Ана ўша чоғда қўлига кирган давлатига, мансабига бино қўйган одамнинг ҳоли айниқса ачинарли бўлади, деган оддий ҳаётий ўгит ҳам байтнинг туб маъноларидан бири саналади.
Бутун ғазал матнига диққат қилсак, шоирнинг сўз ўйинларини кўрамиз. Навоий топиб қўллаган чиройли қофиялар (маҳжур – машҳур, миқдор – мақдур ва ҳ.), шунингдек бир сўзнинг бошқа тилдаги шаклини келтириш: гуфтигў – мазкур зикр қилиш), иморат қилмоқ – маъмур ва ҳ.) каби бадиий санъатлар ғазал ўқувчисини ўзига ром этади, жозибасига маҳлиё қилади.
Зуҳриддин Исомиддинов