ДЎСТУ ҚАРДОШДИР АЗАЛДАН…

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Дўрмон” ижод уйида кўпинча янги танишлар орттирамиз. Ёзувчи, таржимон Қодиржон Носиров билан, гарчи гарчи у қўшни Наманган вилоятидан бўлса ҳам “Дўрмон”да танишганмиз. Ўшанда “Чироғи ёниқ хонадон” деган китобимни берган эканман. Ака дастлаб бир неча ҳажвиямни рус тилига таржима қилиб, “Звезда Востока” журналида чоп эттирди. Бундай ҳол яна такрорланиб рус тилидаги ҳажвлар кўпайиб қолгач бир тўплам чоп эттириш истаги туғилди. Таржимон дўстимиз борини тартибга солди, яна таржима қилиб қўшди.

“И смех, и грех” номли бу тўпламга яна бир қадрдонимиз “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналлари бош муҳаррирининг ўринбосари, филология фанлари номзоди Клавдия Панченко муҳаррирлик қилди.

Ўзим кўп йиллардан буён қардош халқлар адибларининг комедия, ҳикоя ва ҳажвияларини таржима қилиб ўзбек китобхонларига тақдим этиб келмоқдаман. Менинг асарларим ҳам анчадан буён рус, инглиз, турк, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ тилларига ўгирилиб турли нашрлар саҳифаларида чоп этилиб келинаётир.

Сўнгги йилларда рус тилида “И смех, и грех”, қирғиз тилида “Нымкесе”, қорақалпоқ тилида “Эсим қурысин” номли китобларим чоп этилди. Ўн босма табоқдан ортиқроқ ҳажмдаги “Америкалық қоншуларим”(“Амриқолик қўшниларим”) номли яна бир китобим Бишкекда нашр этилмоқда. Ўгирилган асарларим асосан ҳажвия ва ҳангомалар эканлиги боис ўзбек кулгиси бошқа миллатлар орасида ҳам жаранглашига ҳисса қўшаётганимдан мамнунман.

Ҳар қандай ижодкор асарларини кўпроқ ўқувчи ўқишини истайди. Бу ҳол кўп жиҳатдан таржимонларга боғлиқ. Турли халқлар орасида мухлисларим доираси кенгайишида ҳажвия, ҳангомаларимни рус тилига ўгирган Қодиржон Носиров, Клавдия Панченко, қирғиз таржимонлари Тўрабой Жўроев, Айтмырза Абылқасимов, қарақалпоқ шоири Туркменбой Жийемуратовлардан миннатдорман. Уларнинг машаққатли меҳнати эвазига асарларим рус, қирғиз, қорақалпоқ китобхонлари қўлига етиб борди.

Эсимда, «И смех, и грех» номли янги китобимнинг тақдимоти ўзим кўп йиллардан буён илмий-педагогик фаолият олиб бориб келаётган Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ўтказилганди.

Қорақалпоқ шоири Туркменбой Жийемуратов билан ҳам Дўрмон ижод уйида танишганмиз. У аввал ҳажвияларимни таржима қилиб “Эркин Қорақалпоғистон”, “Қорақалпоқ адабиёти”, “Қорақалпоқ ёшлари” газеталари, “Амударё” журналиида эълон қилди. Кейин китоб қилиш истаги туғилгач, Бекназар Ерназаров, Марат Таўмуратовларнинг таржималари ҳам қўшилиб, “Эсим қурысин” отли тўпламим Нукусда «Жазыўшы» нашриётида босилди.

Ён қўшни-жон қўшнимиз қирғизистонлик ижодкор дўстларимиз билан борди-келдиларимиз ва ижодий алоқаларимиз ҳам самарали бўляпти. Бир гуруҳ ижодкорлар 2022 йил май ойида Қирғизистон Республикаси Баткен вилояти Лайлак туманида қирғиз оқини Қурбонали Собиров таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб ўтказилган адабиёт кунларида иштирок этгандик.

Лайлак туманининг музейлари ва диққатга сазовор масканлари билан танишдик, шеърхонлик қилдик, янги ижодкор дўстлар орттирдик,  икки халқ адабиёти ва адабий алоқалари, ижодий ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш хусусида мулоқот қилдик, фикр алмашдик.

Гўзал ва мафтункор табиати, адабиёт ва санъатга ошно, меҳмондўст ва бағрикенг халқи билан бизда бир олам таассурот қолдирган қардошлар диёрида адабиёт кунларига Бишкекдан келган Қирғиз халқ оқини Акбар Рисқул, таниқли шоирлар Ўмирбек Тиллабаев, Аблаат Дооров, ўзбек-қирғиз адабий алоқаларини ривожлантиришнинг жонкуярлари шоир Охун Жўра, журналист Соҳиба Шокирова каби кўплаб ижодкорлар билан танишдик, бир-биримизга китоблар совға қилдик.

Сафардан қайтганимиздан сўнг адабиёт кунларида танишган шоир дўстимиз,  Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Тўрабой Жўроев “НИМКОСА” китобим унга маъқул бўлганини, сафарда юрганимиздаёқ таржимани бошлаганини, энди китобимни нашр эттириш ниятида эканлигини айтди. Китобча кўпчиликка манзур бўлаётганини қўшиб қўйди. Мамнун бўлиб, миннатдорчилик билдирдим.

“Нимкоса” тўпламидаги ҳажман кичик, аммо залворли ижтимоий юк берилган ҳаётий хулосалар, тагдор иборалар, илмоқли гаплар ўқувчини жилмайтиради, ўйлатади, мушоҳадага чорлайди. Шу боис у қирғизистонлик шоир ва таржимон дўстимиз эътиборини тортган бўлса, ажаб эмас. Орадан бир мунча вақт ўтиб китоб нашр этилгани ҳақида хабар олдик. Қирғиз ижодкор дўстларимиз шу жажжи китобим тақдимотига таклиф этишди.   Ўш давлат университети Журналистика ва филология факультети мажлислар залида таваллудимнинг 70 йиллигикунлари қирғиз тилида чоп этилган «НЫМКЕСЕ» китобим тақдимоти муносабати билан маънавий-маърифий, адабий-бадиий анжуман бўлди.

Қирғизистон Ёзувчилар уюшмасининг Ўш вилоят бўлими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Андижон вилоят бўлими ҳамкорлигида ўткан бу тадбирда икки қардош халқ шоир ва адиблари, адабиётшунослар ва журналистлар, санъаткорлар, талабалар, ўқитувчилар, ёш ижодкорлар иштирок этдилар. Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, профессор Сотқинбой Мўминалиев “НЫМКЕСЕ” китоби мазмуни, муаллиф ва таржимон маҳорати, ўзига хосликлари ҳақида маъруза қилди. Анжуманда сўзлаганлар китобим ҳақида фикр билдирдилар, қутлуғ ёшим ва янги китобим билан муборакбод этдилар. Муаллимлар, иқтидорли талабалар, ёш ижодкорлар китобдан парчалар ўқиб, мутолаадан олган таассуротларини ўртоқлашдилар. Бадиий ҳаваскорларнинг қардошлик,  ёшликни тараннум этувчи қўшиқлари даврага кўтаринкилик ва файз бағишлади.

Тўғриси, “НИМКОСА” тагдор ва илмоқли ибораларга бой китобча. Шу боис кўнглимда таржима қай даражада қилинди-ю қирғиз ўқувчиси уни қандай қабул қилади, деган ҳадик бор эди. Тақдимотда бу хавотирларим ўринсиз эканлигини сездим. Тагдор ибораларим, илмоқли гапларим қирғиз китобхонларини ҳам жилмайтирганда хурсандчилигимни яширмадим, бу ҳақда таржимонга айтдим. У қисқагина қилиб “Бир халқмиз-ку!” деб кулиб қўяқолди. Бир дарёдан сув ичган, бир дастурхондан туз тотган қардош халқлар учун бадиий асарларимиз ва уларда ифодаланган ғоялар ҳам бегона эмаслиги мени қувонтирди. Адабий алоқаларимиз янада кенгайиши керак эканлигини теранроқ ҳис қилдим.

Кейинроқ  Ўш шаҳрида «Амир Темур ва Темурийларнинг дунё цивилизациясида тутган ўрни» мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ишида қатнашдик, Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти, фаолияти ва маънавий меросини, давлат бошқаруви, адолат тамойиллари, инсон қадрини улуғлаш борасидаги қарашларини тарғиб қилиш бугунги кунда давлатлараро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш хусусида фикр алмашилди.

Ўзбекистонлик ва  қозоғистонлик меҳмонлар мезбонлар ҳамроҳлигида Ўш, Ўзган шаҳарлари, Арслонбоб қишлоғи тарихий обидалари, диққатга сазовор жойлари, қардошлар юртининг содда, самимий, меҳнаткаш кишилари, мафтункор табиати билан танишдик.

Андижон вилояти туманларида ҳам қирғиз миллатига мансуб кўплаб фуқаролар яшайди. Улар болаликдан ўзбек болалари билан маҳаллада бирга ўйнаб, бирга ўқийди. Қирғиз мактаблари фаолият кўрсатмоқда, улар қирғиз тилида зарур ўқув адабиётлари билан таъминланмоқда. “Жалақудуқ ҳаёти” туман газетаси махсус сонлари, махсус саҳифаларида қирғиз тилида материаллар бериб борилмоқда, Андижон давлат университетида қирғиз филологияси факультети фаолият кўрсатяпти.

Ҳар гал адабий алоқаларимиз, мустаҳкам қардошлик ришталаримиз ҳақида ўйлаганимда Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг куйидаги сатрлари қулоқларим остида жаранглайди:

Мақсад бир бўлмаса жам бўлмагаймиз,

Жам бўлсак бошлари хам бўлмагаймиз.

Мақсад бир, ғоя бир, Ватан ягона,

Бирлашсак ҳеч кимдан кам бўлмагаймиз.

 

Ҳабиб СИДДИҚ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг