ИЛЛАТ ҚИДИРИШ ШАРТ ЭМАС

Уч-тўрт кун аввал ижтимоий тармоқларда миллат учун жон куйдириб постлар ёзиб юрган ўшлик фаоллардан бири каминага қўнғироқ қилди. Бобур театрида баъзи номуносиб ишлар бўлаётганини, шу ҳақда мақола ёзиш нияти борлигини айтди. Мен мақола ёзилса, таҳририят қараб чиқишини маълум қилдим. Жиддий танқидий мақолалар сайтимизда аноним тарзда чоп этилмаслигини ҳам эслатдим.

Бу ўринда ўша одамнинг кимлигини суриштириш бефойда эканини эслатиб қўйишим керак. Журналистиканинг муаллиф ва маълумот манбаларини ҳимоя қилиш борасида ҳаммага маълум бурчлари бор. Муаллиф ёки манбанинг исми муайян мақола жамоат хавфсизлигига таҳдид солган ҳолатлардагина ва фақат суд талаби билан ошкор қилиниши мумкин. Қолаверса, гап ким пост ёзганида эмас, унда баён қилинган муаммоларда.

Амалнинг ажри ниятга боғлиқ

Ваъда қилинган мақоланинг келмаслигини тушуниб, бу ҳақда унутдим деганда Фейсбукда кутилмаган пост эълон қилинди. “Маданият Ош” номли аккаунтдан дўстлик ҳақида таклиф келган экан, номи ва профилдаги расмига қараб, қабул қилиб қўявердим. Лекин ундаги гапларни ўқиб, жуда ранжидим. Кимдир театр ҳақидаги гапларини айтиш учун атайлаб шу аккаунтни очибди.

Биз Бишкек томонларда яшаётган ўзбеклар ўз театримизга бориб туришни кўп орзу қиламиз. Бундай имкониятимиз чекланганидан афсусланамиз. Ўшда эса “ёнингдан оққан сувнинг қадри йўқ” бўлаётгандай.

Бир ёқдан, постда ёзилган гаплар янгилик эмас. Уларни кўп йиллардан бери ўшликлардан эшитиб келаман. Нега бу ҳақда ёзмайсизлар, деган таъналар ҳам бўлди. Катта-кичик ёшда, турли касб эгалари (айримлари театрнинг ўзида ишлайди) бўлган бу одамларда битта умумийлик бор. Улар (ҳатто журналистлар ҳам), ўзларини четга олиб, мақолани бошқа бировнинг ёзишига эришмоқчи бўлишади. Шундан, бу асосан турли гуруҳ тарафдорларининг бири-биридан ўч олиш истаги, шу мақсадда журналистлардан қурол сифатида фойдаланишга интилишидан бошқа нарса эмас, деган хулосага келдим. Яна қизиғи, ўша одамларнинг айримлари ижтимоий тармоқларда ва жамоатчилик йиғинларида мутлақо тескари гапларни айтиб, театр раҳбарияти, ўзлари ёмон деган шахсларнинг номига мадҳиялар тўқиб, дуолар қилишади.

Фейсбукдаги постни ўқиб шунга амин бўлдимки, уни менга қўнғироқ қилган одам ёзган эмас. Чунки бугунги ўзбекзабон журналистикада кимнинг қандай салоҳиятга эгалиги, услуби ва ҳатто тил бобидаги саводи қай даражада экани ҳам яхши маълум. Мақола ёзишга қодир одамлар асли кўп эмас. Театрдаги муҳитдан норози бўлган одам ҳам ягона эмас экан.

Буни айтмаслик инсофдан эмас

Энг аввали шуни таъкидлаб айтиш керакки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат академик мусиқали драма театри республикамиз маданий ҳаётида салмоқли ўринга эга. Асрий тарихга эга бўлган ушбу маданият даргоҳи ишида ютуқлар оз эмас. Ҳатто республика миқёсидаги театр бинолари ойлаб қулфлоғлиқ турган пайтда Бобур театри жамоаси тинимсиз изланишда, меҳнатда экани маълум. Айрим атоқли театрлар тайёр биноларини ҳам тўлақонли ишлата олмай турганда, бизнинг театр жамоаси ўз биноси таъмирланаётган кунлари ҳам оёқ-қўлини узатиб ўтиргани йўқ. Бошқа биноларни ижарага олиб, ишлашда давом этди. Қатор асарларни мухлисларга тақдим этиб, гастроллар уюштирди. Айтаверсак, мақтовга, фахрланишга арзирлик ишлар талайгина. Лекин тан олиш керакки, бошқаларга нисбатан яхши бўлиш – гарданига юкланган олий вазифани маромига етказиб бажариб қўйди, дегани эмас. Амалга оширилган ишлардан кўра қилиниши лозим бўлгани кўпроқ. Жумладан, миллатлараро муаммоларнинг илдизига боқиб, дўстлик ва бирдамликни тараннум этган, ёшларимизни аниқ мақсадларга йўналтириб, юксак зафарлар сари руҳлантирадиган асарларни яратиб, саҳнага олиб чиқиш энг долзарб масала.

Албатта, бу фақат театр жамоасининг иши эмас. Бунга турли унвонларга эга ва ҳали эл танимаган адиблар, бошқа соҳа вакиллари, ҳомийлар ҳам ўз ҳиссаларимизни қўшишимиз керак.

Бир нарсага аминманки, театр жамоасининг салоҳияти бугунги ҳолатдан ўн чандон кўпроқ ишларни янада сифатлироқ қилиб бажаришга имкон беради. Гап – бутун жамоанинг бир тан, бир жон бўлиб, юксак мақсадлар сари интила билишида. Буни театр раҳбарияти ва жамоаси ҳам инкор қилмаса керак. Аминманки, бу борада ҳам муайян ишлар қилиняпти.

Янги постда – эски гап

Бояги постга қайтадиган бўлсак, театр ходимлари ва раҳбариятининг қолдирган изоҳларидан кўриниб турибдики, постда ёзилган гаплар ҳақиқатдан олис эмас. Бу гаплар – кўпдан бери одамлар айтиб келаётган шикоят ва талабларнинг йиғиндиси деса бўлади. Айниқса, жамоадаги асосий иллат – гуруҳбозликнинг мавжудлиги кишини ранжитади. Изоҳларда бу кўринишнинг табиий ҳол экани, ҳатто позитив кўриниш экани ҳам айтилади. Унинг “табиий”лиги тўғри. Чунки нафақат театр, бошқа ижодий соҳаларда ҳам гуруҳбозликлар азалдан бўлиб келган. Бу иллат тарихда қанча-қанча санъат ва маданият дарғаларининг, Оллоҳ берган истеъдодларнинг бошини еди. У шундоғам енгил бўлмаган ижодий меҳнат жараёнига жиддий путур етказиб келяпти. Аммо менимча, ижодий фикрларнинг хилма-хиллиги бошқа нарса, ғаразли гуруҳбозлик яна бошқа нарса. Уларни шолини курмакдан ажратгандек ажратиш, кейингисини таг-томири билан қуритиш керак. Бунда раҳбардан кучли ирода, ғайрат ва шижоат талаб қилинади. Лекин жамоадаги соғлом кучларнинг қўлловисиз бунинг уддасидан чиқиш қийин.

Танқидга муносиб жавоб қилайлик

Изоҳлардан кўриниб турибдики, жамоа ҳаммага тушунарли бўлган олий ижодий ғоялар ва битта раҳбар атрофида тўла бирлашганича йўқ ҳали. Бунга муносибми-йўқми, театр раҳбари лавозимига ошкора-яширин даъво қилувчилар бор экан. Ўзини бошқалардан зўр билганлар талайгина.

Дилга озор берадиган иккинчи нарса – пост остида қолдирилган изоҳларда муаллифлар ўзларига ярашмаган сўз ва ибораларни қўллаганлари. Ахир маданият, маърифат ва адабиёт соҳаси вакиллари маънавият, ахлоқ ва оддий тарбия борасида бошқаларга намуна бўлиши керак эмасми? Кўзга кўринган, жамиятда катта мартаба ва мавқега даъвогарлик қилиб келаётган шахсларнинг жуда хунук, ҳақоратли изоҳлар қолдириши, кўча гапларини ёзиши ўта ачинарли. Демак, ўша маданият вакиллари ўз маданий савиялари устида ишлашлари лозим экан. Қизиғи, постга бор-йўғи 8 одам реакция қилган бўлса, изоҳлар сони ўттиздан ошган. Изоҳ қолдирганларнинг бир қисми ўша реакция қилганлар. Демак, хайрият – бу гаплар кенг омма орасига тарқалмабди. Маълум даражада тор доирада муҳокама бўлибди.

Умуман олганда ижодкор аҳли, катта ё кичик бўладими, ҳар бир ижодий жамоа бутун фаолияти давомида танқидий фикрларга тайёр туриши керак. Бундай фикрларга босиқлик, далил ва фактлар билан жавоб қила билиш лозим. Ёки… уларга ошкора жавоб ёзмай қўя қолсин. Бу қўрқоқлик ёки айб эмас. Муҳими, танқид асосли бўладими, адолатдан йироқми, унга қулоқ тута билиш зарур. Бу юксалиш йўлидаги оғриқли сўқмоқлардан бири. Ижод йўлини танлаган одам бу сўқмоқдан юриши лозимлигини, ҳар қадамда оёқларига тикон киришини бўйнига олиб қўйиши керак. Бусиз бўлмайди. Қолаверса, театр одамлар учун, томошабин учун ишлар эканми, улар билан мулоқот қила билиш ҳам фаолиятнинг бир қисми. Замонавий қилиб айтганда, бу – маркетинг, мухлисларнинг хоҳиш-истаклари ва кайфиятларини ўрганиш. Бу билимлар эса, ишни яхшилашда муҳим омил ҳисобланади.

Менимча, ҳар қандай танқидга энг зўр, энг муносиб жавоб – ишдаги ютуқлар, душманинг ҳам эътироф қилмай иложи қолмайдиган даражада юқори чўққиларни забт этиш бўлса керак.

Вазифа умумий

Бобур номидаги ўзбек театри республикамизда фаолият кўрсатаётган йирик маданият ва маърифат ўчоғи. Бу театр – халқимиз тарихи, миллий, тарихий хотирамизнинг муҳим бир бўлаги. Бу юкнинг залвори, масъулияти енгил эмас. Тўғри, билет сотилиши бўйича юқори кўрсаткич, жамоа аъзоларига унвонлар берилиши жуда муҳим омиллар. Лекин бу театр фаолиятидаги асосий нарса бўлиши керак эмас. Театр жамоаси гарданидаги асосий вазифа – миллатнинг маънавий тарбияси, янги авлод дунёқарашининг тўғри шаклланиши, кенг оммани маданият ва маънавият гулшанига ошно қилишдир. Театр ишига чинакам баҳони мухлис, халқ беради.

Юртдошларимизнинг маданий савияси нурашини ва маънавий инқирозини олдини олиш, уни юксакларга кўтаришда театримизнинг ўрни ва мавқеи юксак бўлиши керак. Бунга эришиш – барчамизнинг бурчимиз. Юқорида тилга олинган гуруҳбозлик, маънавий қашшоқлик ва саводсизлик каби бошқа иллатлар ушбу олий вазифани адо этишга тўсқинлик қилмаслиги керак.

Хулоса ўрнида

Бу воқеада кишини қувонтирадиган ва умид бахш этган нарса шуки, жамоа аъзолари театр раҳбарига ишонч билдиришган, ўз навбатида театр директори Аъзамжон Абдураззоқов ҳам ўз жамоасига ишонишини эътироф этган. Бу жуда муҳим. Биз ҳам ишонамизки, бу муҳокама театр ишига фақат ижобий таъсир қилади ва театр директори айтганидек, керакли одамлар ўзлари учун тегишли хулоса чиқариб олишади. Биз эса театр раҳбарияти ва жамоасига баҳамжиҳатлик, барака ва омад, улкан ютуқлар тилаб, улардан янги-янги, зўр асарлар кутиб қоламиз.

Абдумўмин Мамараимов, Бишкек.

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг